Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Аҳоли фаровонлигини ошириш сари

Истиқлол йилларида мамлакатни модернизация ва ислоҳ қилиш жараёнининг ажралмас қисми сифатида қишлоқларимизни ҳар жиҳатдан тараққий эттириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Айниқса, қишлоқларимиз қиёфасини сифат жиҳатдан яхшилаш, аҳоли тураржойлари ва ижтимоий соҳа иншоотларини режалаштириш ва барпо этишни жадаллаштириш, қишлоқ аҳолисининг ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ, телекоммуникация тизимларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, қишлоқда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий ва иқтисодий шароитни яратиш борасида кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.

 

Натижада халқимиз турмуш тарзи, ҳаёти сифат жиҳатдан бутунлай ўзгариб, юртимиз қиёфаси тобора кўркамлашиб, замонавийлик касб этиб бораяпти.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ушбу йўналишда ўз Сайловолди платформасида кўзда тутилган вазифалар хусусида фикр юритади.

 

Акмаль САМЕДЖАНОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Ташкилий-партиявий ишлар бўлими мудири:

 

– “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун”, деган эзгу ғоя асосида мамлакатимиз сиёсий майдонида кучли ижтимоий сиёсат тарафдори сифатида ўзини намоён этиб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам қишлоқ аҳолиси учун муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини изчил ошириб бориш, ҳар бир инсонга ўзининг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳиятини рўёбга чиқариши учун зарур имкониятларни яратишга муҳим вазифа сифатида қараб келмоқда.

 

Бу борада биз, биринчи навбатда, қишлоқда ижтимоий инфратузилмани такомиллаштириш, қишлоқ хўжалигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, озиқ-овқат билан таъминлаш масаласини доимий назорат этиш, қишлоқ жойларида қулай иш ҳамда турмуш шароитларини таъминлаш, оддий меҳнаткашларни самарали ҳимоя қилиш каби мақсадларни олдимизга қўйган ҳолда аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз.

 

Партиямиз Сайловолди платформасида юқоридаги масалага ҳам алоҳида ўрин берилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб берадиган тузилмаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга кўмаклашишни, шунингдек, оддий қишлоқ меҳнаткашлари меҳнатини, ҳақ-ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаларидан, деб билади.

 

Партиямиз юртимиз заминида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йилнинг барча фаслларида аҳоли дастурхонига етиб бориши, қолаверса, четга экспорт қилиниши учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва етказиб беришга ихтисослаштирилган тузилмаларни, айниқса, бу борада махсус иқтисодий зоналарнинг ролини янада кучайтириш ғояларини илгари суради.

 

Шунингдек, партиямиз қишлоқлар қиёфасини тубдан ўзгартириш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш дастурини давом эттириш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури билан боғлиқ лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш тарафдоридир.

 

Ёрмамат ХОЛИЯРОВ, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш давлат бош инспекцияси бошлиғи,

“Адолат” СДП аъзоси:

 

– Биз тараққий этган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун истиқболда уруғчилик ва селекция ишларини янада ривожлантириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Бунда фан ва давлат дастурлари ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Мисол учун, кўпгина мамлакатларда ҳукумат турли навлар ва уруғлик таъминотини қўллаб-қувватлайди, суғориш тизимларини ривожлантиради ва кимёвий ўғитлар таъминоти бўйича хўжаликларга тўғридан-тўғри кўмак беради. Қишлоқ хўжалиги синов-намойиш дастурлари фермерларга янги навлар уруғлари, минерал ўғитлар, пестицидлар таъминоти билан бир қаторда, илмий янгиликларнинг ижобий натижалари кенгроқ татбиқ қилинишини қўллаб-қувватлайди. Фан ютуқлари татбиқи, ноу-хауни такомиллаштириш ҳамда минерал ўғитларнинг самарали қўлланилишини Осиё ва Лотин Америкасидаги кўп мамлакатларга ўз аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлашда долзарб масалаларни ҳал этишга имкон бераётганида кўриш мумкин.

 

Албатта, ушбу йўналишда мамлакатимизда ҳам ўзига хос тажриба тўпланган бўлиб, селекционерларимиз томонидан сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг 170 дан ортиқ навини, мева ва резавор экинлар ҳамда узумнинг 175 та янги навини яратганликлари эътиборга моликдир.

