Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолиятидаги муҳим босқич

Бундан олти йил аввал ташкил этилган Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳозирги кунда юртимизда фаолият юритаётган кўзга кўринган жамоат ташкилотларидан бирига айланди.

 

Атроф-муҳит муҳофазаси ва экологик ҳолатни соғломлаштириш ишида кенг жамоатчилик иштироки фаоллигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, халқаро ва хорижий экологик ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш Ўзбекистон экологик ҳаракатининг устувор мақсадларидан ҳисобланади.

 

Бу борада экология соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш механизмларини ривожлантириш Экоҳаракатнинг асосий вазифаларидан биридир.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракати ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари гуруҳи “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги” ғоясини асосий шиори, деб билади ва атроф-муҳит муҳофазаси, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасида режали асосда кенг қамровли ишларни бажармоқда. Ташкилот ўз фаолияти давомида марказда ва жойларда ҳамда хорижда 4050 та амалий тадбир ўтказди ва уларда икки миллиондан зиёд жамоатчилик вакиллари қатнашди. Шулардан мингдан ортиқ назорат-таҳлил ва амалий тадбирлар Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан амалга оширилди.

 

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ, Экоҳаракат депутатлари гуруҳи томонидан қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил, ташкилий-амалий тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Депутатлар гуруҳи аъзолари томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, соғлиқни сақлаш соҳасида 90 га яқин қонун ҳужжатлари, 150 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Германия, Япония, Франция, Италия, Бельгия, Швейцария, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси каби давлатларнинг жабҳага оид қонун ҳужжатлари ва тажрибаси ўрганилди.

 

Депутатлар гуруҳи қонун ижодкорлиги фаолиятининг самарадорлигини улар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида киритилган бир қатор қонун ҳужжатлари ҳаётга татбиқ этилгани мисолида кўриш мумкин. Жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан амалдаги 15 та қонун ҳужжати такомиллаштирилди. “Ўзбекистон Республикасининг “Радиациявий хавфсизлик тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиб, қабул қилинди.

 

Ҳозирги кунда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида “Қайта тикланувчан энергия манбалари тўғрисида”ги янги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Аҳолининг санитар-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги, шунингдек, янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳамда бошқа қонун лойиҳаларини тайёрлаш устида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

 

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда бевосита иштирок этиш, қонун ҳужжатлари ва давлат миқёсидаги бошқа қарорлар марказда ҳамда жойларда тўлиқ ижро этилишига самарали таъсир ўтказишда Экоҳаракатнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги вакиллари муҳим ўрин эгалламоқда.


Экоҳаракатга ушбу имкониятлар мамлакатимизнинг демократик ривожланиш йўлидаги фаолиятини янада жадаллаштириш ҳамда кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган нормаларни ўзида ифода этган бир қатор қонун ҳужжатларининг, шу жумладан, 2008 йилнинг 25 декабрида қабул қилинган “Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши билан яратилди.

 

Мазкур Қонун билан Конституцияга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сонини бир юз йигирматадан бир юз элликтага кўпайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилди. Шулардан ўн бешта депутатлик ўрни экология ва соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият юритаётган олимларни, мутахассисларни, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини бирлаштирган жамоат ташкилоти – Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари учун ажратилди. Мамлакатимизнинг Асосий Қонуни ҳамда тегишли бошқа қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини босқичма-босқич либераллаштириш ва демократлаштириш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон экологик ҳаракати сиёсий ташкилот ҳисобланмайди. Унинг асосий мақсади мамлакатнинг барча аҳолиси манфаатлари учун бирдек дахлдор бўлган атроф-муҳит муҳофазаси ва инсон саломатлигини сақлаш масалалари билан шуғулланишга йўналтирилган.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракатига квота асосида 15 нафар депутатни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлаш ҳуқуқининг берилиши давлатимиз томонидан Ўзбекистон фуқаролари ҳамда келажак авлоднинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини кафолатлаш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил чоралардан ҳисобланади.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга кўра, Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасининг ўн беш нафар депутати мазкур ҳаракатнинг олий органи (Конференция) томонидан Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган муддатларда сайланади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш тартиби ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатасига депутатлар сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш очиқ ҳамда ошкора амалга оширилади.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида белгилаб берилган Ўзбeкистондa сaйлов ҳуқуқи эркинлигини тaъминлaш вa сaйлов қонунчилигини ривожлaнтириш йўналиши асосида бир қатор янгиланишлар амалга оширилгани бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомига айланди. Хусусан, шу асосда “Ўзбeкистон Рeспубликaси Олий Мaжлисигa сaйлов тўғрисидa”ги Қонун такомиллаштирилиб, жумладан, унга Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш бўйича Ўзбекистон экологик ҳаракатининг конференциясида кузaтувчилaрнинг ҳозир бўлиш ҳуқуқини бeлгилaб бeрувчи қўшимчa норма киритилди. Бу эса Экоҳаракатдан Қонунчилик палатаси депутатлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда транспарентлик принципини янада кенг рўёбга чиқаришга қаратилгани билан долзарбдир. Ўзбекистон экологик ҳаракати Конференциясида кузатувчилар, шу жумладан, хорижий кузатувчилар, Марказий сайлов комиссияси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши мумкинлиги бунинг тасдиғидир.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган “Ўзбекистон экологик ҳаракатидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш ва уларни сайлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга биноан, биринчи босқичда, Ўзбекистон экологик ҳаракати ҳудудий бўлинмалари Экоҳаракат республика Конференциясига делегатлар юбориш масаласини ҳал қилиш учун ҳар бир ҳудудий бўлинма конференцияларини ўтказиш юзасидан қарор қабул қилади. Ушбу конференцияларда Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмасидан тенг миқдорда йигирма беш нафардан делегат яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

