Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Мақсадимиз – давлат бошқарувининг янада очиқлигини таъминлаш

“Адолат” социал-демократик партияси давлат ва жамият ҳаётида қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига тўлиқ риоя қилиниши тарафдори бўлган ҳолда, ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим омилларидан бири сифатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлиги ва ҳисобдорлигини янада таъминлаш, деб билади.

 

Партия давлат бошқаруви органларининг очиқлигини демократиянинг ифодаси ҳамда давлат ва жамият муносабатларининг самарали шакли сифатида талқин қилади. Унинг моҳияти эса фуқаролар, уларнинг бирлашмалари давлат сиёсатини, давлат ва ҳудудий бошқарув қарорларини шакллантиришда, уларнинг ижроси устидан назорат ўрнатишда ҳуқуқий ва амалий имконият эканлигини таъкидлайди.

 

Партия вакиллари ўз Сайловолди платформасининг ушбу йўналишдаги устувор вазифалари хусусида фикр юритишади.

 

Аъзам КАРИМОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси гуруҳ раҳбари, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, белгилаб олинган мақсадларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланганини қайд этди.

 

Дарҳақиқат, амалга оширилган демократик ўзгаришлар ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатлар натижасида фуқароларимиз рўй бераётган ўзгаришларга ўз дахлдорлигини ҳамда юртимиз келажаги учун масъулиятини тўла англаб етмоқда, давлат ишларини бошқаришда бевосита ва фаол иштирок этмоқда. Бунга шу кунларда қизғин давом этаётган сайлов кампанияси яққол мисолдир. “Адолат” СДП ва унинг вакиллари ушбу жараёнда сайловчиларда давлат ва ижтимоий вазифаларни бажараётган давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа барча ташкилот ҳамда мансабдор шахсларга нисбатан талаб ўсганлигига гувоҳ бўлишди. Бугунги кун сайловчиси – кенг дунёқарашга эга, ўз кундалик турмушига доир ўткир ва долзарб масалаларни кўтариб чиқадиган, қуруқ ваъдалар билан меҳрини қозониш мушкул бўлган, саводли ва сиёсий пухта фуқародир.

 

Шунинг учун “Адолат” СДП жамият ва ўз электорати олдидаги масъулиятини тўлиқ англаган ҳолда, Сайловолди платформасида ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари фаолияти хусусида кенг хабардор қилиш, бошқарувда ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик принципларини таъминлашга йўналтирилган асосли ва амалий ғояларни илгари сурмоқда.

 

Биз шунга аминмизки, жамият ва давлат ўртасида доимий ўзаро алоқаларни ҳамда шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, давлат томонидан тартибга солишнинг объекти сифатида жамият ва ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи сифатида давлат ҳокимияти ўртасида алоқани таъминлаш фуқароларнинг давлат органларига ишончи ва ҳурматини оширишнинг омилидир. Шу муносабат билан биз бундай самарали алоқанинг амалда рўёбга чиқарилиши учун давлат бошқарувининг муҳим кўрсаткичи унинг очиқлиги ва шаффофлиги бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз.

 

Дилорам ШУКУРОВА, Фарғона вилояти Аҳмад ал-Фарғоний номидаги ахборот-кутубхона маркази директори, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Республикамизда жамоатчиликнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти, улар томонидан қабул қилинаётган фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатлари билан боғлиқ бўлган муҳим қарорлар ҳақидаги ахборотни олишини таъминлаш бўйича барча ташкилий-ҳуқуқий шароит яратилган.

 

Мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилиши, авваламбор, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилиниши ҳар кимнинг ахборотни эркин ва монеликсиз излаш, олиш, тадқиқ этиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлашга доир ҳуқуқларини самарали амалга ошириш, шунингдек, ушбу жараёнда ахборотнинг муҳофаза қилиниши, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини мустаҳкамлади.

 

Ушбу йўналишда жорий, 2014 йилда кенг ҳуқуқий эксперимент якуни бўйича қабул қилинган ҳамда халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотган ва экспертлар ҳамжамиятида юксак эътирофга сазовор бўлган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун янги босқични бошлаб берди.

