Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

ЎзЛиДеП – таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг янада ривожланиши тарафдори

Юртимизнинг бугунги кунда катта суръатлар билан барқарор ривожланиши ва дадил одимлар билан илгарилаб боришида халқаро миқёсда ном қозонган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилгани ҳеч кимга сир эмас. Чунончи, Ўзбекистон МДҲда биринчи бўлиб, 1997 йилда қонун даражасида қабул қилган мазкур дастур таълим тизимига илк бор янги, замонавий, аввал мавжуд бўлмаган таълим босқичларини, жумладан, бепул мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини, олий таълимда бакалавриат ва магистратурани жорий этди. Таълим жараёнига давлатнинг ушбу ёндашуви қанчалик тўғри ва асосли эканлигига бугунги кундаги ривожланишимиз даражаси мисолида гувоҳ бўлишимиз мумкин.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида таълим ва ёш авлодни тарбиялаш соҳасидаги асосий вазифалар хусусида фикр юритади:

 

Соҳибжон ИСМОИЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP аъзоси:

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакилларининг фикрича, буларнинг бари Ўзбекистонда инсон капиталига инвестицияларни йўналтириш изчил иқтисодий ривожланиш, жисмоний ва маънавий соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишнинг муҳим шарти сифатида алоҳида эътибор берилаётганига ёрқин далил бўла олади. Айниқса, ҳар йилги давлат дастурларида жисмоний ва маънавий соғлом авлодни тарбиялаш, замонавий ҳунарларни пухта эгаллаган мутахассисларни тайёрлаш, таълим даражасини янада такомиллаштириш ва унинг сифатини ошириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган ишларнинг ҳар томонлама самарадорлигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганлигини эътироф этиш лозим.

 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигини ошириш, инновацион технологияларга асосланган ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари замонавий ҳунарларни пухта эгаллаган мутахассислар тайёрлаш, таълим тизимини иқтисодиётимиз, давлат ва жамиятимизнинг барқарор ўсишидан келиб чиқиб такомиллаштириш масалалари билан чамбарчас боғлиқдир. Бу жараёнда партия муҳандислик ва техника соҳасида, технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, компьютер ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, автомобилсозлик, машинасозлик, электр техника саноати, энергетика соҳаси, саноат ва фуқаролик лойиҳалаштириш ҳамда қурилиш ташкилот ва корхоналари учун юқори малакали мутахассислар тайёрлашга жиддий эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди. Шу ўринда O‘zLiDeP юртимизда давлатимиз раҳбари фармон ва қарорлари, ҳар йили қабул қилинадиган давлат ижтимоий дастурлари асосида бу борада олиб борилаётган тизимли ишларни алоҳида эътироф этади.

 

Клара ДЖУМАМУРАТОВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP аъзоси:

– XXI аср – бу интеллектуал мулк асри ва фикримизча, ривожланган мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллашни истайдиган давлат инсон капитали, унинг интеллектуал салоҳиятини оширишга шарт-шароитларни изчил яратиб бориши лозим.

 

Айнан шундан келиб чиқиб, партиямиз ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш масалаларини ва вазифаларини устувор, деб билади. Чунки иқтисодиётимиз босқичма-босқич ривожланиб, либераллашиб боргани сари иқтидорли, юқори салоҳиятли кадрларга бўлган талаб ҳам ўсиб бораверади.

 

Олдимизда турган даврда O‘zLiDeP интеллектуал салоҳияти юксак ёшларнинг фаолият соҳаси бўйича электрон базасини яратиш, иқтидорли ёшларнинг ғояларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш тизими янада такомиллаштирилишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

 

Илм-фан, юксак технологиялар шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда мамлакатимиз аҳолиси, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти ҳар томонлама ўсиши юртимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади.

 

Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда илмга йўналтириладиган сармоялар асосий фондларга қўйиладиган сармоялардан тезроқ ўсмоқда ҳамда улар ўз тараққиётига интеллектуал салоҳият орқали эришаётир. Масалан, Япония иқтисодиётининг 20 фоиздан зиёдини илм-фан ва юксак технологиялар экспорти ташкил этади. Дунё интеллектуал бозорининг 95 фоизи еттита ривожланган давлатлар ҳиссасига тўғри келади.

 

O‘zLiDeP давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш орқали хусусий капитални жалб қилган ҳолда, таълим муассасалари моддий-техника базасини кучайтириш, етук, юқори малакали кадрлар тизимини шакллантириш масаласини ёқлайди.

 

Ойбек ДЖУМАЕВ, И. М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиали директори ўринбосари, O‘zLiDeP аъзоси:

– O‘zLiDeP ўз Сайловолди платформасида олий ўқув юртларининг таълим хизматларини кўрсатиш бўйича ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтиришни қўллаб-қувватлаш таклифини илгари суради. Шуни таъкидлаш лозимки, бу таклифимиз замирида олий ўқув юртлари моддий-техника базасини молиявий жиҳатдан янада мустаҳкамлаш, таълим муассасаси олимлари томонидан яратилаётган ишланмаларнинг амалиётга кенг татбиқ этилишига моддий жиҳатдан замин яратишга қаратилган.

