Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик – иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи

Ўзбекистонда кичик бизнеснинг ташкил топиши ва ривожланиши тарихига назар ташласак, салкам йигирма йил аввал мамлакатимизда катта умидлар ва ишонч билдирилган янги мулкдорлар синфи шакллана бошлади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари аҳоли бандлиги ва соғлом рақобатни таъминлаган ҳолда, бозорни янги маҳсулотлар ва хизматлар билан тўлдириб, иқтисодиёт ривожида муҳим роль ўйнаши, айниқса, хусусий сектор мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг асоси сифатида намоён бўлиши лозим эди.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари ушбу йўналишда ўз Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар хусусида фикр юритишади:

 

Тулкинжон КАРИМОВ,

Андижон машинасозлик институти проректори, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Нафақат маҳаллий, балки кўплаб халқаро экспертлар тараққиётнинг «ўзбек модели» феномени ҳақида сўз юритганда, унинг муваффақияти замирида тарихан қисқа давр ичида мамлакат иқтисодиётида етакчи тармоққа айланган кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар катта аҳамият касб этганини таъкидлашади. Хусусан, ўтган йили кичик бизнес субъектлари томонидан ялпи ички маҳсулот умумий ҳажмининг 55,8 фоизи ишлаб чиқарилди ва энг муҳими, 9,51 миллиондан зиёд киши ёки барча ишловчи аҳолининг 76 фоизи бандлиги таъминланди.

 

Мустақиллик йилларида республикамизда кичик бизнесни ривожлантириш ҳамда уни давлат томонидан рағбатлантириш сиёсатида катта ўзгаришлар юз берди. Энг аввало, бу норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллаштирилишига тааллуқлидир. «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги (янги таҳрирда) қонунларга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятида эркин иштирок этиши ва ундан манфаатдор бўлиши учун кафолатлар ҳамда шароитлар яратилди, уларнинг ишчанлик фаоллиги оширилди, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш механизмлари кучайтирилди.

 

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида кичик бизнеснинг барқарор ривожи ва бу йўлдаги барча тўсиқларнинг бекор қилиниши борасида катта ўзгаришлар рўй бергани ҳақида тўхталиб, сўнгги йилларнинг ўзида 160 дан ортиқ ёки 44 фоиз рухсат берувчи таомиллар бекор қилингани, лицензияланадиган фаолият турлари сони 19 тага ёки 25 фоизга, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботлар тақдим этилиши шакллари ва даврийлиги 1,5 – 2 баробар қисқартирилганини алоҳида айтиб ўтди.

 

Шу муносабат билан тадбиркорлик субъектлари манфаатларини қонунчилик асосида ҳимоя қилишни, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятига давлат, шу жумладан, назорат қилувчи органларнинг аралашувини чеклашнинг ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш O‘zLiDeP дастурий вазифаларининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Партия ўзининг асосий электорати – тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни ишга солмоқда, тадбиркорлик фаолиятини эркин амалга ошириш, тадбиркорликни мамлакатдаги иқтисодий ўзгаришларнинг ҳал қилувчи кучига айлантириш борасидаги йирик ташаббусларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш учун қулай шароитларни яратишнинг фаол иштирокчиси бўлишга интилмоқда.

 

Джамол НАСИРОВ,

«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Бухоро вилояти кенгаши раиси, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Партиямиз республика ва ҳудудларда тарбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган долзарб муаммоларни мунтазам таҳлил қилиб келмоқда ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.

Демак, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, хўжалик юритувчи субъектларни етарли айланма маблағ билан таъминлаш, ижара нархини пасайтириш, кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш масалалари Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг доимий эътиборида турибди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, партия яқин истиқболда кичик бизнесни ривожлантириш учун давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланган муҳим ҳужжат – 2014-2015 йилларда Инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни рағбатлантириш самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишда ҳам фаол иштирок этди.

 

O‘zLiDePнинг парламентдаги фракцияси ўтган беш йил давомида ўзининг қонун ижодкорлиги фаолиятида тадбиркорлар ва фермерлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга оширди. Айниқса, партия аъзолари Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини рўёбга чиқариш доирасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишга эътибор қаратди. Жумладан, O‘zLiDeP депутатлари бевосита партия электорати манфаатларига тааллуқли «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги Қонунни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. Зеро, O‘zLiDePнинг устувор йўналишларидан бири – бу хусусий мулк дахлсизлиги конституциявий тамойилини таъминлаш бўлиб, мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши партия ғояларини ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнади.

 

Шунқор ХУДОЙБЕРДИЕВ, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Самарқанд вилояти бўлими бошқарувчиси, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улуши муттасил ошиб бораётгани туфайли ушбу сектор давлатимиз ривожида янада муҳим ўрин эгалламоқда. Экспертлар баҳоларига кўра, мазкур саъй-ҳаракатлар глобал иқтисодиёт ўсишнинг суст бўлган босқичида бўлганида ва анъанавий экспорт бозорларида истеъмол пасаяётганда, айниқса, долзарб аҳамиятга эга. Ушбу вазиятдан чиқиш йўлларидан бири – бу аҳоли фаровонлигини ошириш, унга сифатли ва арзон маҳаллий маҳсулотларни тақдим этиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига ички истеъмолни рағбатлантиришдан иборат.

