Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Аҳоли турмуш сифатини ошириш – устувор йўналишимиздир

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида демократик, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳасида замонавий демократик жамиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, иқтисодиётни барқарор тараққий эттириш ва изчил ислоҳ қилишдан иборат ҳамда аҳоли ҳаёт сифати ва даражасининг юқори ўсиши, халқаро ҳамжамиятда юртимизнинг юксак нуфузини таъминловчи кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

 

Йирик саноат корхоналари, таълим, тиббиёт, маданият муассасалари, спорт иншоотлари ишга туширилмоқда. Бугун қишлоқ аҳолиси шарқона услубдаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган ҳамда халқимизнинг миллий турмуш тарзи, табиий иқлим шароитлари ҳисобга олинган замонавий, кенг ва шинам уйларда яшамоқда.

 

Қувонарлиси шуки, мамлакатимиз эришаётган марралар нуфузли халқаро ташкилотлар рейтингларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Масалан, Американинг “Gallup” тадқиқот ташкилоти баҳоларига кўра, аҳолининг танлов эркинлигидан қониқиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон дунёнинг 120 мамлакати орасида Канада, Финляндия, Дания, АҚШ каби ривожланган мамлакатлардан ўзиб, 5-ўринни эгаллади. Сўров натижаларидан ҳам аён бўлмоқдаки, Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 92 фоизи эркинлик, ҳаётий имкониятлар ва ўз турмушидан мамнун.

 

Ўзбекистон, ҳисоб-китобларга кўра, Буюк Британиянинг “New Economic Foundation” тадқиқот маркази методикаси бўйича “Friends of the Earth” экологик ташкилоти, “World Development Movement” гуманитар ташкилоти ҳамда мустақил халқаро экспертлар гуруҳи билан ҳамкорликда тузилган дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтингида 60-ўринни эгаллади.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ижтимоий соҳадаги вазифаларининг ўзига хос жиҳати аҳоли турмуш сифати ва қулайлигини оширишдир. Аҳолининг турмуш сифати қатор омилларга, хусусан, қулай ва шинам уй-жой, сифатли овқатланиш, аҳоли саломатлиги ҳамда атроф-муҳитни яхшилаш, қулай маиший шароит, сифатли таълим, шахснинг маданий ва маънавий эҳтиёжлари таъминланганлигига ҳам боғлиқдир.

 

Партия қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Ёш оилаларга имтиёзли фоизларда узоқ муддатли ипотека кредитларини ажратган ҳолда улар учун уй-жой қурилиши дастурини амалга оширишни янада тизимли давом эттириш, шаҳару қишлоқларимизда уй-жойнинг кенг миқёсда қурилишини рағбатлантиришга қаратилган бошқа имтиёз ва преференцияларни тақдим этишга кўмаклашиш партиямизнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади. Бу борада ЎзМТДП энг яхши хорижий тажриба ҳамда миллий меъморлик анъаналарини қўллаш, тарихий шаҳарларни қайта таъмирлашга қаратилган йирик лойиҳаларни амалга ошириш тарафдори.

 

Шу билан бир қаторда, фуқаролар тураржой ҳуқуқлари ижтимоий ҳуқуқнинг муҳим қисми ҳисобланиб, партиянинг фикрига кўра, хусусий мулкка асосланган тураржой ўзаро муносабатларининг фаол ривожланиши муносабати билан ушбу соҳадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва модернизация қилиш лозим.

 

Овқатланиш сифатини ошириш ва дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши учун мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳоли овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, сифатли ва хавфсиз маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда генларни модификация қилиш усулидан фойдаланишни чеклаш талаб этилади. Партия мамлакатимиз агросаноатидаги ислоҳотлар айнан мазкур устувор мақсадларга эришиш учун йўналтирилмоғи лозим, деб ҳисоблайди.

 

Халқимиз фаровонлиги аҳолининг меҳнат билан муқим банд бўлиши ва оила бюджети даромадларининг ўсиб бориши эвазига таъминланиши лозим. Шу боис партия ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини, унинг табиий ресурслари, хом ашё ва материаллари, табиий ҳамда иқлим хусусиятларини инобатга олган ҳолда, доимий иш ўринлари ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратади.

 

Шу муносабат билан келгусида аҳолининг электорат қисми, биринчи навбатда, аёллар ва ёшларни ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларнинг бандлигини таъминлаш учун ташкилий-ҳуқуқий шароитларни яратиш талаб этилади. Партиямизнинг ўзига хос устувор йўналиши бандликнинг мавсумий ва мослашувчан шаклларини рағбатлантириш орқали қишлоқ ҳудудидаги бандликни кенгайтириш, кўп болали аёллар учун қулай бўлган қисқартирилган соатбай иш кунини жорий этиш саналади.

 

Маълумки, одамларнинг ҳар томонлама қулай ижтимоий ҳаёти аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатишга ҳам боғлиқ. Бугунги кунда мамлакатимизда шаҳар йўловчи ташишни ташкил қилиш тизимини янада такомиллаштиришга, йўловчи ташиш сифати ва хавфсизлигини оширишга, барча қулайликка эга автобуслардан самарали ҳамда оқилона фойдаланишни таъминлашга, транспорт ташкилотлари молиявий-иқтисодий ҳолатини мустаҳкамлашга йўналтирилган муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 

Лекин бу соҳада ҳали ишга солинмаган имкониятлар ҳам мавжуд. Партия йўловчи транспорти тизимини янада яхшилаш, шу жумладан, мамлакатимизнинг чекка ва олис туманларида янги ҳамда қулай транспорт йўналишларини яратиш, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчиларининг транспортда имтиёзли юришини кафолатли таъминлаш тарафдоридир.

 

Қишлоқ хўжалиги соҳасида жадал ўсиш кузатилаётган Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва бошқа давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, бозор инфратузилмаси, айниқса, қишлоқ жойларда йўллар ва телекоммуникацияларнинг ривожланганлиги ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан юқори самарадорлик келтираяпти. Ҳатто, узоқ ва чекка туманларга бориш имконини берувчи яхши ривожланган йўллар тармоғи миллий ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчиларни “ички етказиб бериш хизмати” билан чекламасдан, буюртмачилар ва савдо ҳамкорларининг янада кенг доирасини таклиф этмоқда.

 

Яхши йўллар озиқ-овқат ва енгил саноат соҳасининг қишлоқлардаги кичик ва хусусий корхоналар салоҳиятини ҳам юксалтирмоқда, уларнинг миллий иқтисодиётга интеграциялашувини таъминлаб, сармоядорлар учун жозибадорлигини оширмоқда. Ўзбекистон йўл қурилиши соҳасида улкан ютуқларга эришди, айни пайтда маҳаллий йўллар тармоғини янада ривожлантириш лозим.

 

Шу билан бирга, шаҳар йўловчи транспорти ташкилотлари тизимини янада такомиллаштириш юзасидан асосий вазифалар ва йўналишлар ҳамма турдаги йўловчи ташиш ташкилотлари самарадорлигини ошириш, ҳаракатланувчи таркибнинг унумли сонини аниқлаш мақсадида барча вилоятлардаги шаҳар жамоат транспортидаги йўловчилар оқимини тизимли кузатишни амалга оширишдан иборат бўлиши лозим. Бунда шаҳар йўловчи транспорт тизимига шаҳар йўловчи ташишни бошқариш, жамоат транспорти ҳаракати оралиғи ва жадвалига қатъий риоя этилиши, ҳаракатланувчи таркиб фаолияти устидан “он-лайн” режимидаги масофавий назорат тизими бўйича замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш долзарб бўлмоқда.

 

Партия баркамол авлод Ўзбекистоннинг келажаги эканлигини англаган ҳолда, ушбу йўналишни ўз фаолиятининг устувор йўналишларидан бири, деб билади. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП келгусида ҳам бу борадаги фаолиятни қонунчилик даражасида ҳамда болалар манфаатлари йўлида турли назорат тадбирларини ўтказиш орқали ривожлантиради. Бу болаларга оид дастурларни такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари, спорт оромгоҳлари, ёзги ва қишки болалар дам олиш масканларини барқарор молиялаштиришни назарда тутади. Биз, шу жумладан, маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар марказлари, мусиқа ва санъат мактабларини, шу жумладан, мамлакатимизнинг чекка ва бориш қийин бўлган қишлоқ аҳолиси яшаш жойларида ривожлантиришни молиялаштиришга бюджет харажатларини оширишни илгари сурамиз.

 

Сифатли ва умумий таълим аҳоли фаровонлигини оширишнинг асосий манбаидир. Шу боис биз мактабгача ва мактабдан ташқари таълим, умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини сифатли ривожлантириш, олий ва олий таълимдан кейинги босқич ҳамда кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимига алоҳида аҳамият қаратамиз.

 

Партия олий маълумотли бўлиш, илмий фаолиятни амалга ошириш халқимиз қадриятларига айланиши керак, деб ҳисоблайди. Жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш орқалигина глобал рақобат шароитида дунёдаги ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаш мумкин.

