Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

O‘zLiDeP – Қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш тарафдори

Ўзбекистонда сўнгги йилларда комплекс режа ва дастурларга мувофиқ олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қишлоқ ҳудудлари инфратузилмасини янада ривожлантириш билан боғлиқ, жумладан, намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқлари, автомобиль йўллари қурилиши ҳамда коммуникация хизматларини ривожлантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилди.

 

Жуда кўплаб ижтимоий инфратузилма объектлари, хусусан, энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган врачлик пунктлари, тез ёрдам марказлари, умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилди.

 

Юзлаб замонавий спорт мажмуалари ва стадионлар, болалар спорти иншоотлари, санъат ва мусиқа мактаблари қурилди, қайта тикланди ва тўлиқ таъмирланди.

 

Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга қаратилган, пухта ўйланган ва изчил сиёсатнинг олиб борилиши, ушбу соҳага хўжалик юритишнинг замонавий шакл ва усуллари жорий этилиши, фермерлик ҳаракати ривожлантирилиши ва янада мустаҳкамланиши аграр секторни миллий иқтисодиётимизга катта ҳисса қўша оладиган муҳим бўғинга айлантирди.

 

Атхам НАЗИРҚУЛОВ, “Қишлоқ қурилиш банк” акциядорлик тижорат банки департаменти бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлга киритаётган ютуқлари ҳақида гапирганда, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, мамлакатнинг бу борадаги экспорт имкониятини ошириш бўйича олиб борилаётган самарали чора-тадбирларга тўхталиб ўтиш жоиз. Демак, бугун дунёнинг 80 та давлатига 180 турдан ортиқ сархил мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотларни экспорт қилиш йўлга қўйилди. Мамлакатимиз ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам ва бошқа кўплаб мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда ўнта етакчи давлат қаторига киради. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон айни пайтда умумий қиймати қарийб 5 миллиард доллар бўлган озиқ-овқат, биринчи навбатда, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилмоқда, сўнгги уч йилда экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми эса 3 баробардан зиёд ошишига эришилди.

 

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар ва дастурлар ҳамда фермер ва деҳқон хўжаликларига берилаётган эътибор туфайлидир.

 

O‘zLiDeP ўзининг партиявий ғояларини илгари суришда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси имкониятларидан ҳам кенг фойдаланаяпти.

 

Бизнинг фракциямиз ўзининг назорат-таҳлил фаолияти давомида қишлоқни янада ривожлантириш, қишлоқ жойларида аҳоли турмуш даражасини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш масалаларини барча даражада тизимли равишда ҳар томонлама ва танқидий кўриб чиқиш бўйича ташаббусларни илгари суриб келади.

 

Жумладан, парламент эшитувларида бир неча маротаба Ҳукумат ва давлат ташкилотлари мансабдор шахсларининг қонун талаблари ижросининг бориши, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муҳим давлат дастурларининг амалга оширилиши, шунингдек, улар олдида турган ва ечимини кутаётган муҳим вазифалар юзасидан ахборотлари тингланди.

 

Партия аграр секторни ривожлантириш ва қишлоқ жойларида аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари юзасидан амалий парламент ва депутатлик назоратининг олиб борилиши амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига эришишда мансабдор шахслар жавобгарлигини оширишнинг муҳим механизми бўлади ҳамда партиянинг жойлардаги аниқ ҳолатни билиб туриш воситаси сифатида хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

 

 

Гулнарахан УТЕМУРАТОВА, Қорақалпоғистон давлат университети кафедраси мудири, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сайловолди платформасида тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини янада диверсификация қилиш ва ривожлантириш бўйича бир қатор янги таклифлар илгари сурилган. Демак, бизнинг партиямиз қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги, чорва маҳсулдорлигини ошириш, қишлоқ жойларда қайта ишлаш саноатини жадал ривожлантиришга алоҳида аҳамият беради. Бу ички бозорни маҳсулотлар билан тўлдириш, аграр секторнинг экспорт салоҳияти ўсишига хизмат қилади, қишлоқ аҳолисининг катта қисми бандлиги ва даромадларининг ошишига олиб келади.

 

Партия бу борада экин майдонлари таркибини янада юқори даромад келтирадиган озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш ҳисобидан такомиллаштириш, ҳосилдорлиги паст, рентабелликни таъминламайдиган ерларда пахта экинларини босқичма-босқич камайтириб боришни таклиф этади. Маълумки, мустақиллик йилларида юртимизда ғўза экиладиган майдонлар икки баробар қисқартирилди. Ушбу майдонларга донли, картошка, полиз ва сабзавот экинларининг жойлаштирилиши пировард натижада жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида аҳолини ўзимизда етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорда маҳсулот танқислигига йўл қўймаслик, энг асосийси, бозор нархларининг мавсумий барқарорлигига эришиш имкониятини яратмоқда.

 

Статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда ҳар йили 16 миллион тоннага яқин мева ва сабзавот етиштирилмоқда. Шу маънода, партиямиз томонидан аҳолининг харид қобилияти юқори бўлган йирик ва ўртача шаҳарлар атрофида мева-сабзавот, полиз экинлари етиштириладиган майдонларни кенгайтириш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, мева-сабзавот ва гўшт-сут маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш соҳасида хизмат кўрсатадиган фермерлар, қишлоқ хўжалиги корхоналари, маркетинг ва бошқа инфратузилма ташкилотлари ўртасида кооперацияни рағбатлантиришнинг иқтисодий механизмларини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади.

 

Абдуллажон ХАМРАКУЛОВ, Андижон қишлоқ хўжалиги институти проректори,

O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳасида бугунги кунгача 50 та мамлакатдан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган ҳолда, 400 га яқин корхона ташкил этилди. Ўтган йили бу корхоналар томонидан қиймати 800 миллион доллардан ортиқ бўлган маҳсулот ишлаб чиқарилди, жумладан, 200 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинди. Бу корхоналар янги маҳсулот етиштиришдан тортиб, маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида тайёр озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришгача бўлган йўналишларда фаолият олиб бормоқда.

 

Шунинг учун ҳам партиямиз қишлоқда саноатни янада ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини кескин ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни йўлга қўйиш таклифини илгари сурмоқда.

 

O‘zLiDeP Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ҳамкорликда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, бугунги кунда 40 мингдан ортиқ фермерлар кўп тармоқли фермер мақомини олган. Улар томонидан 478 та гўшт, сут ва мева-сабзавотни қайта ишлаш лойиҳаси ҳамда 10 мингга яқин сервис хизматлари шохобчалари ишга туширилди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ташкил этилди, интенсив ва маҳаллий боғлар, янги токзорлар барпо қилинди, мазкур ишларни амалга ошириш учун 1 триллион сўм сарфланди.

 

Бунинг натижасида 154 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Фермерлар томонидан етиштирилаётган ва қайта ишланаётган маҳсулотлар ички ва ташқи бозорларда ўз ўрнини топишига хизмат қилиши баробарида, улар нуфузли хорижий кўргазмаларда Ўзбекистон салоҳиятини намойиш эта олишлари борасида ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу, ўз навбатида, хорижий давлатларнинг мамлакатимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган қизиқишини янада орттирмоқда.

 

Жалолитдин БУРХАНОВ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Гидромеханизация” бошқармаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Партия фермер ва деҳқон хўжаликларини молиявий ресурс ҳамда хизматлар билан таъминлашда фойдаланилмаётган ва янги ерларни ўзлаштириш ҳисобидан уларга ер майдонлари ажратиш учун тенг шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилишни таклиф этади. Таъкидлаш лозимки, фермер хўжаликлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг энг самарали шакли эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб бермоқда. Юртимизда фермер хўжаликларини моддий-техник таъминотини яхшилаш ва молиялаш бўйича бозор иқтисодиёти тамойилларига тўла жавоб берадиган ишончли тизим ва механизмлар шакллантирилди ва муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Фермер хўжаликларига қулайликлар яратиш мақсадида турли солиқларни умумлаштирган ҳолда ягона ер солиғи жорий этилди. Янги ташкил этилган фермер хўжаликлари 2 йилга ягона ер солиғидан, фермерлар ўз ҳисобидан ўзлаштирган ташландиқ ерлар учун 5 йилга ягона ер солиғидан озод этилди. Бундан ташқари, пахта хом ашёсини йиғиб-териш бўйича мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган ишчилар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинди. Шунингдек, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонун ва бошқа қонуности ҳужжатларига кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, шу асосда фермерлик фаолиятининг молиявий барқарорлигини ва самарадорлигини оширишни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

 

Комилжон ЭРНАЗАРОВ, Сирдарё вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Бизнинг партиямиз ўзининг олдига қўйган мақсадларини асосий институционал бўғин ҳисобланган, республикадаги фермерлик ҳаракатини бирлаштирган Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади. Ҳозирги кунда фермер хўжаликлари манфаатларини илгари суришда ушбу тузилманинг обрў ва мавқеи ошиб бормоқда, фермерлик ҳаракати вакилларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзод сифатида илгари суриш қонунчилик билан мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Биз Ўзбекистон Фермерлари кенгаши имкониятидан фойдаланган ҳолда, фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таъминотчи, ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан муносабатларда уларнинг манфаатларини илгари суриш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлашни ўзлаштириш, шунингдек, бошқа муҳим масалаларни ҳал этишда ҳамкорликдаги ҳаракат режа ва дастурлар ишлаб чиқишни мақсад қилганмиз.

 

Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида олиб борилаётган ўзгаришлар, одамларнинг сиёсий дунёқараши ва ҳуқуқий маданияти ошиши натижасида бугун электорат партияга, барча даражадаги депутатларга, уларнинг парламентдаги фаолиятига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига нисбатан юқори талабларни қўймоқда. Шунинг учун ҳам бизнинг партиямиз, сайловчилар олдида илгари сураётган ғоялари бўйича бутун масъулиятни ўз зиммасига олиб, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сайловолди ваъдаларини ижро этишга бор саъй-ҳаракатини сафарбар этади. Биз ўз ишончимизни амалда исбот қиламиз.

 

Шу муносабат билан юртдошларимизни “Тадбиркорлик, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракати ривожига кўмаклашиш – бош мақсадимиз!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловда кураш олиб бораётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодларига овоз бериб, юқоридаги дастурий мақсадларимизни амалга оширишда ўз ҳиссангизни қўшишга чақирамиз.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

12416

04Декабрь 2014



Долзарб мавзулар