Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Кучли ижтимоий ҳимоя – жамият тараққиётининг муҳим омили

Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ҳамда жамият ҳаётини ҳар томонлама ривожлантириш, юртимизда ҳар бир инсон ва оила учун фаровон турмуш шароитларини яратишда фаол иштирок этиш орқали ўз электорати манфаатини ҳимоя қилиш бўйича доим ўзининг аниқ мақсадлари ҳамда ғояларига эга бўлган сиёсий кучдир.

 

Кўп йиллик тўпланган тажрибага таяниб, партиянинг яқинда бўлиб ўтган VIII қурултойида сайловолди сиёсий позициямизни эълон қилар эканмиз, биз анъанавий равишда давлатимиз томонидан олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсатни нафақат сақлаб қолиш, балки уни такомиллаштириш ва ривожлантириш тарафдори эканлигимизни яна бир бор таъкидлаймиз.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган бюджет ташкилотлари ходимлари, ижтимоий соҳа вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни ўзининг ўта муҳим вазифаси, деб билади.

 

Партия ислоҳотлар чуқурлашиб, бозор иқтисодиёти тамойиллари изчил жорий қилингани сари аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳам такомиллашиб бориши лозим, деб ҳисоблайди. Чунончи, энг катта эътибор, ҳақиқатан ҳам, муҳтож оилаларга ёрдам беришга, шу билан бирга, ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг бутун тизими боқимандалик кайфиятини тугатишга қаратилиши, барча нафақалар ва моддий ёрдамнинг, асосан, кам таъминланган оилалар, кексалар ва болаларга берилишини қўллаб-қувватлаймиз.

 

Ўзбекистон ХДП ижтимоий соҳани молиялаштиришга Давлат бюджети харажатларининг салмоқли қисми сарфланаётганини мамлакатимизда амалга оширилаётган бюджет ва молия сиёсатининг муҳим ютуғи, деб ҳисоблайди.

 

Партиянинг фикрича, амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.

 

Аҳолининг кенг қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ХДП ўз Сайловолди платформасида кам даромадли оилаларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини микрокредитлаш ҳамда микромолиялаш тизимини ислоҳ қилиш тарафдори эканлигини аниқ белгилаб қўйди.

 

Ушбу мақсадларда кам даромадли оилалар аъзоларига ижтимоий нафақа тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга, муқобил асосда ўз ишини очиш учун уларга беғараз ссуда ва грант бериш институтини жорий қилиш, шу йўл билан уларнинг тадбиркорлик фаоллигини давлат томонидан рағбатлантириш тизимининг меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг кам даромадли аҳоли қатлами, биринчи навбатда, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатиш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш партиянинг устувор вазифаларидан саналади.

 

Партия маҳалла институти бугунги кунда манзилли ижтимоий ҳимоя марказига айланганлигини, бу тизим адолат мезонларига тўғри келибгина қолмай, балки жамоат назорати остида ҳамда фуқароларнинг бевосита иштирокида нафақа тўлашга ажратиладиган давлат маблағларининг мақсадли ва оқилона ишлатилишини таъминлаётганлигини эътироф этади. Партия бу институтни янада такомиллаштиришни, жумладан, ушбу жараёнда очиқлик ва шаффофлик тамойилларини кенгроқ қўллаш, шунингдек, келажакда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бюджетдан ташқари моддий ёрдам жамғармаларини шакллантириш бўйича ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлаш ғояларини илгари суради.

 

Партия ўзининг маҳаллий ва бошланғич ташкилотлари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳлари орқали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳолининг банд бўлмаган ва кам даромадли қатламларини ўз ишини очиш, бизнес юритиш кўникмаларига ўргатиш мақсадида тегишли ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун маслаҳат марказларини ривожлантириш лозим, деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, партия ижтимоий хизматлар, хусусан, маслаҳат марказлари кўрсатадиган хизматларнинг барча учун мақбуллигини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг кам даромадли қатламлари улардан фойдаланишлари учун тенг имкониятлар яратилиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўяди.

