Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов кампаниясининг муҳим босқичи

Айни кунларда бутун мамлакат бўйлаб сиёсий партиялар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти фаол олиб борилмоқда.

 

Сайловолди ташвиқоти давомида сиёсий партияларнинг сайловолди платформасидаги устувор йўналишлар кенг тушунтирилмоқда. Депутатликка номзодлар ҳақида маълумотлар берилаяпти. Улар билан оммавий мулоқотлар, муҳокамалар, суҳбатлар, учрашувлар ташкил этилаётир. Давлат вакиллик органларида халқ вакили бўлиш учун ҳаракат қилаётган ҳамюртларимиз, сиёсий партиялар аъзолари матбуот саҳифаларида, телевидениеда, интернет тармоғида чиқишлар қилишмоқда. Ўз навбатида, ташвиқот плакатлари, бошқа материаллар тарқатилаяпти.

 

Қонунчиликка мувофиқ, сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш, сиёсий рақобатнинг адолатли, очиқ ва ошкора ўтиши учун имконият ҳамда кафолатлар яратиш йўли билан тенг шароитлар таъминланмоқда.

 

Зеро, сайловолди ташвиқоти сайлов кампаниясининг муҳим босқичидир. Бинобарин, бугунги кунда унинг барча иштирокчиларига мазкур жараёнда тенг шароитлар тақдим этилиши, сиёсий кучлар ўртасидаги рақобат кураши очиқлиги ҳамда холислиги халқаро экспертлар томонидан диққат-эътибор билан кузатиб борилмоқда. Чунончи, сайлов арафасида халқаро кузатувчилар миссиялари вакиллари марказда ва жойларда сиёсий партиялар фаоллари билан учрашаяптилар.

 

ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари миссияси ва МДҲ Ижроия қўмитаси кузатувчилари миссияси сайлов жараёни мониторинги доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий органларида, шунингдек, мамлакат ҳудудларида жойлардаги партия ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашувлар ўтказди. Уларга ташвиқот курашида марказий ва ҳудудий телеканаллар эфир вақти ҳамда ОАВда нашр майдонидан фойдаланиш, сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиш борасидаги тўлиқ маълумотлар тақдим этилди.

 

Айтиш жоизки, жойларда сиёсий партияларнинг дастурий шиорлари акс этган баннерлар ўрнатилган. Қолаверса, тегишли қонунда назарда тутилган сайловолди ташвиқотининг бошқа усуллари кенг қўлланилаяпти.

 

– Ўзбекистонда сайлов кампанияси миллий қонунчиликка қатъий риоя этилган ҳолда фаол олиб борилмоқда, – дея қайд этди МДҲ Ижроия қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Владимир Гаркун. – Сайлов жараёнининг барча иштирокчиларига сайловолди ташвиқотини олиб бориш, шу мақсадда ОАВдан фойдаланишлари учун тенг шароитлар таъминланган. Партиялар фаоллари билан учрашувлар кишида ижобий таассурот қолдирди.

 

Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг сайлов кампанияси шароитида ишлаш тажрибаси ўтган сайловларга нисбатан сезиларли даражада ўсган. Партиялар қонунларда белгиланган сайловолди ташвиқоти механизмларига тўлиқ киришишга интилаяпти. Ўз навбатида, мамлакатингиз аҳолиси сайлов кампаниясида ташвиқот материалларини қизиқиш билан ўрганиб, фаоллик кўрсатмоқда.

 

Шу кунларда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси раҳбари, элчи Даан Эвертс бошчилигидаги кузатувчилар миссияси Ўзбекистонда сайлов кампаниясининг бориши, жумладан, партиялар ва депутатликка номзодлар ушбу жараёнда қандай иштирок этаётгани, оммавий ахборот воситалари сайловчиларни мазкур сиёсий ҳодиса ҳақида қай даражада бохабар этаётгани устидан кузатувни амалга ошираяпти.

 

Миссия аъзолари мамлакат ҳудудларига ташриф буюриб, жойларда партиялар ташкилотлари вакиллари билан учрашмоқдалар, сайлов жараёнини ёритишда ОАВ фаолиятини ўрганаяптилар.

 

– Таъкидлаш лозимки, ўтган сайловларга нисбатан бу гал теледебатлар ҳамда расмий нашрлардаги мақолалар сони ва сифати ошган, – дея учрашув давомида тўхталиб ўтди ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари, элчи Даан Эвертс. – Эндиликда партиялар телевидениеда ажратилган эфир вақтларидан янада самарали фойдаланмоқда. Ўзбекистон сайлов қонунчилигида сиёсий партияларга кенг имкониятлар берилган. Марказий сайлов комиссияси ташвиқотни юқори даражада олиб бориш учун етарли даражада чора-тадбирлар, имкониятларни ишга солмоқда. Биз самимий қабул ва партия вакиллари томонидан саволларимизга очиқ ҳамда батафсил жавоб берилганидан миннатдормиз. Келгусида самарали ҳамкорлигимиз ва мулоқотимиз янада ривожланишига умид қиламиз.

 

Халқаро кузатувчилар эътироф этдиларки, сиёсий партиялар ҳамда депутатликка номзодлар томонидан қонунчиликда назарда тутилган сайловолди ташвиқотининг барча шакллари ва усулларидан фойдаланилмоқда. Жойларда сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича сайлов комиссиялари фаолияти очиқлиги ва шаффофлиги тўлиқ таъминланаяпти.

 

Саиджон МАХСУМОВ,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

7286

17Декабрь 2014



Долзарб мавзулар