Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мақбул ва сифатли таълим – мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини оширишнинг муҳим омили

Бугун биз тарихий бир даврда – халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор, ўз куч ва имкониятларига таяниб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш йўлида улкан натижаларни қўлга киритаётган бир замонда яшамоқдамиз.

 

Дарҳақиқат, юртимизда халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар қилинмоқда.

 

Бу борада таълим-тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида белгиланган таълим ва ёш авлод тарбияси соҳасига оид асосий вазифалар хусусида сўз юритишди:

 

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП аъзоси:

– Ўзбекистонда тарихан қисқа давр ичида таълим соҳасини тубдан янгилаш ва ислоҳ қилиш борасида салмоқли натижаларга эришилди. Юртимизда ёшларнинг умумтаълим ва касб тайёргарлигини таъминлашнинг замонавий модели амалга оширилиб, пировардида ҳар томонлама баркамол ва мустақил фикрловчи, меҳнат бозорида талаб катта бўлган касбларни эгаллаган, қатъий фуқаролик позициясига эга ёшлар тарбияланмоқда. Бугун ёшларимиз мамлакатимизни демократлаштириш ва модернизация қилиш, уни янгилаш ва равнақ топтиришнинг ҳал қилувчи ҳаракатлантирувчи кучига айланиб бормоқда. Қувонарлиси, бу ютуқларимиз халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиб, чуқур ўрганилмоқда. Хусусан, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ва етакчи халқаро бизнес-мактаблардан бири – “ИНСЕАД” томонидан инсон капиталининг тараққиёт даражаси бўйича ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон 141 мамлакат орасида 53-ўринни, таълим тизимини ривожлантириш даражаси, жумладан, таълим мақсадлари учун ажратиладиган маблағлар бўйича эса дунёда бешинчи ўринни эгаллади. Таълимни ислоҳ қилишнинг “ўзбек модели” бугун олимлар томонидан назарий ўрганилмоқда, нуфузли ташкилотлар томонидан бошқа мамлакатларга намуна сифатида кўрсатилаётир.

 

Ўзбекистонда Таълим тизимини ислоҳ этиш дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ва рўёбга чиқарилаётган барча ишлар мамлакатимизнинг узоқ муддатли манфаатларига, унинг ҳозирги ривожланиш босқичининг мавжуд ҳолати ва хусусиятларига жавоб беради. Бунда, албатта, мамлакатимизда фуқароларнинг таълим олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг қонуний, ташкилий ва институционал асослари шакллантирилгани долзарб аҳамият касб этди.

 

Табиийки, таълим соҳасини ривожлантиришда, албатта, унинг ҳуқуқий асослари қай даражада такомиллашганлигининг аҳамияти беқиёс. Таъкидлаш жоизки, парламентимизнинг ҳар иккала палатасида таълим соҳасига оид фаолият билан шуғулланадиган алоҳида қўмиталар ташкил этилиши, шунингдек, депутатлар корпуси таркибига таълим соҳаси вакилларининг сайланиши ҳам мазкур соҳа ривожида ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

 

Мамлакатимиз қонун ижодкорлиги амалиётида шундай демократик қоидалар қарор топганки, ушбу жараёнда соҳага тааллуқли қонунларни қабул қилишда юқори малакали мутахассислар ва экспертлар фикрларини олиш имконияти мавжуд. Бу эса қонунларнинг мукаммал ишлаб чиқилишига, уларнинг эртанги кундаги амалий ижроси самарали бўлишига замин яратади.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси юртимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, таълим ва касб-ҳунар ўрганишнинг барча учун тенг, адолатли ва ижтимоий жиҳатдан мақбул тизимини янада такомиллаштиришни ёқлайди. Зеро, партиянинг Сайловолди платформасида белгиланган кўплаб дастурий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш бевосита таълим тизими самарадорлигига боғлиқдир. Шу боис биз ушбу соҳага устувор аҳамият қаратаяпмиз.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП аъзоси:

 

