Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Қишлоқда турмуш шароитларини янада яхшилаш – ислоҳотларнинг бош мақсади

Истиқлолнинг илк йиллариданоқ юртимизда қишлоқларни ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, унинг инфратузилмасини тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, мазкур ислоҳотлар жамиятда инсон манфаатлари устуворлигининг ёрқин ифодаси бўлиб, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Қишлоқ хўжалигига татбиқ этилган янгиликлар эса мамлакат иқтисодий салоҳияти ва мустақиллигини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини -таъминлашда ҳал қилувчи омилга айланди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ушбу йўналишда ўз Сайловолди платформасида кўзда тутилган асосий вазифалар хусусида фикр юритишди.

 

Юсуф ДАДАЖАНОВ, “Ўзбектелекомакциядорлик компаниясиТelekom Invest” филиали директори, ЎзХДП аъзоси:

 

– Партиямизнинг Сайловолди платформасида белгиланган дастурий мақсад ва вазифаларнинг амалга оширилиши, яъни электоратимиз манфаатларининг таъминланиши бевосита аграр соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигига боғлиқ. Бунда, аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасида банд бўлган аҳолини ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаётга кириб келаётган ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг аграр соҳада ишлашини рағбатлантириш мақсадида адолатли, тенг ва ижтимоий жиҳатдан мақбул шарт-шароитлар яратиш долзарб аҳамиятга эга.

 

Шу билан бирга, партиямиз фикрича, қишлоқ хўжалигидаги мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, унинг унумдорлиги ва омилкорлигини ошириш, аграр соҳага инвестиция оқимини кўпайтириш партиямизнинг аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифаларига эришишнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

 

Дарҳақиқат, бугун қишлоқ хўжалиги соҳасида минглаб одамлар нафақат доимий иш билан, айни пайтда мавсумий меҳнат билан ҳам шуғулланиб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Сайловолди платформамизда бир марталик вақтинча иш билан банд бўлган шахслар меҳнат фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларнинг пенсия таъминоти ва ижтимоий суғуртаси билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратганмиз.

 

Ўзбекистон ХДП, шунингдек, бандлик ва иш ўринлари яратиш ҳудудий дастурлари ҳамда муайян тармоқлар талабига мувофиқ, олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар тайёрлаш дастуридан келиб чиқиб, яқин -келажакда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ўз партия гуруҳлари орқали жойларда товар ва хизматлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўрта муддатли инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ташаббусини илгари суради. Бунда, албатта, аграр соҳадаги мавжуд имконият ва ресурсларга алоҳида эътибор қаратилади.

 

Абдухаким АБДУЛЛАЕВ,Қибрай туманидаги “Яланғоч” ғишт заводи директори, ЎзХДП аъзоси:

 

– Мустақил тараққиётимизнинг тарихан қисқа даврида юртимизда амалга оширилган улкан ислоҳотлар қишлоқ хўжалигини тубдан диверсификациялаш ва аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта миқдорда экспорт қилишни йўлга қўйиш, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитларини янада яхшилаш имконини бермоқда. Бу муваффақиятлар, айниқса, бир пайтлар мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фақат пахта етиштиришга йўналтирилиб, бутун халқимизнинг фаолияти пахта билан боғлиқ бўлиб қолганини ёдга оладиган бўлсак, нақадар муҳим экани яққол аён бўлади.

 

Юртимизда экин майдонларини мақбуллаштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳудудларнинг экологик ҳамда табиий хусусиятидан келиб чиқиб етиштириш борасида ҳар томонлама пухта ўйланган аграр сиёсат олиб борилаётгани энг муҳим хом ашё ва экспортбоп маҳсулот бўлмиш пахта етиштиришнинг нисбатан барқарор ҳажмини сақлаш билан бирга, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бир неча баробар кўпайтириш имконини берди. Хусусан, ғалла етиштириш 2000 йилдагига нисбатан 2 баробар, картошка – 3,1 марта, сабзавот – 3,2 баробар, узум – 2 марта, гўшт ва сут – 2,1 карра, тухум – 3,4 баробар ошди.

 

Бу ютуқ ва марраларга эришишда, албатта, соҳанинг қонуний асоси шакллантирилгани, институционал -ислоҳотлар амалга оширилгани, қишлоқ меҳнаткашлари мамлакатимиз бойлигига бойлик қўшаётгани ҳамда эл-юртимиз фаровонлигини оширишда фаол қатнашаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, қишлоқ жойларда инфратузилмани ривожлантириш, энг асосийси, қишлоқ аҳолисининг даромадларини муттасил ошириб бориш, турмуш шароитини янада яхшилаш, жойларда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини тараққий эттириш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди.

 

Мансурбек РАХМАТУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, ЎзХДП аъзоси:

 

Шуни қайд этиш керакки, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш истиқболи, аввало, ер ва сув ресурслари бўйича мавжуд чекланган имкониятлардан нечоғли самарали, оқилона фойдаланишимизга бевосита боғлиқ. Негаки, бугун аграр соҳани интенсив асосда ривожлантириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилаш, селекция ишларини чуқурлаштириш, юксак самарали замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва сувдан оқилона фойдаланиш долзарб вазифага айланмоқда. Айниқса, табиий иқлимнинг кескин ўзгариб, сув ресурсларининг камайиб бораётгани ҳам мелиорация тизими самарадорлигини ошириш, замонавий ва самарали агротехнологияларни жорий қилиш заруратини туғдирмоқда.

 

Мамлакатимизда ушбу йўналишда фаол иш олиб борилмоқда. Чунончи, 2008 йилдан бошлаб республикада қарийб 1 миллион 500 минг гектар суғориладиган ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди, ер ости сувлари юқори бўлган майдонлар 415 минг гектар ёки салкам 10 фоиз қисқарди, кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 113 минг гектар камайди. Бу саъй-ҳаракатлар кўлами ва самарадорлигини оширишда 2013 – 2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича комплекс чора-тадбирлар давлат дастури ижросини сўзсиз таъминлаш катта аҳамият касб этади. Ўз навбатида, мазкур дастур ижроси устидан депутатлик назоратини кучайтириш, дастур чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилаётган давлат бюджети маблағлари самарадорлигини ва манзиллигини ошириш Ўзбекистон ХДП диққат-эътиборида бўлади.

 

Бахромжон ОБИДЖОНОВ, “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бош муҳаррири, ЎзХДП аъзоси:

 

Маълумки, мамлакатимиз аҳолиси сони изчил кўпайиб, давлатимиз олдига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, хусусан, озиқ-овқат ресурсларининг мустаҳкам базасини шакллантириш вазифасини қўймоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари етиштиришни жорий йилга нисбатан камида 2,3 марта кўпайтириш мўлжалланмоқда.

 

Бунда, шубҳасиз, қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини ҳамда ирригация тизимини яхшилаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишларни давом эттириш ва чуқурлаштириш заруратини ҳисобга олган ҳолда, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга жаҳон бозоридаги талабни ошириш, уларни сақлаш, логистика ва истеъмолчиларга етказиб беришнинг замонавий тизимини такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратиш талаб қилинади.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, партия бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада кучайтириш орқали ушбу соҳада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини мунтазам қўллаб боради. Зеро, мақсадли давлат дастурлари асосида амалга оширилаётган чоралар ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши, ички истеъмол бозорини ўзимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш, мамлакатимизда тайёрланаётган маҳсулотларнинг экспортбоплигини оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.

 

Абдусамад ХАЙДАРОВ, Фарғона шаҳар ҳокимлигининг ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари, ЎзХДП аъзоси:

 

Юртимизда ижтимоий соҳани ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тизимида қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида кўркам уй-жойлар қуриш, қишлоқда мутлақо янги инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан қишлоқ аҳлининг ҳаётини янада яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда. Партиямиз қишлоқ аҳоли пунктларида кейинги йилларда замонавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қуришга қаратилган кенг кўламли дастурлар аҳоли турмуши ва яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатаётганини алоҳида эътироф этади.

 

Чунки бу уй-жойлар шинам, барча шарт-шароитга эга ҳамда замонавий архитектура ечимлари асосида барпо этилган бўлиб, қишлоқ аҳолисининг шаҳардан кам бўлмаган шароитларда яшаши учун зарур қулайликлар билан таъминланган. Энг муҳими, янги уй-жойлар билан бирга, кенг ва равон автомобиль йўллари барпо этилмоқда, газлаштириш, электрлаштириш ҳамда ичимлик суви таъминоти яхшиланаяпти, ижтимоий -инфратузилма объектлари барпо этилаётир.

 

Ўзбекистон ХДП келгусида давлат мулкини хусусийлаштиришдан тушган маблағларнинг бир қисми ҳисобидан аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижтимоий уй-жой фондини ташкил қилишнинг аниқ механизмларини яратишни кўзламоқда. Бу эса аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд, кам даромадли қатламларининг ҳам сифатли уй-жой шароитлари билан таъминланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Эшдавлат АЗИМОВ, Қумқўрғон иқтисодиёт ва транспорт коллежи директори, ЎзХДП аъзоси:

 

Қишлоққа саноатнинг кириб бориши, қишлоқ аҳолиси турмуш даражаси ошиши, ўз навбатида, янги эҳтиёж ва талабларни юзага чиқармоқда. Аввало, қишлоқ жойларда, хусусан, намунавий лойиҳалар асосида тикланган уй-жойлар атрофида ижтимоий объектларни, шу жумладан, эҳтиёждан келиб чиқиб, мактабгача таълим муассасалари, болалар спорт майдончалари, ахборот-ресурс марказлари тармоғини барпо этиш, фуқароларнинг мазмунли ҳордиқ олиши учун кинотеатр ва бошқа кўнгилочар иншоотлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатадиган яхлит тизимни шакллантириш зарур.

 

Шу билан бирга, партиямиз коммунал хизматлар харажатларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Бинобарин, қишлоқ жойларда тоза ичимлик суви, газ таъминоти, оқова сувлар ва ободончилик каби соҳалардаги қонунчиликни уларнинг манфаатларидан келиб чиқиб ривожлантириш бизнинг асосий вазифаларимиздан бўлиб қолади.

 

Қишлоқ жойларда сайловчилар билан учрашувлар, қолаверса, партиямизга бўлаётган мурожаатлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқимизнинг, электоратимизнинг талабчанлиги жадал ўсиб бормоқда. Бугун одамларимиз жамиятда кечаётган демократик ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан қараб, депутатликка номзодлардан, партиялардан амалий ишларни, таклифларни талаб қилмоқда.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини янада -кучайтиради. Сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни партиямизнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари орқали амалий ва конструктив ҳал қилиш чораларини кўрамиз, марказда ва жойларда ижро ҳокимиятининг эътиборини ушбу масалага қаратишга ҳаракат қиламиз. Бу вазифаларни амалга ошириш учун сиз, сайловчиларнинг ишончи жуда муҳимдир. Сайловда партиямиз номзодларига овоз беринг!

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

8567

05Декабрь 2014



Долзарб мавзулар