Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Миллий юксалиш уфқлари

Келаётган якшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловлар мамлакатимизда изчил ривожланиб, чуқурлашиб бораётган демократик жараёнларнинг яна бир бор намойиши бўлиши шак-шубҳасиз.

 

Чунки сайлов кампаниясининг бошланиш давридан ҳозирги пайтгача бўлиб ўтган барча жараёнларда – имзо тўплаш, сайловда иштирок этишга ижозат бериш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш, сиёсий партиялар ва улар номзодларининг сайловолди ташвиқотида иштирок этишида – қонунда белгиланган барча талаб ва муддатларга қатъий амал қилинди.

 

Бу ҳақда гапирганда шуни қайд этиш керакки, мамлакатимизда сайлов жараёни очиқлиги ва шаффофлиги таъминланаётган, сайловолди ташвиқотида сиёсий партиялар иштироки учун тенг имкониятлар мавжуд бўлган эркин ва демократик сайловларни ўтказиш учун зарур барча ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган.

 

Сайлов кампаниясини ташкил қилишда Асосий Қонунимизга киритилган сўнгги тузатишларга мувофиқ конституциявий орган мақомини олган Марказий сайлов комиссияси муҳим роль ўйнамоқда ва у ўз фаолиятини давлат органларидан мустақил тарзда олиб бормоқда.

 

Сайлов тизимидаги чуқур демократик ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини кенг миқёсли ислоҳ қилиш билан бирга амалга оширилди. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди. Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органларининг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

 

Мамлакатимизда сиёсий партияларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонун, “Сиёсий партиялар тўғрисида”, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунлар партияларни ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди таклиф этилиши тамойили жорий қилиниши сиёсий партияларнинг аҳамиятини янада оширди.

 

Сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани ушбу ислоҳотларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва кафолатига айланди.

 

Бу ижобий жараёнлар ҳақида Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида мамлакатимизда демократик жараёнлар чуқурлашиб ва янада кучайиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

 

Шуни қайд этиш керакки, 2014 йилги сайловолди ташвиқоти мазмун жиҳатидан ҳам, ташкилий жиҳатдан ҳам юксак даражада ўтмоқда. Бошқа сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг номзодлари тақдим этилган имкониятлардан, хусусан, ОАВ, телевидение, радио, интернетдан фойдаланиб, босма, кўргазмавий ва бошқа ташвиқот материалларини чоп этиш ва тарқатиш, депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан жуда кўплаб учрашувларини ташкил этиш орқали сайловолди ташвиқотида фаол иштирок этишди.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси депутатликка номзодлари “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле ва радиоканалларида сайловчиларга мурожаатлари билан 80 та чиқиш қилишди. Маҳаллий теле ва радиоканалларда партия фаоллари ҳамда номзодларимизнинг 120 та чиқиши уюштирилди. Ушбу даврда марказий нашрларда партиямиз Сайловолди платформаси қоидалари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари боришини очиб берувчи 40 дан ортиқ, маҳаллий нашрларда эса 150 дан ортиқ мақолалар чоп этилди.

 

Сайловолди ташвиқоти жараёнида партиямиз замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, хусусан, глобал интернет тармоғи имкониятидан ҳам фаол фойдаланиб келмоқда. Айни даврда марказий ҳамда маҳаллий телерадиоканалларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий ғояларини, мақсад-вазифаларини тарғиб этувчи ижтимоий роликлар намойиш этилмоқда. Ушбу роликлар партиямиз расмий веб-сайтига ҳам жойлаштирилган.

 

Айниқса, депутатликка номзодларнинг жойларда сайловчилар билан бевосита учрашувлари катта аҳамият касб этмоқда. Бундай учрашувлар жараёнида биз сиёсий партиялар ғоялари ва дастурлари ўртасида кураш кучайиб бораётганига ишонч ҳосил қилаяпмиз. Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлари томонидан сайловчилар билан 100 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Мазкур учрашувларда 5 миллион нафарга яқин фуқаролар ўз саволлари ва таклифлари билан фаол иштирок этишди.

