Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Миллий тикланиш – миллий ўзликни англаш демакдир

Бугун мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида танлаб олинган, демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш борасида юксак ютуқ ҳамда марраларга эришишимизни таъминлаган тараққиёт йўлимизнинг ҳар томонлама тўғри ва ҳаётий эканини халқимиз ҳамда жаҳон жамоатчилиги чуқур англамоқда.

 

Давлатимиз барқарор суръатлар билан ўсиб бораётгани, юртимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори ошаётгани, бу ўзгаришларнинг асосий омили бўлган халқимизнинг сиёсий онги ва тафаккури, фуқаролик фаоллиги изчил юксалиб бораётгани барчамиз учун чексиз ғурур бахш этади.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Ватанимиз истиқболи йўлида амалга оширилаётган бу каби туб ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган амалий таклифларни илгари сурмоқда.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ўз Сайловолди платформасининг жамиятда маънавиятни юксалтириш ва миллий тикланишга оид асосий мақсад ҳамда вазифалари хусусида фикр юритишади:

 

Улуғбек МУҲАММАДИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, биз танлаган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ҳамда самарали экани биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимиз тараққиётида улкан марра ва ютуқларни қўлга киритишда энг катта мезон маънавият билан боғлиқ қадриятлар эканлигини алоҳида эътироф этади. Шу муносабат билан партиямиз маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни ўзининг яқин ва узоқ истиқболдаги муҳим вазифаси, деб билади.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз Сайловолди платформасида, бошқа сиёсий партиялардан фарқли ўлароқ, халқимизда миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини юксалтириш вазифасини илгари сурмоқда.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакат тараққиёти ва одамлар қалбида Ватанга муҳаббат туйғусини уйғотиш, мустақил фикр ва мустаҳкам иродага эга ҳамда комил инсон тарбиясида миллий ўзликни англаш етакчи ўринда туради, деб ҳисоблайди.

 

Биз шунга аминмизки, миллий ўзликнинг таянчлари тарих ва маънавиятдир. Зеро, ўз миллий давлатчилигининг тарихий тажрибаси, маданияти ва маънавиятига эга халқгина миллий тикланишга юз тутади.

 

Биз миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда вазифаларимизни муваффақиятли амалга оширамиз.

 

Шунинг учун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг бош мақсади миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ҳамда илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ҳамда анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтиришдан иборат.

 

Навбахор ТЛЕУБЕРГЕНОВА, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали директори ўринбосари, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Шуни қайд этиш керакки, 1991 йил 31 август санасида қўлга киритилган миллий мустақиллик халқимиз томонидан амалга оширилган буюк маънавий жасорат намунасидир. “Миллий тикланиш” ДП фикрича, мустақиллик мамлакатимиз ҳаётида юз берган жуда улкан сиёсий воқеа ҳамда халқимизнинг буюк маънавий жасорати сифатида унинг руҳини кўтариб, юртимизда амалга оширилаётган беқиёс ўзгаришларга дахлдорлик ҳиссини ўзида мужассам этади.

 

Партия миллий мустақиллик ғояларига содиқ, жаҳон моддий ва номоддий меросининг ажралмас бўлаги ҳисобланган Ўзбекистон халқининг маданий, анъанавий ва миллий-маънавий қадриятларини чуқур эъзозлайдиган ватанпарвар инсонларни ўз сафида бирлаштиради ҳамда ўз фаолиятида уларнинг манфаатини ифодалайди.

 

Мазкур вазифани амалга ошириш учун биз жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда, хусусан, “Маҳалла” жамоат фонди билан “Халқимизнинг маънавий жасорати” деб номланган ва юртимиз барча ҳудудини қамраб оладиган ҳамда доимий ишлайдиган форум ташкил қилишни мўлжаллаганмиз. Форум доирасида конференция, халқ сайиллари, учрашув ва мулоқотлар уюштириб борилади.

 

Партиямиз қонунчиликда белгиланган назорат-таҳлил ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда, баркамол авлодни шакллантириш, аввало, ёшларимизни ватанпарварлик, инсонпарварлик ҳамда умуминсоний қадриятлар ғоялари асосида маънавий тарбиялаш бўйича давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар устидан мониторинг олиб боришни фаоллаштиришни режалаштирмоқда. Ушбу мақсадни амалга оширишда таълим муассасалари ҳузуридаги “Маънавият ва маърифат” марказлари фаолияти, шунингдек, Президентимизнинг миллий ғоя тарғиботи ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтиришга қаратилган қарорлари ижроси юзасидан парламент ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш ниятидамиз.

 

Козим ТОЖИЕВ, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Навоий вилояти кенгаши раиси, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Партиямиз миллий манфаатларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва уларни илгари суриш тамойилига амал қилади. “Миллий тикланиш” ДП бунда Ўзбекистоннинг янги давлат сифатида миллий тикланиши кафолатини ҳамда бошланган ишлар ортга қайтмас жараён эканлигини кўради.

 

Мамлакатимизда кенг кўламли маънавий янгиланиш ва ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Биз бу иш, энг аввало, халқимизнинг тарихига нисбатан адолатни ва холис муносабатни тиклашдан бошланади, деб ҳисоблаймиз. Тарихий ҳақиқатни билмай туриб, ўзликни англаш мумкин эмас. Маълумки, собиқ мустабид тузум даврида ўзбек халқининг тарихий мероси аҳамиятига паст назар билан қаралган, буюк аждодларимиз ҳаёти ва фаолиятига салбий муносабат шакллантирилган эди.

 

Шу муносабат билан “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз Сайловолди платформасида Ўзбекистон тарихининг кенг миқёсда изчил ўрганилишини таъминлашни, бу борада тарихийлик ва холислик тамойилларига қатъий амал қилишни, тарихий ўтмишга ва ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳаётига баҳо беришда бир ёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймасликни, Ўзбекистон тарихини бузиб, сохталаштириб талқин этишларига нисбатан қарши кураш олиб боришни, халқаро жамоатчилик диққат-эътиборига Ўзбекистон тарихига доир асл ҳақиқатларни етказишни ўз мақсади сифатида белгилаб олди.

 

Биз Ўзбекистон халқининг тарихи, маънавий-маданий меросига доир адабиётларни нашр қилиш билан шуғулланаётган муаллифлар, босмахоналар, нашриётлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратамиз. Партия бу соҳада иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш, солиқ ва бошқа тўловлар бўйича имтиёзлар бериш, мазкур йўналишда ижодий ташкилотлар, нашриётлар ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни белгилаб олган.

 

Партиямиз ушбу мақсадда ўз депутатлик корпуси ва партия ташкилотлари орқали тарихни ўрганишнинг ташкилий асосларини такомиллаштириш бўйича амалий чораларни кўради. Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари назорат-таҳлил фаолиятида ўз ишини, шу жумладан, ушбу соҳада қабул қилинаётган чора-тадбирлар юзасидан мансабдор шахсларнинг ахборотларини эшитишни ташкил қилиш орқали фаоллаштириши керак бўлади.

 

Жаҳонгир FАНИЕВ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти кафедраси доценти, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– “Миллий тикланиш” ДПнинг фикрича, ҳозирги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк давлат арбобларимиз, фан, маданият, адабиёт ва санъат дарғаларининг фаолиятини кенг тарғиб қилишга етарли даражада эътибор қаратмаяпти.

 

Ўзбек халқининг буюк аждодлари ҳақида ахборотларни миллий ва халқаро жамоатчилик эътиборига етказишда оммавий ахборот воситалари фаолиятини кучайтириш, тарихчи-олимлар, ёзувчилар, шоирлар, матбаа ва нашриётларга кўмаклашиш, уларнинг ҳаёти ёритилган киномаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарқатишни кучайтириш лозим.

 

Биз ҳукумат томонидан буюк аждодларимиз ҳаёти ва ижодига бағишланган китобларни, шу жумладан, электрон китобларни нашр қилиш ва кўпайтириш бўйича махсус дастурлар қабул қилиниши амалиётини давом эттириш тарафдоримиз. Айни пайтда 2015 йилда якунланиши кўзда тутилган тегишли дастур тўлиқ бажарилишини таъминлаш лозим.

 

Шу билан бирга, партиямиз “Тарихимиз буюк келажакка йўл очади” лойиҳасини амалга оширишни мақсад қилган. Мазкур лойиҳа доирасида буюк алломаларимиз ва мутафаккирларимиз меросини ўрганишни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш бўйича бир қатор тадбирлар белгиланган.

 

Жаҳонгир МАМАЖОНОВ, Фарғона политехника институти проректори, “Миллий тикланиш” ДП аъзоси:

 

– Халқимизнинг маънавиятини янада юксалтириш учун амалга ошираётган ишларимиз ўз ҳосилини бермоқда ва бу соҳада эришган марраларимиз билан биз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, кўпгина манаман деган давлатлар ҳавас билан қараётган ютуқларни қўлга киритдик. Бугун биз ўз қадр-қимматимиз, миллий давлатчилигимиз, маданиятимизни, муқаддас қадриятларимиз, тилимиз ва динимизни қайта тиклаб, ягона халқ, ягона миллат бўлиб, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизга муносиб обрў-эътибор қозонишга эришдик.

 

Шуни қайд этиш керакки, ушбу йўналишда ҳали ишга солинмаган жуда кўп захира ва имкониятлар мавжуд. Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси маънавий-маърифий ишларни замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш бўйича Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази фаолиятини кучайтириш керак, деб ҳисоблайди.

 

Партия янги чақириқ Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ваколатларидан кенг фойдаланган ҳолда, ёшларнинг маънавиятини юксалтиришда тегишли давлат органлари фаолияти устидан парламент ва депутатлик назоратини оширади. Ушбу соҳада парламент эшитувларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш талаб қилинади.

 

Шу билан бирга, “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятида “Юксак маънавият – енгилмас куч” эзгу ғоясига, халқимизнинг маънавияти ривожи ва жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган мурувват, меҳмондўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат-эҳтиром, бағрикенглик, яхшилик ва саховатпешалик каби ўзбек халқи миллий қадриятларига асосланган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни мақсад қилган.

 

Умуман айтганда, ўзбек халқининг миллий ўзлигини англаши ва маънавий қайта тикланишининг янада ўсиши ҳамиша партиямизнинг бош вазифаси бўлиб қолаверади.

 

Азиз сайловчилар, 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда сизларни миллий ўзликни англаш ва миллий тикланиш тарафдори бўлган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беришга чақирамиз.


Салим ДОНИЁРОВ

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси.

10664

17Декабрь 2014



Долзарб мавзулар