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси таълим-тарбияни, маърифатли инсонни шакллантириш илдизлари оила ва мактабгача таълим муассасаларидан бошланишига эътиборни чуқурлаштириш муҳим, деб ҳисоблайди.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, билим олишига қизиқишларини ошириш, фарзандларимизни интеллектуал, жисмоний ривожлантириш, миллий маънавий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларни мактабгача тайёрлаш соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда ҳаётга татбиқ қилинаётган жадал ислоҳотлар, инфратузилманинг ривожланиши мактабгача таълим муассасаларига, айниқса, қишлоқ жойларда эътиборни янада кучайтиришни талаб этмоқда. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП жойларда мактабгача таълим муассасаларининг сонини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш, мактабгача тарбия ва таълим дастурини ишлаб чиқиш орқали ушбу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратмоқда.

 

Мактабгача ёшдаги барча болаларни мазкур таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олишга эришиш соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишда муҳим ҳаётий аҳамиятга эгадир.

 

Лола САОДАТОВА,

Республика Маънавият тарғибот маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари, ЎзХДП аъзоси:

– Бизнинг фикримизча, мактаб таълими ёш авлодни билимли, юксак интеллект эгалари ва Ватанга садоқатли қилиб тарбиялашнинг асосий таянч бўғини ҳисобланади. Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган жаҳон стандартларидан қолишмайдиган замонавий мактабларда ёшларимиз таълим олаётганлигини эътироф қилган ҳолда, мактаб таълимининг сифатини ошириш, маданий-маърифий ишлар кўламини кенгайтириш, фан ўқитувчиларининг салоҳиятини ошириш, айниқса, қишлоқ жойларида турли фанлар, хориж тилларини ўргатувчи мутахассислар учун имтиёзлар жорий қилиш, ҳудудларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб ўқитувчилар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Биз, айниқса, ногирон болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантиришга эътибор қаратамиз. Зеро, жисмоний имконияти чекланган шахсларнинг таълим олишга бўлган ўз конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш бўйича барча шароитларни таъминлаб бериш давлат ва жамиятимизнинг олдида турган муҳим вазифалардир. Бу борадаги муҳим масалалардан яна бири инклюзив таълим бериш билан шуғулланадиган ўқитувчиларга қўшимча имтиёзлар жорий этишдир. Негаки, бу пировардида ўқитувчилар фаолияти самарадорлигини оширади ва ногиронларнинг келгусида ўзларига имкониятларига мос касб танлаши, ҳунар ўрганиши учун мустаҳкам замин яратади.

 

Дурбек МЎМИНОВ,

Андижон вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи, ЎзХДП аъзоси:

– Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш доирасида 1500 дан ортиқ янги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар барпо этилди. Ушбу билим масканлари ўз меъморий қиёфаси ва техник таъминотига кўра энг яхши олий ўқув юртларидан асло қолишмайди. Касб-ҳунар коллежларидаги замонавий ўқув-лаборатория, компьютер ва ишлаб чиқариш асбоб-ускуналари ўқувчилар учун умумий фанлар бўйича нафақат тўлиқ билимларни эгаллаш, айни вақтда ушбу ўқув юртларидаги замонавий техника ва технологияларни ўзлаштириш имконини ҳам яратмоқда.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ёш авлоднинг таълим олиши билан биргаликда, маълум касб эгаси бўлишига қаратилган касб-ҳунар коллежлари тизимига алоҳида урғу бермоқда. Бугунги кунда ёшларни таълимнинг ушбу бўғинига тўлиқ жалб қилиш, уларга касбий малака бериш билан бирга, мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш масаласи мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган.

 

Сайловолди платформамизда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва хусусиятларидан келиб чиқиб, касб-ҳунар коллежларининг ихтисослашуви ҳамда кадрлар тайёрлаш таснифини қайта кўриб чиқиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган. Жумладан, ҳудудларда мавжуд корхона ва ташкилотлар эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўрта махсус маълумотга эга кадрлар тайёрлаш амалиётини ривожлантириш, бунда соҳа корхона ва ташкилотларининг ўқувчилар юқори касбий малакасини кафолатловчи ишлаб чиқариш амалиётини самарали ташкил этиш борасидаги масъулиятини ошириш зарур. Шунингдек, партиямиз ёшлар билимларини амалий жиҳатдан янада ошириш мақсадида корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда “коллеж – корхона” ҳамкорлигини такомиллаштириш таклифини илгари сурмоқда.

 

Бошқа сиёсий партиялардан фарқли равишда, Ўзбекистон ХДП касб-ҳунар коллежидаги назарий ва амалий таълим жараёнига ҳамда битирувчиларнинг иш билан бандлигини таъминлаш масалаларига устувор эътибор қаратади. Шу боис биз ҳар бир туман ва шаҳар кесимида коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва мансабдор шахсларнинг амалда ижро этиш борасидаги масъулиятини ошириш, шу билан бирга, ҳар бир битирувчининг истиқболдаги иш жойини аввалдан аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини мазкур иш ўринларида ўташларини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш чораларини кўрамиз.

 

Гулчеҳра ИСЛАМОВА,

Оқолтин туманидаги 10-мактаб директори, ЎзХДП аъзоси:

– Мамлакатимизда кечаётган туб ўзгаришлар, иқтисодиётимиз диверсификация қилиниб, корхоналар рақобатдошлиги ортаётгани, юртимиз экспорт салоҳияти юксалаётгани ҳамда жаҳон ҳамжамиятига жадал интеграциялашиб бораётганимиз олий таълим сифатини янада ошириш заруратини юзага келтирмоқда.

 

Ўзбекистон ХДП ўз Сайловолди платформасида минтақалардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш хусусиятлари ва демографик ўзгаришлардан келиб чиқиб, жойларда олий таълим муассасаларини олдиндан барпо этиш, кўп болали, кам таъминланган оилалар фарзандлари ва тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун имтиёзли таълим кредитлари бериш тизимини янада ривожлантириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларнинг олий ўқув юртларига грантлар ажратишларини қўшимча рағбатлантириш, жисмоний имкониятлари чекланган талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини кенгайтириш вазифаларини белгилаб олган.

 

Шу билан бирга, Ўзбекистон ХДП илм-фан, технологиялар ривожини мамлакатимизда амалга оширилаётган модернизациялаш жараёнларининг асосий манбаларидан бири, деб билади. Шундан келиб чиқиб, фан-техника ютуқларига эришиш ва уларни амалиётга жорий қилиш борасида илмий тадқиқот институтлари мавқеини ошириш, олий ўқув юртлари фаолиятини амалиёт билан чамбарчас боғлаш асосида илмий ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини рағбатлантириш, бу борада олий ўқув юртлари ҳузурида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқариш тузилмаларини ривожлантириш, талабалар ва илмий ходимлар ишланмалари самараси ва рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ҳамда ёш олимларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш партиямиз белгилаб олган вазифалардан ҳисобланади.

 

Умуман, партия ўз фаолияти, қолаверса, парламент қуйи палатасидаги фракцияси ва маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари орқали таълим-тарбия соҳасига оид қонун ҳужжатлари, давлат ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва ижроси назоратида қатъий позицияга эга партия сифатида ўзини ҳар жиҳатдан намоён этмоқда.

 

Партиямиз қонун ижодкорлиги соҳасида парламентдаги ўз фракцияси роли ва масъулиятини ошириш, сайловчилар хоҳиш-иродасини ифодалашнинг янги, янада мукаммалроқ механизмларини ишлаб чиқиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиради.

 

Шу йилнинг 21 декабрь куни давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловда электорат ишончини қозониш Сайловолди платформамизда илгари сурилган дастурий мақсад ва вазифаларни рўёбга чиқариш имкониятини беради. Шу боис юртдошларимизни партиямиз номзодларига овоз беришга чақирамиз.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

8346

03Декабрь 2014



Долзарб мавзулар