Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловолди ташвиқоти фаол олиб борилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишини мониторинг қилди.

 

Мониторинг натижалари Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида қатор округ сайлов комиссиялари раислари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари, журналистлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар – ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари иштирокида кўриб чиқилди.

 

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда ҳақиқий демократик сайловларни ўтказиш учун ривожланган қонунчилик базаси ва зарур ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратилган. Сайловолди ташвиқотини олиб боришда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар, адолатли, очиқ-ошкора сиёсий рақобат ҳамда кураш учун тенг имкониятлар ва кафолатлар яратилган.

 

– Шу йилнинг 15 ноябридан мамлакатимиз сиёсий партиялари ва депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини фаол бошлашди. Бунда асосий сайловолди кураши жойларда, яъни бевосита сайловчилар орасида қизғин олиб борилмоқда, – деди Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов. – Сиёсий партиялар вакиллари оммавий ахборот воситаларида алифбо тартибида чиқиш қилаётир. Ўтган даврда сайловолди ташвиқотини олиб бориш тартибини бузиш ҳолатлари қайд этилмади. “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ҳамда радиоканалларида прайм-вақтда чиқишлар жадвалига риоя қилинаяпти. Бундан ташқари, сиёсий партияларнинг вакиллари, депутатликка номзодларнинг теледебатлари ҳам ўтказилмоқда. Ҳар бир партияга тенг миқдорда эфир вақти ажратилган. Маҳаллий теле ва радиоканалларда партиялар роликлари кунига икки марта ягона блокда берилаётир. Юртимизнинг барча ҳудудларида ҳар бир сиёсий партия ва депутатликка номзодлар маҳаллий теле ва радиоканалларда ҳафтасига 900 минутдан ортиқ эфир вақтидан фойдаланаяпти. “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” республика кундалик газеталарида сайловолди ташвиқоти доирасида партияларнинг материаллари чоп этилмоқда. Бунинг учун газеталарнинг махсус саҳифаси бепул ажратиб берилган. Сиёсий партиялар, шунингдек, сайловчилар овози учун курашни ўзларининг матбуот нашрлари саҳифаларида ҳам тўлиқ олиб бораётир.

 

Шу билан бирга, сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари матбуот нашрларида ҳам тенг шароитлар яратилган. Партиялар мустақил оммавий ахборот воситаларида пуллик асосда ўз материалларини жойлаштириб бораяпти. Ташқи реклама воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.

 

Мажлисда қатор округ сайлов комиссиялари раисларининг сайловга тайёргарлик ишлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг округ ва участка сайлов комиссиялари биноларининг техник ва ёнғин хавфсизлиги ҳамда Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг округ ва участка сайлов комиссияларини алоқа воситалари билан таъминлаш ҳолатини мониторинг қилиш якунлари бўйича ахборотлари эшитилди.

 

Шунингдек, давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари учун ташкил этилган ҳудудий семинар-тренингларнинг дастлабки якунлари кўриб чиқилди.

 

Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

 

Салим ДОНИЁРОВ,

«Халқ сўзи».

 

7939

13Декабрь 2014



Долзарб мавзулар