Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

«Юксак маънавият – енгилмас куч» ғоясини рўёбга чиқариш – энг муҳим вазифамиз

Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида соғлом, баркамол, юксак маънавиятли авлодни улғайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

 

Айниқса, маънавиятнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилиши ва Ватанимиз халқаро миқёсда маънавият юксалган мамлакат сифатида танилиши борасида салмоқли ишлар ўз самарасини берди. Маънавият, маърифат ва таълим ҳақида гап кетганда, энг аввало, кўз ўнгимизда юртимиз ёшлари гавдаланади. Чунки мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этади. Бир томондан, бу юртимизнинг порлоқ истиқболи ва келажагидан далолат берса, бошқа томондан, ёшлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларнинг сифатли таълим олиши, замонавий билимларга эга бўлиши, истеъдод ва иқтидорини рўёбга чиқариши, энг асосийси, миллий қадриятларимиз ва ватанпарварлик руҳида, мустақил фикрлайдиган, иродали шахс сифатида камолга етиши билан боғлиқ долзарб масаладир.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида ушбу соҳага доир белгилаб олинган асосий вазифалар хусусида фикр юритади.

 

Наврўзжон МАҲКАМОВ,

«Камолот» ЁИҲ қошидаги «Камалак» болалар ташкилоти раиси ўринбосари, «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси:

– Мустақиллик йилларида мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий ўзлигимиз, маънавиятимизни юксалтириш, тарихий хотирани тиклаш, ёш авлодни ватанпарварлик, аждодларимиз меросига чуқур ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юртимиз бой тарихи, маданияти, илмий-маданий мероси жаҳон ҳамжамиятининг алоҳида ҳурмат ва эътирофига сазовор бўлган. Жорий йилда Самарқандда бўлиб ўтган «Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти» мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этган элликдан ортиқ мамлакат олим ва экспертларининг халқимиз меросига берган юксак баҳоси бунга мисол бўла олади.

 

Партия Сайловолди платформасида «Юксак маънавият – енгилмас куч» ғоясини рўёбга чиқариш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

 

Мазкур ғояни ҳаётга самарали жорий этиш мақсадида “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан Ўзбекистон халқининг бой илмий-интеллектуал мероси, миллий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини сақлаб қолиш, чуқур ўрганиш, бойитиш ва кенг тарғиб қилишга қаратилган изчил стратегия ишлаб чиқилди.

 

Миллий-маънавий тикланиш жараёнларида фаол иштирок этиб келаётган партия XXI асрда миллий тикланиш ва миллий ўзликни англаш жараёнларининг муҳим омиллари сифатида миллий анъана ва қадриятларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни илгари суради.

 

Субҳон АББОСОВ,

Самарқанд давлат университети проректори, «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси:

– Партия, шунингдек, тарихий, маданий ва интеллектуал меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва бойитиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, халқимиз эришган муваффақиятларни ўсиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур ҳурмат туйғусини шакллантиришга кўмаклашишга интилади.

 

«Миллий тикланиш» демократик партияси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи бўйича Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада фаоллаштириш, бу борада тарихий ҳаққонийлик ва холислик тамойилларига таянган ҳолда Ўзбекистон тарихини кенг ва тизимли ўрганишни ташкил этиш, ўзбек халқи ўтмиши ва бугунига баҳо беришда бир томонлама ёндашувлар, ақидапарастликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихини сохталаштириш, нотўғри кўрсатиш ҳолатларига қарши курашиш, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистоннинг тарихий ўтмиши тўғрисида холис ахборотни етказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни муҳим, деб билади. Зеро, ўз тарихи билан фахрланмайдиган халқнинг истиқболи йўқдир!

 

Шу билан бирга, партия Сайловолди платформасида Ўзбекистоннинг мавжуд маданий ёдгорликлари, шаҳарлари тарихий қиёфасини муҳофаза қилиш, бутун башарият бойлиги бўлган тарихий объектлар, меъморий ёдгорликларни сақлаш ва реконструкция қилишга қаратилган долзарб вазифалар белгиланган. Юксак эстетик сифатлари билан ажралиб турадиган миллий ҳунармандчиликни қайта тиклаш ва ривожлантиришни янада рағбатлантириш, қадимги бадиий-ҳунармандчилик мактабларининг анъаналарини сақлаб қолиш ҳам партия фаолиятининг мазкур соҳадаги устувор йўналишларидан биридир.

 

Ўзбекистон халқининг маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш ва шу асосда фуқароларни миллий ифтихор ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, шубҳасиз, муҳим вазифалардан биридир. Шу муносабат билан «Миллий тикланиш» демократик партияси ёшлар учун маънавий намуна бўлиб хизмат қиладиган, уларни миллий ғоя, мардлик ва фидойилик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутадиган бадиий образлар таъсирчанлигини ошириш, Ўзбекистон халқи маданияти ва санъатининг халқаро миқёсдаги ютуқларини кенг тарғиб қилиш, жаҳон тамаддуни ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк давлат арбоблари, илм-фан, маданият, адабиёт ва санъат намояндалари ҳаёти ва фаолиятини ёритадиган кино асарлар яратиш ҳамда жаҳон ҳамжамиятига етказишни илгари суради.

 

Эркин ШЕРМАНОВ,

Жиззах вилояти телерадиокомпанияси директори, «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси:

– Ёшлар ва маънавият тўғрисида сўз юритганда, бугунги кунда «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига ахлоқсизлик, зўравонлик каби иллатларни сингдиришга, уларни халқимиз маънавий ва миллий қадриятларидан узоқлаштиришга уринишлар кузатилаётганини таъкидлаш жоиз. Бу эса «Миллий тикланиш» демократик партиясини бефарқ қолдирмайди. Партия бундан буён ҳам мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларини кучайтириши лозим.

 

Хусусан, ёшлар онгини салбий иллатлардан ҳимоя қилиш мақсадида партия телевизион кўрсатув ва радиоэшиттиришларни уюштириш, ёшларни ахборот-ресурс марказларига жалб этиш, таълим муассасалари ўқувчилари учун мамлакатимиз маданий-тарихий мероси билан таништирувчи саёҳатлар уюштириш, театрларда очиқ эшиклар кунлари, Ўзбекистон тарихи ва маданияти тўғрисида қизиқарли ахборот берувчи кўргазмалар ташкил этиш орқали ёшларни миллий тикланиш, миллий маданият ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 

Бугунги кунда баъзи ҳолларда ахлоқсизлик маданиятнинг бир қисми сифатида қабул қилинмоқда, асл маънавий қадриятларга эътиборсизлик билан қараш ҳоллари учраб турибди. «Миллий тикланиш» демократик партияси халқимизнинг буюк келажаги, миллатимиз ўзлигини сақлаш йўлида маънавий-ахлоқий хавфсизликни таъминлаш орқали бундай ҳодисаларга қарши тинимсиз курашиш лозим, деб ҳисоблайди. Фарзандларимизга яхши таълим-тарбия бериш, ёшлигидан ҳалол меҳнатга ўргатиш уларнинг ҳам маънавий, ҳам моддий нуқтаи назардан мустақил шахс сифатида вояга етишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

«Миллий тикланиш» демократик партияси Хоразм вилояти Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони етакчи мутахассиси,

«Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси:

– Партия ўз фаолиятида Ўзбекистон халқининг мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, эзгулик ва саховатпешалик каби миллий фазилатларига асосланган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳаракат қилади. Ҳар бир миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг ўрни ва аҳамияти, ҳеч шубҳасиз, бениҳоя салмоқлидир. Шу боис партия оила масалаларига катта эътибор қаратади. Биз шунга ишонамизки, агар оила соғлом бўлса, жамият ҳам мустаҳкамдир, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарордир.