 

Иккинчи босқичда Экоҳаракат Конференцияси Қонунчилик палатаси депутатлари ваколатлари конституциявий муддати тугаган йил декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади ва унда 350 нафар делегат иштирок этади.

 

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар бўйича таклифларни аниқлаш ва киритиш учун Конференцияда очиқ овоз бериш орқали овозларнинг оддий кўпчилиги билан Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмаси делегатлари орасидан раис ва аъзолар таркибида 15 кишидан иборат Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатиш бўйича Кенгаш сайланади.

 

Кенгаш томонидан делегатлар орасидан Ўзбекитон Республикасининг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлигидан (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) Экоҳаракат фаолиятида фаол иштирок этаётган, табиат ва аҳоли соғлиғини сақлаш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича парламентда самарали ишлашга қодир депутатликка номзодлар кўрсатилади. Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокама ўтказилади. Ҳар бир номзод Конференция иштирокчиларига таништирилиб, у билан савол-жавоблар бўлиб ўтгач, номзодларнинг исм-шарифи бюллетенларга киритилади.

 

Экоҳаракатдан депутатларни сайлаш бўйича овоз бериш Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва Экоҳаракат Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўйича алоҳида ўтказилади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва Экоҳаракатнинг Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўйича овоз берувчиларга алоҳида бюллетень берилади. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун делегатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади. Овоз бериш натижаларига кўра бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар, башарти Конференцияда иштирок этган делегатларнинг эллик фоизидан ортиғи уларни ёқлаб овоз берган бўлса, сайланган ҳисобланади.

 

Таъкидлаш жоизки, 2014 йилнинг 11 октябридан 15 ноябрига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Экоҳаракат Конференциясига делегатлар сайлаш бўйича ҳудудий конференциялар ўтказилиб, уларда 5,5 мингдан ортиқ Экоҳаракат фаоллари иштирок этди. Конференцияларда Экоҳаракатнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмасидан тенг миқдорда йигирма беш нафардан делегат муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Шундай қилиб, Экоҳаракатнинг ҳудудий конференциялари ўтказилиши ва республика Конференциясига делегатлар сайланиши билан биринчи босқич муваффақиятли якунланди.

 

Иштирокчилар томонидан Конференция демократик принципларга тўлиқ риоя қилинган ҳолда, очиқ ва ошкора ўтганлиги қайд этилди.

 

Хулоса ўрнида айтганда, Экоҳаракатга парламент қуйи палатасида депутатлик ўринлари ажратилганлиги халқаро ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос келиб, ушбу танланган йўл ўзини тўла-тўкис оқламоқда. Зеро, мазкур механизм кенг жамоатчиликнинг қонун ижодкорлиги, экологик ҳолатни яхшилаш ишида фаол иштирок этишдаги ролини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

 

Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 2014 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайловида Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фаолияти сарҳисоб қилинади. Айни чоғда истиқболда депутатлар гуруҳининг қонунчиликни янада такомиллаштириш, қабул қилинган қонунлар ва ҳукумат қарорлари ҳамда давлат дастурлари ижро этилиши устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш муаммоларини парламент даражасида ҳал этишга тўлақонли ҳуқуқий имконият яратилади.

 

Борий АЛИХОНОВ,

Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий Кенгаши

Ижроия қўмитаси раиси.

11662

18Декабрь 2014



Долзарб мавзулар