Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси ўз ишини бошлади

Ўзбекистонга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси кузатувчилар миссиясининг узоқ муддатли гуруҳи ташриф буюрди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитасининг кузатувчилар миссияси парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш жараёни бўйича кузатувни амалга оширади.

 

Марказий сайлов комиссиясида миссия аъзолари билан бўлиб ўтган учрашувда комиссия раиси М. Абдусаломов меҳмонларни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, сайловга оид қонунлар ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган 2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётган сайлов кампаниясининг ўзига хос хусусиятлари билан таништирди. Конституциянинг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясининг мақоми конституциявий мустаҳкамлаб қўйилгани ва унинг мустақиллиги кафолатлари кучайтирилгани ҳақида батафсил ахборот берилди.

 

МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссиясининг узоқ муддатли гуруҳи аъзолари айни кунларда сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти кенг миқёсда олиб борилаётгани, бунинг учун барча шарт-шароит яратилгани ҳақида ахборотга эга бўлишди.

 

МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси фаолиятининг асосий принципи холислик, – деди МДҲ Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари В. Гаркун журналистларга берган интервьюсида. – Биз Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигига амал қилган ҳолда, сайлов жараёнига аралашмаслик, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган ҳужжатларга қатъий риоя этиш ҳамда сайловларни кузатишни ташкил қилиш бўйича халқаро стандартларга асосланиш керак, деб биламиз. Биз мамлакатингиз сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларни, Марказий сайлов комиссиясига конституциявий мақом берилганини юксак баҳолаймиз. Зеро, буларнинг барчаси сайлов жараёнини янада демократлаштириш имконини яратади.

 

Ўзбекистонда демократик сайловларни ўтказиш учун жуда кўп иш қилинган, – деди МДҲ Ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи Евгений Слобода. – МДҲ Ижроия қўмитасининг кузатувчилар миссияси олдинги парламент сайловларида ҳам қатнашган. Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилиги анча ривожлантирилган ва энг юқори демократик талабларга тўлиқ жавоб беради. Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини билдириш эркинлигини таъминлаш кафолатлари кучайтирилган.

 

МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкент шаҳрида миссиянинг штаби иш бошлайди ва кузатувларни ташкил этиш билан боғлиқ барча тадбирларни ўтказади. Миссия штаби вазифаларига сайлов жараёни бориши ҳақида материалларни йиғиш, ишлаш ва таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ва телевизион дастурлар ҳамда босма ОАВда чиқаётган сайловга оид материалларни мониторинг қилиш, сиёсий партиялар сайловолди штаблари раҳбарияти, депутатликка номзодлар билан учрашувлар ўтказиш, МДҲ кузатувчиларини ҳудудлар бўйича тақсимлаш ва уларнинг иш тартибини белгилаш киради.

 

Тадбир якунида МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқини берадиган мандатларни олишди.

 

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, яқин кунларда Ўзбекистонга яна учта халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциациясидан халқаро кузатувчилар келиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилари чекланган миссияси рўйхатга олинган бўлиб, у ўз фаолиятини олиб бормоқда.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

8744

10Декабрь 2014



Долзарб мавзулар