Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Кучли ижтимоий ҳимоя ва аҳоли фаровонлигини ошириш – асосий мақсадимиз

Мамлакатимизда давлат ҳокимияти ва бошқарувини демократлаштириш жараёнлари кўппартиявийлик тамойили асосида изчил олиб борилаётгани ўз натижаларини бермоқда.

 

Бугун сиёсий партияларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳар томонлама кенгайтирилиб, давлат ҳокимиятини шакллантиришда уларнинг мавқеи кучайиб бормоқда. Шунга мувофиқ равишда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан сиёсий партияларнинг нуқтаи назари, позициялари мустаҳкамланмоқда, уларнинг дастурларида жамият ҳаётининг муҳим масалалари акс этмоқда. Сиёсий партиялар вакиллик органларида кўпроқ ўринларни қўлга киритиш орқали ўз ғояларини амалга оширишга, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг стратегик вазифаларини ҳал этишда сезиларли таъсир кучига эга бўлиб бораётир.

 

Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаcида сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ушбу конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шарти ва гаровига айланаётганлигини эътироф этди.

 

Дарҳақиқат, бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловларга тайёргарлик жараёни, номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларда фуқароларнинг фаол иштироки ҳамда ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг кўппартиявийлик асосида ўтказилиши ва партиялар ўртасидаги рақобат тобора қизғин тус олаётгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Энг муҳими, бугун кенг омма сиёсий партиялар таклиф этаётган дастурий мақсадларни қиёсий ўрганиб, ўтган даврда амалга оширилган ишларга талабчанлик билан ёндашмоқда.

 

Сайлов ҳар бир сиёсий партия учун муҳим имтиҳон ҳисобланади. Сайлов жараёнида фуқаролар сиёсий партиялар фаолиятига уларнинг амалий ишларига қараб баҳо берадилар. Сайловолди платформаларида қанчалик ҳаётий масалалар кўтарилгани, мамлакатни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор масалалари бўйича илгари сурган таклифлари қай даражада долзарблиги жамоатчиликнинг партия ҳақидаги фикрини шакллантиради.

 

Қайд этиш лозимки, олдинги бўлиб ўтган сайловлардан кейин ўтган вақт мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолияти, жумладан, халқимиз учун долзарб масалаларни муҳокама қилиш жараёни сифат жиҳатдан такомиллашди ва янада демократлашди, улар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг таъсир кучи сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, парламентдаги партиялар фракцияларининг роли кучайди, депутатлик, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди, имкониятлари кенгайтирилди. Бу сиёсий партияларга ўз вакиллари орқали сайловолди платформаларида акс этган ғояларни амалда рўёбга чиқариш, электорат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш имконини бермоқда.

 

Маълумки, бу йилги сайлов натижаларига қараб, сиёсий партиялар янги ҳукуматни шакллантиришда бевосита иштирок этади. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партиялар томонидан таклиф этилади. Янги ҳукуматнинг мамлакатни яқин ва узоқ истиқболда ривожлантиришга оид дастури парламентда кўриб чиқилади. Бу дунёда парламент демократиясининг энг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Шу сабабли яқинлашиб келаётган сайловнинг давлат бошқарувини янгилаш ҳамда демократлаштиришдаги ўрни ва аҳамияти жуда катта эканлиги намоён бўлмоқда.

 

Юксак демократик тартиб-қоидаларга мувофиқ фаолият юритадиган вакиллик ҳокимияти органларини шакллантирар эканмиз, мазкур органларга амалда фуқароларнинг сиёсий иродасини ифода этадиган вакиллар сайланиши айни муддаодир. Миллий сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар, жорий этилган янги қоидалар сайловлар демократик асосда ўтказилишида, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи тўлиқ таъминланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Қонунчилигимизда шундай тизим яратилганки, партиялар ўз сайловолди дастурини тарғиб қилиши, номзодлар мақсади ва фикрларини сайловчига етказиши, ниҳоят, фуқаролар ўзлари маъқул кўрган номзодга овоз бериши учун барча ҳуқуқий асос ва қулай имкониятларга эга. Лекин сайлов жараёнида шулар қаторида жуда долзарб ўрин тутадиган яна бир масала, бу – сайловнинг ташкилий ишларини қонуний ва одилона олиб бориш ҳисобланади.

 

Маълумотларга кўра, кўплаб давлатларда сайловларни ижро ҳокимияти назорат идоралари ўтказади. Бу ҳам қайсидир маънода ижро ҳокимиятининг, амалдаги ҳукуматнинг сайловларга бевосита таъсири борлигини кўрсатади. Мамлакатимизда эса Марказий сайлов комиссияси конституциявий мақомга эга ва у давлат идораларидан мустақил ҳолда қонунийлик, адолатлилик, коллегиаллик ва ошкоралик каби тамойиллар асосида фаолият юритмоқда. Биз бунинг афзаллигини Марказий сайлов комиссиясининг сайлов кампанияси давридаги фаолиятида яққол сездик. Унинг йиғилишлари очиқ-ошкора тарзда ўтказилаяпти, уларда мамлакатимиз ва хориж оммавий ахборот воситалари, барча сиёсий партиялар вакиллари мунтазам иштирок этмоқда. Сайловолди ташвиқот ишларини олиб бориш, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун барча сиёсий партияларга тенг шароит ва имконият яратиб берилди.

 

Сайлов кампанияси давомида амалга оширилган ишларга тўхталадиган бўлсак, ЎзХДП ўзининг барча имконият ва ресурсларини сайловчилар меҳрини қозонишга сафарбар эта олди. Шундай қилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайлов ўтказувчи барча сайлов округларида ЎзХДП номзодларининг сайловчилар билан учрашувлари бўлиб ўтди. Одамлар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида номзодлар ўз сайловолди дастурлари, партия Сайловолди платформаси ва унда илгари сурилган мақсад ва ғояларнинг аҳамияти, шунингдек, партия ташкилотларининг ўтган 5 йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилишди.

 

Бугунги кунга қадар номзодларимиз томонидан 124 мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон ХДПдан депутатликка номзодлар билан учрашувларда жами 6 миллионга яқин сайловчи иштирок этди. Мазкур тадбирлар бизга партиямизнинг мақсади, Сайловолди платформаси ва унинг аҳамиятини очиб бериш, депутатликка номзодларни жамоатчиликка яқиндан таништириш имконини яратди.

 

Фуқароларнинг эртанги кунга умид билан қарашидан келиб чиқиб, ўз дастурида долзарб ҳамда халқчил ғоя ва йўналишларни ифода этган ҳамда сайловчиларнинг ишончини қозона олган партиянинг кўпроқ овоз олиши кутилади. Шу боис биз партиямизнинг Сайловолди платформасини кенг тарғиб қилиш масаласига катта эътибор бердик. Бу борада жойларда партия минтақавий кенгашларининг 2500 та тарғибот-ташвиқот гуруҳи ҳам фаол иш олиб борди.

 

Таъкидлаш керакки, номзодлар билан учрашувларда сайловчиларнинг ҳуқуқий билими, сиёсий фаоллиги ошгани яққол намоён бўлди. Учрашувларда улар ўз шахсий муаммоларини эмас, кўпроқ ҳудудларга, жамиятга дахлдор масалаларни кўтаришди, соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотларни таҳлил қилиш асосида саволлар беришди. Сайловчилар томонидан берилган саволлар, билдирилган таклифлар жамоатчилик кайфиятини белгиловчи омил эканини унутмаслигимиз лозим. Учрашувларда ҳар бир саволга асосли жавоб беришга ҳаракат қилинди. Энг қувонарлиси, сайловчиларнинг мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлардан яхши хабардор эканлиги, уларни қўллаб-қувватлаши ва умуман, ушбу жараёнда ўзларининг ролини яхши ҳис қилиши яққол сезилди. Шунингдек, сиёсий партиялар, уларнинг дастурида белгиланган вазифалар, ўтган даврда партиялар ва депутатларнинг фаолиятига қизиқиш ошиб бораётгани аён бўлди. Бу, ўз навбатида, бизни жамият олдидаги масъулиятимизни янада чуқур ҳис этишга даъват этади.

 

Партиямиз ўзининг доимий ижтимоий шериклари – фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан фаол иш олиб бормоқда. Ўтган давр мобайнида улар билан биргаликда партиямиз дастурий мақсадлари, электорат манфаатларига дахлдор масалалар бўйича қатор тадбирлар ўтказилиб, муҳим лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилди. Энг асосийси, бундай ҳамкорлик партиямиз электоратига наф келтирмоқда, ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд фуқароларнинг оғирини енгил қилмоқда.

 

Бироқ шунга қарамай, айрим сиёсий партиялар биз илгари сураётган ғоялар моҳиятига етарли эътибор бермай, асоссиз муносабатлар билдирмоқда. Хусусан, Либерал-демократик партия бизнинг ғояларимизни нотўғри талқин қилиб, гўёки уларнинг фикрича, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фақатгина давлат бюджетидан тўғридан-тўғри молиявий кўмак олувчи ижтимоий қатлам манфаатларини ҳимоя қилаётган бўлиб чиқмоқда. Агар бизнинг фаолиятимиз, дастуримиз ва лойиҳаларимиз билан яқиндан танишиб, уларнинг мақсади ҳақида чуқурроқ ўйлаб, фикр юритилса, партиямиз ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламида боқимандалик кайфиятини бартараф этишга, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини оширишга интилаётгани аён бўлади. Чунки аҳолининг кам таъминланган қатлами вакиллари орасидан ҳам ўз ишини бошлаш ғояси ва ташаббусига эга бўлган инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, оилавий даромадини кўпайтиришга ҳисса қўшишликка жалб қилиш биз учун муҳим аҳамиятга эга. Сайловолди платформамизда илгари сурилган ғоялар тўлиқ шу мақсадга хизмат қилади.