 

Ўзбекистон Президентининг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани, товар бозорларида талабнинг кескин камайиб бораётгани ва конъюнктуранинг беқарорлиги кўпгина давлатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг пасайишига, инвестиция фаоллигининг сусайиши ва четга капитал чиқиб кетишининг кучайишига олиб келмоқда. Мана шундай кескинлашув ва жаҳон бозоридаги ноаниқ вазият кейинги йилларда ҳам давом этиши мумкин. Ўз-ўзидан аёнки, кутилаётган барча салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларни бартараф қилиш учун ҳаммамиздан ҳушёрлик, сезгирлик, сафарбарлик ва режаларимизга, аввало, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади.

 

Давлатимиз раҳбарининг ушбу кўрсатмаларига мувофиқ, партиямиз миллий иқтисодиётни ривожлантириш йўлида экспертлар, олимлар, тадбиркорлар ва давлат тузилмалари вакиллари саъй-ҳаракатларини сафарбар этиш борасида қўшимча жиддий ишларни амалга оширишни режалаштирган.

 

O‘zLiDeP ишлаб чиқариш ресурслари, молия ва ишчи кучи бозорларини либераллаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиққан қонун ҳужжатларини кўриб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича катта ишларни бажарди. Улар орасида «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида», «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида» (янги таҳрирда), «Риэлторлик фаолияти тўғрисида», «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар ва бошқа ҳужжатлар бор. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши марказда ва жойларда максимал қулай бизнес иқлимини шакллантириш имконини берди, бу эса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланиш суръатларига ижобий таъсир кўрсатди.

 

Мукарам РУЗМАТОВА, «Ўзбекистон қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар комбинати» АЖ муҳандис-технологи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Президентимиз Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этганидек, ўтган йиллар давомида мамлакатимизда ишончли меъёрий-ҳуқуқий асосни яратиш ва хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш учун кўплаб ишлар қилинди. Давлатимиз келажаги ва истиқболи, халқимиз ҳаёт даражаси ва сифати, фаровонлигининг ўсиши кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган энг муҳим муаммо – хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаб, бутунлай эркинлик беришдир.

 

Айнан ушбу йўналишда партиямиз барча саъй-ҳаракатларини сафарбар этади. Бизнинг фикримизча, парламент қуйи палатасининг янги чақириқ фаолиятидаги бош вазифаларидан бири – бу хусусий мулкни ривожлантириш йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, иқтисодиёт очиқлигини таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик роли ва улушини оширишдан иборат. Биз мамлакатда бизнес юритиш билан боғлиқ барча жараёнларни янада либераллаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва улар шаффофлигига эришиш тарафдоримиз. Бу эса Ўзбекистонга замонавий ривожланган демократик мамлакатлар қаторидан ўрин эгаллаш, юртдошларимизга муносиб турмуш даражасини таъминлаш имконини беради.

 

Партия амалиётда ўзининг самарадорлигини намоён этган ҳокимият органлари томонидан қонунчилик ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишни давом эттиради. 2011 – 2014 йиллар давомида O‘zLiDeP ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, Иқтисодиёт, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари вакиллари ҳамда етакчи молиявий ташкилотлар ва бошқа давлат органлари ҳамда идоралари ходимларининг тадбиркорлар ва фермерлар манфаатларига алоқадор масалаларда ҳисоботлари тингланди.

 

Жойларда O‘zLiDePнинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ҳам изчил фаолият олиб борди. Улар томонидан 2010 – 2014 йиллар давомида тадбиркорлик ва фермерлик муаммолари бўйича ижро этувчи ҳокимият тузилмалари раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг 460 дан ортиқ эшитуви ўтказилди. Шу туфайли O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан 153 масала кўриб чиқилиши ташаббуси илгари сурилди, улардан 29 таси халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама этилди, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Истиқболдаги стратегик вазифа мамлакат ЯИМда кичик бизнес улушини 70-80 фоизга етказиш билан бевосита боғлиқ бўлган Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиши саналади. Партия аъзолари етакчи ва нуфузли халқаро молия институтлари томонидан белгиланадиган рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга қаратилган мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича комплекс дастурни ишлаб чиқишни илгари сурмоқда. Ушбу масалага янги чақириқ парламент қуйи палатасидаги фракция фаолиятида алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, партия ижтимоий фондларга мажбурий тўловлар бўйича ставкаларни пасайтириш тўғрисидаги таклиф билан чиқишни режалаштирмоқда. Бу хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида айланма маблағларни тўлдириш ва инвестицияларни амалга ошириш учун қўшимча маблағларни қолдириш имконини беради ҳамда ўзининг реал даромадлари даражасини яшираётган корхоналар сони камайишига олиб келади.

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, кичик бизнес Ўзбекистонни ҳам ўрта муддатли, ҳам узоқ муддатли истиқболда ривожлантиришнинг стратегик устувор йўналиши бўлиб қолади. Шу боис янги чақириқ парламент қуйи палатасида республика иқтисодий сиёсатини шакллантириш борасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, унинг субъектлари ривожи йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш масалалари муҳим вазифалар ҳисобланади. Бунинг учун ҳуқуқий маконни такомиллаштириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва тадбиркорлар иқтисодий фаолияти эркинлигини таъминлаш бўйича кенг қамровли комплекс чора-тадбирларни қўллаш зарур. Умуман, партия «Сайловчилар манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган тамойилга амал қилган ҳолда, ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлигини тасдиқлайди.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

9455

12Декабрь 2014



Долзарб мавзулар