Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Демократик қадриятлар ва қонун устуворлиги – тараққиётнинг муҳим омили

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимизни демократик янгилаш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий модернизация қилиш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш жараёнларининг фаол иштирокчисидир.

 

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг босқичма-босқич ва самарали амалга оширилишиАдолатСДПнинг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги демократик ҳуқуқий давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ғояларига ҳамоҳангдир.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасидаги ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги асосий мақсад ва вазифалар хусусида фикр юритишади.

 

 Шуҳрат ЯКУБОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари, “Адолат” СДП аъзоси:

 

Шубҳасиз, кўтарилган ушбу масалалар халқимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигини кенг нишонлаётган шу кунларда алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда. Зотан, Президентимиз Ислом Каримовнинг мазкур сана муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида жамиятимизни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш ҳамда янгилаш бир муддатлик иш эмас, балки мунтазам давом этадиган узлуксиз жараён эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Ҳақиқатан ҳам, интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этаётган бугунги кунда жаҳон бозорида рақобат кураши ва жадал глобаллашув жараёнлари тобора кучайиб бораётган шароитда эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, ўз ресурсларимиз ва имкониятларимизни оқилона баҳолаб, муттасил ўзгараётган дунё билан баравар қадам ташлашимиз кераклигини таъкидлашимиз лозим.

 

Шу маънода, “Адолат” СДП мамлакат тараққиётига дахлдорлигини англаган ҳолда, давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш ва давлат ҳамда жамият ҳаётининг бошқа муҳим соҳалари бўйича ўзининг асосланган позициясини ишлаб чиқди.

 

Адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш “Адолат” СДП учун устувор йўналиш бўлиб қолаверади.

 

Партия жамиятнинг шаклланиши ва демократлашувининг муҳим таркибий қисми бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини изчиллик билан таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, судларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда адвокатура фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган қонунларнинг ташаббускори бўлади ва уларни қўллаб-қувватлайди.

 

“Адолат” СДП асосий ижтимоий-иқтисодий муносабатларни фақат қонунчилик йўли билан тартибга солиш, шунингдек, қонуности ҳужжатлари сони ва доирасини қисқартириш йўлида астойдил ҳаракат қилади. Қонун давлат ва жамият ишларини бошқаришда асосий восита бўлиши лозим. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий, бош мезонига айланади.

 

Шерзод ТОШПЎЛАТОВ, Қашқадарё вилояти адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– “АдолатСДП ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари, биринчи навбатда, маҳаллий ҳокимликлар фаолияти ҳақида янада кенг хабардор қилиш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этишни ёқлайди.

 

Партия бюрократизмнинг кўринишларини бартараф этиш тарафдоридир. Биз давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг муҳим йўналиши аҳоли, шунингдек, давлат хизматидан фойдаланувчилар билан самарали алоқани ўрнатишдан иборат, деб ҳисоблаймиз.

 

Шу муносабат билан партия қабул қилинган, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг самарали амалга оширилиши учун барча саъй-ҳаракатини йўналтиради.

 

Биз давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни янада кучайтириш, қонунчилик меъёрларини бузиб, нотўғри ва ўзбилармонлик билан талқин этишга йўл қўймаслик ғояларини илгари сурамиз.

 

“Адолат” СДП давлат органларининг жамоатчилик олдидаги тизимли ҳисобдорлигини амалиётга киритиш, бу ишга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш тарафдоридир. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, бюрократизмга қарши курашишнинг муҳим кафолати ва зарур шартидир.

 

Жовдатхон ИНАГАМОВ, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар бўлими бошқаруви раиси, “Адолат” СДП аъзоси:

 

Партия ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга ошириш, гуманитар муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимиз аҳолиси турли қатламларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат тузилмалари билан ўзаро муносабатларига оид ташкилий-ҳуқуқий механизмларни изчил такомиллаштиришни илгари суради.

 

Биз, депутатлик корпусимизга суянган ҳолда, соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги долзарб муаммоларга ечим топиш бўйича дастурларни рўёбга чиқаришга нодавлат нотижорат ташкилотларини кенг жалб этиш учун шароитлар яратамиз ва кўмаклашамиз.

 

Партия ўзининг ижтимоий шерикларикасаба уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари билан биргаликда ННТнинг фаолияти учун янада қулай шарт-шароит яратиш, ҳомийликни кенгайтириш, фуқароларнинг ижтимоий аҳамиятга молик ташаббусларини рўёбга чиқаришни режалаштирган.

 

Партиянинг ушбу йўналишдаги самарали фаолиятини ташкил этишда яқинда қабул қилинган ва 2015 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади. Биз ушбу Қонун меъёрларини фаол амалга ошириш ва унда назарда тутилган кафолатлар ҳамда қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларидан фойдаланиш ниятидамиз.

 

“Адолат” СДП демократик давлатда жамоатчилик назоратидек салоҳиятли институт жамият билан давлат ўртасидаги ўзаро самарали алоқани таъминлаш, аҳоли кайфияти, уларнинг мамлакатда олиб борилаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим таркибий қисмига айланаётганини таъкидлайди.

