Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

«Миллий тикланиш» – соғлом ахборот макони тарафдори

Мамлакатимизда Президент Ислом Каримов раҳнамолигида давлатчилигимизни мустаҳкамлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш, демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган, пухта ўйланган сиёсат тарихан қисқа даврда юртимиз эришган улкан муваффақиятлар омили бўлди.

 

Давлатимиз раҳбарининг «Бугунги кунда жаҳон миқёсидаги глобаллашув, ахборот-коммуникация технологиялари замони, қолаверса, бошимиздан кечираётган ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган, тобора кучайиб бораётган талабларни ҳисобга олмасак, шиддатли давр билан ҳамқадам бўлиб яшамасак, ўз-ўзидан аёнки, стратегик мақсад ва вазифаларимизни амалга оширишимиз, тараққий топган замонавий демократик давлатлар қаторига киришимиз гумон бўлиб қолади» деган сўзлари нақадар тўғри ва мулоҳазали эканини барчамиз англаб турибмиз.

 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси айнан шу масалалар ечимига эътибор қаратиб, ахборотлаштириш муаммоларини самарали ҳал этиш, Ўзбекистоннинг глобал коммуникация жараёнларида фаол қатнашиши, миллий мафкура майдони, миллий ахборот макони муҳофазасини таъминлашни мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятининг калити, деб билади.

 

Ўрол ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, «Миллий тикланиш» ДП аъзоси:

 

– Глобаллашув ва ахборотлашув даврида ҳар бир мамлакат бошқа давлатлар билан глобал хўжалик, маданий алоқалар ўрнатишнинг, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашнинг ўзи учун энг мақбул моделини ишлаб чиқади. Мазкур жараённинг муҳим йўналишларидан бири ахборотнинг назоратсиз, глобал миқёсда тарқалиши, бузғунчи кучлар томонидан жамоатчилик онгини глобал бошқариш тизимларининг шакллантирилиши, айниқса, ёшлар орасида «оммавий маданият» унсурларини тарқатиш ва оммалаштиришга қаратилган уринишлар билан боғлиқ ахборот хуружи ҳамда таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга муносиб жавоб беришдир.

 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз Сайловолди платформасида миллий ахборот маконини янада ривожлантириш, халқимизнинг мафкуравий, ижтимоий-маданий майдонини ҳимоя қилишни яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган фаолиятнинг устувор вазифалари сифатида белгилаб олган ҳамда бу борада аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда иш юритмоқда.

 

Партия мустақиллик йилларида мамлакатимизда жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани, бу борада босқичма-босқич ва комплекс чора-тадбирлар кўрилгани натижасида миллий ахборот муҳити изчил ривожланаётгани, фуқароларнинг ахборот соҳасидаги ҳуқуқлари ҳар томонлама таъминланаётганини мамнуният билан таъкидлайди. Буларнинг барчаси миллатнинг ҳақиқий тикланиши, жамиятимиз маданияти ва маънавий асосларининг ривожланишига ишончли пойдевор бўлиб қолиши лозим.

 

Умиджон ЖАББОРОВ, Фарғона вилояти матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи,

«Миллий тикланиш» ДП аъзоси:

 

– Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган демократик ўзгаришлар фуқароларнинг ахборот олиш ҳамда уни тарқатиш борасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, мамлакатни демократлаштириш жараёнларида уларнинг ролини оширишга хизмат қилмоқда.

 

Партиямиз, эришилган натижаларга юксак баҳо бериб, ахборот соҳасини ривожлантириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш борасидаги вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида тегишли ижтимоий муносабатларни самарали тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш лозим, деб билади. Давлатимиз раҳбари томонидан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган қонунчилик ташаббусларини амалга ошириш мазкур жараённинг асосини ташкил этади. Жумладан, ёшларимизнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш, уларни баркамол этиб тарбиялаш учун шароитлар яратиш механизмларини тартибга солишга қаратилган «Вояга етмаганларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш лозим.

 

Шу билан бирга, навбатдаги чақириқ Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракцияси оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, телерадиоузатув соҳасининг жамиятимиз ҳаётидаги ролини янада ошириш, оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятининг иқтисодий асослари ва бошқа масалаларга доир муҳим қонун лойиҳаларига аниқ таклифларини тақдим этишни режалаштирмоқда.

 

Партия фикрича, 2014 йилда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амалдаги ижросини самарали таъминлаш мақсадида барча саъй-ҳаракатларни, аввало, парламентнинг назорат-таҳлил ваколатларини ишга солиш даркор. Партиямиз мазкур Қонун ижроси борасидаги амалий чора-тадбирлар нуқтаи назаридан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда унинг асосида фуқаролик жамияти институтлари иштирокида вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига «очиқлик индекси» асосида баҳо беришни йўлга қўйишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Бундай мониторинг тизимининг жорий этилиши очиқлик тўғрисидаги қонун талабларининг амалиётда ижро қилиниши, ахборотдан фойдаланувчилар ҳуқуқларининг сўзсиз таъминланиши имконини беради.

 

Адҳамжон УЗОҚЖОНОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон ҳудудий бўлими раҳбари ўринбосари, «Миллий тикланиш» ДП аъзоси:

 

– Ҳаётнинг ўзи олдимизга оммавий ахборот воситаларининг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш вазифасини қўяётган бугунги кунда партия уларнинг самарали фаолияти учун зарур шароитларни шакллантириш масалаларига катта эътибор қаратишни режалаштирган. Партиямиз ОАВ фаолиятини янада либераллаштириш, нодавлат матбуот, радио, телевидение воситаларини фаоллаштириш, уларнинг Интернет тармоғидаги чиқишларини кенгайтиришга хизмат қилувчи зарур чораларни кўради. Бу мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаши, кучли фуқаролик жамиятини изчил шакллантиришга хизмат қилиши лозим.

 

«Миллий тикланиш» демократик партияси ОАВнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга қаратилган шароитлар яратиш, миллий матбуотимиз сифати, маҳорати ва самарадорлигини дунёдаги ривожланган оммавий ахборот воситаларига қўйиладиган юксак талаб ва тамойиллар даражасига кўтариш тарафдори бўлиб, бу мамлакатимиз ахборот маконида соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши, плюрализмнинг таъминланиши, ОАВ орқали аҳоли турли қатламлари фикр ва ижтимоий кайфияти ифода этилишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

 

Партия эски тузум асоратлари ва қолипларидан бутунлай холи бўлган, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, чет тилларни пухта эгаллаган журналистларнинг янги авлодини шакллантиришга хизмат қиладиган миллий журналистика мактабини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришни мўлжалламоқда. Партия айнан шундай журналистларни халқимизнинг, аввало, эркин ва тараққий этган жамиятни барпо этишнинг ҳал қилувчи кучи бўлган ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва маънавий қадриятларини мустаҳкамлаш, ўзини мустақил Ўзбекистоннинг ҳақиқий фуқароси деб билган одамларга хос эзгу фазилатларни шакллантириш ишида ўзининг ижтимоий таянчи ва ҳамкори, деб ҳисоблайди.

 

Миллий матбуот таъсирчанлигини ошириш, унинг фуқаролик институтлари тизимидаги ролини кучайтириш мақсадида партия мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган долзарб, таҳлилий ва танқидий материалларнинг самарали мониторинги тизимини яратиш лозим, деб билади ҳамда шу ва бошқа чора-тадбирлар мазкур материалларда кўтарилган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашувчи яна бир мустаҳкам механизм бўлади, деб ҳисоблайди.

 

Партия энг тезкор ва таъсирчан ахборот воситаси сифатида интернет-журналистикага тобора кучайиб бораётган қизиқишни қўллаб-қувватлайди. Унинг усулларини ҳар томонлама ва чуқур ўзлаштиришга интилиш миллий матбуотимизнинг халқаро медиа-маконда муносиб ўрин эгаллашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда халқимизнинг миллий қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш йўлида фаоллик кўрсатаётган миллий интернет-журналистика умуминсоний қадриятлар ва жаҳон тамаддуни ютуқларига таяниши лозим.

