Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов кампаниясининг муҳим босқичи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайлов бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Ҳозирги кунда барча бўғиндаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш якунланиб, оммавий ахборот воситаларида сайловолди ташвиқоти фаол олиб борилмоқда.

 

Сайлов жараёнининг ушбу босқичи Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қизғин ўтказилмоқда. Жорий йилнинг 21 декабрь куни сайлов участкаларига мазкур ҳудуд бўйича 1 миллион 160 минг нафар сайловчи ташриф буюриши кутилмоқда, уларнинг 32 минг нафардан ортиғи эса биринчи марта овоз беради.

 

Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш жараёни якунланди. Республика газеталарида номзодлар рўйхати эълон қилинди. Комиссия қарорига мувофиқ, телевидение ва радиода сиёсий партияларга тенг эфир вақти ажратилган. Республика ва туман даврий матбуот нашрлари орқали номзодлар ўз дастурлари ҳақида чиқишлар қилишмоқда. Номзодлар орасида ёш тадбиркорлар, фермерлар, ўқитувчилар, шифокорлар ва бошқа касб эгалари бўлиб, уларнинг аксарияти ҳаётий позицияга ва обрў-эътиборга эга бўлган собитқадам инсонлардир. Номзодларнинг 50 нафари хотин-қизлардир.

 

Сайловчилар рўйхатини тузиш жараёнлари ҳам ниҳоясига етмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, барча сайлов участкасида зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган, тегишли жиҳоз ва воситалар билан таъминланган “Она ва бола” ҳамда тиббиёт хоналари мавжуд.

 

– Сайлов ҳар бир фуқаронинг ҳаётидаги муҳим воқеа ҳисобланади, – дейди Тахтакўпир туманидаги “Бегжан-Тахта” фермер хўжалиги раҳбари А. Халмуратов. – Шахсан ўзим кимга овоз бериш масаласида қарор қилиб бўлдим. Қорақалпоғистон фермерлари ёрқин келажак ва катта истиқболга эга. Ушбу соҳада ишлаган, деҳқон меҳнатини қадрлайдиган номзодгина уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлай олади.

 

– Самарқанд вилояти сайлов комиссияси қарори билан барча – тўртта сиёсий партия вилоят кенгашларига сайловда иштирок этишига ижозат берилди, – дейди вилоят сайлов комиссияси раиси А. Умаров. – Улар томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар илгари сурилди. Махсус ташкил қилинган ишчи гуруҳ партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқди ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сайловига 60 та сайлов округи бўйича номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Номзодлар рўйхати улар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда, маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Рўйхатга олинган 221 нафар номзоднинг 38 фоиздан ортиғи аёллардан иборат. Депутатликка номзодлар орасида таълим соҳаси вакиллари 41,6 фоизни, ишлаб чиқариш вакиллари 12,2 фоизни, иқтисодчилар 11,3 фоизни, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари 11 фоизни ташкил қилади. Номзодларнинг 94 фоиздан зиёди олий маълумотга эга.

 

Самарқанд вилояти сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодларнинг маҳаллий теле ва радиоканалларда, вилоят газетаси саҳифаларида ўз сайловолди дастурлари билан чиқиш даврийлиги ва тартиби тўғрисида қарори қабул қилинди. Ҳозирги кунда улар ушбу ҳуқуқдан кенг фойдаланишмоқда. Шу билан бирга, сайловолди ташвиқоти доирасида ташқи рекламадан қонунчиликка қатъий амал қилган ҳолда фойдаланиш шартлари белгилаб берилди. Депутатликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишлари учун барча қулайлик яратилмоқда.

 

Айни пайтда вилоятдаги 948 та сайлов участкасида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий ишлар давом эттирилаётир. Сайловчилар рўйхати тузилмоқда. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 75-сайлов участкасида 21 декабрь куни 1167 нафар сайловчи ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланади.

