Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайлов кампанияси кучли рақобат муҳитида ўтди

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов жамиятимизда демократик қадриятларнинг тобора мустаҳкам қарор топаётганини, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти сезиларли даражада юксалганини, қолаверса, фуқаролик жамиятининг муҳим институти – сиёсий партияларнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларни изчиллик билан бажаришга, олий қонунчилик органида ўз ўрни ҳамда мавқеини оширишга, халқ манфаати йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирокчига айланишга қатъият билан интилаётганини кўрсатди.

 

Сайловнинг дастлабки натижалари юзасидан унда иштирок этган сиёсий партиялар томонидан матбуот анжуманлари ўтказилди.

 

Таъкидланганидек, 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилди.

 

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида юртимиз сайлов тизимининг такомиллаштирилиши, сиёсий партиялар фаолиятини тартибга солувчи ҳамда сайлов қонунчилигига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши юртимизда демократик жараёнларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. Партияларнинг сайловолди ташвиқоти қонун талаблари асосида олиб борилди. Сайлов кампанияси кутилганидан ҳам муросасиз тарзда, партиялараро кучли рақобат муҳитида ўтди.

 

Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига қараганда, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси парламент қуйи палатасида энг кўп – 47 та ўрин эгаллади. Партия вакилларининг сўзларига кўра, бу партия электоратининг сафи кенгайиб бораётганидан, сайловчиларнинг либерал-демократик ғояларни кенг қўллаб-қувватлаётганидан, кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорлар, фермерлар ҳамда ташаббускор инсонлар етакчи кучга айланаётганидан далолат беради.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Муҳаммадиевнинг айтишича, барча сиёсий партиялар қаторида ЎзМТДП ҳам сайловолди ташвиқотида фаол қатнашди. Партиянинг барча даражадаги номзодлари ва сайловчилар иштирокида ўн мингдан зиёд учрашувлар ўтказилди. Ана шу жараёнларда бошқа партиялар билан ғоялар ва дастурлар кураши ниҳоятда қизғин кечди. Марказий сайлов комиссияси эълон қилган сайловнинг дастлабки натижалари партияга тегишли хулосалар чиқаришга асос бўлади. Таъкидландики, партия ва унинг номзодлари ўзларининг имкониятларидан янада унумлироқ фойдаланишлари мумкин эди.

 

Фуқароларнинг ва сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларида эркин, фаол иштирок этиши учун замон талабларига жавоб берадиган ташкилий-ҳуқуқий ва моддий-техник шароитлар яратилиши мазкур сайловнинг миллий қонунчилик ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига мувофиқ ҳолда ўтишида муҳим омил бўлди.

 

Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловолди ташвиқоти давомида партия ғояси ҳамда мақсадларини муфассал ва кенг тарғиб қилишга ҳаракат қилди. ЎзХДП, дастлабки сайлов натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 21 ўрин олди.

 

Қайд этилдики, сайловларга кириб келишда партия томонидан бундан ҳам кўпроқ депутатлик ўринларини эгаллаш мақсади қўйилган эди. Лекин натижа кутилганидек бўлмади. Шунингдек, сайловолди ташвиқоти даврида ҳамма партиялар ҳам бундан тўғри фойдаланмагани, хусусан ЎзЛиДеП сайловолди ташвиқоти материалларидан ташвиқот тақиқланган кунларда ҳам фойдаланганлиги, айрим оммавий ахборот воситалари эса ЎзЛиДеПга кенгроқ эътибор берганлиги ҳолатлари кузатилгани таъкидланди. Ушбу ҳолатлар партия томонидан тегишли хулосалар қилишга асос бўлади.

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Н. Умаровнинг матбуот анжуманида қайд этишича, барча сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситаларида ўзининг устувор ғоя ҳамда қарашларини очиқ, ошкора, эркин, ҳеч қандай чекловларсиз ва тенг шароитларда илгари суриб, сайловолди ташвиқотини олиб борди.

 

Партия ва унинг депутатликка номзодлари яратилган барча имкониятдан фойдаланган ҳолда, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига, сайловларда уларнинг овозини олишга қаратилган фаол сайловолди ташвиқотини амалга оширди.

 

Аммо шунга қарамай, сайлов натижалари партия учун ҳам, унинг электорати манфаатлари учун ҳам қониқарли бўлмагани таъкидланди. Сайловнинг дастлабки босқичи якунларига кўра, партиядан Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлардан атиги 17 нафари сайланди. Ушбу натижа партия сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг замонавий усуллари ва технологияларидан етарли даражада фойдалана олмагани, партия электорати бўлган илм-фан, айниқса, тиббиёт соҳаси вакилларининг салоҳиятидан унумли фойдаланмаганини кўрсатди. Бундан ҳам, албатта, тегишли хулосалар чиқарилиши қайд этилди.

 

Матбуот анжумани иштирокчилари таъкидлаганидек, олдинда партияларнинг яна бир имконияти бор. 2015 йилнинг 4 январь куни бўлиб ўтадиган такрорий овоз беришда барча партиялар бор кучини сафарбар қилади. Чунки ҳар бир депутатлик ўрни ҳар бир партия учун жуда муҳим.

 

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

10131

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар