Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Инвестицияларнинг барқарор ўсиши – бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш омили

Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни тизимли ривожлантиришга, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлашга йўналтирилган юзлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 

Бунда саноат сиёсати нафақат алоҳида корхоналарни модернизация қилишга, балки бутун тармоқларни ривожлантиришга, кооперация ва маҳаллийлаштиришни йўлга қўйиш, транспорт ва логистика инфратузилмасини яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фикрига кўра, мазкур жараёнда Ўзбекистонни инновацион жиҳатдан янада ривожлантиришнинг асосий рағбати бўлган маҳаллий ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш алоҳида роль ўйнайди.

 

O‘zLiDeP вакиллари ўз Сайловолди платформасида мамлакатимиз иқтисодиётига инвестицияларни фаол ва кенг миқёсда киритиш бўйича кўзда тутилган асосий вазифалар хусусида фикр юритишади.

 

Кутлимурат БАБАШЕВ,

“Toshafus” қўшма корхонаси бош директори ўринбосари, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Республикамизда мустақилликнинг илк йиллариданоқ инвестицияларни жалб этиш ҳисобига саноатни модернизациялаш ва янги технологияларни жорий этишга асосий эътибор қаратилди. Қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун ортиқча бюрократик ва маъмурий тартибларни бартараф этиш ҳисобига қулай ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий иқлимни яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши мазкур ишларнинг асосини ташкил этди. Натижада сўнгги вақтда Ўзбекистон ҳар йили энг муҳим юқори технологик ва замонавий объектлар ҳамда қувватларни ишга туширишни жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш жараёнларини чуқурлаштиришга қаратилган илғор маҳаллий саноат сиёсати учун пойдевор бўлган инвестициялар ҳажмини ошириб бормоқда.

 

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимда қайд этганидек, айнан туб таркибий ўзгаришлар, юқори технологияларга асосланган янги ва замонавий корхоналарни барпо этиш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини кенг миқёсда янгилаш ва модернизация қилиш борасида пухта ўйланган стратегия туфайли мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 1991 йилдаги 14 фоиздан бугунги кунда қарийб 25 фоиз ўсди. Айни пайтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг улуши 34 фоиздан 17 фоизга камайди.

 

Давлатимиз раҳбари сўзларига кўра, биз учун яқин истиқболдаги энг муҳим устувор вазифа – бу тузилмавий ислоҳотларни янада изчил чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришни узлуксиз технологик ва техник янгилаш, замонавий ахборот-коммуникация тизимларини жорий этишдан иборатдир.

 

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимизнинг миллий иқтисодиётни модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш, реал секторни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 

Партия тадбиркорлик субъектларининг мамлакатимизни инновацион жиҳатдан ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъминловчи ва жаҳон бозорида Ўзбекистоннинг рақобатдошлигини оширишга кўмаклашувчи комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этмоқда.

 

Иқтисодиёт реал секторининг ривожланиши самарадорлигини ошириш учун партия иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини банклар томонидан кредитлаш кенгайтирилишини илгари сурмоқда.

 

Зухрахон ИМИНОВА,

Ўзбекистон Фермерлари кенгаши бош мутахассиси, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Бугунги кунда Ўзбекистонда мустаҳкам қонунчилик базаси асосида фаол инвестиция сиёсати олиб борилмоқда. Тез ўзгарувчан иқтисодий воқеликлар шароитида инвесторларга янги имкониятлар, имтиёз ва кафолатлар тақдим этиш баробарида, қонунчилик базаси жадал ривожланмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, инвестициялаш ҳар қандай мамлакат иқтисодиёти жозибадорлиги, саноат сектори ривожланиши ижобий ўсиш суръатлари ҳамда жамият ва давлатдаги барқарорликнинг ёрқин кўрсаткичларидан биридир.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Асосий Қонунимиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида эътибор қаратганидек, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари бугун халқаро бозорда, эртага эса ички бозорда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмайдиган эски ишлаб чиқариш қувватларидан воз кечиш, иқтисодий тараққиётимизнинг локомотивлари бўлган замонавий корхоналар ва юқори технологияларга асосланган комплексларни барпо этиш билан бирга, етакчи тармоқ ва зарур инфратузилмаларни модернизация қилиш бўйича чуқур ва пухта ўйланган дастурларни изчил амалга ошириш керак. Бизнинг жаҳон экспорт бозорида мустаҳкам ўрин олишимиз учун, мамлакатимизда молиявий ва иқтисодий барқарорликни, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини таъминлаш учун ишончли замин яратиб берадиган, бугун ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган энг зарур сиёсат ана шундан иборат.

 

O‘zLiDeP иқтисодий ўсиш суръатлари жадаллигини таъминлаш, таркибий ўзгаришлар жараёнини чуқурлаштириш, иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилиш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатдошлигини оширишнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида Ўзбекистон иқтисодиётига инвестицияларни жалб этишнинг устуворлигини доимо таъкидлаб келади.

 

Партия 2009 – 2012 йилларга мўлжалланган Инқирозга қарши чоралар дастурини амалга оширишда фаол қатнашди. Партиямизнинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан ривожлантириш ва инвестиция лойиҳаларининг комплекс дастурлари сўзсиз ижросини таъминлаш борасида тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Партия келгусида ҳам ишлаб чиқаришни кенг миқёсда модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, уларни замонавий юқори технологик ускуналар билан жиҳозлаш, янги турдаги маҳаллий рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни жорий этиш борасидаги чора-тадбирларни барча саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда қўллаб-қувватлайди.

 

Каримжон БОЙМИРЗАЕВ,

Наманган давлат университети проректори, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Мамлакатимизда яратилган самарали тизим бугунги кунда чет эл инвестицияларини жалб қилиш бўйича деярли барча мавжуд механизмларни инобатга олади. Унинг биринчи бўғини, бу – Ўзбекистон салоҳиятини бутун дунёда кенг тарғиб этиш, тадбиркорлар ва амалдорларга барча зарур ахборотлар тақдим этиладиган муҳим форум ва кўргазмали тадбирларда қатор тақдимотларни ўтказишдир.

 

Партиянинг фикрича, айнан мана шу омилни имкон даражасида кучайтириш зарур. Бунда, авваламбор, глобал тармоқ – интернет тақдим этаётган турли имкониятлардан самарали фойдаланиш зарур. Мазкур йўналишда партия “Ўзинфоинвест” хорижий инвестицияларни ахборот билан таъминлаш ва кўмаклашиш агентлиги билан биргаликда қатор қўшма ташаббусларни амалга оширишни режалаштирмоқда.

 

Мамлакатимизда ишбилармонлик доиралари ташрифлари чоғида бўлган кўплаб тадбиркорлар уларга зарур бўлган солиққа тортиш, инвестициявий иқлим, ҳамкорлик учун истиқболли лойиҳалар тўғрисидаги янада кўпроқ маълумотлар тақдим қилиш кераклигини тавсия этишган. Бу ишни йўлга қўйиш мақсадида, хусусан, O‘zLiDeP аъзолари бевосита иштирокида давлат органлари расмий сайтларига ягона талаблар ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Бунда, партия фикрича, мамлакат инвестиция салоҳиятининг тарғиботи фақатгина чет эл инвесторлари учун махсус ахборот ресурсларини яратиш билан чекланиб қолмаслиги керак.

 

Шу боис биз интернетда республикадаги инвестиция лойиҳалари тўғрисидаги ахборотни илгари суриш бўйича қатор ташаббусларни амалга оширмоқдамиз. Бунда ҳар бир тадбиркор Ўзбекистон тўғрисида сўров киритганда, ушбу зарур маълумотларни дарҳол тўлиқ миқдорда олиш имкониятига эга бўлиши керак.

 

“Инвесторларга максимал имкониятларни тақдим этиш” – айнан мана шу оддий ва шу билан бирга, самарали шиор партиянинг янги чақириқ парламентдаги асосий фаолияти йўналишига айланади.

 

Тулкин ЭШНАЗАРОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти илмий котиби, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Бугунги кунда аксарият етакчи халқаро молия-кредит институтлари инвестиция бозорида рақобат кучайганини тасдиқламоқда. Кўплаб компания ва банклар ўз маблағларини киритиш учун нафақат арзон ишчи кучи ва энергия ресурслари бўлган мамлакатларни, балки яратилган логистика, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари, малакали кадрлари мавжуд бўлган давлатларни изламоқда. Ўзбекистон эса мазкур кўрсаткичлар бўйича минтақада етакчилар қаторидадир. Бунда мамлакатимиз чет эл инвестицияларини жалб этиш учун ноёб усул ва воситаларни фаол ўзлаштирмоқда.

 

Шу боис партия ўтган беш йил давомида республикамизнинг бугунги кунда халқаро инвестиция ҳуқуқининг асосий меъёрларини ўз ичига қамраб олган инвестиция қонунчилигини янада такомиллаштиришга катта эътибор қаратди.

 

Яқин йиллар ичида мамлакатимиз инвестиция стратегиясидаги муҳим босқич давлатимиз раҳбари томонидан куни кеча имзоланган ва кўплаб меъёрлари партия томонидан жалб этилган экспертлар ва тадбиркорларнинг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Қонунни самарали амалга ошириш ҳисобланади.

 

Қабул қилинган ҳужжатда инвестициявий фаолиятни амалга ошириш, ушбу фаолият манбаларининг асосий тушунчаларига аниқлик киритиш ҳамда инвестиция жараёни субъектлари, шу жумладан, инвесторлар, буюртмачилар, лойиҳа ишлаб чиқувчилар, пудратчилар ва таъминотчилар ҳуқуқ ва мажбуриятларини таъминлаш чораларига алоҳида урғу берилган. Қонун инвестиция фаолияти иштирокчилари учун қулай муҳит ва шароитларни яратиш, имтиёз ва преференцияларни бериш билан чекланмайди, балки O‘zLiDeP ташаббуси билан инвесторларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва тақдим этилаётган имкониятларни амалда қўллаш бўйича чора-тадбирларга қаратилган.

 

O‘zLiDeP ўз Сайловолди платформасида тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини, айниқса, юқори технологик ва қайта ишловчи саноатнинг катта меҳнат талаб қилинадиган тармоқларига жалб қилишни рағбатлантириш, чет эл инвестицияси иштирокидаги компанияларнинг ишлаб чиқариш инфратузилмаларига киритишни осонлаштиришни таклиф этмоқда. Шу муносабат билан партия тузилмалари ҳудудларнинг инвестиция жозибадорлигини ошириш, бозорни юқори сифатли ва арзон истеъмол товарлари билан тўлдириш ҳамда айрим тармоқлар ва ҳудудлар имкониятларидан саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали кенг фойдаланиш учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ишлаб чиқариш билан фаол шуғулланишларига алоҳида эътибор қаратади.

 

Олимжон АБДУЛЛАЕВ, Фарғона вилояти Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи, O‘zLiDeP аъзоси:

 

– Бугун Ўзбекистон чет эллик инвесторлар учун нимаси билан жозибадор, деган савол мантиқан тўғри. Табиий бойликлар, малакали кадрлар, транспорт ва муҳандислик инфратузилмаси, қулай ишбилармонлик муҳити – ушбу омилларнинг ҳар бири инвесторни қизиқтириши мумкин. Аммо мамлакатимизнинг энг асосий инвестициявий машъали, бу ўзаро ишонч ва икки томон учун манфаатга асосланган мазкур соҳадаги аниқ ва пухта ўйланган сиёсатдир. Негаки, йирик бизнес учун, энг асосийси, дарҳол олинадиган фойда эмас, балки эртанги кунга ишонч, сиёсий йўналишнинг барқарорлигига асосланган узоқ муддатли муносабатлардир. Бундан ташқари, бугун республикамизда бизнесни юритиш шароитларини яхшилаш учун жиддий қадамлар қўйилаётгани инвесторлар учун жуда муҳимдир.

 

Шу муносабат билан партия келажакда республиканинг йирик инвесторлар учун жозибадорлигини янада ошириш мақсадида чет эл сармоясига эга бўлган, авваламбор, Ўзбекистон Республикаси билан инвестиция шартномаларини имзолаган корхоналар учун солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлашга астойдил ҳаракат қилади.

 

Партия инвесторларга кафолатларни кучайтириш учун мазкур соҳага оид қонунчиликдаги бўшлиқларнинг олдини олиш мақсадида уларни таҳлил қилиш масалаларини илгари суришни режалаштираяпти. Бугуннинг ўзидаёқ O‘zLiDeP аъзолари томонидан иқтисодиётнинг турли тармоқларида давлат улуши мавжудлиги ва самарадорлигини кенг миқёсда таҳлил қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур ўрганиш хулосалари иқтисодиёт тармоқларида хусусий сектор иштирокини, шу жумладан, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобига салмоқли равишда кенгайтириш бўйича чораларни ишлаб чиқишга асос бўлиши, шубҳасиз.

 

Йирик корхоналарда давлат улушини хусусий секторга, шу жумладан, ноль қийматида, янги инвесторлар томонидан уларни тиклаш ва негизида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил қилиш бўйича мажбуриятлар билан сотишни кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга оширишга доир ташаббусларни илгари суришни мўлжаллаяпмиз.

 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш зарурки, мамлакатимиз иқтисодиётида фаолият юритаётган чет эл инвесторлари сони яна бир омилдан, яъни бизнесга нисбатан тўсиқларнинг йўқлигидан дарак бермоқдаки, бу O‘zLiDePнинг анчадан буён муҳим дастурий шиори ҳисобланган “Камроқ тўсиқлар, кўпроқ имтиёз ва преференциялар” принципига ҳамоҳангдир.

 

Қобил ХИДИРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

8797

16Декабрь 2014



Долзарб мавзулар