 

Партия мамлакатимизда оилалар ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни кучайтириш, соғлом ва мустаҳкам оилалар шаклланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, оилалар ижтимоий ҳаётида ҳамон сақланиб қолаётган баъзи нохуш ҳолатлар (тўй маросимларини ўта дабдабали қилиб ўтказиш ва исрофгарчиликка асосланган бошқа тадбирлар)га барҳам бериш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашиш каби вазифаларни ўз олдига қўяди.

 

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратишга кўмаклашади. Партия болаларнинг руҳий-маънавий дунёси ва маданий савиясини ўстириб бориш, уларнинг миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг энг яхши асарлари билан ошно бўлиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, нафақат миллий, балки жаҳон мусиқа санъатининг кўпдан-кўп йўналишларини чуқур ўрганиш ва ўзлаштириш, санъаткор, айниқса, ёш хонанда ва созандаларимизнинг халқаро нуфузли танловлар ва фестивалларда иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишига эришиш тарафдоридир.

 

Шуҳрат ХУДОЁРОВ,

Навоий давлат педагогика институти ўқув бўлими бошлиғи, «Миллий тикланиш» демократик партияси аъзоси:

– «Миллий тикланиш» демократик партиясининг энг муҳим вазифаларидан бири таълим тизими, таълим жараёнини янада такомиллаштиришдир. Таълим давлат ва миллат фаровонлиги ҳамда ривожланишининг асосий шарти ва кафолатидир. Мамлакатимизда замонавий билим ва юксак малакага эга баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қиладиган таълим тизимини ислоҳ этиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Партия бундай ижобий ишларнинг давом эттирилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 

Партия таълим жараёнини янада ислоҳ этиш, ўқувчиларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук инсонлар қилиб тарбиялаш ишларининг самарали шакл ва усулларини жорий қилиш, ёшларни миллий мустақиллик тамойиллари, халқимизнинг бой маънавий ва интеллектуал салоҳияти ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида ўқитиш ва тарбиялаш, ёш авлодда таълим ва билимга интилишни кучайтириш, уларнинг қалбида мустақиллик, ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантиришни илгари суради.

 

Келажакда ҳам Ўзбекистон манфаатларига содиқ ҳамда жамият ривожига муносиб ҳисса қўшишга қодир шахсни камолга етказиш мақсадида таълим муассасаларининг ота-оналар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, турли ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Шу муносабат билан таъкидлаш лозимки, партия камол топиб келаётган авлодни, биринчи навбатда, китобга муҳаббат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш, уларда матбуот маҳсулотларига қизиқишни кучайтириш ҳамда халқ маънавиятини юксалтиришга кўмаклашувчи маърифат марказларини ташкил этиш ва ривожлантириш ғояларини илгари суради.

 

Маълумки, миллий ўзлигимиз юксалиши, авлодлар ўртасидаги маънавий-ахлоқий алоқа тил орқали намоён бўлади.

 

Партия, шунингдек, давлат тилини бойитиш ва янада такомиллаштиришга, тил маданиятини, ўзаро муомала сифатини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш, оммавий муомалада ўзбек адабий тили меъёр ва қоидалари бузилишининг олдини оладиган аниқ мақсадли ишларни олиб бориш тарафдори.

 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси жамиятда юксак маънавият устуворлигини, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари тамойилини илгари суриб, фуқароларимизда миллий ўзликни англаш туйғусини юксалтиришга ҳаракат қилади. Миллий ўзликни англаш ва миллий юксалиш орқали жонажон Ўзбекистонимизнинг дунёнинг тараққий топган давлатлар қаторидан ўрин олишига эришиш партиямизнинг бош мақсадидир. Қалбида ана шундай улуғвор мақсад мужассам бўлган фуқароларимизни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

5199

03Декабрь 2014



Долзарб мавзулар