Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Фуқаролар ҳаёти учун қулай шароитлар яратиш – устувор вазифамиз

Мамлакатимизда демократиянинг энг муҳим ифодаси ҳисобланган сайлов кампанияси давом этмоқда. Сиёсий партиялар учун сўнгги йиллардаги фаолиятига холис баҳо берадиган ўзига хос синовга жуда кам муддат қолмоқда.

 

Эътироф этиш лозимки, жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилади.

 

Чунки Президентимиз томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини янада демократлаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирлар фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини адолатлилик, очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик принциплари асосида самарали рўёбга чиқариш, уларга сайловда эркин иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, сиёсий партияларга сайлов кампанияси давомида кенг ва тенг имкониятлар яратиб беришга хизмат қилмоқда.

 

Бугун биз телевидение ҳамда радиодаги чиқишларда, газета ва журналларда чоп этилаётган мақолаларда ўзимизнинг устувор ғоя ҳамда қарашларимизни очиқ, ошкора, эркин, ҳеч қандай чекловларсиз ва тенг шароитларда сайловолди ташвиқотини олиб бораяпмиз. Бу сайлов кампанияси миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилаётганини кўрсатиб турибди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда жойлардаги ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этиши билан боғлиқ барча ташкилий масалалар юқори савияда йўлга қўйилган. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу муҳим сиёсий тадбирда аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга, жамоатчилик назоратини ўрнатишга катта ҳисса қўшмоқда.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг депутатликка номзодлари ҳам яратилган барча имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига, бўлажак сайловларда уларнинг овозини олишга қаратилган фаол сайловолди ташвиқотини амалга ошириб келмоқда.

 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, партиямиз сайлов кампаниясига кирар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига жами 5924 нафар номзод кўрсатилди. Партиямиздан депутатликка кўрсатилган номзодларнинг 34 фоизини хотин-қизлар, 11 фоизини эса ёшлар ташкил этаётганлиги ҳам эътиборга молик, деб ўйлаймиз.

 

Партиямизнинг республика даражасида Сиёсий кенгаши Марказий сайлов штаби, 14 та ҳудудий сайлов штаби ва 193 та туман, шаҳар сайлов штаблари сайлов кампаниясини уюшқоқлик билан ўтказишимизда таянч тузилмалар вазифасини ўтамоқда.

 

Айни пайтда якунига етиб бораётган сайловнинг энг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти натижаларини таҳлил этар эканмиз, биз унинг барча замонавий шакл ва услубларидан кенг фойдаланишга ҳаракат қилдик.

 

Буни рақамлар билан ифодалайдиган бўлсак, ушбу даврда биргина республика марказий нашрлари учун ажратилган нашр майдонларидан Сайловолди платформасининг асосий йўналишларини очиб берувчи ҳамда партия ва унинг номзодлари ташвиқотига бағишланган 30 дан ортиқ, маҳаллий босма нашрларда 500 дан зиёд мақола эълон қилинди. Шу билан бирга, партиямиз расмий нашри “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида ҳам дастурий ғояларимизнинг асосий йўналишлари, депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларига доир 60 дан ортиқ мақолалар эълон қилинди.

 

Сайловолди ташвиқоти жараёнида партиямиз замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, хусусан, глобал интернет тармоғи имкониятидан ҳам унумли фойдаланиб келмоқда. Масалан, шу кунга қадар партия расмий веб-сайти (www.adolat.uz)да партия ташкилотлари ҳамда унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти давридаги фуқаролар билан учрашувларига доир 200 га яқин янгилик ва мақолалар эълон қилинган бўлса, республика ахборот агентликлари сайтлари ҳамда бошқа ахборот порталларида ҳам депутатликка номзодларимиз ташвиқотига бағишланган 100 дан ортиқ мақолалар эълон қилинди.

 

Айни даврда марказий ҳамда ҳудудий телерадиоканалларда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий ғояларини, мақсад-вазифаларини тарғиб этувчи ижтимоий роликлар ҳам намойиш этилмоқда. Қолаверса, ушбу роликлар партиямиз веб-сайтига ҳам жойлаштирилган.

 

Айниқса, депутатликка номзодларимизнинг жойларда сайловчилар билан бевосита учрашувлари, улар билан юзма-юз мулоқотлари ҳар жиҳатдан самарали бўлмоқда. Шу кунга қадар жойларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан кўрсатилган номзодлар томонидан сайловчилар билан 2 мингдан ортиқ учрашув ташкил этилиб, уларда 500 мингдан зиёд киши иштирок этган бўлса, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига кўрсатилган номзодларимизнинг сайловчилар билан 30 мингга яқин учрашувларида 3 миллиондан ортиқ иштирокчилар қамраб олинди.

 

Бундан ташқари, марказда ва ҳудудларда кўзга кўринадиган жойларда партиямиз баннерлари, депутатликка номзодларимиз плакатлари жойлаштирилган.

 

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси бизнинг сайловолди ташвиқотимизни ўзгача мазмун билан тўлдирди ва номзодларимизнинг сайлов округларидаги фаолиятини сезиларли даражада фаоллаштирди.

 

Маърузада қайд этилганидек, депутатлар халқ дарди билан яшаши, жойларда мавжуд муаммоларни олдиндан англаб уларнинг ечимини топишда фидойи бўлишлари ва ташаббус кўрсатишлари, аҳоли манфаатларини рўёбга чиқаришда у билан ҳамнафас бўлишга эришишлари лозим, деб айтган пурмаъно сўзлари бизни янада фаолроқ ва шижоатлироқ бўлишга ундамоқда.

 

Бугун биз сайловолди кампаниясига маълум маънода якун ясаяпмиз. Бунда яна бир бор шуни ишонч билан айтишимиз мумкинки, одамларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва кайфияти тубдан ўзгариб, уларнинг ён-атрофимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси, эртанги кунга муносабати ва ишончи тобора мустаҳкамланиб, сиёсий-ҳуқуқий маданияти ошиб бормоқда. Буни жойларда депутатликка номзодларимизнинг сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларида улар тегишли ҳудудларнинг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини дадил кўтариб чиқаётгани, аниқ саволларга аниқ жавобларни талаб қилаётгани ва ҳатто, сиёсий партияларнинг позициялари, дастурий ғояларининг бир-биридан фарқини тўла англаган ҳолда, номзодларга амалий таклифлар билан чиқаётганликларида кўриш мумкин. Бошқа сиёсий партиялар дастурларига нисбатан шуни қайд этишни истардикки, сиёсий рақобатчиларимизнинг айрим ғоялари сайловолди ташвиқоти давомида ишончли бўлмагани, етарли даражада асослаб берилмагани туфайли сайловчилар томонидан кутилган даражада қўллаб-қувватланмади.

 

Масалан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сайловолди платформасида хусусий мулкнинг алоҳида аҳамияти ғояси сингдирилган бўлиб, у эркинликнинг энг муҳим кафолати ва фуқаролар ҳимояланганлигининг асоси сифатида бир томонлама талқин қилинмоқда. Албатта, хусусий мулк инсоннинг иқтисодий эркинлиги воситаси саналади, лекин, бизнингча, хусусий мулк инсоннинг фундаментал ҳамда табиий ҳуқуқ ва эркинликларидан устун қўйилиши билан келишиб бўлмайди. Қолаверса, партия ижтимоий соҳага дахлдор масалаларга ҳам тадбиркорлик нуқтаи назаридан ёндашмоқда. Бизнингча, айнан ушбу соҳаларда давлатнинг роли устувор бўлиши зарур.

 

Кучли ижтимоий сиёсат ҳимоячиси сифатида ўз ўрнини белгилайдиган Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан илгари сурилаётган аксарият таклифлар ҳам умумий характерга эга бўлиб, амалга ошириш амримаҳол бўлган механизмларга асосланади. Масалан, партия бир маротаба вақтинча иш билан банд бўлган шахслар қонуний фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг пенсия билан таъминланиши ва ижтимоий суғурта масаласи билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Аммо партия, кўплаб сайловчилар ҳақли равишда қайд этганидек, ушбу долзарб масалани қандай ечиш механизмини таклиф этмаган.

 

Ажабланарлиси, касбий малака, доимий иш жойи ва маошга эга бўлмаган ёлланма ишчилар, банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган инсонлар манфаатларини ҳимоя қилишга бел боғлаган ЎзХДП ушбу мақсадларни амалга ошириш учун бу соҳага доир айтарли бирорта асосли таклиф бера олмаган.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди платформаси ҳам ҳаддан ташқари консерватив қарашлар ҳамда бир-бирига зид мақсадлардан иборат. Масалан, партия Ўзбекистоннинг жаҳондаги иқтисодий ва индустриал жиҳатдан ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этишини таъкидлаган. Айни пайтда унинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга эксклюзив имтиёз ва преференциялар тақдим қилишга қаратилган позицияси, ўз навбатида, мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий интеграциясига фаол равишда кириб боришига тўсқинлик қилади. Бизнинг фикримизча, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва хориж капитали асосида фаолият юритаётган корхоналар ўзаро тенг рақобат муносабатлари шароитида ишлаши керак, бу уларнинг фаолиятида самарадорликни оширишга рағбатлантирувчи омил бўлади.

 

Албатта, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди платформаси ҳам муайян камчиликлардан холи эмас. Бунга, аввало, сайловчиларимиз, қолаверса рақобатчиларимиз баҳо бериши мумкин. Аммо бизнинг ғояларимиз жамиятдаги барча ижтимоий қатламлар манфаатларига мос келадиган инсонпарварлик, адолатлилик ва ижтимоий тенглик тамойилларига асосланиши билан жозибадордир. Биз инсон манфаатларини олий қадрият, деб ҳисоблаймиз ва уни рўёбга чиқариш учун қонун устуворлиги тамойилини илгари сурамиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП ижтимоий ҳаётни янада демократлаштириш, аҳолини давлат органлари фаолияти ҳақида янада кенг хабардор қилиш, улар фаолиятида ошкоралик ва очиқликни, шу жумладан, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини фаол жалб этиш орқали таъминлаш тарафдоридир.

 

Партиямиз давлат бундан кейин ҳам инсоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишининг ишончли кафолати бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблайди. Бунда ҳар кимнинг эркин иш танлаш, адолатли меҳнат шароитлари, малакали тиббий хизмат ва бошқа ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда шу орқали аҳоли турмуши учун қулай шароитлар яратиш партия фаолиятининг асосий устувор йўналиши сифатида белгилаб олинди.

 

Партия ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг давлат тузилмалари билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини изчил равишда такомиллаштириб бориш тарафдори саналади. Биз, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоат назоратини кучайтиришга интиламиз.

 

Биз ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти тарафдори сифатида ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини ёқлаймиз.

 

Партия ижтимоий сиёсатни қўллаб-қувватлаш орқали давлат ижтимоий дастурларини бажаришда фаол иштирок этади. Биз ўзимизни ижтимоий адолат тамойилини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлашга қодир куч, деб биламиз.

 

Ушбу мақсадларимизни амалга ошириш учун давлат ҳокимияти вакиллик органларининг барча даражаларига ташаббускорлиги ва ўз амалий ишлари билан ажралиб турган, энг муҳими, халқ вакили номига сазовор бўлишнинг юксак масъулиятини ҳис эта оладиган номзодларни депутатликка кўрсата олдик.

 

Бизнинг номзодларимиз нафақат сиёсий рақобатга, балки тегишли вакиллик органларига сайлангандан кейин электоратимиз манфаатларини қатъий ҳимоя қилишга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги фаолиятига, маҳаллий Кенгашларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросида фаол иштирок этишга ҳар жиҳатдан тайёр, деб айтишимиз мумкин.

 

Азиз юртдошлар! Фақат сизнинг фаоллигингиз ва танловингиз билан биз кучли депутатлик корпусини шакллантира оламиз. Бу эса бизга ҳокимиятнинг вакиллик органларида айнан сизнинг манфаатларингизни илгари суриш имкониятини яратади.

Биз ўз халқимиз ва Ватанимиз учун сидқидилдан хизмат қилишни олий бахт, деб биламиз. Барчангизни “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари учун овоз беришга чақирамиз.

 

Наримон УМАРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси.

11674

18Декабрь 2014



Долзарб мавзулар