Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Замонавий таълим – жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омили

Ота-она учун фарзанд камоли, унинг бахтини кўришдан улуғ орзу бўлмаса керак. Халқимиз мудом ушбу эзгу ният билан яшайди, шунга интилади ва бунинг учун бутун борлиғини беришга тайёр.

 

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам.

 

Ватанимиз мустақилликка эришгач, қабул қилинган дастлабки қонунлардан бири айнан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонун эканлиги ҳам бежиз эмас.

 

Мазкур Қонун ва бошқа ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар асосида ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта ўзлаштириши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барча имконият сафарбар этилмоқда. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида кўзда тутилган таълим ва ёш авлодни тарбиялаш соҳасига оид асосий вазифалар хусусида фикр юритади:

 

Вилоят АКРАМОВА, Тошкент вилояти, Қибрай тумани 6-умумий ўрта таълим мактаби директори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид сиёсатни изчил ривожлантириш ҳамда бундан кейин ҳам давлатнинг яратувчанлик ролини кучайтириш тарафдори. Ўз навбатида, партия ушбу мақсадларга ажратилаётган маблағларнинг оқилона ва самарали сарфланишини ёқлайди. Шу билан бирга, партия кучли ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали келажак авлоднинг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишлари йўлида амалга оширилаётган давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этишни мақсад қилиб олмоқда.

 

Мамлакатимизда ўтган йилларда таълим-тарбия соҳасини ислоҳ қилиш дастури ҳаётимизга муваффақиятли жорий этилиши натижасида узлуксиз таълимнинг замонавий талабларга жавоб берадиган яхлит тизими яратилди. Бу тизим таълим жараёнининг барча босқичини – мактабгача ва мактаб таълимидан тортиб, ўрта махсус, касб-ҳунар ҳамда олий таълим бўғинини, шунингдек, халқаро меъёрларга мос ҳолда, бевосита фан доктори даражасини олиш учун диссертация ҳимоясини назарда тутадиган олий таълимдан кейинги бир босқичли таълимни қамраб олади.

 

“Адолат” партияси мамлакатимиз келажаги соғлом ва баркамол ёшлар қўлида, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда партиямиз ёшларга берилаётган таълим ва тарбиянинг уйғунлигига, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, ижодий ва интеллектуал қобилиятларини юксалтириш, етук мутахассис бўлиб етишишларига катта эътибор қаратади.

 

Партиянинг бош вазифаси юртимиз таълим тизимининг ёшларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, мамлакатни янгилашни таъминлайдиган инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришдан иборат.

 

Ишончимиз комилки, таълим замонавий демократик ва бағрикенг жамият тараққиётининг ҳал қилувчи омилидир. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси сифатли ва бепул умумий таълим олиш, яхши ҳақ тўланадиган муносиб иш топиш, яхши мутахассис бўлиш ва истаган пайтида ўз ишини ташкил этиш имкониятига эга бўлиши лозим.

 

Анвар ШЕРМУРАТОВ, Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей директори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Партиямиз соғлом авлодни тарбиялаш масаласида ўз эътиборини, аввало, таълим тизими таянч бўғини саналган мактабгача таълим тизимини мустаҳкамлашнинг долзарблигини асослашга қаратишдан бошлайди.

 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда беш мингга яқин мактабгача таълим муассасалари мавжуд. Бироқ давр уларнинг сонини янада кўпайтиришни тақозо қилмоқда. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП мактабгача таълим тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, етук мутахассис кадрлар тайёрлаш, мактабгача таълим даргоҳларига болалар қамровини ошириш мақсадида ушбу масканларда қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш, “оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш тарафдоридир.

 

Партиямиз мактаб таълимини ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратади. Ушбу бўғинда таълим-тарбиянинг сифатини янада ошириш, тизимга малакали мутахассислар тайёрлаш, уни тўлиқ ахборотлаштириш, ўқитишга илғор технологияларни жорий этиш партиямиз диққат-эътиборидаги муҳим вазифалар сирасига киради.

 

Бу борада биз, шунингдек, таълим соҳасида дастурий маҳсулотларнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ҳамда сифатини ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз. Қолаверса, мактаб таълимининг сифати ва самарадорлигини оширишда, ўқувчиларнинг билимларни яхши ўзлаштиришида улар билан ишлашга қўйиладиган меъёрларни қайта кўриб чиқиш зарур, деб биламиз. Хусусан, ўқув синфларида ва гуруҳларда таълим олаётган ўқувчилар сонини мақбуллаштириш таклифини илгари сурамиз.

 

Мамлакатимиз ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида таълим сифатини ошириш, коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу меҳнат бозори учун зарур мутахассис кадрлар етказиб бериш ва ёшларни эгаллаган касби бўйича иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Шу билан бирга, бугунги кунда ўзгариб бораётган замон талаблари ҳамда миллий иқтисодиётимизнинг тараққий этаётган янги соҳаларида кадрларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиб, айрим касб-ҳунар коллежларидаги мутахассисликларни қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келмоқда.