 

– Ҳозирги кунда сайловни юксак савияда ўтказишга тўлиқ тайёрмиз, – деди мазкур участка сайлов комиссияси котиби Н. Каримова. – Бюллетенлар учун сайлов қутилари, овоз бериш кабиналари ўрнатилди. Барча турдаги алоқа воситалари ва ускуналарига эга техник марказимиз бор, тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланди, қолаверса, жорий йилнинг мазкур муҳим сиёсий тадбирига бағишланган материаллар эълон қилинган кўплаб даврий нашрлар тўплами мавжуд. Сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида “Она ва бола” хоналари, тиббиёт пункти ташкил этилди.

 

Хоразм вилояти аҳолиси ҳам шу кунларда мазкур тадбирга қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

 

– Биз аҳолининг миллий сайлов қонунчилиги, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг бориши ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича зарур чоралар кўраяпмиз, – деди Хоразм вилояти сайлов комиссияси раиси Р. Матрасулов. – Сайлов кампаниясининг ҳозирги босқичида сайловчилар рўйхатини тузиш устида иш олиб бораяпмиз. Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўладиган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган фуқароларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилмоқда. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилади. Сайловчилар рўйхати билан сайлов участкаларида танишиш мумкин бўлади. Бу ҳақда фуқаролар, албатта, хабардор қилинади.

 

Хоразмда вилоят Кенгаши депутатлигига 239 нафар номзод рўйхатга олинди. Номзодлар рўйхати вилоят газетасида лавозими, иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилган ҳолда эълон қилинди. Сайловолди ташвиқоти ҳам қизғин паллага кирмоқда. Номзодлар сайловчиларни ўз фаолияти, шахсий фазилатлари билан таништирмоқдалар. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари участка сайлов комиссиялари кўмагида ташкил этилаяпти. Аҳоли бундай тадбирлар ҳақида жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда олдиндан хабардор қилинмоқда. Ташвиқот тадбирлари тенглик тамойили асосида олиб борилаётир.

 

– Мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган катта эътибор туфайли йигит-қизларнинг ҳар томонлама камол топишига қулай шарт-шароитлар яратилган, – дейди қўшкўпирлик Ж. Кенжаев. – Ҳозир машина-трактор паркида ишлаяпман. Сайловда иштирок этишни ўзимнинг фуқаролик бурчим, деб биламан. Илк марта ушбу сиёсий тадбирда қатнашаяпман. Ўз овозимни, албатта, муносиб номзодга бераман.

 

Жиззах вилоятида парламент қуйи палатаси депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича бешта, халқ депутатлари вилоят Кенгашига эса 57 та округ сайлов комиссиялари ташкил этилган бўлиб, айни чоғда улар фаол ишламоқда. Шу кунларда сайловчилар рўйхатини тузиш жараёни изчил давом эттирилаяпти. Барча сайлов участкаларига тегишли намунадаги бланкалар тарқатилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудда 812 мингдан ортиқ киши овоз беради. Участка сайлов комиссиялари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари кўмагида жойларда сайловчилар рўйхатини тузиб, аниқлик киритмоқда. Сайловчилар рўйхати шу йилнинг бешинчи декабрига қадар ҳамма танишиши учун тақдим қилинади.

 

– Биринчи марта овоз бераётганларга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, – дейди Жиззах вилояти сайлов комиссияси раиси А. Скрипкин. – Чунки вилоятимизда уларнинг сони салмоқли. Улар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, ўқув муассасаларида учрашувлар ташкил қилинаётир. Айни пайтда сайловолди ташвиқоти жадал бормоқда. Ҳудудий оммавий ахборот воситаларида сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари эълон қилинди. Уларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бериш йўли билан тенг шароит яратилган. Депутатликка номзодларнинг маълумотларидан иборат плакатлар тайёрланмоқда. Ҳар бир сайловчи танишиши учун сайлов участкаларига ҳам сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари етказиб берилади.

 

Сайлов кампаниясининг ҳозирги босқичи сайлов ташкилотчиларидан катта масъулият ва тезкорликни талаб қилади. Зеро, 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловнинг натижалари бевосита шунга боғлиқ.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

11816

02Декабрь 2014



Долзарб мавзулар