Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистонга халқаро кузатувчиларнинг навбатдаги гуруҳи келди

Мамлакатимизга Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Владимир Гаркун раҳбарлигида МДҲ Ижроия қўмитаси миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилар гуруҳи келди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан МДҲ Ижроия қўмитасининг кузатувчилар миссияси парламент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатиб боради.

 

Марказий сайлов комиссиясида миссия аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, сайловга оид қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурига мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказилаётган 2014 йилги сайлов кампанияси ҳақида сўзлаб берди.

 

Шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси миссиясининг узоқ муддатли кузатувчилар гуруҳи аъзоларига сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини қандай амалга ошираётгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Сайлов жараёни иштирокчиларига сайловолди ташвиқотини олиб бориш ва шу мақсадда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш учун тенг шароитлар яратиб берилгани таъкидланди.

 

Учрашувда МДҲ кузатувчилари фаолиятини мувофиқлаштириш учун Тошкентда кузатувни ташкил этиш билан боғлиқ зарур тадбирларни амалга оширадиган миссия штаби иш бошлаши қайд этилди. Ушбу Миссия штаби сайлов жараёни қандай давом этаёгани ҳақидаги материалларни тўплаш, уларни таҳлил қилиш, сайлов қонунчилигини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган янгиликларни мониторинг қилиш, сиёсий партияларнинг сайловолди штаблари раҳбарияти, депутатликка номзодлар билан учрашувлар ўтказиш, МДҲ кузатувчиларини ҳудудлар бўйича тақсимлаш ва уларнинг иш тартибини белгилаш вазифаларини амалга оширади.

 

В.Гаркун журналистларга берган интервьюсида МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилар миссияси фаолиятининг асосий принципи холислик эканини таъкидлади. Миссиянинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилиги, Ҳамдўстлик доирасида қабул қилинган ҳужжатларга қатъий амал қилинган ҳолда ташкил этилади ва сайловни кузатиш бўйича халқаро стандартларга асосланади.

 

Миссия аъзоларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда қатнашиш ҳуқуқини берадиган тегишли намунадаги мандатлар топширилди.

 

Яқин вақт ичида мамлакатимизга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти халқаро кузатувчиларининг келиши ҳам кутилмоқда. Бундан ташқари, Осиё, Европа, Африка ва Американинг қарийб 40 давлати вакиллари парламент сайловини кузатишда иштирок этиш истагини билдирган.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

7368

09Декабрь 2014



Долзарб мавзулар