 

Усмон НУСУРОВ,

Қашқадарё вилояти телерадиокомпанияси директори, «Миллий тикланиш» ДП аъзоси:

 

– Жаҳон ахборот тармоғи – Интернет энг муҳим таълим, тарбия, мулоқот муҳитига айланиб бораётган бугунги шароитда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, маданий ривожланиши интернет тармоғи миллий сегментининг ривожланиш даражаси, унда долзарб ва фойдали ахборот ресурслари ҳамда хизматлари мавжудлигига чамбарчас боғлиқлиги тобора яққол кўринмоқда.

 

Ўзбекистон Президентининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, бугунги кунда жамият, фуқаролик институтлари, қолаверса, ҳар қайси инсоннинг ҳаёти айнан ахборот-коммуникация соҳалари билан узвий ва чамбарчас боғланиб бораётганини инобатга олмайдиган мамлакат ўз ривожида умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетиши ва интеллектуал бойлигидан жудо бўлиши табиийдир. Ушбу сўзлардан келиб чиқиб, “Миллий тикланиш” ДП миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш, сифатини яхшилаш ва сонини кўпайтиришга интилади. Айнан уларни ривожлантириш орқали партия Ўзбекистоннинг умумбашарий тараққиётга ҳисса қўшишини таъминлашга, шунингдек, маданий ўзлигини сақлаш ва янада илгари суришга ҳаракат қилади.

 

Бу борада партиянинг биринчи навбатдаги вазифалари электрон ҳукуматнинг ягона тизимида идоралараро ва идоравий ахборот тизимларининг интеграциялашган мажмуаларини яратиш, интернет тармоғининг миллий сегментини ривожлантириш, унда маданиятни равнақ топтириш, ёш авлодни тарбиялаш, халқимиз маданий қадриятлари сақланиши ва бойишига хизмат қиладиган ҳамда фойдаланувчилар эҳтиёжларига жавоб берувчи янгидан-янги сайтларнинг пайдо бўлишига оид лойиҳаларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

 

Ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида, баркамол шахс сифатида тарбиялаш миллий тизимининг муҳим таркибий қисмлари сифатида «ZiyoNet» Миллий ахборот-таълим тармоғи ҳамда ахборот-кутубхона муассасаларини янада ривожлантириш масалалари ҳам партиямиз диққат-эътиборида бўлади.

 

Зебо САМАНОВА, «Камолот» ЁИҲ Тошкент вилояти Кенгаши бўлими мудири,

«Миллий тикланиш» ДП аъзоси:

 

– Партиямизнинг ахборот соҳасидаги устувор вазифаларидан бири – ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилишдан иборат.

 

Жаҳонда кескинлик кучаяётган, турли хавф ва таҳдидлар чуқурлашиб бораётган айни шу мураккаб даврда рўй бераётган воқеа ва ҳодисалар моҳиятини чуқур англаб етиш учун партиямизнинг фаолияти, аввало, ўсиб келаётган авлодда мустақил фикрлаш, уларда қатъият, собит эътиқод ҳамда ҳаётий қарашларни шакллантириш ва мустаҳкамлашга йўналтирилади.

 

Партия ёшларимизни айнан шу руҳда – миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбияласак, ҳеч шубҳасиз, эртанги ҳаётимизнинг энг мустаҳкам пойдеворини қурган бўламиз, деб ҳисоблайди.

 

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси жамият, давлат ва шахснинг ахборот хавфсизлигини таъминлашни тараққий топган замонавий демократик давлатлар қаторига киришдек стратегик мақсадга эришиш жараёнининг муҳим шартларидан бири, деб билади. Партия келажакдаги фаолиятида ҳам глобаллашув шароитларида халқимиз маданий асослари дахлсиз сақланиб қолинишини, унинг янада ривожланишини таъминлашга қаратилган миллий ахборот-коммуникация соҳасини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда фаол иштирок этади.

 

Ҳурматли сайловчилар, сизларни 21 декабрь – сайлов кунида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси номзодларига овоз беришга чақирамиз.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

11058

13Декабрь 2014



Долзарб мавзулар