Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Аҳоли саломатлиги – мамлакатимизнинг асосий бойлиги

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш натижасида республикамизда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг яхлит ташкилий тузилмаси яратилди, у бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатувчи қишлоқ врачлик пунктлари, туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларидан бошлаб, то мураккаб юқори технологияли тиббий хизматлар кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларигача – барча даражаларни қамраб олади.

 

Тизимда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида одамларнинг ўртача умр кўриш ёши 1990 йилдаги 67 ёшга нисбатан айни пайтда 73,5 ёшгача етди, оналар ҳамда гўдакларнинг ўлими тегишли равишда 3,1 ва 3,2 маротаба қисқарди. “Save the Сhildren” халқаро ташкилоти рейтингига кўра, Ўзбекистон дунёдаги болалар саломатлиги тўғрисида энг кўп ғамхўрлик кўрсатадиган ўнта мамлакат қаторидан жой олди.

 

Ўз навбатида, мамлакатимизда жорий йилСоғлом бола йилидеб эълон қилиниши ҳар томонлама етук, баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилган давлат сиёсатининг мантиқий давоми бўлди.

 

Махбуба МАХКАМБАЕВА, “Соғлом авлод учун жамғармаси Тошкент шаҳар таянч пункти директори, “АдолатСДП аъзоси:

 

– Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида келтирилган таҳлилларда “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида амалга оширилган кўламдор ишларга якун ясалдики, бу мамлакатимиз фуқаролари учун сифатли турмуш даражасини таъминлаш ҳамда баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш бўйича давлат томонидан кўрсатилаётган улкан ғамхўрликлардан далолат беради. “Соғлом бола йили” Давлат дастурини амалга оширишга барча молиявий манбалар ҳисобидан 4,8 триллион сўм ва 260 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ сарфлангани ҳақидаги рақамлар, айниқса, катта таассурот қолдириб, шунинг ўзи бажарилаётган ишларнинг нақадар кенг миқёсли эканлигини яққол кўрсатади.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси эришилган ютуқларни юқори даражада баҳолайди ва давлатимиз томонидан фуқаролар соғлиғини сақлаш тизими самарадорлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўла қўллаб-қувватлайди.

 

Биз соғлиқни сақлаш тизимидаги юқори кўрсаткичлар бу амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ҳамда давлатнинг бош ислоҳотчи сифатида ўзининг асосий ролини сақлаб қолиши ва мустаҳкамлаши натижаси эканига ишонамиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг асосий устувор йўналишлари ва электорати манфаатларидан келиб чиқиб, инсоннинг ижтимоий ҳуқуқлари, уларнинг ичида энг муҳимларидан бири – малакали тиббий хизматга бўлган ҳуқуқи ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати айнан давлат бўлиши тарафдоридир. Шу асосда айнан соғлиқни сақлаш соҳаси биз учун устувор йўналиш бўлиб қолади.

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида ўз ғояларини илгари суриш механизми ҳақида фикр юритар экан, ЎзбекистонАдолатСДП қонунчиликда белгиланган барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда, авваламбор, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясига, жойлардаги партия ташкилотларининг самарали фаолиятига ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мустаҳкам ҳамкорликка таяниб иш кўришини таъкидлайди. Шу боис олдимизда турган даврда аҳолининг кенг қатламига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, дори воситалари ва тиббий буюмлардан ҳамма фойдаланиши мумкинлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш тизими бошқарувини такомиллаштириш бўйича қонунчилик ташаббусларини илгари суриш партиямизнинг диққат-эътиборида бўлади.

 

Ихтиёр АБДУЛХАКОВ, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси Бухоро вилояти бўлими бошлиғи, “Адолат” СДП аъзоси:

 

Дарҳақиқат, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, фуқароларни тиббий-ижтимоий ҳимоялаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамиятимизда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим омил бўлиб келмоқда. Юртимиз келажаги кўп жиҳатдан соғлом ва ҳар томонлама баркамол ёшларга боғлиқдир. Шу сабабли “Адолат” СДП эртанги кунимизнинг қандай бўлишида ўсиб келаётган авлоднинг саломатлик кўрсаткичлари муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди. Партия соғлиқни сақлаш соҳасида ўз олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, биринчи навбатда, асосий эътиборни мактаб ва мактабгача таълим муассасалари доирасида болаларга тиббий хизматлар кўрсатиш тизимини кучайтиришга қаратади.

 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, партиямиз ушбу дастурий вазифалар ижросини таъминлаш мақсадидаШаҳар ва қишлоқда бир хил шароитлойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этишга эришди. Энг муҳими, лойиҳа доирасида профилактика чора-тадбирларини янада кучайтириш, ўқувчи-ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларида болаларни малакали тиббий хизматлар билан таъминлаш ишларининг ҳолати ўрганилди, соҳада ечимини кутаётган масалалар жамланиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига кўриб чиқиш учун таклифлар киритилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан ўтказилган халқ таълими вазирининг эшитувида айни шу масалалар кун тартибидан жой олди.

 

Умуман, ушбу лойиҳа доирасида олиб борилган ишлар натижалари ҳамда сайловчилардан тушаётган мурожаатлар асосида биз келгуси давр учун жойлардаги таълим муассасаларида болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш юзасидан бажарадиган вазифаларимизни белгилаб олдик.

 

Хусусан, соҳага давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишга масъулларнинг ҳисобдорлигини ошириш олдимизда турган долзарб вазифалардандир.

 

Бу борада биз мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг мунтазам мониторингини ўтказиш, уларни назорат остига олиш, ўқув-тарбиявий ишларни доимий олиб бориш,белгиланган стандартлар талаблари даражасида болаларга тиббий хизмат кўрсатиш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тегишли қонунчилик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга оид таклифлар тайёрлашни мақсад қилганмиз.

 

Муборак МАМАДАЛИЕВА, Сурхондарё вилояти, Музработ туманиҚўнғиротқишлоқ врачлик пункти мудираси, “АдолатСДП аъзоси:

 

– Маълумки, мамлакатимизда амалга оширилаётган “Соғлом она – соғлом бола” концепцияси замирида она ва бола саломатлигини асраш, келажак авлоднинг камолотини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

 

Бугун аҳолига бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизими шакллантирилиб, фертиль ёшидаги аёлларни мукаммал тиббий кўрикдан ўтказиш йўлга қўйилган. Жойларда ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни тиббий кўрикдан ўтказиш орқали ирсий касалликларни мумкин қадар эрта аниқлашга имкон берувчи скрининг марказлари ташкил этилган.

 

Президентимиз Асосий Қонунимизнинг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидаСоғлом она соғлом болалойиҳаси доирасида биргина жорий йилнинг ўзида жами 13 миллион 600 мингдан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, бунинг натижасида 2 миллион 800 минг аёл ва 2 миллион 500 минг бола соғломлаштирилганини эътироф этди. Буларнинг барчаси ушбу соҳада амалга оширилган ислоҳотлар маҳсулидир.

 

Адолатсоциал-демократик партияси мамлакатимизда тиббиёт соҳасида мавжуд тажрибани изчил давом эттириш ва ривожлантириш, скрининг ва перинатал, аёллар тиббий маслаҳат марказлари, туғуруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш тарафдоридир.

 

Партиямиз келгусида шаклланадиган депутатлик корпуси орқали соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган давлат дастурларини, айниқса, 2014 – 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги давлат дастурини доимий мониторинг қилишни мақсад қилган.

 

Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ бўлимлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бўлажак келин-куёвларга никоҳгача тиббий кўрикдан ўтишнинг зарурати, эрта турмуш қуриш ва қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, оила саломатлиги борасида маълумотлар бериб бориш орқали ёшларимизнинг тиббий маданияти ҳамда репродуктив билимларини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ўтказиш ҳам доимий эътиборимизда бўлиб қолади.

 

Фарходжон ХАНАПИЯЕВ, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси, “АдолатСДП аъзоси:

 

– Партиямиз аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимининг муҳим тармоғи ҳисобланган фармацевтика соҳасини ривожлантириш ҳамда фуқароларни сифатли дори-дармон воситалари билан таъминлашни ҳам жиддий масала, деб билади.

 

Биз ҳар доим дори-дармонга муҳтожлиги бўлган кишилар учун, уларнинг моддий шароитидан қатъи назар, дориларни олишда имтиёз ва енгиллик беришни кўзда тутувчи давлат тизимини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш тарафдоримиз.

 

Шунингдек, биз “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги ҳамда “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонунларда мустаҳкамланган нормалардан келиб чиқиб, дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олишга қаратилган чораларни янада кучайтиришни ёқлаймиз. Бинобарин, дори воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарнинг сони ва импорт кўпайиб, бундай воситаларни сотувчи дорихоналар тармоғи кенгайиб бораётган айни шароитда фуқароларимиз саломатлигига зиён етказиши мумкин бўлган ноқонуний ҳамда сифатсиз маҳсулотларнинг дорихона ва тиббиёт муассасаларига келиб тушиш ҳолатларининг олдини олиш жуда муҳимдир.

 

Ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, ривожланган давлатларда хусусий дорихоналар фаолиятининг етарли даражада назорат қилинмаслиги кўпинча нотўғри даволаш ёки керак бўлмаган қимматбаҳо дориларнинг тавсия қилинишига олиб келмоқда, кўпгина шифокорлар ва даволаш муассасалари соғлиқни сақлаш соҳасига тижорат бозори сифатида қарамоқдалар. Дорилардан бу тарзда ноўрин фойдаланиш салбий оқибатларга сабаб бўлади, харажатларни кўпайтиради ва дорилар таъсирини пасайтиради.

 

Масаланинг айни шу жиҳатини инобатга олган ҳолда, биз давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш, шунингдек, соғлом рақобат муҳитини яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида дорихоналар учун тиббий препаратларнинг рентабеллик даражасини оптималлаштириш йўли билан уларнинг нархини шакллантириш тартибини такомиллаштириш таклифини илгари сурамиз.

 

Иброхим АЛИМДЖАНОВ,

Андижон давлат тиббиёт институтининг проректори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

Маълумки, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашнинг асосий омилларидан бири бу тиббиёт соҳасида чуқур ва замонавий билимларга эга юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдир.

 

Соғлиқни сақлаш тизимини замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, ўз навбатида, бундай тиббий техникалардан самарали фойдалана оладиган малакали кадрларга эҳтиёжни оширмоқда.

 

Шу боис Ўзбекистон “Адолат” СДП ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий ва кейинги босқичдаги тиббий таълим, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тарафдори.

 

Таълимга профессионал ёндашув нуқтаи назаридан партия тор мутахассисликлар бўйича ўқитиш тизимини ташкил қилиш, олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг мавзуси тиббий-амалий фаолиятни янада кенгроқ қамраб олишини қўллаб-қувватлайди.

 

Шу маънода, шифокорларнинг, энг аввало, минглаб қишлоқ врачлик пунктларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг малакасини оширишга ҳам эҳтиёж сезилмоқда.

 

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизнинг энг муҳим бойлиги саналган аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, келажак авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишларига кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирларга ўзининг амалий саъй-ҳаракатлари билан ҳисса қўшиш Ўзбекистон “Адолат” СДП учун ҳамиша устувор вазифалар бўлиб қолади.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

9575

12Декабрь 2014



Долзарб мавзулар