 

Партиямиз сайловолди ташвиқоти жараёнида нафақат оммавий ахборот воситаларига, балки ташқи кўргазмавий ташвиқотга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб кўзга кўринадиган жойларда сайловчиларни хабардор қилувчи ҳамда номзодларимизга овоз беришга чақирадиган баннерлар жойлаштирилди. Ҳар бир номзодга тақвимлар, Сайловолди платформа нусхалари, буклетлар берилди. Партия ўз кузатувчилари ва ишончли вакилларидан фаол фойдаланмоқда.

 

Сайловолди ташвиқотига якун ясар эканмиз, қайд этиш керакки, шак-шубҳасиз, бу жараёнда сайловчиларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалгани яққол намоён бўлмоқда. Учрашувларда фуқаролар манфаатларига дахлдор долзарб масалалар кўтарилди. Бу биздан, депутатликка номзодлардан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ нуқтаи назар ва таклифларга эга бўлишни талаб қилади.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси Сайловолди платформасининг асосий қоидалари ҳақида қисқача тўхталиб, шуни таъкидлаш мумкинки, партиянинг бош мақсади миллий тикланиш ғоясини амалга ошириш, барқарор миллий ривожланишни таъминлаш, мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий, гуманитар ҳаётининг барча соҳаларида миллий манфаатларни ҳимоялаш ва илгари суриш, миллий, маданий ва маънавий қадриятларни, бой тарихий меросимиз, Ўзбекистон халқининг урф-одат ва анъаналарини асраб-авайлаш ва кўпайтиришдан иборат.

 

Партия сиёсий муносабатлар тизимида миллий ғоямиз тамойилининг устуворлигини таъминлаш, жамиятимизнинг ахлоқий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш тарафдоридир.

 

Партия миллий ўзликни англаш, миллий ғурур ва қадр-қиммат туйғуларининг мустаҳкам қарор топиши, Ўзбекистон тарихининг кенг миқёсда изчил ўрганилишини таъминлаш, тарихий ўтмишга ва ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳаётига баҳо беришда бирёқлама ёндашувларга йўл қўймаслик масалаларига ҳамиша катта эътибор қаратиб келган ва буни давом эттиради.

 

Биз халқимизнинг тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, унинг муваффақиятларини камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш тарафдоримиз. Ёшларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш, уларни халқимизга ёт бўлган “оммавий маданият”нинг салбий таъсиридан муҳофаза қилиш биз учун ниҳоятда катта аҳамиятга эга.

 

“Миллий тикланиш” демократик партияси импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришга аҳд қилган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий саноатимизни техник ва технологик модернизация қилиш орқали унинг самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратади.

 

Шу билан бирга, ҳозирги босқичда партия учун туризм муҳим аҳамиятга эга. Туризм иқтисодиётнинг янада ривожланиш жараёнини тезлаштирувчи омил бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал қилади, шунингдек, Ўзбекистон халқининг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш орқали мамлакатимизнинг халқаро майдонда ижобий имиджини шакллантиришнинг самарали воситаси ҳисобланади.

 

Партия озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, уй-жой қурилиши соҳасини қўллаб-қувватлаш, транспорт хизмати тизимини, хусусан, мамлакатимизнинг олис ва етиб бориш қийин бўлган жойларида яхшилаш, аҳолининг электорат қисми бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантириш эвазига уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга интилади.

 

Соғлиқни сақлаш масаласида партиямиз, бошқа партиялардан фарқли ўлароқ, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва саломатлик маданиятини оммалаштириш, жисмонан соғлом ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш, болалар ва ёшларнинг кенг кўламда спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, миллий спорт турларини қайта тиклашни муҳим вазифа, деб билади.