 

Шу ўринда “Адолат” социал-демократик партияси партиямизнинг ижтимоий адолат тамойилини, асосан, бир ёқлама талқин қилишга уринаётганини айтиш лозим. Шуни унутмаслик керакки, ижтимоий адолат дегани, бу, ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча фуқароларнинг устувор ҳуқуқларини таъминлашдан иборатдир. Фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари амалга ошиши кафолатланмас, одамларда ўз ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилишга қатъий ишонч уйғонмас экан, уларда фуқаролик позицияси мустаҳкам бўлмайди. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ижтимоий адолат деганда, аввало, шуни тушунади.

 

Қолаверса, “Адолат” СДП ўз Сайловолди платформасида адвокатура институти ролини мустаҳкамлаш вазифасини илгари сурмоқда. Аммо партия бу масалани истиқболда ҳаётга татбиқ қилиш ва бу орқали фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бирорта аниқ ҳамда асосланган механизмни таклиф қилмаган.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси давлат томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, жумладан, пенсионерлар ва ногиронлар, шунингдек, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш билан шуғулланадиган бюджет ташкилотлари ходимлари, ижтимоий соҳа вакиллари манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишда фаол иштирок этишни ўзининг ўта муҳим вазифаси, деб билади. Унга кўра, партиямиз стратегик йўналиш – мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини янада юксалтириш ғояларини илгари суради. Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатга таянган ҳолда, банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли одамларнинг барқарор ва муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларнинг таълим олиши, касб танлаши, ўз мутахассислиги бўйича мукаммал амалий кўникмага эга бўлиши учун тўлақонли шарт-шароитларни яратиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битиргач, уларни кафолатланган биринчи иш ўринлари билан таъминлаш ишларини янги босқичга кўтариш зарур, деб ҳисоблайди. Шунингдек, биз ижтимоий таъминотга эҳтиёжманд аҳоли, кам таъминланган оилалар, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг ҳаётий эҳтиёжлари қондирилишини кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақалар тизимини янада такомиллаштириш тарафдоримиз.

 

Сайловолди учрашувларида кенг жамоатчилик, айниқса, электоратимиз вакиллари партиямиз дастурий мақсадларини яна бир бор фаол қўллаб-қувватлади. Хусусан, Сайловолди платформамиздан ўрин олган таълим соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматларнинг сифатини ошириш, истеъмол бозорида товарлар ва хизматларнинг мақбуллигини таъминлаш, аҳолини иш билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ошкоралик ва жамоатчилик фикри ҳисобга олинишини таъминлаш масалаларига катта қизиқиш билдирилди.

 

Шу билан бирга, сайловчилар томонидан кўплаб таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди. Хусусан, партиямизнинг истеъмол бозорида товарлар нархи мақбуллигига эришиш, уй-жой-коммунал хизматлари кўрсатишнинг сифатини ошириш, бунда нархларнинг ошиб боришини иқтисодий жиҳатдан асослаш масалаларидаги позициямизни янада мустаҳкамлаш, бу борада аниқ чора-тадбирлар белгилаш бўйича муносабат билдирилди. Сайловчилар ҳамда электоратимиз вакилларининг фикри, таклифлари партиямизнинг келгуси фаолиятида, албатта, ҳисобга олинади.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, партиямиз Сайловолди платформасидан фуқароларни ўйлантираётган, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида долзарб бўлиб турган масалалар кенг ўрин олганлигини айтиш зарур. Демак, биз танлаган йўлимизни тўғри деб ҳисоблаймиз ва келгуси фаолиятимизда эгаллаган позициямизни қатъий туриб ҳимоя қиламиз.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан бошлаб фаолият юритиб келаётган, бошқа сиёсий кучларга нисбатан катта тажриба тўплаган, фуқароларимизнинг хоҳиш-истакларини кўпроқ яхши биладиган, халқимизнинг кўнглидан чуқур жой олган ғояларни илгари сураётган амалий ишлар партиясидир. Сайловчиларни партиямиздан кўрсатилган номзодларни қўллаб-қувватлашга чақирамиз!

 

Хатамжон КЕТМОНОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

10197

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар