Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Халқаро кузатувчилар ўз фаолиятини бошлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловни кузатишда иштирок этиш учун комиссия таклифига биноан мамлакатимизга ташриф буюрган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилари миссиясини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Комиссия мажлиси сиёсий партияларнинг вакиллари, ЕХҲТ ДИИҲБнинг элчи Даан Эверст раҳбарлигидаги кузатувчилар миссияси аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида очиқ ва ошкора бўлиб ўтди.


Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси 20 нафар аъзосига тегишли мандатлар берилди. Мажлисдан олдин ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг юртимизга ташриф буюрган кузатувчилари миссияси асосий гуруҳи аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.


Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов меҳмонларга мамлакатимизда сайлов кампаниясининг бориши ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, уларга 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди. Миссия аъзолари, шунингдек, Ўзбекистон сайлов қонунчилигига киритилган ва сайлов жараёнини янада демократлаштириш, сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган янгиликлар билан ҳам таништирилди.


Тадбирда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси фаолиятини, унинг Ўзбекистонда сайловни кузатиш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш масаласи хусусида атрофлича фикр алмашилди.


Учрашувда Ўзбекистон сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида халқаро кузатувчилар институтини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган камдан-кам мамлакатлардан бири эканлиги айтиб ўтилди. Бу институт халқаро қоида ва стандартларга мувофиқ, миллий қонунчиликда кўзда тутилган миқдорда амалга оширилади.


ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси вакиллари мандатни олганидан сўнг юртимиз журналистлари ҳамда хорижий оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил қилиб, Ўзбекистонда сайловларни кузатиш жараёнига киришганликларини билдиришди.


Тадбирда қайд этилганидек, элчи Даан Эвертс бошчилигидаги миссия таркибига ЕХҲТнинг 16 иштирокчи-мамлакатининг 20 нафар вакили кирди.


– Миссия халқаро кузатувчиларга катта эътибор қаратаётган Ўзбекистон тарафи таклифига биноан келди ва биз буни юксак қадрлаймиз. Биз Ўзбекистонда биринчи маротаба бўлишимиз эмас. Миссиямиз 2009 йилги сайловни ҳам кузатган эди, – деди миссия раҳбари, элчи Даан Эвертс. – Аммо Ўзбекистонда олиб борилаётган ҳозирги сайлов кампанияси аввалгисидан сезиларли даражада фарқ қилади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон сайлов тизимида муҳим ўзгаришлар юз берди. Биз юртингизга ушбу нормалар амалда қандай ишлашини кўриш учун ташриф буюрдик.


Матбуот анжуманида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари миссияси вакиллари журналистларни қизиқтирган бошқа саволларга ҳам жавоб берди.


Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бугунги кунга қадар яна тўртта халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси сайловни кузатишда қатнашишга тайёрлигини маълум қилган. Шунингдек, Осиё, Европа, МДҲ, Африка ва Американинг 35 та мамлакати вакиллари кузатувчи сифатида қатнашиш истагини билдирди. Улар орасида миллий парламент ҳамда сайлов органлари раҳбарлари ва аъзолари, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, олимлар ва сиёсатчилар бор.


Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

11324

05Декабрь 2014



Долзарб мавзулар