Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловолди ташвиқоти якунига етди

2012 йил 19 декабрда қабул қилинган “Сайлов эркинлиги янада таъминланиши ва сайлов қонунчилиги янада ривожлантирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун сайловларни янада либераллаштириш, уларнинг очиқлигини таъминлаш, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин ва мустақил билдириши учун янада қулай шарт-шароит яратди.

 

Маълумки, сайлов натижасида сайловолди ташвиқоти муҳим ўрин тутади. Сайловолди ташвиқоти тўлақонли ўтказилса, сайловчи ўз нуқтаи назарини белгилашга қийналмайди.

 

Юқорида қайд этилган қонунда сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ масалаларга кенг ўрин берилгани, унинг турлари, шакллари, усуллари аниқ баён этилгани бу йилги сайловга тайёргарлик жараёнининг юқори савияда, демократик талаблар асосида ўтказилишига йўл очди.

 

Қонунда мустаҳкамлаб қўйилганидек, сайловолди ташвиқоти – сайлов кампанияси даврида амалга ошириладиган ва сайловчиларни депутатликка номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашга қаратилган фаолиятдир. Бу жараён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан, яъни 2014 йил 15 ноябрда бошланган эди.

 

Сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш қонунга мувофиқ ташкил этилди. Бу борада депутатликка номзодлар, сиёсий партияларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва босма нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланди.

 

Сайловолди ташвиқоти сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали ҳам олиб борилди. Бу жараёнларда ҳам сайлов иштирокчиларига тенг шароитлар яратилди.

 

Қонунга кўра, сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганда сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмайди. Шунга кўра, 19 декабрда сайлов билан боғлиқ ташвиқот ишлари якунига етди. 20 декабрь куни, яъни сайловга бир кун қолганда сайловолди ташвиқотлари олиб борилмайди.

 

Бундай норманинг қонунчилигимизга киритилгани сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайрихоҳлигини аниқлаб олиш, ким ва қандай сиёсий партия ва унинг номзоди учун овоз бериш масаласида аниқ бир қарорга келиши учун қўшимча имконият яратади. Шунингдек, бу овоз бериш куни арафасида турли суиистеъмоллик ҳолатлари ва қонунбузилишларнинг олдини олади.

 

Қисқача айтганда, миллий сайлов қонунчилигимиздаги нормалар сайлов кампанияси мобайнида сиёсий партияларга ва депутатликка номзодларга тенг шарт-шароитлар яратиш билан бирга, фуқароларга ўз сайлов ҳуқуқларини эркин амалга ошириши учун ҳам муҳим ҳуқуқий кафолат бўлмоқда.

 

Н.Абдураимова, ЎзА

6877

19Декабрь 2014



Долзарб мавзулар