Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Асосий мақсадимиз – Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига эришиш

Сайловчилар ўз танловини амалга ошириши ва шу билан бирга, мамлакатимиз ҳамда жамиятимизни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, жорий сайлов кампанияси иштирокчилари томонидан таклиф этилган мақсадларга эришиш йўлларини белгилашига саноқли кунлар қолди.

 

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Ўзбекистонни қудратли ва мустақил, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари энг олий қадрият саналган демократик ривожланган мамлакат сифатида кўради. Партия ғоялари ва уларни ҳаётга жорий қилиш бўйича амалий таклифлари фақат халқ қўллаб-қувватлаши билан амалга ошириш мумкин бўлган истиқболга қаратилган катта дастурдир.

 

Сайловчилар овозини олиш борасида бажарилган ишларимизга якун ясар эканмиз, авваламбор, шуни таъкидлаш лозимки, биз мамлакатимиз келажаги учун чин юракдан қайғурамиз ва унинг ривожланиш суръатларини жадаллаштириш, ҳар биримизнинг ҳаётимизни янада яхшилашга хизмат қила оладиган лойиҳаларни илгари сурамиз.

 

ЎзЛиДеП учун мазкур сайлов кампанияси партиянинг етуклиги ва электорат ишончига қаратилган яна бир синовдир. Мазкур сайловлар мутлақо ўзга бир шароитларда ўтмоқда. Улар 2009 йилдаги парламент сайловларидан принципиал жиҳатдан фарқ қилади. Авваламбор, сайлов жараёнларига конституциявий ислоҳотлар, шу жумладан, жорий йил апрель ойида Асосий Қонунимизнинг 117-моддасига киритилган, хусусан, Марказий сайлов комиссиясини демократик шакллантиришнинг мустақил тизими ҳамда унинг фаолияти асосий принциплари – мустақиллиги, қонунийлиги, коллегиаллиги, ошкоралиги ва адолатлилигини мустаҳкамловчи тузатишлар ўз таъсирини кўрсатди.

 

Бошқа сиёсий партиялар қатори ЎзЛиДеП ва унинг номзодлари қонунчиликда белгиланган барча сайловолди ташвиқот шакллари – дебатлар, баҳс-мунозаралар, интервью, чиқишлар, сайловчилар билан учрашувлар, депутатликка номзодлар, сиёсий партиялар ҳақида роликлар жойлаштириш ҳамда бошқалардан максимал даражада фойдаланмоқда.

 

Жумладан, ЎзЛиДеП ҳокимиятнинг вакиллик органларига депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотини ўтказиш учун марказий ва ҳудудий давлат ҳамда нодавлат телерадиоканалларида тақдим этилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланди. Хусусан, фақат “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” телерадиоканалларининг ўзида 80 маротабадан зиёд партиянинг 5 дақиқали ва 15 дақиқали тарғибот-ташвиқот кўрсатувлари эфирга узатилди. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, телерадиоканалларда доимий тарзда сиёсий партияларнинг сайловолди роликлари намойиш этилмоқда, дебатлар ва баҳс-мунозаралар ташкил қилинмоқда. “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида ЎзЛиДеПдан парламент депутатлигига номзодларнинг 30 дан ортиқ босма материаллари чоп этилди.

 

2009 йилги сайловдан фарқли равишда, биз ЎзЛиДеП ва унинг номзодлари сайловолди тарғибот материалларини кенг тарқатиш мақсадида интернет тармоғи имкониятларидан янада фаол фойдалана олдик.

 

Пойтахтимиз марказий кўчаларида, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар марказларида ЎзЛиДеП логотипи, сайловолди шиорлари ҳамда номзодлари учун овоз беришга чақирувчи реклама баннерлари ўрнатилди. Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодларимиз сайловолди ташвиқотини ташкил этиш учун ажратилган маблағга 8 миллиондан зиёд босма ва кўргазмавий тарғибот материаллари – плакатлар, варақалар ҳамда бошқа материалларни чоп эттирдик ва тарқатдик. Бутун республика бўйича 9 мингдан ортиқни ташкил этадиган барча сайлов участкаси партия ҳақидаги материаллар билан тўла-тўкис таъминланган. Жойларда сайловчилар билан 20 мингдан зиёд учрашувлар ўтказилди. Уларда 8 миллион нафардан ортиқ юртдошимиз иштирок этди.

 

Ушбу учрашувлар электорат дунёқараши тубдан ўзгарганини, аҳолида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ён-атрофда юз бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайганини кўрсатди. Одамлар янги чақириқ парламентига ва маҳаллий Кенгашларга сайланаётган депутатларга катта умид билан қарамоқда. Ўз навбатида, номзодларимиз халқ вакиллари масъулиятини ўз зиммасига олишга, халқ манфаатлари ҳамда ташвишлари билан яшашга, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганишга, фидойи ва ташаббускор бўлишга тайёр.

 

Шу ўринда яна бир бор Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасига алоҳида эътибор қаратишни истардик. Маърузада бўлажак сайловларга оид баён этилган ғоялар ва тавсиялар сайлов кампанияси жараёнларига, ЎзЛиДеП ва номзодларимиз сайловолди фаолиятига янгича мазмун-моҳият ҳамда жойларда сайловчилар билан ўтаётган ҳар бир учрашувга кўтаринки руҳ бағишламоқда.

 

Иқтисодиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш масалалари давлатимиз раҳбари диққат-эътиборида бўлиб қолмоқда.

 

Ушбу сайловларга қадам қўяр эканмиз, ЎзЛиДеП бундан кейин ҳам мулкдорлар синфи манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилишни фаол давом эттиради. Чунки бизнинг қатъий фикримизча, айнан мана шу ижтимоий гуруҳ энг ижтимоий фаол ва иқтисодий мустақил ҳисобланади. У мамлакатимиз моддий ва маънавий бойликларини яратиш ҳамда ривожлантиришда катта роль ўйнайди, фуқаролик жамиятининг таянчи ва асоси, ислоҳотчилик ғояларининг тарғиботчиси ҳамда амалга оширувчисидир. Булар амалий ташкилотчилик тажрибасига эга, ўзининг қадамларини олдиндан белгиловчи ва уларнинг оқибатлари учун жавоб берувчи инсонлар қатламидир.

 

Сайловолди платформамизда яқин беш йил учун қатор устувор йўналишларни белгилаб олганмиз. Уларнинг орасида давлат ва жамият ҳаётини ҳар томонлама либераллаштириш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларни бартараф этиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда рақобатни ҳар томонлама равнақ топтириш асосий ғоялар бўлиб қолаверади.

 

Сайловолди платформамизнинг иқтисодий йўналишида макроиқтисодий барқарорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда барқарор иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш учун бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш бўйича ғоялар илгари сурилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, шахсий ташаббусни амалга ошириш учун ҳар томонлама қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш бўйича ишларни давом эттириш ҳам зарур, деб ҳисоблаймиз.

 

Мамлакатимиз иқтисодиётини ҳар томонлама янада муваффақиятли ривожлантириш учун инвестицияларни жалб қилиш жараёнини фаоллаштириш керак. Мамлакатимизда таркибий ўзгаришлар, иқтисодиётни модернизация қилиш ва диверсификациялаш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш борасида бошланган ишларни давом эттириш лозим.

 

Тадбиркорликни, фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқда кучли реал мулкдорлар синфини шакллантириш асосида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш даркор.

 

Ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар йўналиши ҳақида гап борганда, партия, авваламбор, мамлакатимиз парламентини демократик ва либерал ислоҳотларнинг реал ташаббускорига айлантириш ғоясини илгари сурмоқда. Партия марказий давлат органларининг қатор ваколатлари, вазифаларини маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда жамоат тузилмаларига изчил ва босқичма-босқич ўтказиш тарафдоридир.

 

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, биз судларда тадбиркорлар, фермерлар ва мулкдорларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, жазоларни либераллаштириш, ҳуқуқий низоларни ҳал этишнинг суддан ташқари шаклларини кенг жорий қилиш тарафдоримиз.

 

Ижтимоий масалаларга ҳам тўхталиб ўтамиз. Партиянинг асосий вазифаларидан бири аёллар ва ёшларнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ролини ошириш, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга қаратилган интилишларни қўллаб-қувватлашдир.

 

Таъкидлаш зарурки, ЎзЛиДеП ва унинг Сайловолди платформасига нисбатан, фикримизча, “Адолат” СДП, ЎзХДП ва “Миллий тикланиш” ДП томонидан асоссиз танқид билдирилди. Жумладан, бу давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида, олий ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида рақобатни ривожлантиришга, хўжалик низоларини ҳал этишнинг суддан ташқари ва судгача механизмлари, иқтисодиётда давлат ролини камайтириш, хусусий мулк устуворлигини таъминлашга доир позициямизга қаратилди. Биз ушбу танқидга депутатликка номзодларимиз чиқишлари ва мақолаларида жавоб бердик ва шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

 

Аввало, биз ЎзХДП ва “Адолат” СДПнинг давлатнинг иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги тартибга солиш ролини янада кучайтириш лозимлиги тўғрисидаги фикрларига қўшилмаймиз. Фикримизча, мазкур қарашлар улар томонидан Ўзбекистонда кучли ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича билдирилган таклифларга зид. Эслатиб ўтамизки, фуқаролик жамиятида давлатнинг асосий вазифаси стратегияни белгилаш ва унинг ижросини назорат қилиш ҳисобланади. Давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари эса фақатгина энг муҳим умуммиллий вазифаларни амалга оширади.

 

Бундан ташқари, ЎзХДПнинг қайд этишига кўра, унинг Сайловолди дастурида имкон доирасида меҳнат билан банд бўлишга ҳаракат қилаётган ногиронларнинг ижтимоий мослашувини таъминлаш мақсадида ногиронлар меҳнат қилиши учун ихтисослаштирилган корхоналарни ташкил этишнинг, жумладан, ушбу мақсадда давлатнинг марказлашган сармоялари ҳисобидан бундай корхоналар тармоғини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган. Қачонгача ҳамма нарсани давлат зиммасига юклаш мумкин?! Ахир мамлакатимизда мулкдорларнинг, фуқароларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш йўли танланган-ку.

 

Иккинчидан, юқорида кўрсатилган иккита партия ҳам, “Миллий тикланиш” ДП ҳам сайловчилар ҳукмига ўзлари гўёки қайғураётган фуқаролик жамияти иқтисодий асосларини шакллантириш бўйича, озми-кўпми бўлса-да, жиддий иқтисодий дастурларни тақдим эта олмади. Улар нимаики таклиф қилаётган бўлса, барчаси бизнеснинг бюджетни тўлдириш, иш ўринлари яратиш ва ҳоказолардаги масъулиятини оширишга қаратилаяпти, холос.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Миллий тикланиш” ДП томонидан бизга нисбатан Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш ғояси ЎзЛиДеП сиёсий майдонга чиқишидан анча олдин пайдо бўлгани тўғрисидаги “маломатлар” қилинди. Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг мазкур ғояси мамлакатимизда янги ижтимоий қатлам – мулкдорларнинг ўрта синфи вужудга келишига олиб келганини тан оламиз. Партиямиз айнан мана шу синфни қўллаб-қувватлаш ва манфаатларини илгари суриш учун сиёсий куч сифатида жипслашган.

 

Учинчидан, биз рақибларимизнинг ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий соҳаларда рақобатни ривожлантиришга доир фикрлари билан келиша олмаймиз. Ишбилармонлик, шахсий ташаббуслар учун ҳар томонлама йўл очиш ва бошқа масалаларга асосланган рақобат – нафақат иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи, балки жамиятнинг жадал ва барқарор тараққий топиши имкониятидир. Шу нуқтаи назардан яна бир марта, айниқса, миллий-маънавий тикланиш ғоясини илгари сураётган “Миллий тикланиш” ДПга эслатиб ўтмоқчимизки, тадбиркорлик – аждодларимиз қонида бўлган ва жамиятда ҳамиша эъзозлаб келинган.

 

Тўртинчидан, “Миллий тикланиш” ДПнинг Сайловолди платформасини ўрганиб чиқар эканмиз, шуни қайд этиш мумкинки, у озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш тарафдори. Лекин партияда фермерликни ривожлантириш бўйича ғоя йўқ. Шундай экан, фермерликни равнақ топтирмай, аграр соҳада ислоҳотларни чуқурлаштирмай туриб, ушбу вазифаларни қандай бажариш мумкин? Бошқача айтганда, партия илгари сураётган вазифаларга эришишнинг амалий механизмлари мустаҳкамланмаган.

 

Рақибларимиз томонидан ЎзЛиДеП Сайловолди платформаси юзасидан билдирилган бошқа танқидларга нисбатан ҳам шундай далилларни келтириб ўтиш мумкин.

 

Умуман, дунё иқтисодиёти тенденциялари, глобаллашув жараёнлари, жаҳон ва атрофимизда содир бўлаётган вазиятни ўрганиш, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози салбий асоратларига қарши курашиш ва бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган ҳамда дунёда тан олинган Ўзбекистон тажрибаси бизнинг таклифларимиз ҳар томонлама тўғри эканини кўрсатмоқда.

 

Партиямиз асосий мақсадимиз – Ўзбекистоннинг ривожланган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга эришиш йўлида ҳар доим пешқадамлар қаторида бўлади. Шу боис биз яна бир бор азиз сайловчиларимизни ўз амалий ва аниқ ишлари билан сизнинг манфаатларингизни самарали ҳимоя қилиш, билдирилган ишончингизни оқлаш учун барча куч ва имкониятларини сафарбар этишга қодир бўлган ЎзЛиДеП номзодларига овоз беришга чақирамиз.

 

Содиқжон ТУРДИЕВ,

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси.

14521

18Декабрь 2014



Долзарб мавзулар