Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мақсадимиз – миллий тикланишдан замонавий ривожланган демократик давлат сари

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимиз келажагини замонавий ривожланган демократик давлат сифатида кўради ҳамда партиянинг миллий тикланиш, барқарор миллий тараққиётни таъминлаш, юртимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш, Ўзбекистон халқининг миллий, маданий ва маънавий қадриятлари, бой тарихий мероси, анъана ҳамда урф-одатларини сақлаш ва бойитиш борасидаги фундаментал ғоялари мазкур эзгу мақсадга эришиш билан узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди.

 

Қуйида “Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини ривожлантириш бўйича белгилаб олинган мақсад ҳамда вазифалар хусусида фикр юритишади.

 

Акмал РАХМОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини янада ислоҳ этиш жамиятимизни демократлаштириш ва либераллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг энг муҳим таркибий қисмлари сифатида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Сайловолди платформасида алоҳида ўрин тутади.

 

Партиямиз давлат, жамият ҳаётини демократлаштириш ва янгилаш жараёнларини тадрижий амалга ошириш, сиёсий муносабатлар тизимида миллий мафкура устуворлиги тамойили, жамиятимиз маънавий ва ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш тарафдоридир.

 

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, давлатчилигимиз конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, парламент ва сиёсий партияларнинг мамлакатни бошқаришдаги роли ва аҳамиятини кучайтириш, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижро этувчи ҳокимият органлари масъулиятини ошириш, уларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш борасида кўрилган изчил чора-тадбирлар Ўзбекистонда демократиянинг барча асосий тамойилларини қатъий ва узил-кесил мустаҳкамлаш имконини берди.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси эришилган натижаларни юксак қадрлайди ҳамда Fарб мамлакатларида мудом таъкидлаб келинаётган умумэътироф этилган демократия ва инсонпарварлик қадриятлари жамиятимиз учун мутлақ янгилик эмаслигига чуқур ишонади. Чунки аждодларимиз қадим-қадимдан барча муносабатларда адолат кучига ишонган, бағрикенглик, меҳр-оқибат ғояларини илгари сурган, турли фикрларни инобатга олган ҳолда, ўзаро маслаҳатлашиб, қарор қабул қилган ҳамда минтақамизда кучли давлатчиликка асос солган.

 

Ўз навбатида, мустақиллик бизга меросимизни қайта англаш, миллий ўзлигимиз, қадр-қимматимиз ва ифтихоримизни уйғотиш имконини берди, она тилимиз, динимиз, қадрият ва анъаналаримизни қайтариб берди, кўп асрлик тарихга эга миллий давлатчилигимизни қайта тиклади, уни янги тарихий шароитларда янада ривожлантириш учун сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий асосларни яратди ва мустаҳкамлади.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси ўтган даврдан буён босиб ўтилган йўл ва эришилган марраларни эътироф этар экан, бу Ўзбекистон танлаган замонавий, ривожланган демократик мамлакатлар қаторига кириш, халқимиз, келажак авлодларга муносиб ва сифатли турмуш шароитларини яратиш, халқаро ҳамжамиятда юксак нуфузга эришишдек узоқ ва машаққатли йўлнинг эндигина бошланиши эканини яхши англайди.

 

Шу муносабат билан партиямиз ишончли сиёсий куч сифатида мамлакатимизнинг танлаб олинган йўл бўйича янада ривожланишига кўмаклашишга бор саъй-ҳаракатини, бутун куч ва имкониятларини ишга солади.

 

Шухрат ТЎХТАБОЕВ, Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари,

“Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– “Миллий тикланиш” демократик партияси жамиятимизнинг барқарор ривожланиши ва тараққиётнинг юксак даражасини таъминлаш халқимиз, Ўзбекистон фуқароларининг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, уларнинг бирлигини янада мустаҳкамлаш лозим, деб билади.

 

Ўзбекистон фуқароларининг миллатлараро жипслик, ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъулият ва дахлдорлик туйғуси халқ манфаатларини самарали муҳофаза этиш, маънавий қадриятларни, урф-одат ва анъаналарни, бой тарихий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, миллий тикланиш ғоясини ривожлантириш, Ватан тараққиётини таъминлайдиган халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг бош омилига айланиши даркор.

 

Шу муносабат билан партиямиз мамлакатимизнинг энг катта бойлиги, бу – республикамиздаги барча ўзгаришларнинг муҳим ва ҳал қилувчи манбаи бўлмиш Ўзбекистон халқи, деб ҳисоблайди. Биринчи навбатда, одамларимизнинг онг ва тафаккурида, атрофдаги олам ва эртанги кунга нисбатан муносабатида рўй берган туб ўзгаришлар, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятнинг янги сифат босқичига кўтарилиши аждодларимиз орзу қилган марраларга эришиш имконини берди.

 

Ривожланишнинг юқори суръатларини давом эттириш учун партиямиз фаолиятининг бу борадаги асосий вазифалари мустақил ҳаётга дадил қадам қўяётган, замонавий билимлар, мустақил тафаккур ва қарашга эга, ўтмишнинг турли стереотипларидан холи, мамлакат келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир кадрларнинг янги авлодига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатишдан иборат.

