Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов ва ёшлар фаоллиги

Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Юртимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёди навқирон авлод вакилларидир. Бу Ўзбекистонда барча соҳалар тараққиётида уларнинг иштироки ва таъсири муҳим аҳамият касб этишидан далолат.

 

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жаҳон андозалари даражасида билим олиши, қизиққан соҳалари бўйича касб-ҳунар эгаллаши, турли фан йўналишларида илмий изланишлар олиб бориши, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юксалтиришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида юзлаб ёшларимиз халқаро фан олимпиадалари, санъат ва спорт мусобақалари, турли фестивалларда юқори натижаларга эришаётгани, жаҳон миқёсида илмий кашфиётлар қилаётгани ўзбек фарзандларининг билим ва тафаккури, салоҳияти дунё миқёсида тан олинаётганининг исботидир.

 

Бугун ижтимоий фаол ёшларимиз Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда. Йигит-қизларимиз юртимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирок этаётир.

 

Буни шу йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик жараёнида ҳам кузатишимиз мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчиларни мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишлар, жорий йилги сайловни ташкил этиш ва уни ўтказишга оид жараёнлар билан таништириш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган давра суҳбатлари ва анжуманларда ёшлар фаол қатнашмоқда.

 

Жорий йилги сайловда илк бор иштирок этадиган ёшлар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, мамлакатимиз тараққиёт йўли ва ўз ҳаётий позициясига муштарак сайловолди платформасини илгари сурган муносиб номзодларга овоз беради.

 

Ўзбекистонда истиқлол йилларида энг юксак демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, ҳар кимнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини таъминлайдиган сайлов тизими яратилди.

 

Сайловга юксак савияда тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш, фуқаролар, жумладан, ёшларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириши учун шарт-шароит яратиш борасидаги қонунчилик изчил такомиллаштириб борилмоқда.

 

Бу йилги сайловда хотин-қизлар ва ёшларнинг фаол иштирок этишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳамкорлигида ўтказилаётган “Ёшлар ва сайлов – 2014” лойиҳаси доирасида йигит-қизлар миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов жараёнининг очиқлик ва ошкоралик принципларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан атрофлича таништирилаётир. “Ватан келажаги сенинг қўлингда!” шиори остидаги танлов ва тадбирлар, “Юрагингдан овоз бер!”, “Сенинг овозинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга!”, “Биринчи марта овоз бераман!”, “Фуқаролик позициянгни намоён эт!” мавзуларидаги видеороликлар, баннер ва буклетлар тарғиботи ёшларнинг сайлов тўғрисида хабардорлигини оширишга туртки бўлаётир.

 

Марказий сайлов комиссияси, жойлардаги округ сайлов комиссиялари томонидан миллий сайлов қонунчилиги ҳамда 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилаётган барча ишлар ёш сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишга хизмат қилмоқда.

 

– Конституция байрами ва бўлажак сайловлар арафасида турибмиз, – дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Ҳамида Усмонова. – Шу боис университетимизда Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни, мамлакатимизда кўппартиявийлик асосида ўтказилаётган сайловларнинг моҳияти, уларда ёшларнинг иштирокига бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу йил илк бор сайловда овоз бераман. Бу мен учун ҳам ҳаяжонли, ҳам масъулиятли вазифа. Зеро, фуқаролик бурчимни адо этишим мамлакатимиз тараққиёти, ҳаётимиз фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшишнинг яна бир имкониятидир.

 

– “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Мен сайловга тайёрман” онлайн танловида иштирок этмоқдаман, – дейди Жиззах вилояти Бахмал туманидаги 36-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Умид Омонов. – Эълон қилинаётган саволларга онлайн тарзда жавоб бериш орқали мамлакатимиз сайлов тизими ва қонунчилигига доир билимимни ошириб боряпман. Улар бўлажак сайловда биринчи бор қатнашишимга қарамай, фаол бўлишимга ёрдам беради.

 

– Университетимизда ташкил этилаётган “Ёш сайловчилар кунлари” ахборот акцияларида мамлакатимиз парламенти ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлажак сайловни ўтказиш тартиби, Конституциямиз ва сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартишлар билан танишиб бораяпмиз, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Юлдуз Зоирова. – Бу мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим тадбирда янада фаол бўлишга ундайди. Сайловда миллий қадриятларимизни тиклаш, фан, таълим, маданият, санъат ва спортни янада ривожлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришни кўзлаган сайловолди платформаси учун овоз бермоқчиман. Зотан, ўзим учун муносиб деб топган номзодга овоз беришим ҳаётда олдимга қўйган мақсадларим, орзу-истакларимнинг рўёби томон қўйилган яна бир муҳим қадам бўлади.

 

– Мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, соҳа вакиллари манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир, – дейди навоийлик ёш тадбиркор Азизбек Асқаров. – Мазкур соҳада яратилган ҳуқуқий база тадбиркорлар эркинлигининг қонуний кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бу жараёнда ёш тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида берилган имтиёз ва преференцияларнинг аҳамияти катта бўлаётир. Мен ҳам кўплаб ёшлар қатори ана шундай қулай шароитлардан унумли фойдаланишга интиляпман. Кичик корхонамизда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Келажагимиз мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиши ва халқимиз фаровонлигининг юксалиши билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис жорий йилги сайловда иқтисодиёт соҳасида кечаётган самарали ислоҳотларнинг мантиқий давоми ўз ифодасини топган сайловолди платформаси учун овоз бермоқчиман.

 

– “Мен сайловга тайёрман!” шиори остидаги расмлар танловида иштирок этмоқдаман, – дейди ёш рассом Оловиддин Собиров. – Танловга тақдим этган ижодий ишларимда истиқлол йилларида ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, уларни жисмонан ва маънан баркамол инсонлар этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – мамлакат тараққиётининг ҳуқуқий кафолати”, “Бугунги ўқувчи – эртага сайловчи” каби шиорларнинг маъно-мазмунини акс эттиришга ҳаракат қилганман. Юртимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциялашувини таъминлаш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, кадрлар тайёрлаш борасида ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган яхлит таълим тизими шакллантирилган. Келажакда бу соҳа жаҳон тажрибасида ўз исботини топган илғор ютуқлар билан янада бойиб бориши, шубҳасиз. Мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларга бўлажак сайловда мен овоз берадиган номзод бу борадаги ислоҳотлар ва қонунчиликни янада такомиллаштиришга ҳисса қўшишига ишонаман.

 

Ҳа, эртамиз эгаларининг танлаган ҳаёт йўлида собитқадамлиги, эзгу мақсади томон интилувчанлиги уларнинг бўлажак сайловда фаол иштирокида ҳам акс этади. Бу Ўзбекистон ёшларининг фикри теран, азми қатъий, ҳуқуқий билими, сиёсий маданияти ва фаоллиги янада юксалиб бораётганидан далолатдир.

 

Дилшод Каримов, ЎзА

12010

01Декабрь 2014



Долзарб мавзулар