 

Бу борада биз масаланинг яна бир жиҳатига, яъни инсон саломатлигига таъсири ҳали аниқ ўрганилмаган генларни модификация қилиш технологияларига эътиборни қаратган ҳолда, уни мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига фаол татбиқ этишни ёқламаймиз.

 

Партиямиз қишлоқ хўжалигини ислоҳ этишда бундан буён ҳам давлатнинг роли юқори ва марказий бўлишини қўллаб-қувватлайди.

 

Шу ўринда Президентимизнинг 2014 йилнинг 5-6 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзусидаги халқаро анжуманда сўзлаган нутқида аграр соҳага илғор агросаноат технологияларини жалб этиш, қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси, ирригация ва мелиорация тизимларини ривожлантириш ва реконструкция қилиш, маркетинг ва жаҳон бозорларига чиқиш бўйича янги технологияларни жорий қилиш зарурати ва бунда хорижий инвестицияларнинг тутган ўрни ҳақидаги мулоҳазалари эътиборга моликдир. Қишлоқ хўжалигини бозор иқтисодиёти асосида модернизация қилиш, уни инновацион-технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, қишлоқда инфратузилмани янада ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг устувор вазифаларидан ҳисобланар экан, биз бу борадаги ислоҳотларни янада ривожлантириш бўйича ғояларни ишлаб чиқишда давом этамиз.

 

Шу ўринда олдимизда мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, бу борада ишлаб чиқилган давлат дастурлари ижроси ва соҳага йўналтирилаётган давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан парламент назоратини ўрнатиш каби вазифалар турибди.

 

Биз қишлоқ хўжалигига киритилаётган инвестицияларни иқтисодий барқарорликнинг энг муҳим устувор йўналишлари бўлган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани, биринчи навбатда, транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга йўналтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Шерзод УМАРОВ, “UzEraeCable” Ўзбекистон – Жанубий Корея қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти бош директори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Бугунги кунда фермер хўжалиги ҳақли равишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг етакчи бўғинига, уни ташкил этишнинг асосий шаклига айланди. Ҳозирги вақтда фермерлик ҳаракати ўз таркибида 66 мингдан зиёд фермер хўжалигини бирлаштирмоқда. Мамлакатимиздаги жами экин майдонларининг 85 фоиздан ортиғи, етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми айнан фермерлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

 

Кун сайин ривожланиб, соҳада ҳал қилувчи кучга айланиб бораётган фермерлик ҳаракати Ўзбекистонда ўзини тўла оқлади. Фермерларимизнинг онгу тафаккурида ўз ери ва ишлаб чиқараётган маҳсулотига нисбатан эгалик ҳиссиёти йилдан-йилга тобора мустаҳкамланиб, уларнинг ўз меҳнати натижасидан манфаатдорлиги ошиб бормоқда. Энг асосийси, одамларимизнинг онги ва дунёқараши тубдан ўзгармоқда, бебаҳо бойлигимиз бўлган ер ва сув ресурсларидан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш учун масъулият туйғуси кучаймоқда.

 

Шу ўринда бугун айнан фермерлар ва тадбиркорлар қишлоқда фуқароларнинг бандлигини таъминловчи етакчи кучга айланиб улгурганлигини эътироф этган ҳолда, биз фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқлардаги кичик корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар меҳнатини самарали ташкил этиш, уларни муносиб рағбатлантириб бориш, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш механизмларини янада мустаҳкамлаш ғояларини илгари сурамиз.

 

Бунинг учун, биринчи навбатда, фермерларимиз фаолиятига оид қонунларимизни қабул қилиш ҳаётдан орқада қолиб кетмаслиги керак. Депутатлар корпуси қишлоқ хўжалиги масалаларига кўпроқ қизиқишлари лозим, деб ҳисоблаймиз. Депутатликка номзодлар орасида, айниқса, маҳаллий Кенгашларга фермерлар сафидан номзодлар олдингига қараганда кўпроқ кўрсатилгани, бизнингча, тўғри бўлган. Чунки депутатлар қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонунлар ижросига қанчалик кўп эътибор беришининг аҳамияти катта.