 

Биз мамлакатда оилаларни мустаҳкамлаш ва оилавий қадриятларни ардоқлаш, ёш оилаларга ғамхўрликни ошириш, маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишда, шунингдек, миллий ва маънавий қадриятларни тиклаш ва ривожлантиришда маҳалла институтини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга кўмаклашиш керак, деб ҳисоблаймиз.

 

Партиямиз ўз фаолиятида аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги фуқароларнинг юқори даражада ахборотга эга бўлишини таъминлаш, ягона миллий ахборот маконини шакллантириш орқали замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, шунингдек, телерадиоэшиттиришлар тизимини модернизация қилиш, ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш масалаларига эътибор қаратади.

 

Шуни қайд этиш керакки, рақибларимиз томонидан илгари сурилган айрим ғоялар асослаб берилмагани учун сайловчиларнинг зарур қўллаб-қувватлашини ололмади.

 

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ўзини республика иқтисодиётини ривожлантириш бўйича асосли таклифларни илгари сурадиган нуфузли партия, деб ҳисоблайди. Партиянинг Сайловолди платформасини синчиклаб ўрганганимизда, партия ўзига хос усулда ўз ғояларини амалга оширишни режалаштираётган иқтисодиётнинг деярли барча йўналишларини санаётгани аён бўлади. Бизнингча, мазкур ғоялар муайян даражада аниқликдан холи бўлиб, иқтисодиётнинг турли соҳалари бўйича умумий йўналишларни санаш билан чекланилган, холос. Бунда партия ўз мақсадларининг амалда рўёбга чиқарилишига, бу ишнинг натижаларини ва самарадорлигини холис кўрсаткичлар асосида аниқ баҳолашга зарур даражада эътибор қаратмаган.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси аҳолининг муҳтож қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш тарафдори сифатида коммунал хизматлар ва дори воситалари нархи устидан давлат назоратини кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бозор иқтисодиёти шароитида ушбу ғояларнинг амалда рўёбга чиқарилиши ҳақида савол туғилади. Умуман, ЎзХДП Сайловолди платформасидаги қатор вазифалар баландпарвоз хусусиятга эга бўлиб, ҳаёт ҳақиқатларига тўғри келмайди.

 

“Адолат” социал-демократик партияси “ижтимоий адолат” тушунчасини жуда кўп ишлатмоқда. Партия даромадларни адолатли тақсимлаш, аҳоли даромадларида кескин табақаланиш юзага келишининг олдини олиш заруратини таъкидлаган ҳолда ўз мақсадлари мазмун-моҳияти, уларга эришишнинг механизмларини тушунтириб бера олмаяпти.

 

Юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишда сиёсий партияларга амалдаги қонунлар кенг имконият ва ваколатлар беради. Ҳокимиятнинг вакиллик органларига партиямиздан сайланадиган янги депутатлар корпуси қонун ташаббускорлиги, парламент ва депутатлик назорати, ижро ҳокимияти органлари мансабдор шахслари ахборотлари эшитувини ташкил қилиш, халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига тегишли масалаларни киритиш орқали мазкур вазифалар ижросида фаол иштирок этади.

 

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари бизнинг олдимизга ҳар бир халқнинг миллий ўзлигини сақлаб қолиши ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича энг долзарб вазифаларни қўймоқда. Чунки миллат қадри, ғурури ва манфаатлари улуғ ва муқаддасдир. Бизнинг назаримизда, фақат ўзлигини англаган ва сақлаб қолган халқ буюк ишларга қодир бўлади.

 

Партиямиздан сайланган депутатлар юқорида таъкидланган эзгу ниятларимизни, мақсад ва вазифаларимизни рўёбга чиқаришга бутун куч ва имкониятларини ишга солади.

 

Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари биз билан бирга бўлинг! 21 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси номзодларига овоз беринг!

 

Сарвар ОТАМУРАТОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий Кенгаш раиси.

17174

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар