Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мамлакатни модернизациялаш – аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида сиёсий партиялар етуклиги, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онг даражаси, сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг тобора ошиб бораётганлиги мамлакатимизда жорий этилган улкан ислоҳотларнинг энг муҳим асоси ва белгиланган мақсадларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарт-шароити бўлиб хизмат қилганлиги таъкидланди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси, мустақиллик йилларида жамият ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ўзгаришларни юқори баҳолаб, электорат олдидаги масъулиятни тўла англаган ҳолда, аҳоли кенг қатлами фаровонлигини таъминлаш йўлида республика ривожланишига салмоқли ҳисса қўшиш ва халқ демократиясининг ғояларини фаол илгари суришни ўзининг сиёсий курашдаги асосий мақсади, деб ҳисоблайди.

 

Қуйида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасида белгиланган ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларига оид асосий вазифалари хусусида фикр юритишади.

 

Гулчеҳра ТУЛАГАНОВА, Тошкент давлат юридик университети кафедраси доценти, ЎзХДП аъзоси:

 

– Ўзбекистонда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган мустақил демократик давлат қуриш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги тамойили таъминланадиган фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича танланган стратегия бугун мамлакатимизнинг барқарор ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларининг муттасил ошиб боришида, энг муҳими, дунё ҳамжамиятида ўз тараққиёт йўли ва мустақил сиёсатига эга нуфузли давлат сифатида эътироф этилишига замин яратди. Шу билан бирга, белгилаб олинган марраларга эришишда, шак-шубҳасиз, давлат ва жамият ишларини бошқариш демократик институтларининг самарали фаолияти йўлга қўйилгани ва изчил такомиллаштириб борилгани, хусусан, ҳокимиятлар бўлинишининг конституциявий принципи асосида туб демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш бўйича улкан ишлар амалга оширилгани алоҳида аҳамият касб этди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг самарадорлигини эътироф этган ҳолда, ижтимоий келиб чиқиши, моддий аҳволи ва жамиятдаги ўрнидан қатъи назар, ҳар бир инсонга унинг шахсий фазилатлари ва истеъдодини ривожлантириш, фуқаролик ҳамда умуминсоний ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берадиган зарур шароитларни яратиш юртимизда кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим устувор йўналиши, деб ҳисоблайди.

 

Партия ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назорати институтини кучайтириш, жумладан, Бош вазир лавозимига номзод томонидан тақдим қилинган ҳукуматнинг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракат дастурини кўриб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузаларини эшитиш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратади. Зеро, бу саъй-ҳаракатлар пировардида Сайловолди платформамизда илгари сурилган вазифаларни рўёбга чиқариш, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда партиямизнинг иштирокини кенгайтириш, шунингдек, электоратимизни ўйлантираётган масалаларни ҳукумат эътиборига етказишда қўл келади.

 

Дилмурад АТАЕВ, Тошкент шаҳар ҳокимиятининг департаменти бошлиғи,

ЎзХДП аъзоси:

 

– Бугун шундай шарт-шароитларда яшаяпмизки, давлат органлари фуқаролар билан мунтазам мулоқот қилиб туриши, уларнинг фикр-мулоҳазаларига қулоқ тутиши, қисқача айтганда, аҳоли дарди билан кун ўтказиши давр талабига айланмоқда. Қаердаки, бу ишлар тизимли ва самарали йўлга қўйилмас экан, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаб бўлмайди.

 

Партиямиз аҳоли, айниқса, унинг давлат ва жамият томонидан қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий манфаатлари, ҳаётий эҳтиёжларига оид давлат қонунлари ва бошқа қарорларини тайёрлаш ҳамда қабул қилишда очиқликни таъминлашни қўллаб-қувватлайди.

 

Биз ўз Сайловолди платформамизда ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни тартибга солувчи қонунларни ишлаб чиқишда қонун нормаларининг бевосита таъсир этишига эришиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш, фуқароларнинг ижтимоий манфаатларига дахлдор бошқа масалаларга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши мажбурийлигини белгилаш бўйича аниқ вазифаларни зиммамизга олганмиз.

 

Бунда ҳукумат сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари билан, жойлардаги ҳокимликлар эса партияларнинг тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳлари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши лозим.

 

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, ЎзХДП жамоатчилик муҳокамаси ва маслаҳатлашувларини олиб боришда давлат бошқарувининг барча бўғинлари билан ишлаш борасида катта салоҳият ва тажрибага эга. Биргина халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларида фаолият олиб бораётган депутатлар томонидан қарийб 4 000 га яқин депутатлик сўровлари тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига юборилгани, мансабдор шахсларнинг 50 маротаба ҳисоботлари эшитилиб, партия электорати манфаатларига жавоб берувчи тегишли қарорлар қабул қилингани бунга яққол мисолдир.

 

Биз, шунингдек, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар бўйича масъулиятини оширишни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Зеро, жорий йилда кучга кирган ҳамда бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофга сазовор бўлаётган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун партиямизнинг Сайловолди платформасида кўзда тутилган вазифаларни рўёбга чиқариш, электоратимиз манфаатларини кенг кўламда ҳимоя қилишда бизга ҳуқуқий кафолатлар механизмини янада кучайтириб, янги имкониятлар эшигини очди.

 

Хамдам АБДУЛЛАЕВ, “Гранд техно груп” масъулияти чекланган жамияти бошқарув раиси, ЎзХДП аъзоси:

 

– Маълумки, стратегик мақсадимиз – кучли очиқ фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат барпо этишни одил судлов тизимисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Негаки, электоратимиз ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашда мустаҳкам ва мустақил суд ҳокимиятининг ўрни ниҳоятда катта.

Суд-ҳуқуқ соҳасида партия фуқароларнинг, айниқса, аҳолининг кам таъминланган қатламларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш механизмларини изчил кенгайтириш, даъво аризалари киритилганда олинадиган давлат божи миқдорларини мақбуллаштиришни қўллаб-қувватлайди.

 

ЎзХДП суд тизими самарадорлигини оширишда ахборот-коммуникация технологияларини фаол қўллаш тарафдори. Бу саъй-ҳаракатлар суд ва суд процесси иштирокчилари ўртасида ўзаро самарали алоқа ўрнатилишини, жумладан, суд ҳужжатлари ва хабарномаларини етказишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали процессуал механизмларни такомиллаштиришга хизмат қилади.

 

Партиямизнинг фикрича, суд ҳокимияти самарадорлигининг асосий мезонларидан бири суд қарорлари сифатли ижросини таъминлаш ҳисобланади. Шу сабабли биз суд қарорлари бажарилиши устидан судларнинг назоратини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари сурамиз.

 

Партиямиз вакиллари, шунингдек, кам аҳамиятли жиноятлар бўйича судда кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибларини жорий қилишга интилади. Бундан ташқари, биз вояга етмаганлар жиноятлари бўйича ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олиб, жазонинг муқобил турларини жорий этиш, огоҳлантирув институтини киритиш ҳамда айбланувчи томонидан харажатлар қопланиши орқали ижтимоий хавфи катта бўлмаган барча жиноятларга нисбатан ярашув институтини янада кенгайтириш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Феруза МАДАМИНОВА, Миробод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, ЎзХДП аъзоси:

 

– Маълумки, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, хусусан, ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисини йўқотганларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, бу борада ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда давлат органлари билан бир қаторда, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

 

Таъкидлаб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини тубдан соддалаштиришни таъминлади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди. Бугунги кунда мамлакатимизда жамиятимиз ҳаётининг турли соҳаларида 8 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатаётгани ҳам ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасидир.

 

Ўзбекистон ХДП ўз сайловолди мақсад ва вазифаларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг имконият ва салоҳиятига таянган ҳолда улар билан баҳамжиҳат иш олиб боради. Бунда, айниқса, 2015 йилнинг 1 январидан кучга кирадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун яратиб берадиган имконият ва механизмлардан самарали фойдаланиш орқали электоратимиз манфаатларига йўналтирилган ижтимоий лойиҳаларни амалга оширади. Шунингдек, партия давлат ва ҳудудий ижтимоий дастурлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтиради.

 

Партия ўзининг ижтимоий шериклари – республика “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва бошқа тузилмалар билан яқиндан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ниятида.

 

Биз, шу билан бирга, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш доирасида аҳоли ёрдамга муҳтож қатламларининг интерфаол давлат хизматлари ягона портали ва бошқа тегишли тармоқ ресурсларидан фойдаланиш имкониятини таъминловчи, аҳолига қонунлар ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви вилоят, туман ва шаҳар идораларининг фуқаролар манфаатига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари матни, шунингдек, ҳамма учун тушунарли қарорлар билан танишиш имконини берадиган шохобчалар тармоғининг ташкил этилишига эришишга ҳаракат қиламиз.

 

Шухрат МАМАДЖАНОВ, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи, ЎзХДП аъзоси:

 

– Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузаси партиямиз фаолиятига танқидий қарашни, айниқса, жойларда фуқаролар билан ишлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга барча саъй-ҳаракатларни қаратиш заруратини қўймоқда. Чунки бугунги глобаллашув шароитида жамиятнинг ижтимоий ҳамжиҳатлигини кучайтириш, одамларимиз турмушини имкон қадар енгиллаштириш ва яхшилашни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

 

Шунинг учун ҳам Сайловолди платформамизда жамиятдаги барқарорликни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида самарали ҳал қилиш учун маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари томонидан жойларда ижтимоий-иқтисодий вазият ва партия электорати кайфиятининг тизимли мониторингини ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинган.

 

Ўз навбатида, маҳаллий партия кенгашларида фаолият юритаётган жамоатчилик қабулхоналарининг иш самарадорлигини ошириш, йирик бошланғич партия ташкилотларида бундай қабулхоналар тармоқларини кенгайтириш ва уларнинг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари билан ўзаро алоқасини мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўришни мақсад қилиб қўйганмиз.

 

Ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, уларни очиқ ва ошкора муҳокама қилиш, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, раҳбарларини асосли танқид қилиш масалалари ҳам партиямизнинг диққат-эътиборида турибди.

 

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа – давлат ҳокимиятининг вакиллик органлари сайловига ҳам саноқли кунлар қолди. Ушбу сайловда иштирок этиш ҳамда партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлаш орқали Сайловолди платформамизда кўзда тутилган устувор вазифаларни амалга оширишга ваколат берган, ҳисса қўшган бўласиз. Азиз ватандошлар, Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзодларига овоз беринг!

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

10514

11Декабрь 2014



Долзарб мавзулар