Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Кучли ижтимоий ҳимоя – жамиятда барқарорликни таъминлаш омили

Юртимизда жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил янгилаш, ижтимоий муносабатларни жадал ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар, аввало, одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини таъминлаш, она-Ўзбекистонимизни янада тараққий эттиришга қаратилгандир.

 

Бу саъй-ҳаракатлар, айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози оқибатлари ҳали-ҳануз бартараф этилмаган, дунёда ижтимоий беқарорлик ва рақобат кураши кечаётган бир шароитда тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Негаки, халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлган тараққиётнинг “ўзбек модели”нинг муҳим йўналишларидан бири айнан кучли ижтимоий сиёсатдир.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил тараққиёт йилларида мамлакатимизда эришилган аҳолининг юқори ижтимоий таъминланганлик даражаси инсон фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори бўлганлигини эътироф этган ҳолда, ушбу иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолиш орқали аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қатор мақсад ва вазифаларни белгилаб олди.

 

ЎзХДП вакиллари ўз Сайловолди дастурида ушбу йўналишда амалга оширилиши мўлжалланаётган асосий вазифалар хусусида фикр юритишади.

 

Гузаль ТОХТАЕВА, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика ходимлари касаба уюшмаси республика Кенгаши раиси ўринбосари, ЎзХДП аъзоси:

 

– Президентимиз ташаббуси билан 2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинишини партиямиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. Зеро, пиру бадавлат отахону онахонларимиз электоратимизнинг муҳим қатлами бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, қарияларнинг муносиб шарт-шароитларда умргузаронлик қилишига кўмаклашиш биз учун устувор вазифа ҳисобланади.

 

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этилганидек, қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада албатта файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлишини барчамиз яхши биламиз. Шу боис бугун турли соҳаларда эришаётган ютуқларимизда ота-оналаримиз, мўътабар фахрийларимизнинг унутилмас ва улкан хизмати борлигини, биз улар олдида умрбод қарздор эканлигимизни унутмаслигимиз, қўлимиздан келганича уларнинг оғирини енгил, умрини узоқ қилишни ўзимизнинг инсоний бурчимиз, деб ҳисоблашимиз лозим.

 

Мамлакатимизда кексаларни ҳар томонлама эъзозлашга қаратилган катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг ўзида уларга давлат бюджети ҳисобидан 11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўлангани бунинг амалий тасдиғидир. Бугунги кунда давлатимиз пенсияга ажратадиган маблағнинг миқдори ўртача ойликнинг 41 фоиздан зиёдини ташкил этади, бу каби давлатнинг кексалар ҳақида ғамхўрлик қилишини дунёнинг камдан-кам мамлакатларида кузатиш мумкин. Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “1941 – 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан уларни ижтимоий ҳимоялаш, хусусан, йилда бир марта ўзлари учун мақбул муддатларда санаторий-соғломлаштириш муассасаларида давлат ҳисобидан даволаниш имкони яратилди.

 

Шу маънода айтганда, фахрийларимизнинг, ҳар бир ёши улуғ инсоннинг ҳурматини жойига қўйиш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини шод-хуррамлик ва мазмунга бой қилиш йўлида олиб бораётган ишларимиз самарасини кучайтириш ҳамда оширишда партия ўзи учун устувор вазифаларни белгилаб олади.

 

Кахрамон МИРЗАЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши юридик бўлими катта референти.

 

– Дарҳақиқат, 2015 йилга Кексаларни эъзозлаш йили, деб ном берилиши мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг мантиқийлиги, таъбир жоиз бўлса, жамиятнинг виждони бўлган қарияларимизга давлатимиз ғамхўрлигидан далолатдир.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фахрийларимизни мамлакатнинг бугунги эришган ютуқ ва марраларига, жамиятда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, инсонийлик фазилатлари тобора илдиз отишида, асрлар давомида шаклланган оилавий қадриятларимизнинг бардавомлигини таъминлашда, энг муҳими, ўсиб келаётган ёш авлоднинг Ватанига содиқ, баркамол инсон бўлиб шаклланишида улкан ҳисса қўшган катта тарбия мактаби вакиллари, муҳим ижтимоий институт, деб билади.