 

Жаҳонгир ШИРИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида ўзининг миқёси ва маъно-мазмунига кўра, улкан қонун ижодкорлиги ишларининг амалга оширилиши натижасида ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципини янада таъминлаш ва ривожлантириш, мамлакат Президенти, парламенти, ҳукумати ва суд ҳокимияти ўртасида ваколатлар тақсимотини оптималлаштириш имконини берди. Ушбу ўзгартишлар ва улар асосида қабул қилинган қонунлар давлатимизнинг ички ҳамда ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятларини кенгайтирди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг принцип ва тартиби ўзгартирилди, ҳукуматнинг ваколатлари янада кенгайтирилди, унинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

 

Фикримизча, Конституцияда парламентнинг ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқининг мустаҳкамланиши ҳокимиятнинг барча бўғинлари ҳуқуқлари тенглиги ва мутаносиблигини таъминлаши, ҳукуматнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатни самарали юритиш борасидаги масъулиятини ошириши зарур.

 

Асосий Қонунимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани ҳам ҳокимиятни демократик модернизация қилишда улкан аҳамият касб этди. Партия қонунда белгиланган ваколатларидан фаол фойдаланган ҳолда ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали таъсирчан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини олиб боришни мақсад қилган.

 

“Миллий тикланиш” ДП сиёсий партиялар ва вакиллик органларининг давлат ишларини бошқаришдаги бевосита иштирокидаги ролини уларга қўшимча ваколатлар бериш орқали янада кучайтиришга қаратилган ислоҳотларни давом эттириш ва фаоллаштириш тарафдори. Биз давлат ва жамият ҳаёти, муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларининг янада шаффофлигини таъминлаш, фикрлар хилма-хиллигини чуқурлаштириш мамлакатимизнинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлайди, деб ҳисоблаймиз.

 

Нодир МУХТОРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси жамиятнинг демократия ва демократик ислоҳотлар йўлидан босқичма-босқич ривожланиб бориши, кўп жиҳатдан, одамларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

Шу муносабат билан партия фуқароларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга кўмаклашишни суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзининг муҳим вазифаси, деб билади. Мустақиллик йилларида аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кенг қамровли ишларга мустаҳкам пойдевор бўлган энг муҳим ҳужжатлар қабул қилинди, уларга мувофиқ замонавий ҳуқуқий таълимни ташкил этиш, ҳуқуқий онгдаги эскича қарашларни бартараф қилиш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича изчил ва комплекс ишлар амалга оширилди.

 

“Миллий тикланиш” ДП Ўзбекистон халқига қадимдан хос бўлган қонунга, давлат иродасига ҳурмат билан қараш менталитетини мустаҳкамлаш тарафдори. Партия ҳар бир фуқаро наинки қонунларни билиши, балки уларни ҳурмат қилиши, қонунларда ифодаланган давлат кўрсатмаларини онгли равишда бажариши зарур, деб ҳисоблайди. Қонунга ҳурмат ҳуқуқий давлатнинг, сиёсий ва ҳуқуқий тизимлар самарали фаолиятининг асосий талабларидан биридир. Шу билан бирга, ҳар қандай фуқаролик жамиятининг эркинлиги ва адолатлилиги қонун устуворлиги таъминланганда, аҳоли ҳуқуқий саводхонлиги, юксак ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти мавжуд бўлганда бўлиши мумкин.

 

“Миллий тикланиш” ДП аҳоли ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ишларни фаоллаштиришни илгари сурмоқда, бунинг учун Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланадиган янги Миллий дастурни қабул қилишни таклиф этмоқда. Аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш масалаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятига таяниш зарур, деб ҳисоблаймиз. Улар билан ўзаро муносабатларни яқинда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни асосида янги босқичга кўтариш лозимдир.

 

Жаҳонгир ШАРАФБАЕВ, “Ишонч” газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи,

“Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда суд-ҳуқуқ соҳасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга, одил судлов сифатини яхшилаш, суд қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган улкан ишлар амалга оширилганлигини алоҳида таъкидладилар.

 

“Миллий тикланиш” ДП амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолаган ҳолда суд-ҳуқуқ соҳасида жиноий қонунчиликни янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш, айрим жиноятларни жиноятлар сафидан чиқариш сиёсатини давом эттириш ғояларини илгари сурмоқда.

 

Сўнгги йилларда жиноят ва жиноят-процессуал қонунчиликни янада либераллаштириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида оғир жиноятлар таснифи қисқартирилди, қатор оғир ва ўта оғир жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига ўтказилди. Содир этилган жиноятлар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари жорий қилинди. Иқтисодиёт соҳасидаги жиноий ишларда озодликдан маҳрум этиш ўрнига жарима тарзидаги иқтисодий санкцияларни қўллаш имконияти кенгайтирилди.

 

Шу боис жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва инсонпарварлаштириш масаласи бундан кейин ҳам партиямиздан сайланадиган депутатлар диққат-эътиборида туради.

 

“Миллий тикланиш” ДП ўз Сайловолди платформасида устувор вазифа сифатида маъмурий судлов соҳасига ярашув институтини жорий этишни илгари сурмоқда. Зеро, унда халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар мужассам.

 

Жорий йил 21 декабрда мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа – вакиллик органларига сайловлар бўлиб ўтади. Бугунги кунда сайловлар тўртта сиёсий партиялар Сайловолди платформалари ўртасидаги соғлом рақобат муҳитида ўтмоқда.

 

“Миллий тикланиш” ДП партиянинг миллий тикланиш орқали замонавий ривожланган демократик давлатни барпо этиш ғоясини қўллаб-қувватловчи юртдошларимизни партиямиз номзодларига овоз беришга чақиради.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

9850

11Декабрь 2014



Долзарб мавзулар