 

Қонунчилик палатасидаги ўз фракцияси орқали мазкур Қонунни маромига етказишда фаол қатнашган “Адолат” СДП давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш яқинда кучга кирган қонун қоидаларининг амалда рўёбга чиқарилиши билан чамбарчас боғлиқ эканини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг қабул қилинаётган қарорлар сифати учун масъулиятини оширишга кучли туртки бўлади, деб билади.

 

Партиямиз ушбу мақсадда давлат ҳокимияти органлари фаолияти очиқлигини таъминлашнинг давлат тизимини, бошқарув органларининг катта ижтимоий аҳамиятга молик бўлган масалаларда қабул қилинган қарорларининг аҳолига ва фуқаролик институтларига тезкор етказилиши борасида ҳуқуқий механизмларни шакллантириш ҳамда у ёки бу орган фаолияти очиқлигининг методологияси, тавсиялари ва стандартларини ишлаб чиқиш бўйича аниқ ҳаракатларни кўзда тутувчи комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни таклиф қилмоқда.

 

Хурсан ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Давлат органлари шаффофлигини таъминлашнинг муҳим воситаси уларнинг фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобланади. Давлат органлари жамият ахборотлашуви, рақамли технологиялар ва интернет ривожланган бир шароитда ушбу имкониятлардан жамоатчиликнинг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришда фойдалана билиши лозим.

 

Партиямиз давлат ташкилотлари ва фуқаролар ўртасида ахборот алмашинувининг янги механизмларига ўтиш тарафдори ҳисобланади. Шу муносабат билан давлат вазифалари бажарилишининг самарадорлиги ва тезкорлигини, ахборот алмашинуви ва тарқалиши тезкорлиги даражасини ошириш, ўзаро муносабатлар харажатларини қисқартириш мақсадида биз интерактив давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтиришни таклиф қилаяпмиз.

 

Интерактив давлат хизматлари ҳамма фойдалана оладиган, ишлатиш учун содда, фойдаланувчиларнинг барча қатлами ва гуруҳлари эҳтиёжлари ҳамда устуворлигига мувофиқ бўлиши керак. Давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш имкон даражасида тез ва қулай усулда таъминланиши лозим. Бунда биз интерактив давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида тақдим қилинаётган ахборот долзарб, ишончли ва ноқонуний фойдаланишдан, йўқ қилиш, бузишдан ҳимояланган, қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Сўнгги йилларда дунёда электрон ҳукуматнинг жадал ривожланиши кузатилмоқда. Ўзбекистонда ушбу йўналишда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, электрон ҳукуматни ривожлантириш учун институционал-ташкилий асослар яратилган. Ушбу мақсадлар учун Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузурида алоҳида “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази ташкил қилинган, шунингдек, ушбу жараённинг дастурий ва ахборот таъминотига йўналтирилган қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

 

“Адолат” СДП республикамизда электрон ҳукумат концепциясини янада ривожлантириш бўйича йўналишни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу стратегик вазифанинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштиришни таклиф қилади. Хусусан, биз “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинишини жадаллаштиришни таклиф қилаяпмиз. Ушбу ҳужжат “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш, давлат органлари фаолиятида фуқаролар, ташкилотлар, чет давлат фуқаролари билан муносабатларда ахборот технологияларидан фойдаланишнинг асосий йўналишларини белгилаб қўйишни, давлат бошқарувининг очиқлиги, равшанлиги ҳамда самарадорлигини яхшилашни кўзда тутиши керак.

 

Фикримизча, қонуннинг қабул қилиниши аҳоли учун “Электрон ҳукумат” тизими билан муносабатларнинг қулай механизмларини яратишга, бизнес юритиш шароитлари яхшиланишига, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини юксалтиришга, мамлакатимизнинг инвестиция ва сайёҳлик жозибадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг турли соҳаларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтиришга хизмат қилади.

 

Гавҳар АЛИМОВА, Ўзбекистон “Маҳалла” фонди республика бошқаруви раиси ўринбосари, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– Давлат бошқарувининг самарадорлиги ушбу жараённи турли шаклларда назорат қилишнинг мақбул механизмлари мавжудлигига узвий боғлиқдир. “Адолат” СДП давлат ҳаётида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатининг замонавий шаклларини жорий қилиш тарафдори бўлиб, парламент ва жамоатчилик назорати институтларини янада ривожлантириш зарурати ғоясини илгари суради.

 

Партиянинг ушбу вазифалари Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқади. Зеро, унда Асосий Қонунимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлангани ҳам ҳокимиятни демократик модернизация қилишда улкан аҳамият касб этгани таъкидланган эди.

 

“Адолат” СДП ўтган даврда қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада оширганини, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг позициясини кучайтирганини, имкониятларини кенгайтирганини қайд этади.

 

Демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида биз “Парламент назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилишни таклиф қилаяпмиз. Унда парламент назоратининг субъектлари, объектлари, предмети, шунингдек, ҳуқуқий оқибатлари, уни амалга оширишнинг шакл ва механизмлари, бу соҳадаги субъектларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилиши лозим.

 

Ўз навбатида, давлат ва фуқаролар муносабатларида давлат органларининг улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини кучайтиришнинг муҳим омили сифатида жамоатчилик назоратининг роли ва аҳамияти кучайиб бориши лозим. Шу муносабат билан партиямиз “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тарафдори. Ушбу ҳужжат фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан фуқаролар ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда таъминлаш, фуқаролик ҳуқуқий онгни шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида самарали жамоатчилик назоратини олиб боришни кўзда тутади. Мазкур қонун жамоатчилик назорати тизими, механизмлари, давлат органлари фаолияти, шунингдек, улар томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари ижро этилиши, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, гуманитар ва бошқа соҳаларда улар олдида турган вазифа ва ваколатлари бажарилишининг бориши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартибини белгилашнинг ҳуқуқий асосларини яратади.

 

Гулбаҳор АЛЛАКОВА,

Ўзбекистон Бадиий академияси бош мутахассиси, “Адолат” СДП аъзоси:

 

– “Адолат” СДП Сайловолди платформаси мазмунидан кўриниб турибдики, биз очиқлик ва шаффофлик масалаларига муҳим ўрин ажратилган давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича аниқ-равшан тасаввур ва қарашга эгамиз.

 

Партиядаги ҳаммаслакларимиз томонидан юқорида қайд этилган чора-тадбирларга қўшимча тарзда, биз давлат бошқарувининг очиқлигини, шунингдек, тайёрланаётган қарорларнинг оммавий муҳокамаси ўтказилиши тартибини такомиллаштириш, ижро органларининг ижтимоий аҳамиятга молик қарорлари жамоатчилик экспертизасини ўтказиш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик-маслаҳат тузилмаларини ташкил қилиш, фуқаролик жамияти институти вакилларини ҳокимият ижро органларининг фуқаролар ва ташкилотлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлари, бошқа тузилмалари таркибига киритиш амалиётини кенгайтириш орқали амалга оширишни илгари сурамиз.

 

Шу билан бирга, давлат органларининг очиқлигини таъминлаш жараёнига жорий қилинган механизм ва дастакларнинг сони муҳим эмас, балки уларнинг натижавийлиги, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида давлат органлари зиммасига юклатилган вазифа ва ваколатларнинг самарали ҳал этилишига йўналтирилгани муҳимроқдир.

 

Хулоса ўрнида шуни айтишни истардикки, Ўзбекистон истиқлолнинг илк йилларидан демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш стратегик мақсадини белгилаб олар экан, давлат бошқаруви тизимига очиқлик ва шаффофлик принципларини қатъий жорий қилди.

 

Шу муносабат билан партиямизнинг биринчи галдаги вазифаси давлатимизнинг умумэътироф этилган ва давлат бошқарувининг замонавий принциплари асосида янада ривожланиши ғоясини фаол илгари суриш ва кўмаклашиш бўлиб қолади.

 

Ҳурматли сайловчилар! “Адолат” СДП ғоялари ва эзгу мақсадларини самарали амалга ошириш учун 21 декабрь – сайлов куни партиямиз номзодларига овоз беринг.

 

Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

10281

16Декабрь 2014



Долзарб мавзулар