Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Тайёргарлик қизғин

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайлов бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи босқичга кирмоқда. Фарғона вилоятида ҳам ушбу муҳим тадбирга қизғин ҳозирлик кўрилаётир. Вилоятда тузилган 947 сайлов участкасида сайловларни юқори савияда уюшқоқлик билан ўтказиш учун барча зарур шароит яратилган.

 

– Округимизда парламент сайловига тайёргарлик ишлари қатъий режа асосида олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи 99-Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Исматилло Тўхтаров. – Ҳудуддаги 77 сайлов участкасида хоналар сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда жиҳозланиб, зарур техника воситалари ва адабиётлар билан таъминланган. Округ сайлов комиссияси аъзолари сайлов участкалари билан танишиб, уларда тўлақонли фаолият олиб бориш учун зарур шароитлар яратилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, сайловчиларга қулайлик яратиш учун сайлов участкаси жойлашган манзилларга олиб борувчи йўлларга кўрсаткичлар ўрнатилиб, сайлов қонунчилигига оид плакатлар, сайловчилар ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги тарғибот воситаларини жойлаштириш ишлари амалга оширилаётир.

 

Миллий қонунчилигимизга мувофиқ, участка сайлов комиссиялари ҳам сайлов жараёнининг очиқ ва ошкора амалга оширилишига масъулдир. Хусусан, участка сайлов комиссияси фуқароларни ўз ишларидан, сайлов участкалари тузилганидан, участка сайлов комиссиясининг таркиби, жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этади. Фуқароларни сайловчилар ва сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништиради. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қилади.

 

Фарғона Олимпия захиралари коллежида жойлашган 710-сайлов участкасида айни кунларда иш қизғин. Участка зарур воситалар – компьютер, факс, нусха кўчириш аппаратлари ва бошқа жиҳозлар, шунингдек, сайловлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳамда тегишли қўлланмалар билан тўлиқ таъминланган. Сайловлар қиш мавсумининг энг қисқа кунига тўғри келаётгани ҳисобга олиниб, овоз бериладиган жойнинг кенг ва ёруғ бўлиши, хоналарнинг иссиқлиги, очиқ ҳамда қулайлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

– Сайловларни амалдаги қонун талабларига мувофиқ тарзда юқори даражада ўтказишга хизмат қилувчи муҳим ташкилий-тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этаётир, – дейди 710-сайлов участкаси комиссияси раиси Нўъмонжон Ғуломов. – Буни сайлов участкамиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Сайловларда 256 нафар ёш биринчи марта овоз беради.

 

Шаҳар ва туманлардаги сайлов участкалари таркибига эл орасида обрў-эътиборли, сайловларни ўтказишда маълум тажриба орттирган фуқаролар жалб этилди. Уларнинг аксарият қисми ўқитувчи ва мураббийлар, тиббиёт ходимлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, фермерлар, тадбиркорлардан иборат.

 

М.Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА

8593

09Декабрь 2014



Долзарб мавзулар