 

Хусусан, партиямиз Сайловолди платформасида олий ўқув юртларининг ташкилий, институционал ва молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича зарур чораларни амалга ошириш таклифи билан чиқмоқда. Партиямиз таълим тизимида ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда шу орқали ушбу соҳанинг юқори халқаро мезон ва стандартларга мослигини таъминлашни кўзламоқда. Бу мақсадда партия олий таълим тизимида рақобат муҳитини шакллантиришга кўмаклашиш ҳамда модул тизимини ўқув жараёнига киритишни янада жадаллаштириш чора-тадбирларини амалга оширишни қўллаб-қувватлайди.

 

Партиямиз корхона, ташкилотлар талаблари негизида “буюртмалар портфели”ни шакллантириш ва шу асосда хўжалик шартномаларини тузишга эътибор қаратиш, бизнеснинг илмий тадқиқотларни молиялаштиришдан манфаатдорлигини ошириш, илмий тадқиқот натижаларини амалиётга, ишлаб чиқаришга жорий этиш жараёнини тезлаштириш учун патент олиш тизимини такомиллаштириш, таълим муассасалари ҳузурида инновацион фаолиятга йўналтирилган лойиҳаларни ривожлантиришни таълим соҳасидаги устувор вазифалар сифатида қабул қилади.

 

Мухаббат ТОХТАЕВА, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP аъзоси:

– Таълим тизимимизда ислоҳ этиш лозим бўлган масалалардан бири, бу – таълимнинг бозор талабларига мослашувчанлигини ошириш масаласидир. Мамлакатимизда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан келиб чиққан ҳолда, ишлаб чиқариш ва техника соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича қабул квоталари 2010/2011 ўқув йилида 23 фоиздан 2013/2014 ўқув йилида 30,6 фоизга оширилганлиги, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур бўлмаган йўналишларни тугатиш, турдош таълим йўналишларини бирлаштириш мақсадида бакалавриат таълим йўналишлари 228 тадан 165 тага, магистратура мутахассисликлари 1200 тадан 447 тага камайтирилганлиги таълимни иқтисодиёт реал талабларига мослаштириш масаласига давлатимиз томонидан жиддий эътибор қаратилаётганлигидан далолатдир. Партиямиз ушбу ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, таълимни реал иқтисодиёт талабларига мослаштириш учун таълим муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида ҳамкорликни таъминлаш, ўқув режалари, фанлар дастурларига бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартиришлар киритиш жараёнини либераллаштириш керак, деб ҳисоблайди.

 

Раъно РАХИМОВА, Республика Маънавият тарғибот марказининг Жондор тумани бўлими раҳбари, O‘zLiDeP аъзоси:

– O‘zLiDeP партияси томонидан илгари сурилаётган яна бир муҳим масала кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимига масофадан туриб таълим беришнинг замонавий шаклларини жадал суръатлар билан ривожлантириш чораларини кўриш билан боғлиқ. Маълумки, республикамизда ҳар йили коллеж ва лицей битирувчилари учун 500 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилмоқда. Жумладан, ўтган йили ўз хусусий ишини очиб, бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Халқаро тажриба шуни кўрсатиб турибдики, айниқса, кечагина коллежларни битириб, бугун кичик бизнес, тадбиркорлик, фермерлик субъектларини ташкил қилиб, иш бошлаган ёшлар соҳа бўйича ўз билимларини доимо ошириб боришга эҳтиёж сезишади. Чунончи, ахборот-коммуникация технологиялари, молия, солиқ, божхона, ишлаб чиқариш, фан ва бошқа кўплаб соҳалардаги охирги ўзгаришлар ҳамда янгиликларни билмай туриб, иш самарадорлигини ошириш, рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб бўлмайди.

 

O‘zLiDeP олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар билан кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ва саноат корхоналари кооперациясини ривожлантиришга доир халқаро тажрибаларни ўрганиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш масаласида ҳам бир қатор амалий таклифларни илгари сурмоқда. Унда олий таълим муассасалари, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик ва йирик корхоналар ўртасида кооперация алоқаларини янада кучайтиришнинг меъёрий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш кўзда тутилмоқда.

 

Партиямиз ўз олдига қўйган мақсадларни амалга оширишда ҳамиша истеъдодли ва билимли ёшларга таяниб келган ва бундан кейин ҳам бу сиёсатимизни изчиллик билан давом эттирамиз. Юрт келажаги, тараққиёти учун хизматга шай ҳар қандай ёш партиямиз томонидан қўллаб-қувватланаверади. Шундай экан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда кураш олиб бораётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз бериб, юқоридаги дастурий мақсадларимизни амалга оширишда ўз ҳиссангизни қўшишга чақирамиз.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» мухбири.

8078

02Декабрь 2014



Долзарб мавзулар