 

Партия мамлакатимиз илм-фанини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш, миллий таълим стандартларини уларни таълим жараёнига тезкор жорий этиш учун истиқболли хорижий илмий ва халқаро умумэътироф этилган ютуқларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш асосида юқори интеллектуал жамиятни шакллантиришга кўмаклашади. Бунда тўлов-контракт асосида барча учун олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолиятга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам давлат томонидан тартибга солиниши ва фаолиятнинг юқори стандартлари сақлаб қолиниши лозим, деб ҳисоблайди. Аҳолига, айниқса, маҳаллий даражада тақдим этилаётган, бугунги замон талабларига жавоб берадиган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, вилоят ва туман тиббиёт бирлашмалари моддий-техника базасини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни қабул қилиш лозим. Партия ихтисослаштирилган республика тиббиёт марказлари тармоғини кенгайтириш, уларга илғор чет эл тиббиёт муассасалари тажрибасини жорий этиш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек, меҳнатни ташкил этиш ва рағбатлантиришнинг илғор шаклларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

 

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари жамиятда мавжуд ижтимоий муаммоларни ҳал этишда муҳим ўринга эга. Шу билан бирга, партия фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вазифаларини кенгайтириш ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, мустақиллигини кучайтириш, маҳалланинг, айниқса, эзгу урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш, оилада соғлом муҳитни шакллантиришдаги фаолиятининг самарадорлигини ошириш тарафдори.

 

Бунда фуқаролар, ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, ижтимоий соҳанинг самарали фаолият юритиши, жойларда жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни, бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш масалаларини ҳал этишда маҳалланинг ҳиссасини оширишга кўмаклашиш партиянинг устувор йўналишларидан биридир.

 

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила институтини иқтисодий ва ҳуқуқий ҳимоялаш, оила ҳамда оила қадриятларини мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни кучайтириш, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, мустаҳкам ҳамда соғлом оилани шакллантириш учун зарур шароитларни яратиш, жисмонан соғлом ва баркамол авлодни дунёга келтириш ҳамда тарбиялаш чораларини кўрмай туриб, ижтимоий соҳадаги муваффақиятларга эришиб бўлмайди. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оилани мустаҳкамлаш катта роль ўйнайди. Биз шундан келиб чиққан ҳолда, алоҳида эътироф этамизки, оила соғлом бўлса, жамият мустаҳкам бўлади, жамият мустаҳкам бўлса, мамлакат барқарор бўлади.

 

Соғлом турмуш тарзи анъаналарини ва маданиятини тарғиб этиш, жисмонан соғлом ёш авлодни шакллантириш, болалар ва ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб қилиш учун шароитлар яратиш, бунда миллий спорт турларини тиклашни таъминлаш фаолиятимизнинг муҳим йўналиши бўлиб қолади.

 

Партия бундан кейин ҳам ёшларни спортга жалб қилишнинг уч босқичли тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинларини янада ривожлантириш ҳамда мактаб ўқувчиларининг халқаро мусобақаларда иштирок этишига кўмаклашади.

 

Таъкидлаш лозимки, даромадларни адолатли тақсимлаш, аҳоли даромадларида кескин табақаланиш юзага келишининг олдини олиш зарурати ҳақида бонг урадиган Ўзбекистон “Адолат” СДПдан фарқли равишда, партиямиз бу борада аниқ таклиф ва қарашларга эга. Мазкур позиция улар учун муҳим эканлигини ҳисобга олиб, сайловчиларга партиянинг кўзланган мақсадлари мазмун-моҳияти, уларга эришишнинг механизмларини тушунтириш талаб этилади. Аммо партиянинг Сайловолди платформасида мазкур муҳим мавзу очилмаган ва сайловчилар учун мавҳумлигича қолмоқда.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди курашига киришар экан, эришилган натижалар билан чекланиб қолмай, мамлакатимиз фуқаролари фаровон ва янада яхши яшашлари учун ўз олдига қўйган устувор дастурий мақсад-вазифаларини амалга оширади. Зеро, бизнинг асосий ғоямиз – Ўзбекистоннинг буюк келажагига бор билим ва малакамиз, ижодий куч-қудратимизни бағишлаш орқали она-Ватанимизнинг миллий манфаатлари йўлида фидокорона хизмат қилишдир!

 

Қадрли сайловчилар! Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда сизларни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беришга чақирамиз!

 

Джумонозор АТОДЖОНОВ,

Азамат ПАРДАЕВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзолари.

6376

29Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар