Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон халқи ― бахтли келажак учун

2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш жараёнига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни кузатиш бўйича миссиялари вакиллари, хорижий кузатувчилар, Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва хорижий журналистлар иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва давлат ҳокимиятининг маҳаллий вакиллик органларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.

 

2014 йилда парламент ва жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов сифат жиҳатидан янги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитда ўтказилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидан келиб чиқиб, шунингдек, 2009 йилги парламент сайловини ўтказиш амалиёти ҳисобга олинган ҳолда мамлакатимизнинг Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган тузатишларга мувофиқ, жаҳон амалиётида илк бор Марказий сайлов комиссиясига конституциявий орган мақоми берилди. Бу Марказий сайлов комиссиясининг бошқа ҳокимият органларининг ҳеч қандай аралашувисиз сайловларга тайёргарлик кўриши ва уларни ўтказишини таъминлайди.

 

Марказий сайлов комиссияси сайловни юксак демократик даражада ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда кенг кўламли тайёргарлик ишларини амалга оширди. 2014 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқди ҳамда тасдиқлади. Мазкур ҳужжатда барча тадбирларнинг аниқ вақти, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича муҳим талаблар ва мақсадли вазифалар белгиланди. Бу сайлов жараёнини юксак демократик даражада ташкил этиш, фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини тўлиқ амалга ошириши, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда сиёсий партияларнинг фаол иштирок этишини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш имконини берди. Сайлов тўғрисидаги қонунчилик қоидаларини сайловчиларга кенг тушунтириш, фуқароларни депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурлари, уларнинг ишчанлик ва ахлоқий фазилатлари билан таништириш, сайловчиларнинг сайловни ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнидан хабардорлигини ошириш бўйича самарали ишлар ташкил этилди.

 

2014 йилнинг 15 сентябрь куни мамлакатимиз парламенти қуйи палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов кампанияси бошланди. Брифинг иштирокчиларига 2014 йилги парламент сайловида Ўзбекистоннинг барча сиёсий партиялари иштирок этаётгани ҳақида маълум қилинди. Партияларнинг белгиланган муддатларда ўтказилган съезд ва қурултойларида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди. Рўйхатга олинган номзодларнинг умумий сони 535 кишини ташкил этди. Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 135, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 132, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 134 ва Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 134 номзод кўрсатилди. Депутатликка рўйхатга олинган номзодлар умумий сонининг 31,8 фоизи хотин-қизлардан иборат.

 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати сайловларда иккинчи маротаба иштирок этмоқда. Сайлов қонунчилигига мувофиқ Экологик ҳаракатга парламент қуйи палатасида 15 ўрин ажратилган. Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатларни сайлаш бўйича конференцияси 21 декабрь куни бўлиб ўтади.

 

Брифингда сайлов кампанияси доирасидаги барча тадбирлар қонунчиликка қатъий риоя қилинган ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилаётгани қайд этилди. Қонунчилик палатасига сайлов бўйича битта сайлов округида ўртача 154 минг сайловчи ҳисобга олинган ҳолда 135 сайлов округи, 9035 сайлов участкаси, шу жумладан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида 44 сайлов участкаси ташкил этилди. Ўтган йилларда сайлов кампаниясини ўтказишда тажрибага эга обрўли ва ҳурматга сазовор фуқаролардан иборат округ ва участка сайлов комиссиялари ташкил этилди. Сайловчилар сони ҳамда округ ва участка сайлов комиссияларининг шахсий таркиби тўғрисидаги барча маълумот кўрсатилган округлар ва участкалар рўйхати матбуотда эълон қилинди.

 

Сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сайлов қонунчилигидаги янгиликлар билан таништириш мақсадида улар учун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида туркум семинарлар ўтказилди. Айни пайтда барча сайлов участкалари сайловга тўлиқ тайёр. Сайлов участкалари барча зарур техника ва ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланган. Махсус ажратилган биноларда яширин овоз бериш кабиналари жиҳозланган, сайлов қутилари ўрнатилган. Участка сайлов комиссиялари томонидан сайловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилиб, унга 20,7 миллион фуқаронинг фамилияси киритилган. Барча сайловчилар овоз бериш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинди.

 

Қонунчиликка биноан сайлов куни ўз яшаш жойида бўлмайдиган сайловчилар муддатидан олдин овоз беришмоқда. Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, участка сайлов комиссияси овоз беришни улар турган жойда ташкил этади. Муддатидан олдин овоз бериш 2014 йилнинг 11 декабрида бошланган ва 19 декабрида тугайди.

 

2014 йилнинг 15 ноябридан сайлов кампаниясининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланди ва давом этмоқда. Сиёсий партиялар, депутатликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда кенг ва тенг имкониятлар яратилган. Сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун уларга давлат теле ва радиоканалларида бир хил эфир вақти ва босма оммавий ахборот воситаларида тенг босма майдони бепул ажратилди. Сиёсий партиялар вакиллари, депутатликка номзодларнинг чиқишлари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилмоқда.

 

Бундан ташқари, сиёсий партиялар вакиллари ва депутатликка номзодлар ўтказилаётган теледебатларда ўз фикр-мулоҳазаларини ҳимоя қилмоқда, жонли баҳслар олиб бормоқда. Теледебатлар ҳар ҳафта марказий ва ҳудудий телеканаллар, шунингдек, нодавлат телеканалларда ўтказилмоқда.

 

Интернет имкониятлари, хусусан, ижтимоий тармоқлар, сиёсий партиялар веб-сайтлари, шунингдек, интернет-нашрлардан кенг фойдаланилмоқда. Мухтасар айтганда, энг муносиб номзодларни сайлаш мақсадида сайловчиларни сиёсий партияларнинг сайловолди платформалари, депутатликка номзодларнинг келажакдаги фаолияти, шахсий фазилатлари билан таништириш учун барча зарур шароит яратилган.

 

Сиёсий партиялар сайловчилар билан бевосита учрашувларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайловолди ташвиқоти бошлангандан буён партиялар томонидан жами 10 мингдан ортиқ шундай учрашув ўтказилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ташвиқот сайлов қонунчилиги талабларига қатъий мувофиқ равишда фаол олиб борилмоқда.

 

Брифингда сайловнинг очиқ ва ошкоралиги кузатувчилар иштирокида таъминланаётгани таъкидланди. Бугунги кунда Ўзбекистонда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ва МДҲ кузатувчилар миссиялари фаолият олиб бормоқда. Яқин кунлар ичида уларга яна уч халқаро ташкилот – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилари ҳам қўшилади. Марказий сайлов комиссияси томонидан Осиё, Европа, Африка ва Американинг қарийб 40 давлатидан яна 300 нафарга яқин кузатувчи рўйхатга олинди. Бундан ташқари, округ сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчилари ва ваколатли вакилларига тегишли мандатлар топширилди.

 

Ўзбекистонда сайлов жараёнини кенг ёритишда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 340 нафардан зиёд вакили иштирок этмоқда. Уларни барча зарур ахборот материаллари билан таъминлаш учун 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика матбуот маркази, вилоят сайлов комиссиялари ҳузурида ҳам шундай марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларда брифинглар, матбуот анжуманлари, семинарлар ўтказилмоқда.

 

Марказий сайлов комиссияси республика матбуот марказида 21 декабрь куни соат 13.00, 17.00 ва 22.00 да ўтказиладиган брифингларда кенг жамоатчиликни овоз бериш жараёни ҳақида хабардор қилади. Эртаси куни эса сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

15591

17Декабрь 2014



Долзарб мавзулар