 

Партия давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан жамият, фуқаролик институтлари назоратига оид самарали механизмлар яратилишига хайрихоҳдир. Бунда ушбу институтни ҳаётга татбиқ этиш жараёнларининг расмиятчилик касб этишига йўл қўймаслик лозим. Партия давлат органлари мансабдор шахсларининг жамоатчилик, фуқаролик назорати тартиб-таомилларини бузганлиги, бу борадаги натижалар ва тавсияларни эълон қилиш учун жавобгарлигини қонуний мустаҳкамлашни таклиф этади. Партия шу мақсадда жамоатчилик назорати субъектлари ваколатлари ва мажбуриятларини белгилаш билан унинг ҳуқуқий доирасини аниқ ўрнатиш учун “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонуннинг тез орада қабул қилиниши тарафдори бўлиб, ушбу жараёнда ўзининг асосли таклифлари билан иштирок этишга қатъий аҳд қилган.

 

Улуғбек РАСУЛОВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳлари билан ишлаш бўлими мудири:

 

Биз ОАВ институтининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасидаги мустаҳкам алоқаларда тутган аҳамиятини чуқур англаймиз.

 

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган демократик ўзгаришлар фуқароларнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакатни демократлаштириш жараёнларида уларнинг ролини оширишга хизмат қилди.

 

Шу боис партия ОАВ эркинлигини янада мустаҳкамлаш, уларнинг олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар ошкоралиги ҳамда очиқлигини таъминлашдаги фаоллигини ошириш масаласини илгари суради.

 

Шу билан бирга, партия томонидан илгари сурилган жамиятда адолат ғояларига муштарак равишда тарқатилаётган ахборот ишончлилигини таъминлаш, ахборот тарқатувчиларининг ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган, жумладан, интернет тармоғига жойлаштирган маълумотлари учун жавобгарлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни рўёбга чиқариш даркор. Шу муносабат билан партия яқинда тегишли қонунчиликка киритилган, жумладан, интернет тармоғида блогер мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган тузатишларни айни муддао бўлди, деб ҳисоблайди.

 

Умаржон СУЛАЙМОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқармаси бош маслаҳатчиси, “Адолат” СДП аъзоси:

 

Партия учун суд-ҳуқуқ соҳаси ҳуқуқий давлат қуриш ва қонун устуворлигини таъминлашнинг асосий омили сифатида жуда муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Бинобарин, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимоя қилиниши тизимини такомиллаштириш мақсадида партия ушбу соҳани комплекс ривожлантириш (институционал, ташкилий-кадрларга оид, процессуал мустаҳкамлаш, судьяларнинг ижтимоий мақомини ошириш), судлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф этади.

 

Соҳада юқори натижаларга эришиш судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини кучайтириш, суд процессида тортишув ва томонлар тенглиги, судлар масъулиятини ошириш, улар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, суд фаолиятига доир ахборотни олиш механизмларини аниқ белгилаб қўйиш билан узвий боғлиқдир.

 

Партия республикамизда суриштирув ва дастлабки тергов босқичида суд назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаб, “Хабеас корпус”, яъни инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари чекланган пайтда суд назоратини таъминлаш институтини қўллашни янада кенгайтириш тарафдоридир.

 

Умуман олганда, “Адолат” СДП ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш бўйича конструктив ҳамда илғор чора-тадбирларни таклиф этмоқда.

 

Партиямиз ўз ғояларини рўёбга чиқариш учун барча ташкилий-ҳуқуқий имкониятларидан фойдаланишни мақсад қилган. Биринчи навбатда, қабул қилинадиган қўшимча комплекс чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш учун партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлик бирлашмаларига, бошланғич партия ташкилотларига таянамиз.

 

Парламентда қонунчилик ташаббусларини илгари суриш бўйича тақдим этилган ваколатлардан фойдаланиш баробарида, партия жойларда олиб борилаётган ишларнинг реал ҳолати, мавжуд муаммо ва камчиликлардан хабардор бўлиб бориш, уларнинг ечими бўйича кечиктириб бўлмайдиган қарорлар қабул қилиш учун ўз сайловчилари билан доимий ва очиқ мулоқот қилиб боради.

 

АдолатСДП ва унинг вакиллари шу кунларда қизғин паллага кирган сайловолди ташвиқотини олиб борар экан, сайловчиларнинг фуқаролар ҳақида қайғуриш вазифасини ўз олдига қўйган давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа барча ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар фаолиятига бўлган талаблари ўсганига гувоҳ бўлмоқда. Электоратнинг сиёсий пухталиги, ҳуқуқий саводхонлиги, кенг дунёқараши сиёсий партияларга қуруқ ваъдалар билан улар меҳрини қозона олишига имкон бермайди. Сайловчилар билан учрашувларда нафақат сайловдан кейин партия ёки депутат олдида турган ишлар ҳақида саволлар ўртага ташланмоқда, балки ҳар бир депутат ва вакиллик органларидаги депутатлик бирлашмаларининг ўтган даврдаги фаолияти якунлари ҳамда натижалари чуқур ва танқидий таҳлилдан ўтказилаяпти.

 

Шунинг учун “Адолат” СДП ўтган сайловларда берилган ваъдалар тўлиқ рўёбга чиқарилмаганини тан олади ва ўз фаолиятига бўлган масъулиятни англаган ҳолда, халқимиз фаровонлигини оширишга йўналтирилган ғояларини амалиётга жорий этиш йўлидаги узоқ ва мақсадли курашини қатъий давом эттиради.

 

Сайловчиларимизни ЎзбекистонАдолатсоциал-демократик партияси номзодларини қўллаб-қувватлашга чақирамиз. Зеро, бизнинг номзодларга овоз бериш йўли билан фуқаролар мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, жамиятдаги муносабатларда қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссаларини қўшган бўладилар.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

12536

10Декабрь 2014



Долзарб мавзулар