Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат – демократик жамият ифодаси

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда рўёбга чиқаришда уларнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонун, «Сиёсий партиялар тўғрисида», «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонунлар партияларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди. Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органларининг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши тамойили ҳамда ҳукуматга нисбатан ишончсизлик вотуми институтининг жорий этилиши сиёсий партияларнинг аҳамиятини янада оширди.

 

Президентимиз Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланмоқда.

 

Бугунги кунда сиёсий партиялар давлат ва жамият таянчига айланмоқда. Уларнинг ҳар бири сайловларда ютиб чиқиб, мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим роль ўйнашга интилмоқда.

 

21 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов арафасида бу жараён янада қизғин тус олмоқда. Шу кунларда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат, баҳс-мунозаралар авжига чиқмоқда. Ҳар бир сиёсий партия сайловчилар билан учрашувларда, оммавий ахборот воситалари орқали ўз ғоя ва мақсадларини илгари суриб, ижтимоий-иқтисодий дастурларини тарғиб этаётир.

 

Хўш, бу дастурлар халқимизга нима беради? Қайси сиёсий партия сайловга қандай ғоялар билан чиқмоқда?

 

Дилшод Шоумаров, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари:

 

– Бизнинг мақсадимиз – бу кўп укладли иқтисодиёт ва ривожланган бозор муносабатларига эга кучли фуқаролик жамиятини яратиш. Шунга кўра биз сайловларда иқтисодиётни бошқариш тизимини янада либераллаштириш, давлат бошқарув функциялари ва рухсат бериш тартиботларини янада қисқартиришни ёқлаб чиқяпмиз.

 

Бизнинг партиямиз парламентни демократик ва либерал ислоҳотларнинг ҳақиқий етакчи кучига айлантириш учун курашади.

 

Партия ўзининг кундалик ва парламент фаолиятида хусусий мулкнинг дахлсизлиги ҳақидаги конституциявий тамойилни ҳимоя қилади ва ҳаётга изчил татбиқ этади ҳамда иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, уни ишончли ҳимоя қилиш тизимини яратиш учун ҳаракат қилади.

 

Партия рақобатни ҳар томонлама рағбатлантириш ва ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларида монополия вужудга келишига йўл қўймаслик ва улар сонини максимал даражада қисқартириш тарафдоридир.

 

ЎзЛиДеП янги иш ўринлари яратиш масаласига мурожаат этар экан, бунда авваламбор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш лозим, деб ҳисоблайди.

 

Партиямиз соғлиқни сақлашнинг ўзини ижобий жиҳатдан намоён этган хусусий шаклларини амалиётга янада кенг жорий этиш, хусусий капитални жалб қилган ҳолда соғлом рақобат муҳитини яратиш ва шу орқали аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш тарафдори. Биз замонавий тиббиётнинг энг сўнгги ютуқларини амалиётга татбиқ этиш учун зарур чораларни кўрамиз.

 

Олий ўқув юртларининг ташкилий, институционал ва молиявий мустақиллигини ошириш, модул тизимини ўқув жараёнига киритиш ҳамда масофали таълим беришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш партиямизнинг бу соҳадаги вазифаларидандир.

 

Бизнинг фикримизча, уй-жой коммунал хўжалиги ва инфратузилмасини хусусий капитал учун жозибадор рақобат бозорига айлантириш, инновация ҳамда технологиялар маҳаллий кластерини – асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар, бошқарувчи компанияларни шакллантириш зарур.

 

Биз “Адолат” социал-демократик ва Халқ демократик партияларининг ижтимоий соҳани ривожлантириш учун барча юк ва масъулиятни давлат зиммасига юклаш тўғрисидаги қарашларига қаршимиз.

 

Абдукамол Раҳмонов, “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси ўринбосари:

 

– Мамлакатимизда аҳолини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар йили 1 миллионга яқин янги иш ўрни яратилмоқда.

 

Лекин янги ишга кирган кўплаб ходимлар ўз меҳнат ҳуқуқларини яхши билмайди ёки талаб қилмайди. Оқибатда иш берувчиларнинг меҳнатга яраша ҳақ тўламаслиги, ходимларни асоссиз равишда ишдан бўшатиш, уларни ижтимоий суғурта қилмаслик ҳоллари учрамоқда.

 

Шу сабабли партия ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни, шунингдек, меҳнат муносабатларини қонуний равишда расмийлаштирмагани, ижтимоий суғурта, пенсия таъминоти талабларига риоя қилмагани учун тадбиркорларнинг жавобгарлигини оширишни муҳим вазифа, деб ҳисоблайди.

 

Бундан ташқари, партиямиз коллежларда айни пайтдаги ва истиқболдаги бозор эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлашни ёқлаб чиқади.

 

Бизнинг фикримизча, ўрта махсус таълим тизимида гуманитар таълим йўналишларини (иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик) босқичма-босқич қисқартириб бориш ва шундан келиб чиққан ҳолда меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган ишлаб чиқариш мутахассислари (хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаси, аграр сектор, уй-жой комунал хўжалиги) тайёрлашни кенгайтириш лозим.

 

Келажакда биз аҳолини давлат органлари фаолиятидан кенг хабардор қилиш, бошқарувда ошкоралик ва ҳисобдорлик тамойилларини таъминлаш учун давлат ҳокимияти идораларининг очиқлиги устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишни режалаштирмоқдамиз.

 

Партиямизнинг соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга оид таклифлари ҳам бошқа сиёсий партиялар позицияларидан афзаллиги билан ажралиб туради. Масалан, ЎзЛиДеПнинг ижтимоий соҳага дахлдор аксарият таклифлари соғлиқни сақлаш соҳасини хусусийлаштириш билан боғлиқлигини инобатга олсак, уларнинг мақсади аҳоли саломатлигини яхшилашдан кўра, маълум доирадаги кишиларнинг фойда орттиришига кўмаклашишдан иборат бўлиб қолгандай туюлади.

 

Биз ўз саъй-ҳаракатларимизни соғлиқни сақлаш тизимининг давлат секторини мустаҳкамлаш, соғлом рақобат яратиш ва дори-дармонлар нархини пасайтириш омили сифатида давлат дорихона муассасалари тармоғини кенгайтириш, эҳтиёжни қоплайдиган ҳажмда давлат дорихоналари орқали аҳолини дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг қатъий олдини олиш учун курашамиз.

 

Жалолиддин Сафоев, “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари:

 

– Маънавий қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни, тарихий меросни асраб-авайлаш ва янада бойитишни таъминлайдиган жамият ҳаётини демократлаштириш, миллий тикланиш, Ватан тараққиёти ғояларини ривожлантириш, жамиятнинг ахлоқий ва маънавий асосларининг устуворлигини сиёсий муносабатлар тизимида сингдириш – партиямизнинг мақсадларидандир.

 

Партиямиз ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига ўз электорати, биринчи навбатда, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратади. Бандликнинг мавсумий ва мослашувчан шаклларини рағбатлантириш орқали қишлоқ жойларда бандликни кенгайтириш, кўп болали аёллар учун қулай бўлган қисқартирилган соатбай иш кунини жорий этишга ҳаракат қилади.

 

Биз туризм соҳасини жадал ривожлантиришга изчил эътибор қаратамиз. Туризм иқтисодиётнинг ривожланишини янада тезлаштирувчи омил сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади, қўшимча иш ўринлари яратилишига, иқтисодий фаол аҳолининг бандлигини оширишга, миллат фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади, иқтисодий фаолиятнинг ўзаро боғлиқ бўлган қатор тармоқлари, инфратузилманинг ривожланишига туртки бўлиб, янада оммавийлашади. Туризм айни пайтда фуқаролик жамиятининг маънавий асосларини шакллантириш ва маърифатнинг кучли воситаси бўлиб ҳам хизмат қилади.

 

Соғлиқни сақлаш масаласида партиямиз, бошқа партиялардан фарқли ўлароқ, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ғояларини тарғиб қилиш, спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни янада яхшилаш ва аҳолини оммавий спортга кенг жалб қилиш муҳим, деб ҳисоблайди.

 

Биз ўз олдимизга халқимизни, аввало, ёшларимизни «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан асрашни мақсад қилиб қўйганмиз. Уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, шу мақсадга қаратилган кўрсатув ва эшиттиришларни уюштириш, ёшларни ахборот-ресурс марказларига жалб этиш, ўқувчиларнинг мамлакатимиздаги маданий-тарихий ёдгорлик масканларига оммавий ташрифини ташкил этиш, театрларда очиқ эшиклар кунлари ўтказиш, ёшларга Ўзбекистон тарихи ва маданияти тўғрисида кенг маълумот берадиган кўргазмаларни кўпайтириш зарур деб ҳисоблаймиз.

 

Партия фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатини кенгайтириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мустақиллигини таъминлаш, айниқса, эзгу урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантиришдаги фаолияти самарадорлигини ошириш тарафдоридир.

 

Шарбат Абдуллаева, Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши раиси ўринбосари:

 

– Бизнинг партия бозорнинг иқтисодиётдаги чекланмаган ҳокимияти тўғрисидаги ғояларга қарши чиқади. Биз давлатнинг иқтисодиёт, турли ижтимоий соҳалар, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламлари муаммоларини ҳал қилишдаги ролини сақлаш ва кучайтириш тарафдоримиз.

 

Сайловолди платформамизда аҳоли, биринчи навбатда, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратганмиз. Коллеж битирувчиларининг якка тартибдаги меҳнат фаолиятини рағбатлантириш, уларга ўз фаолиятини бошлаш учун имтиёзли микрокредитлар тақдим этиш, улар томонидан ташкил этилаётган тадбиркорлик тузилмаларини рўйхатдан ўтказиш пайтида ўрнатилган йиғим ва божлардан озод қилиш таклифини илгари суряпмиз.

 

Фақат бизнинг партиямиз ногиронларнинг ижтимоий мослашувини янада кенгайтириш масаласини кўтариб чиқмоқда. Уларнинг меҳнат қилиши учун ихтисослаштирилган корхоналар ташкил этиш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил қилиш бўйича мажбурий квоталар белгилашга ҳаракат қилмоқда. Биз аҳоли пунктлари, бино ва иншоотларни ногиронлар учун мослаштирган ҳолда лойиҳалаштириш, уларнинг ижтимоий объектлардан, транспортдан бемалол фойдаланишлари учун шароитларни яхшилаш масаласини кўтариб чиқмоқдамиз.

 

Биз кам таъминланган аҳоли қатламларини ҳимоя қилар эканмиз, хизмат кўрсатадиган транспорт тизимини, тежамкор ер усти транспорти турларини ривожлантириш учун инфратузилмани яхшилаш, жумладан, велосипед йўлаклари қуриш ва бошқа қулайликлар яратиш учун барча чораларни кўрамиз.

 

Халқ демократик партияси ўзининг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари орқали аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига малакали тиббий-санитария ёрдами ва асосий тиббий хизматларни бепул кўрсатиш билан боғлиқ тегишли қонунлар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан тизимли депутатлик назоратини ўрнатишни мўлжаллаяпти. Партия фармацевтика корхоналари ва дорихоналар томонидан дори воситалари ҳамда тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтириш лозим, деб билади.

 

Партиямиз кўп болали, кам таъминланган оилаларнинг тўлов-контракт асосида ўқиётган фарзандлари учун имтиёзли таълим кредитлари бериш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхона ва ташкилотларнинг ушбу корхоналар эҳтиёж сезган мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш учун олий ўқув юртларига грантлар ажратишларини қўшимча рағбатлантириш зарур, деб ҳисоблайди.

 

* * *

Юқоридаги фикр-мулоҳазалардан кўриниб турибдики, ҳар бир сиёсий партия муҳим ижтимоий масалалар бўйича ўз позициясига эга ва уни қатъий ҳимоя қилмоқда. Бундай баҳс-мунозаралар сайловчилар билан учрашувларда, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларда, ҳар бир овоз учун кечаётган кескин рақобатда намоён бўлмоқда. Қайси сиёсий партиянинг ғоя ва мақсадлари асосли ва самарали, аҳоли манфаатларига нақадар мос ва мақбул эканини халқ баҳолайди.

 

Анвар Самадов, ЎзА

9421

17Декабрь 2014



Долзарб мавзулар