 

Сайловолди платформамизда кексаларимизни, хусусан, ногирон ва ёлғиз қарияларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг жамият ҳаётидаги таъсири ва аҳамиятини янада кенгайтириш бўйича қатор вазифаларни олдимизга қўйдик. Шу боис фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имконияти ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича партиямиз томонидан аниқ вазифалар белгилаб олинган. Шу билан бирга, партия келгусида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида бюджетдан ташқари моддий ёрдам жамғармаларини шакллантириш бўйича ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш устида фаол иш олиб боришни мақсад қилган.

 

Биз, шунингдек, марказда ва жойларда давлат ҳокимияти вакиллик органларидаги ўз депутатлик корпусимиз ва партия ташкилотлари имконият ҳамда салоҳиятидан фойдаланган ҳолда, кексаларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган қонунлар, ижтимоий мақсадли дастурлар ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати кўлами ҳамда таъсирчанлигини кучайтириш чораларини кўрамиз. Бунда партиямиз нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, хусусан, партиянинг ижтимоий шериги – республика “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

 

Шавкат ХАСАНОВ,

Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти кафедраси доценти, ЎзХДП аъзоси:

 

Бугун партиямиз вакиллари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайлов кампаниясида фаол иштирок этиб, ўз электорати ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда. Бунда партия электорати, яъни кексаларимиз кайфияти, уларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилмоқда, отахон-онахонларимизнинг марказда ва жойларда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бўйича фикрларига эътибор қаратилиб, уларнинг бу борадаги таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинмоқда. Албатта, ушбу масалалар партиямиз томонидан парламентда қонунчилик ва назорат-таҳлил тадбирларини ишлаб чиқиш ва олиб боришда, партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳларининг Кексаларни эъзозлаш йили муносабати билан қабул қилинадиган Давлат дастурига асосли ва ҳаётий таклифларини киритишда, истиқболдаги фаолиятининг устувор йўналишларини яна бир марта аниқ белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Шу муносабат билан Президентимиз ташаббуси электоратимиз томонидан кўтаринки руҳда кутиб олинганлигини алоҳида таъкидлашни истардик.

 

Биз, қолаверса, ўз Сайловолди платформамизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз орқали меҳнат ва уруш фахрийлари пансионатлари, “Саховат”, “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, ногирон болалар учун мактаб интернатларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишлари учун шароитлар яратиш ва ёлғиз қариялар, пенсионерлар, ногиронлар ва тегишли болалар муассасалари тарбияланувчилари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилаётган бюджет маблағларининг қатъий белгиланган мақсадлар учун самарали ишлатилиши устидан назоратни кучайтириш бўйича қатор вазифаларни белгилаб олганмиз.

 

Замира КУВАНОВА, Пахтачи тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси, ЎзХДП аъзоси:

 

– Мамлакатимизда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмани ривожлантириш дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши нафақат қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда, ўз навбатида, аҳолининг кам таъминланган қатлами учун янги даромад манбалари пайдо бўлиши, уларнинг ижтимоий, соғлиқни сақлаш ва пенсия таъминотига қамраб олинишига замин яратмоқда. Бу кам таъминланган фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва уларнинг мамлакатимизда кечаётган бунёдкорлик ишларидаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

 

Шу билан бирга, демократик бозор ислоҳотлари жадал чуқурлаштирилаётган бир шароитда аҳолининг кам таъминланган қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарадорлигини ошириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон ХДП ушбу мақсадларда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва ижтимоий нафақаларни тўлаш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

 

Кам таъминланган оилалар аъзоларига ижтимоий нафақа тўлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш билан бирга, муқобил асосда ўз ишини очиш учун уларга беғараз ссуда ва грантлар бериш институтини жорий қилиш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан рағбатлантириш тизими меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ва амалиётга киритиш масалалари ҳам партиямиз Сайловолди платформасида ўз ифодасини топган. Партиямизнинг фикрича, бу саъй-ҳаракатлар жойларда, айниқса, кам таъминланган аҳолининг муҳим аҳамиятга эга бўлган ижтимоий муҳофазасини кучайтиришга, уларнинг оиласида соғлом муҳитни шакллантиришга ҳамда кам таъминланган оилалар истеъмол қувватини оширишга туртки беради.

 

Биз, шунингдек, ижтимоий хизматлар, ташкил этилаётган маслаҳат марказлари мақбуллигини таъминлаш, жумладан, аҳолининг кам таминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийналаётган одамларнинг улардан самарали фойдаланишлари учун тенг имкониятлар яратилиши устидан фаол парламент ва жамоатчилик назоратини йўлга қўямиз.

 

Албатта, бугунги сайловчи кечаги сайловчидан ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, давлат ҳамда жамият ишларини бошқаришдаги фаоллиги ва фидойилиги, Ватан тақдирига дахлдорлиги билан ажралиб туради.

 

Буни сайловчиларнинг жойларда давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлигига номзодларимиз билан учрашувларда кўтараётган масалалари, бизнинг олдимизга қўяётган талаб ва вазифалари ҳам тасдиқлайди. Шу боис партиямиз кам таъминланган аҳолининг ижтимоий ҳимоясига устувор аҳамият беришда давом этади ва бу борадаги фаолиятини такомиллаштириб боради.

 

Абдумажид ХОЛМУРОДОВ, Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП аъзоси:

 

– Маълумки, мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида давлат органларининг кўплаб ваколатлари, хусусан, ижтимоий ҳимоя механизмларини ҳаётга татбиқ этиш бўйича вазифалар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтказилди. Айниқса, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ижроси доирасида маҳаллани аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш марказига айлантиришга қаратилган қонунчилик кафолатлари мустаҳкамлаб қўйилди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиб, уларнинг ресурс ва имкониятларига таяниб, фаолият олиб бормоқда. Бу борада партиямиз маҳаллага барча услубий ва амалий кўмакни бериш бўйича фаолиятини такомиллаштиради.

 

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, партия бугунги кунда маҳаллалар билан ишлашда етарли тажрибага эга. Хусусан, ҳисобот даврида партиянинг барча даражадаги ташкилотлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ижобий ва самарали ҳал этиш мақсадида “Маҳалла – аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази” лойиҳаси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида тадбирлар ўтказилди, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ўрганилиб, мониторинг ва таҳлил ишлари олиб борилди. Жумладан, мазкур лойиҳа доирасида 4 110 та тадбир ўтказилиб, 200 мингдан ортиқ партия электорати вакиллари қамраб олинди. Улар доирасида ташкил этилган кўчма жамоатчилик қабулхоналарига 14 мингдан зиёд фуқаролардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг қарийб 12 мингтаси ўз ечимини топди.

 

Партиямиз томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари орқали мақсадли қўллаб-қувватлаш, хусусан, оилаларнинг турли ижтимоий нафақаларга муҳтожлигининг аниқ мезонларини ишлаб чиқиш, бу асосда ижтимоий боқимандалик кайфиятлари юзага келишининг олдини олиш борасида таъсирчан чоралар кўрилмоқда. Жумладан, тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида партия электорати вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган 4 мингга яқин амалий учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Фуқаролардан тушган мурожаатлар ўрганилиб, уларда кўтарилган муаммолар ечими халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари иштирокида 186 маротаба муҳокама қилинди.

 

Шунинг учун бизнинг Сайловолди платформамизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, улар билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ вазифалар илгари сурилмоқда.

 

Умуман, Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайлов кампаниясига, ўз рақибларидан фарқли равишда, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида қатъий ва аниқ вазифалар билан киришган. Шу маънода, сайловчиларимизнинг партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлаб, овоз бериши ушбу мақсад ва вазифалар рўёбини таъминлашда ҳал қилувчи роль ўйнайди.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

8276

13Декабрь 2014



Долзарб мавзулар