 

Маълумки, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ривожланишнинг ижтимоий самарадорлигини кўрсатувчи ишончли далиллардан бири – аҳоли реал даромадларининг изчил ортиб боришидир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП келгусида ҳам меҳнатга ҳақ тўлашни изчил ошириб бориш, солиқ базасини кенгайтириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш ва маъмурий солиқ бошқарувини яхшилаш ҳисобига жисмоний шахсларга, авваламбор, аҳолининг кам даромадли қатламларига солинадиган солиқ ставкаларини босқичма-босқич пасайтириш сиёсатини қўллаб-қувватлайди.

 

Партия Ўзбекистонда иш ўринларини яратиш бўйича олиб борилаётган оқилона сиёсатни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, Ҳукуматнинг бу борадаги фаолияти самарадорлигини ошириш тарафдоридир. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва тегишли дастурлар ижроси устидан назорат нафақат Парламент ҳамда фракциялар эътиборида туриши, балки ҳудудлардаги партияларнинг бўлинмалари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмаларининг энг устувор вазифаларига айланиши лозим.

 

Ўзбекистон ХДП, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг мустақил равишда иш ўрнига эга бўлишларига қулай шароит яратиш, якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун уларга имтиёзли микрокредитлар бериш, ташкил этилаётган тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишдаги мавжуд тўловлардан озод этиш лозим, деб ҳисоблайди. Бунда касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртларини битирувчилар ишга қабул қилинган ҳолларда, микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқ имтиёзларини бериш тажрибасини кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

 

Партия мазкур чоралар, айниқса, меҳнатга кам ҳақ тўланадиган жойларда иш берувчилар ва ходимлар ўртасида очиқ меҳнат муносабатларини ўрнатишга, меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий ва бошқа кафолатларга амал қилинишини рағбатлантиришга хизмат қилади, деб билади. Шу мақсадда, 2015 йилги бюджет-солиқ сиёсатида иш ҳақи фондига солиқ юкини пасайтириш ва ишчиларга тўланаётган даромадларни легаллаштиришни таъминлаш мақсадида амалга оширилиши кўзда тутилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди. Партиямиз фикрича, ушбу чоралар кам ёки ўртача иш ҳақи тўлови даражасида даромад олувчи жисмоний шахслар даромадига солиқ юкини пасайтиришга хизмат қилади, аҳолининг харид қобилиятини ошириб, ички талабнинг ортишига, иқтисодий тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи ва иқтисодиётнинг реал сектори ўсиш суръатларини изчил ошириб боришнинг мустаҳкамланишига имкон яратади.

 

Партиямиз ўз имконияти доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилаётган ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида, ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш, жумладан, бу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил қилиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имконияти чекланган шахсларни касаначилик фаолиятига жалб этишни кенгайтиришга ҳаракат қилади. Биз ушбу йўналишда қонунчиликни янада такомиллаштириш таклифини илгари сураяпмиз.

 

Албатта, ҳар бир партия учун соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Бугун ушбу соҳанинг изчил ислоҳ қилиниши натижасида мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизматлар кўрсатишнинг яхлит замонавий инфратузилмаси шакллантирилди. Тиббиёт соҳасини ривожлантиришга йўналтирилаётган бюджет харажатлари ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Аҳоли саломатлигини сақлаш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, хасталикларнинг олдини олишни кенгайтириш ҳамда даволашнинг янги технология ва услубларини амалиётга жорий этиш каби масалаларга партиянинг Сайловолди платформасида катта аҳамият берилган.

 

Ўзбекистон ХДП мазкур стратегик йўналишни қўллаб-қувватлаган ҳолда, аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами ва мақбул тиббий хизмат кўрсатилишини янада кенгайтириш ва унинг сифатини оширишни муҳим вазифа, деб билади. Шу мақсадда партия ўзининг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд қатламларига малакали тиббий-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бажарилиши устидан тизимли депутатлик назоратини ўрнатишни мўлжаллаяпти. Партия олис ва бориш қийин бўлган жойлардаги қишлоқ врачлик пунктларида биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланиш тармоғини кенгайтиришни, жисмоний имконияти чекланган кишилар ҳамда бошқа айрим тоифаларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш ҳамда фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари томонидан дори воситалари ҳамда тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди.

 

Ушбу йўналишда бошқа сиёсий партияларнинг мақсад ва вазифаларини атрофлича ўрганиб, шуни айтиш керакки, уларда мазкур масалага жиддий эътибор берилган, деб бўлмайди. O‘zLiDeP томонидан соғлиқни сақлаш тизимига хусусий капитални жалб қилган ҳолда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсад қилинган бўлса-да, унинг механизмлари очиб берилмаган. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди платформасида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасига партиянинг муносабати акс эттирилмаган. Фикримизча, соғлиқни сақлаш масалалари депутатлар фаолиятида алоҳида ўрин тутиши лозим.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси манзилли ижтимоий ҳимоя масалаларини биргина Давлат бюджети ҳисобидан ҳал қилиш мумкин эмаслигини яхши тушунади. Шунинг учун биз аҳоли ижтимоий таъминоти ва ижтимоий суғурталаш масалаларини нодавлат ижтимоий фондлари ҳисобидан ҳам ҳал қилиш тарафдоримиз. Бунда, шунингдек, пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар, етим-есирлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш ҳам партиянинг диққат-эътиборида туради. Айни чоғда бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг қонуний асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишни ҳам партиямиз ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олган.

 

Партиямиз учун асосийси – электоратимизнинг энг муҳим муаммоларини ҳал этиш учун сайловларда реал имкониятларга эга бўлиш, яъни бизга ўз тақдирини ишониб топширган одамлар ишончини оқлаш ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, Халқ демократик партияси бозорнинг чексиз ҳукмронлиги тўғрисидаги ғоялар билан мутлақо келиша олмайди. Эркин бозор иқтисодиёти шароитида аниқ йўналтирилган ижтимоий ҳимоя бўлмаса, аҳолининг кам таъминланган қатлами турмуши оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин. Чунки ҳаётда ҳамма ҳам бирдек тадбиркорлик салоҳиятига, жисмоний имкониятга эга эмас. Шунинг учун Халқ демократик партияси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдоридир. Шунингдек, партия жамиятда ижтимоий бирдамлик муносабатларини қарор топтиришда бизнес вакилларининг ижтимоий масъулиятини кучайтириш ва уни рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий муаммоларни ҳал этишда, айниқса, аҳолини иш билан таъминлаш масалаларида хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлайди. Бунда аёлларнинг уй шароитида, оиласидан ажралмаган ҳолда меҳнат қилишлари учун имконият яратиш муҳимдир. Бу, биринчидан, аёл кишида якка тартибда мустақил меҳнат қилиш қобилиятини шакллантиради, иккинчидан, унинг учун ижтимоий суғурта ва келажакда пенсия таъминоти кафолатланади, энг асосийси, аёл ўзининг имкониятларини намойиш эта олади.

 

Нима учун партия келгусида ҳам аҳолининг давлат ва жамиятнинг алоҳида кўмагига муҳтож қатламлари манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш ниятида? Чунки амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти уларнинг мақсад ва вазифаларини бутун халқ яхши тушунишини, аҳолининг барча қатламлари қўллаб-қувватлашини тақозо этади.

 

Биз давлат ва жамиятнинг алоҳида кўмагига муҳтож бўлган аҳоли қатламларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш учун сиёсий масъулиятни сақлаб қоламиз. Бизнинг сайловолди позициямизнинг биринчи принципиал хусусияти ҳам мамлакатда амалга оширилаётган бунёдкорлик ислоҳотларида партиянинг фаол иштирокини изчил таъминлашдан иборатдир.

 

Партиямиз барча саъй-ҳаракатларини устувор ижтимоий вазифаларни ҳал қилишга қаратади ва бу жараёнда фақатгина “жамоат назоратчиси” бўлиб қолиш ниятидан мутлақо йироқдир.

 

Биз, ўз депутатлик бирлашмаларимизга таянган ҳолда, умумхалқ бунёдкорлик фаолиятида амалий жиҳатдан бевосита иштирок этишга, ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча имкониятларни топишга интиламиз.

 

Азиз ҳамюртлар! Бугун бутун Ўзбекистон халқи шу йилнинг 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари сайловига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Сиз Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодларига овоз бериш орқали кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаган бўласиз. Шунинг учун ҳам бизнинг номзодларимизга овоз беринг!

 

Комила КАРОМОВА,

Купалбай ТАНГРИБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари.

 

7444

29Ноябрь 2014



Долзарб мавзулар