Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Халқимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш – пировард мақсадимиз

Мамлакатимизда жорий йилги сайлов кампанияси мутлақо янгича иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий шароитларда бўлиб ўтмоқда.

 

Бу, авваламбор, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган юртимизни модернизация қилиш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган дастурнинг қабул қилиниши ҳамда амалга оширилаётгани, сайловчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданияти ўсгани билан боғлиқдир.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатлари олий қадрият, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти эканлигини англаган ҳолда, ўз Сайловолди платформасида ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

 

O‘zLiDeP вакиллари ўз Сайловолди платформасида ушбу йўналишда белгиланган асосий мақсад ва вазифалар ҳақида фикр юритишади.

 

Қаҳрамон МАШАРИПОВ, Хоразм вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:


– Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда алоҳида таъкидлаганидек, ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини янада ривожлантириш ва амалга ошириш, давлат ҳокимиятининг асосий субъектлари ўртасида ваколатлар тақсимотини оптималлаштиришни таъминлаш, давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтириш, ҳукуматнинг парламент олдида масъулиятини ошириш бўйича ўзининг кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ишлар амалга оширилди.

 

Шу боис биз, O‘zLiDeP аъзолари учун ижтимоий-сиёсий соҳадаги энг муҳим устувор йўналиш, бу – парламентаризмни янада ривожлантириш, ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва вакиллик органлари, сиёсий партияларнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожланишга оид вазифаларни ҳал этишдаги ролини кучайтиришдан иборатдир.

 

Мамлакатимиз парламенти ўзаро боғлиқ бўлган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ҳамда либераллаштириш дастурлари ижросини давом эттириши лозим. Бунда, O‘zLiDePнинг фикрича, муҳим аҳамиятга эга бўлган янги қонун лойиҳалари кенг муҳокама этилиши ва жамоатчилик экспертизасининг ўтказилиши бўйича амалиётни, шу жумладан, ушбу жараёнга тижорат ҳамда тадбиркорлик тузилмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини жалб қилиш орқали кенгайтириш зарур.

 

O‘zLiDeP Президентимиз маърузасида қайд этилган иқтисодиётда давлат иштироки даражасини стратегик ва иқтисодий асосланган миқдоргача танқидий қайта кўриб чиқиш ва қисқартириш зарурати ҳақидаги ғояни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

 

Бу борада, таъкидлаш лозимки, партия халқаро либерал-демократиянинг “кўпроқ шахсий, фуқаролик ташаббуси” ва “давлат – жамиятни ривожлантириш ва модернизация қилишнинг ҳаракатлантирувчи кучи” тамойилларига таянади. Биз ҳар доим қатор ваколатлар, вазифаларни марказий давлат ҳокимияти органларидан маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоат тузилмаларига тизимли, изчил, босқичма-босқич бериш тарафдори бўлганмиз ва шу йўлни давом эттирамиз.

 

Айбек ЭГАМОВ, Андижон вилояти меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– O‘zLiDePнинг ижтимоий-сиёсий соҳадаги яна бир муҳим устувор йўналиши давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган, мустақил Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилишининг асосий тамойили – “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” принципини амалга оширишни давом эттириш саналади. Бизнинг фикримизча, белгиланган мақсадларга эришиш учун фуқаролик жамияти институтларининг қарорлар қабул қилиш жараёнидаги кенг иштирокини таъминлаш зарур.

 

O‘zLiDeP дастурий мақсадларининг бу борадаги ўзига хос хусусиятлари шундаки, бу ўрта синф манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим муаммоларини ҳал этишда жамоат ташкилотлари фаолиятини янада рағбатлантиришни кўзда тутади.

 

Партия аъзолари давлат, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди. Биз учун демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар мазмун-моҳияти ва аҳамиятини жойларда тушунтириш бўйича депутатлик корпуси фаолияти самарадорлигига эришиш муҳим ҳисобланади.

 

O‘zLiDeP Сайловолди платформасининг асосий қоидаларига амал қилиб, сайлов кампаниясида сиёсий рақибларидан фарқли равишда жойларда Фермерлар кенгашларини давлат ва жамоат тузилмалари билан барқарор алоқага, аниқ белгиланган узоқ муддатли мақсад ва вазифаларга эга бўлган реал ижтимоий кучга айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тарафдори. Бугунги фермер қишлоқ хўжалиги илми билан чекланиб қолмасдан, иқтисодчи, ҳисобчи, селекционер, менежер, ишбилармон, керак бўлса, дипломат ҳам бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

 

Рахим ХАКИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:


– Ўзбекистон мустақилликнинг дастлабки йилларидан матбуот эркинлигининг демократик меъёрларига эришишни ўз олдига мақсад қилиб олган. Бунинг учун мамлакатимизда мустаҳкам, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий қонунчилик базаси яратилган. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари фаолиятини демократлаштириш ва либераллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

 

Янги технологиялар асрида электрон ОАВга алоҳида эътибор қаратилмоқда. O‘zLiDeP мазкур шароитда миллий радио ва телевидениеда ушбу сектор фаолиятини кучайтиришни давом эттириш, улар фаолиятига замонавий рақамли технологияларни янада кенг жорий этиш, Интернет глобал тармоғида миллий сегментни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

 

Партиямиз ўз рақибларидан фарқли равишда миллий ОАВнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича комплекс дастурни таклиф этмоқда. O‘zLiDeP миллий оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришда нодавлат сектор улушини ошириш билан бир қаторда, уларнинг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш, юқори малакали журналистлар ва техник ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш устувор йўналишлардан бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Бу медиа-бозоримизнинг сифати, маҳорати ва самарадорлигини дунёнинг ривожланган оммавий ахборот воситалари талаблари даражаси ва мезонларига олиб чиқишни таъминлайди.

 

Жаҳон амалиётида синовдан ўтган тажрибадан келиб чиқиб, O‘zLiDeP босма ОАВни тарқатиш соҳасида рақобатни ривожлантириш, даврий матбуот маҳсулотлари чакана савдоси тармоғини кенгайтириш каби медиа-соҳанинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича самарали усулларини таклиф этмоқда. O‘zLiDePнинг Сайловолди платформасида мазкур мақсадда солиқ ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш назарда тутилган.

 

Келажакда барча бунёдкорлик ишларининг натижаси мустақил, иқтисодий барқарор, замонавий демократик талаб ва андозаларга жавоб берадиган оммавий ахборот воситалари сонининг янада кўпайиши бўлади. Бу ОАВнинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг сўз эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларини янада тўлиқ амалга оширишга хизмат қилади.

 

Хамдамбек РАСУЛОВ, Сурхондарё вилояти Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Мулкдорлар манфаатларини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида ўз электорати мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, хўжалик ва бошқа низоларни ҳал этиш, судга қадар иш юритиш ва суд муҳокамаси самарадорлигини ошириш масалаларини илгари суради.

 

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, мамлакатимизда суриштирув ва тергов босқичида фуқароларнинг процессуал ҳуқуқларига риоя этилиши устидан суд назоратини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Жиноят иши суд юритувида қонунийлик, адолатлиликни таъминлашнинг энг самарали механизмини изчил ривожлантириш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш соҳаси кенгайтирилди.

 

Шунингдек, умумий юрисдикция судлари фаолияти ташкилий асослари, тузилмасини такомиллаштириш, уларнинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, суд ходимлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.

 

O‘zLiDeP ўз Сайловолди платформасида суд-ҳуқуқ соҳасидаги устувор йўналишларидан бири сифатида ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва жамиятни демократлаштириш, қонун устуворлигига эришиш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг энг муҳим шарти сифатида судлар мустақиллигини кучайтиришни белгилаб олган.

 

Партия тадбиркорлик субъектларининг хўжалик судларига мурожаат этиш имкониятини босқичма-босқич оширишни таклиф этмоқда. Хўжалик судлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини, хўжалик процессини аудио ва видеофиксация қилишни жорий этишни кенгайтириш, судлар қарорларини уларнинг расмий сайтларида электрон шаклда эълон қилиниши тизимини киритиш зарур.

 

O‘zLiDeP, шунингдек, жиноят ва маъмурий қонунчиликни либераллаштириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва оғир оқибатларга олиб келмайдиган иқтисодий жиноятларнинг айрим турларини жиноятлар сафидан чиқариш жараёнини давом эттириш тарафдори.

 

O‘zLiDeP ҳакамлик судлари институтларини мустаҳкамлаш, ҳуқуқий низоларни тартибга солишнинг муқобил, суддан ташқари шаклларини ҳар томонлама ривожлантириш, шу жумладан, ярашув институтини такомиллаштириш, судгача ҳал қилиниши мажбурий бўлган ишлар тоифасини кенгайтиришни таклиф этмоқда.

 

Элбекжон ТУРГУНБОЕВ, Тошкент давлат юридик университетининг “Жиноят ҳуқуқи ва криминология” кафедраси доценти вазифасини бажарувчиси, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Қонун устуворлигини таъминлаш ва мулкдорлар ҳуқуқларини кафолатлашда иқтисодиётда бозор муносабатлари эркинлиги ва бозор ислоҳотлари ривожига тўсқинлик қилаётган салбий омилларга қарши курашиш алоҳида аҳамият касб этади. “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу йўналишда муҳим қадам бўлди.

 

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ҳисобот шакллари ва уларни тақдим этиш турлари сезиларли даражада қисқартирилгани, текширувлар сони тубдан камайганини таъкидлаш жоиз. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун айбдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, кредит ажратиш, хўжалик низоларини кўриб чиқиш жараёнлари анча соддалаштирилди, мулкни рўйхатга олишда, ер майдонларини ажратишда, қурилиш, электр тармоқларига уланиш учун рухсатномалар беришнинг “Ягона ойна” тамойилини жорий қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Партиямизнинг парламентдаги фракцияси аъзолари шу мақсадларга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тайёрлашда фаол иштирок этди. Биз, шунингдек, тадбиркорлик ва фермерликка оид ишлаб чиқилаётган барча қонунларни бевосита электорат билан муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйдик.

 

Партия мансабдор шахслар томонидан иқтисодий ислоҳотлар соҳасидаги талабларни бузганлик учун тегишли жавобгарлик чораларини белгилаш зарур, деб билади. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликни таъминлаш, улар фаолиятида бюрократия, расмиятчилик ҳолатларига қарши курашиш вазифалари муҳимдир.

 

Юқоридагиларга якун ясаб, шуни айтишимиз мумкинки, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси бундан кейин ҳам сиёсий ва иқтисодий тизимни либераллаштириш орқали Ўзбекистон ўз олдига қўяётган узоқ муддатли мақсадга эришиш, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаш йўлини дадил давом эттиради.

 

Фирюза КУБАРЕВА,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.


10536

10Декабрь 2014



Долзарб мавзулар