Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) кузатувчилари миссиясини рўйхатга олиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва бу ҳақида қарор қабул қилинди.

 

Мажлисда сиёсий партиялар вакиллари, ЕХҲТ ДИИҲБнинг элчи Даан Эвертс раҳбарлигидаги кузатувчилари миссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ экспертлари мамлакатимизга Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан келди. Аввал, 28-30 октябрь кунлари ЕХҲТ ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси Ўзбекистонда бўлган эди. Мазкур миссия ташрифи якунлари бўйича 18 ноябрь куни ЕХҲТ ДИИҲБ расмий веб-сайтида ҳисобот эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва сайлов қонунчилигига ижобий ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилгани қайд этилиб, давлат бошқаруви ва сайлов жараёнини янада демократлаштиришга оид чоралар алоҳида таъкидланган.

 

Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси юқорида қайд этилган ўз ҳисоботига асосан ЕХҲТ ДИИҲБга сайлов жараёнини кузатиш бўйича чекланган доирадаги миссияни Ўзбекистонга жўнатиш ва унинг зиммасига қонунчилигимизга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар амалиётга қандай татбиқ этилаётгани, сайловолди ташвиқоти қандай амалга оширилаётгани, сайловчиларни рўйхатга олиш ва оммавий ахборот воситаларида сайлов жараёни ёритилишини кузатиш вазифасини юклашни таклиф этди. Унда кузатувчилар овоз бериш куни чекланган миқдордаги сайлов участкаларида бўлиши қайд этилган.

 

Мажлисдан аввал Марказий сайлов комиссиясида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг элчи Даан Эвертс раҳбарлигидаги кузатувчилари миссиясининг асосий гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

 

Меҳмонлар 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури ҳаётга қандай татбиқ этилаётгани, шунингдек, мамлакатимиз сайлов қонунчилигига киритилган ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган янгиликлар билан таништирилди.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси фаолиятини, унинг Ўзбекистонда сайловни кузатиш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш масаласи юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 

Учрашувда томонлар ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг фаолияти сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, уни халқаро стандарт ва нормаларга мувофиқ ташкил этишга кўмаклашишига ишонч билдирди.

 

– Сўнгги йилларда Ўзбекистон қонунчилигига муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, – деди элчи Д.Эвертс журналистларга берган интервьюсида. – Ўзбекистонга ушбу янгиликлар амалда қандай қўлланилаётганини кўриш учун келдик. 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайлови Ўзбекистон келажаги учун муҳим воқеадир. Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган учрашувдан сўнг мамлакатингизда сайловга жиддий тайёргарлик кўрилаётганига гувоҳ бўлдик. Ушбу муҳим сиёсий воқеанинг муваффақиятли ўтказилишини тилаймиз.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси томонидан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида миссия Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлагани эълон қилинди.

 

Матбуот анжуманида миссия сайлов жараёнини Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган муддат ва тартибга мувофиқ узоқ муддатли асосда кузатиши қайд этилди. Бу партиялар ва депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини қандай ўтказаётгани, оммавий ахборот воситалари сайловчиларни сайлов жараёни ҳақида қандай хабардор қилаётганини кузатишни ҳам ўз ичига олади.

 

Таъкидлаш жоизки, ЕХҲТ ДИИҲБдан ташқари яна тўртта халқаро ташкилот – МДҲ Ижроия қўмитаси, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, шунингдек, Осиё, Европа, Африка ва Американинг 35 давлати кузатувчилари сайлов жараёнини кузатишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Улар орасида миллий парламентлар ва сайлов органларининг раҳбар ҳамда аъзолари, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, олимлар ва сиёсатшунослар бор.

 

ЎзА

8339

04Декабрь 2014



Долзарб мавзулар