 

Ушбу масаланинг долзарблигини яхши англаган партиямиз кадрларга бўлган бугунги ва истиқболдаги заруратни ҳисобга олган ҳолда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мутахассислик йўналишларини босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш, мутахассислар эҳтиёжга нисбатан кўпроқ тайёрланаётган гуманитар таълим йўналишларини қисқартириб бориш ва шундан келиб чиққан ҳолда, хизмат кўрсатиш соҳаси, аграр сектор, ишлаб чиқариш соҳаси, уй жой-коммунал хўжалиги учун мутахассислар тайёрлашни кенгайтириш таклифини илгари сурмоқда.

 

 

Акмал БУРХАНОВ, Нагоя университетининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ижрочи директори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– “Адолат” СДП Сайловолди платформасида давлат олий таълим тизимини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Партия бу борадаги вазифаларни белгилар экан, олий таълим тизимини ривожлантиришда шу даврга қадар юртимизда орттирилган тажриба ва мавжуд салоҳиятдан келиб чиқиб, ёшларимизнинг бугуни ва келажаги учун зарур бўлган долзарб масалаларга эътибор қаратади.

 

Мамлакатимизда олий таълим тизимини такомиллаштириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, соҳада бир қатор ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Партиямиз соҳа мутахассисларини тайёрлаш, олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот ишларининг даражаси ва сифатини янада ошириш тарафдоридир.

 

Бугунги таълим жараёнини ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур этиш қийин. Зеро, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига янада чуқурроқ интеграциялашувига интерфаол педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш орқали эришишимиз мумкин. Шу нуқтаи назардан, ўзгариб бораётган замон талабларидан ва юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда, бугун таълим жараёнини мунтазам янгилаш талаб этилмоқда.

 

Шохиста МАХМАРАИМОВА, Термиз давлат университети ўқитувчиси, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– “Адолат” партияси инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди.

 

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, инновация ишланмаларини яратиш, тижорийлаштириш ва жорий этишда технопарклар муҳим роль ўйнамоқда. Технопаркларда тадқиқотчилар, университетлар ва корпорациялар ўртасида технологиялар ҳамда билимлардан ўзаро фойдаланиш инфратузилмаси яратиладики, бу, ўз навбатида, янги инновацион компанияларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишига хизмат қилади.

 

Айни шу жиҳатдан, партиямиз олий ўқув юртларининг инновация инфратузилмасини кучайтириш, кичик инновациявий корхоналар тузишни рағбатлантириш, уларнинг базасида тажриба ва экспериментал ишлаб чиқаришни ривожлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан ҳамкорлигини кучайтириш борасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масаласини кўтариб чиқаётгани аҳамиятлидир. Ушбу мақсад доирасида ишлаб чиқариш ва илмий-ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда бирлашмаларининг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илмий изланиш ва ишланмалар рақобатдошлигини кучайтириш масаласи ҳам устувор вазифа сифатида белгиланди.

 

Бундан ташқари, партиямиз минтақавий таълим муассасаларида юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқариш соҳалари, ёқилғи-энергетика мажмуалари, уй-жой-коммунал соҳаси, саноатнинг қайта ишлаш тармоқлари, қурилиш индустрияси, аграр мажмуалар, шунингдек, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ мактаблари учун мутахассислар тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб боришни бугунги куннинг устувор вазифаси, деб билади.

 

Шу билан бирга, докторлик диссертациясини ёқлаган ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадқиқот ва изланишлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш учун докторликдан кейинги грантлар тақдим этиш доимий эътиборимизда бўлади.

 

Дилором АБДУҒАФФОРОВА, “Камолот” ЁИҲ Тошкент вилояти кенгаши маънавий-маърифий лойиҳалар бўлими мудири, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Биз бугунги кунда ёшлар тарбиясида “оммавий маданият” ниқоби остида ҳаётимизга кириб келаётган турли ғайриахлоқий “қадрият”лар, тўғри йўлдан оздирувчи, адаштирувчи оқимлар таъсирига тушиб қолмасликнинг олдини олиш, янги авлод вакилларини ҳар жиҳатдан ҳушёр ва сезгир бўлишларига эришишга алоҳида аҳамият қаратамиз. Зеро, ҳозирги пайтда фақат юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган ва профессионал тайёргарликка эга бўлган ёшларгина сифатли, жадал ва инновацион тараққиётнинг энг муҳим шарти ва гарови бўла олишлари, айнан улар мамлакатнинг буюк келажагини таъминлаши мумкин.

Мухтасар айтганда, “Адолат” СДП жамият ҳаётини тубдан янгилаш, таълим тизимини такомиллаштириш, янгича дунёқарашга эга ёшларни тарбиялаб камолга етказишда аниқ вазифаларни ўз олдига белгилаб олган. Чунончи, ёшлар камолотига йўналтирилган ушбу долзарб вазифалар бугун ҳам, эртага ҳам ўз аҳамиятини йўқотмайди.

 

Қобил ХИДИРОВ ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

4656

02Декабрь 2014



Долзарб мавзулар