 

Тўлқин АБДУСАТТАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП аъзоси:

 

– Бугун жаҳон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш истиқболи ҳосилдор ерлар, тоза сув, мусаффо атроф-муҳит ва табиий ресурслар танқислигини ҳисобга олган ҳолда уларни барқарор ривожлантириш тамойилларига асосланиши зарурлигини тақозо этмоқда. Шу сабабдан биз мамлакатимиз аграр сиёсатини амалга оширишда экологик ва ижтимоий омилларни ҳисобга олиш зарур, деб биламиз. Яъни атроф-муҳитни муҳофаза этиш ҳар бир тармоқда устувор йўналиш бўлиб қолиши тарафдоримиз. Аграр секторнинг табиатга таъсири катта эканлигини инобатга олган ҳолда, биз иқтисодиётнинг ушбу тармоғи ҳам экологик жиҳатдан мутаносиб ривожланишини ёқлаймиз.

 

Шундан келиб чиқиб, табиий объектлар, дов-дарахтми, тупроқми, сувми, у нима бўлишидан қатъи назар, жойларда ўша объектлар учун ифлосланиш меъёрларини мақбуллаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Айни ушбу меъёрларни барча ташкилоту корхоналар бажариши шарт. Экологик муаммоларни ва у билан боғлиқ фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларини фақат Давлат бюджетига юклаш тўғри бўлмайди. Биз “Ифлослантирувчи тўлаши ва кўп пул тўлаши лозим” деган принцип тарафдоримиз. Партия Ўзбекистон экологик ҳаракати билан атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилади.

 

Партиямиз аграр секторда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг экологик экспертизасини кучайтириш, унинг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш, бу ишга нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий жамоатчилик, депутатлик корпусини кенг жалб этиш лозим, деб ҳисоблайди. Зеро, бизнинг мамлакатимизда экологик экспертиза тўғрисидаги махсус қонун қабул қилинган.

 

Саида СУВАНОВА,

Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги “Зафар” шаҳарча фуқаролар йиғини раиси,

“Адолат” СДП аъзоси:

 

– Партиямиз муқобил энергия манбаларини ҳаётимизнинг барча жабҳаларига кенг жалб этиш тарафдори сифатида уй-жой-коммунал соҳаси ва кундалик турмушда қуёш энергиясидан ҳамда бошқа қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишни қўллаб-қувватлайди. Бунда, айниқса, намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойларга ҳамда ижтимоий инфратузилма объектларига – боғча, мактаб, коллеж ва академик лицейларга, қишлоқ врачлик пунктлари, поликлиника ва туғуруқхоналарга муқобил энергия манбаларини ўрнатиш ҳамда бу борадаги ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалалари бундан кейин ҳам эътиборимиз марказида бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, партиямиз аввалги Сайловолди платформасида ҳам бу масалани кўтариб чиққан, муқобил энергия тўғрисида қонун лойиҳаси ташаббускори бўлишини айтган эди. Афсуски, бу ишлар охирига етмади. Янги депутатлик корпусига, партиямиздан сайланадиганлар олдига энди бу борада яна вазифаларни белгилаш керак, деб ўйлаймиз.

 

Юқоридаги мақсадлардан ташқари, “Адолат” СДП уй-жой соҳасининг самарали ривожланишини қўллаб-қувватлаган ҳолда, бюджет соҳаси ходимлари учун, айниқса, қишлоқ жойларда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан бюджет соҳаси ходимлари томонидан уй-жой сотиб олиниши учун бошланғич маблағлар билан таъминлайдиган мақсадли субсидияларни жорий қилиш таклифини илгари суради. Зеро, биз айнан бюджет соҳаси ходимларини партиямизнинг бош ижтимоий таянчи – электорати, деб ҳисоблаймиз ва уларнинг манфаатларини аниқ мақсадли таклифлар орқали ҳимоя қиламиз.

 

Умуман, бизнинг ушбу йўналишда белгилаётган вазифаларимиз қишлоқ қиёфасини бутунлай янгилаш ва қайта қуриш, уй-жойлар барпо этиш, ижтимоий ва коммунал объектларни бунёд қилиш, қишлоқ жойларда коммуникацияни ривожлантириш ва пировардида қишлоқ аҳлининг турмуш даражаси ҳамда фаровонлигини ошириш бўйича ишларни давом эттиришга қаратилгандир.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

8731

04Декабрь 2014



Долзарб мавзулар