Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Аҳоли бандлиги – ижтимоий ҳимоянинг энг мақбул йўли

Бугунги кунда мамлакат тараққиётининг муҳим кўрсаткичларидан бири, шубҳасиз, аҳоли бандлигининг таъминланганлик даражаси ҳисобланади. Зеро, одамларнинг муносиб ишга эга бўлиши жамиятда ижтимоий барқарорликни таъминлаб, аҳолининг истеъмол қувватини оширади, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини юксалтириб, уларнинг бунёдкорлик ишларида иштирокига кенг йўл очади.

 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган кўламли ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиётнинг реал секторини янада равнақ топтириш, унинг барча соҳаларини техник ва технологик модернизациялаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уй-жойлар қурилиши ҳамда қишлоқ инфратузилмасини кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар пировард натижада қишлоқ ва шаҳарларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш, юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, энг асосийси, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда турмуш даражасини оширишга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон ХДП мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ўз Сайловолди платформасида ушбу йўналишда бир қатор вазифаларни белгилаб олган.

 

Арофат ХУДАЙБЕРДИЕВА, Тошкент кимё-технология институти қошидаги Чирчиқ академик лицейи директори, ЎзХДП аъзоси:

 

– Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир мамлакатда иқтисодий сиёсат, молиявий, пул-кредит тизимининг барқарорлиги ишсизлик даражасининг ошиши ёки камайишига таъсир кўрсатади. Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларида ишсизлик даражаси юқори бўлган мамлакатлар сонининг ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантираётган муаммолардан бирига айланиб қолаётгани жуда кўп тилга олинмоқда. Дарҳақиқат, мазкур муаммо айрим давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий барқарорлигига путур етишига сабаб бўлмоқда.

 

Мамлакатимизда ушбу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, аҳоли бандлигини таъминлашнинг ҳуқуқий ва ташкилий асослари яратилди. Хусусан, Меҳнат кодекси, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонун билан аҳоли бандлигини таъминлаш, унинг меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда давлат сиёсатининг асослари белгилаб қўйилган. Шу билан бир қаторда, юртимизда ҳудудлар ва тармоқлар кесимида ишлаб чиқиладиган ҳамда ҳар йили парламент томонидан тасдиқланадиган аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини ташкил қилиш дастури ўзининг амалий самарадорлигини кўрсатмоқда. Негаки, жамиятдаги барча институтлар, яъни давлат идоралари, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини ўзида мужассамлаштирган мазкур дастур асосида ҳар йили қарийб 1 миллион кишининг бандлигини таъминлашга эришилмоқда.

 

Шу нуқтаи назардан айтганда, Ўзбекистон ХДП мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва меҳнатга лаёқатли аҳолининг бандлик даражасини ошириш бўйича ҳаётга татбиқ қилинаётган мақсадли чораларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

 

Партиямиз аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ҳамда фуқароларнинг даромадларини изчил ошириб боришнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга кўмаклашишни мақсад қилган. Бунда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг иш ўринлари яратиш соҳасидаги дастурида унга юклатилган вазифаларни самарали бажаришдаги масъулиятини кучайтириш сайловолди дастурий мақсадларимиздан биридир.

 

Отабек МУТАЛОВ, Зангиота туманидаги “Master Delikatesov” масъулияти чекланган жамияти бош директори, ЎзХДП аъзоси:

 

– Дарҳақиқат, партиямиз учун аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамиятга эга. Бунинг боиси аҳоли иш билан банд бўлса, муносиб иш ҳақига эга бўлади, мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, ислоҳотларнинг самарадорлиги ошиб, иқтисодиётдаги истеъмол фаоллиги ва ялпи ички маҳсулот суръатининг барқарор ўсишини таъминлашга ҳисса қўшилади. Шу сабабли партия ташкилотларининг барча бўғини, шунингдек, маҳаллий Кенгашлардаги ҳамда парламент қуйи палатаси депутатлари фаолиятида, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил жараёнида мазкур йўналишлардаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, мансабдор шахслар масъулияти, шунингдек, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш диққат-эътибордаги асосий йўналиш бўлади.

 

Хусусан, Ўзбекистон ХДП фракциясининг таклифига биноан, тасдиқланган манзилли рўйхат ва тармоқ жадваллари асосида ҳудудий бандлик дастурларининг бажарилиши доимий асосда кўриб чиқилмоқда, бу эса дастур бажарилишини реал вақт режимида мониторинг қилиш самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган параметрлардан корхоналар, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ортда қолиш ҳолатларини аниқлаш, шунингдек, тасдиқланган дастурларнинг сўзсиз бажарилишига қаратилган қўшимча чора-тадбирларни кўриш имконини беради.

Биз Меҳнат кодекси ва меҳнатга оид бошқа қонун ҳужжатларининг сўзсиз ижро қилиниши бўйича назорат-таҳлил фаолиятимизни такомиллаштиришга нисбатан эътиборни кучайтирамиз. Бунда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз фаолиятини жонлантириш, меҳнат муносабатларини такомиллаштириш орқали ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатларининг олдини олиш, иш берувчиларнинг меҳнат шартномалари талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш алоҳида назоратимизда бўлади. Мазкур жараёнда очиқликни таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда бошқа тузилмалар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаймиз.

 

Абдумажид ХОЛМУРОДОВ, Тошкент вилояти табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси ўринбосари, ЎзХДП аъзоси:

 

– Маълумки, Ўзбекистон аҳолиси ва ишчи кучи ресурси таркибида ёшлар катта қисмни ташкил қилади. Буни ҳар йили меҳнат бозорига қарийб 500 минг атрофида йигит-қизларимиз кириб келаётганида ҳам кўриш мумкин. Шу боис партиямиз ёшларимизнинг ўрта махсус, касбий таълим асосида муносиб иш жойига эга бўлишга интилишларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлат ва ҳудудий дастурлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда ушбу масалани устувор вазифа, деб билади. Хусусан, 2015 йилга мўлжалланган бандлик дастурида бўш турган ва захирадаги иш ўринлари ҳисобига касб-ҳунар коллежларининг 487,7 мингдан зиёд битирувчисини ишга жойлаштириш белгилангани бу борада муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш жоиз.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон ХДП корхона ва иш берувчиларнинг тегишли ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежларига бириктирилиши ҳамда мунтазам ҳаракатдаги “коллеж – корхона” алоқаларининг йўлга қўйилиши тарафдоридир. Бу ёшларнинг меҳнат бозорига нафақат назарий билимлар, балки амалий кўникмалар билан кириб боришига, уларнинг ўз мутахассислиги бўйича иш билан банд бўлиш кафолатларини кучайтиришга кўмаклашади. Шу нуқтаи назардан, биз мансабдор шахсларнинг коллеж битирувчиларининг мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлашга қаратилган аниқ режаларни ишлаб чиқиш ва амалда ижро этиш борасидаги масъулиятини ошириш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бунда ҳар бир битирувчининг истиқболдаги иш жойини аввалдан аниқлаш, уларнинг ишлаб чиқариш амалиётини бўлажак иш ўринларида ўташларини таъминлаш лозим.

 

Маълумки, мамлакатимиз қонунчилигида нафақат таълим муассасаларини тамомлаб ишга кирган ёшлар учун, балки касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга ёллаган корхоналарга ҳам қатор имтиёз ва преференциялар берилган. ЎзХДП ушбу қоидаларнинг амалиётда ишлаш механизмларини ва самарадорлигини мунтазам мониторинг қилиб, ўрганиб боради. Биз, мониторинг натижаларини ҳисобга олган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга олаётган корхоналарни рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришни, шунингдек, уларга қўшимча имтиёзлар тақдим этилишини илгари сурамиз.

 

Шунингдек, айрим хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар ва ташкилотлар фаолиятида учраб турадиган, яратилган иш ўринлари сони ҳақидаги статистик маълумотларни асоссиз равишда ошириб кўрсатишдек салбий ҳолатларни бартараф этишга бор кучимизни сарфлаймиз.

 

Шавкат РАҲИМОВ,

Навоий вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, ЎзХДП аъзоси:

 

– Ўзбекистон ХДП ўз электоратининг муҳим қисми ҳисобланган ногиронларнинг бандлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун партия ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, улар учун янги иш жойларини ташкил қилишга кўмаклашиш бўйича изчил ва мақсадли йўналтирилган ишларни амалга ошириб келмоқда.

 

Партия ушбу масалалар бўйича депутатлик назоратини амалда ўрнатиб, ногиронлар жамиятлари билан биргаликда қонунчилик ижроси устидан жамоатчилик назорати олиб боришда фаол қатнашиб келмоқда. Хусусан, ногиронларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш мақсадида парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятида имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига оид қонун лойиҳалари ҳамда меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ногиронлар жамиятлари вакилларининг эксперт сифатида қатнашиш амалиётини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Ишончимиз комилки, 2015 йил 1 январдан кучга кирадиган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ногиронлар жамиятлари билан ҳамкорлигимиз самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

 

Биз Сайловолди платформамизда имкон доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилаётган ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этишнинг, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш бўйича пухта механизмларни ишлаб чиқиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб олдик.

 

Шу билан бирга, биз йирик корхоналарда касаначилик бўйича иш ўринлари яратиш юзасидан мажбурий квоталар ўрнатиш орқали жисмоний имконияти чекланган инсонларни касаначилик меҳнатига жалб қилишни кенгайтириш устида иш олиб борамиз.

 

Партиямиз фикрича, ногиронлар бандлиги масаласининг самарали ҳал қилиниши уларни мамлакатимизда кечаётган демократик ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айлантирган ҳолда, ушбу инсонларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишда муҳим ўрин тутади.

 

Фуркат САГДУЛЛАЕВ, “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамиятининг бошқарма бошлиғи, ЎзХДП аъзоси:

 

– Президентимиз мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида хотин-қизларимизнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уларга имкон қадар қулай шарт-шароитлар яратиш, турмушини енгиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиб, жорий йил бошланишиданоқ 150 дан ортиқ гўзаллик салонлари, маиший техникаларни тузатиш шохобчалари, таъмирлаш ва тикув цехларидан иборат хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилгани турмуш маданиятини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилганини алоҳида эътироф этиб ўтди.

 

Ўзбекистон ХДП ушбу йўналишдаги комплекс чора-тадбирларни изчил давом эттириш лозимлигини қатъий таъкидлаган ҳолда, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича аниқ таклифларга эга. Хусусан, биз, минтақаларда ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётган аёллар бандлигини таъминлашнинг самарадорлигига эришиш ниятида янги иш ўринлари очилишини рағбатлантиришга йўналтирилган махсус минтақавий жамғармаларни тузишни рағбатлантиришни мақсад қилиб қўйдик.

 

Партиямизнинг фикрича, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш пировардида аёлларнинг жамиятдаги мавқеини ошириб, уларнинг мамлакатимиз тараққиётидаги иштирокини кенгайтиради. Шунинг учун ҳам биз истиқболда касаначилик меҳнатини ташкил этиш имкониятларидан самарали фойдаланиш, жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда аёллар жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда турли маслаҳат ва ўқув марказлари фаолиятини йўлга қўямиз.

 

Ўз навбатида, бандлик масаласи юзасидан бошқа сиёсий партиялар Сайловолди платформаларига эътибор қаратиб, шундай хулосага келиш мумкинки, аҳоли, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлашга сиёсий рақибларимиз ўз имкониятлари даражасида ёндашмаганлар. Ҳаттоки танлаган мафкуравий қарашлари пировардида минглаб янги иш ўринлари яратишга имкон бериши керак бўлган ЎзЛиДеП платформасининг асосий ғояси ўрта синф вакилларига эркинлик яратиш вазифасидангина иборат бўлиб, партия вакиллари томонидан мунтазам тилга олинадиган “комплекс ёндашув” белгилари кузатилмайди.

 

Тўғри, либераллар учун бу анъанавий ҳол бўлиши мумкин. Аммо юртимиздаги “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало, инсон учун, унинг манфаатлари учун”, деган ғоя нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, ўрта синф қатламига яратилаётган имконият фақатгина маълум гуруҳга эмас, балки умумдавлат ва умумжамият манфаатларига хизмат қилиши лозим.

 

Шунингдек, ғоявий шаклланишига кўра, консерватив анъаналарни акс эттирувчи “Миллий тикланиш” демократик партияси, биринчидан, янги иш ўринларини яратишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида туризмни асосий дастак қилиб олган бўлса, иккинчидан, “аҳолининг электорат қисми бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш”ни мақсад қилган. Фикримизча, партия сайловолди дастурини тузишда давлатнинг келгуси истиқболдаги ривожланиш йўналишларини ўзида акс эттириш масаласидан келиб чиқиб ёндашиши зарур. Аммо сиёсий рақибларимизда энг муҳим масалалардан бири бўлган бандлик бўйича аниқ вазифаларнинг камлиги ёки ноаниқлиги уларнинг платформасига нисбатан “бир ёқлама” деган хулоса билан ёндашишга асос бўлади, холос.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси эса келгусида ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурларининг асосий параметрларини ишлаб чиқишда фаол қатнашади ҳамда уларнинг жойларда ижро этилиши устидан самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини давом эттиради. Бу саъй-ҳаракатларимиз жамиятда боқимандалик кайфиятига барҳам беришга, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини оширишга, электоратимиз турмуш даражасини янада юксалтиришга хизмат қилади.

 

Ҳурматли юртдошлар, ушбу вазифаларни амалга ошириш учун сайловда партиямиз номзодларини қўллаб-қувватлаб овоз беринг!


Фирюза КУБАРЕВА

ёзиб олди,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

12694

17Декабрь 2014



Долзарб мавзулар