Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Сайловлар эркин, адолатли ва юқори савияда ташкил этилди

Юртимизда давлат ҳокимияти вакиллик органлари сайлови қонун талаблари даражасида ўтказилди. Шуни қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловга пухта ҳозирлик кўрилгани бу борада муҳим аҳамият касб этди.

 

Хусусан, Наманган вилоятида сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва адолат тамойилларига мувофиқ ўтишини таъминлаш учун олиб борилган тайёргарлик тадбирлари самараси ўлароқ, сайловчилар 647 та сайлов участкасида эмин-эркин овоз беришди.

 

Жумладан, Наманган туманидаги 232-сайлов участкаси сайловчилари эрта тонгданоқ ўз фуқаролик бурчларини бажаришга киришдилар.

 

– Сайловолди ташвиқоти ишларининг нафи катта бўлди, – деди сайловчи С. Жўраев. – Чунончи, номзодлар билан учрашувлар, маҳалладошларимиз билан ўзаро суҳбатларда ким қайси партиянинг дастурий мақсадларига хайрихоҳ, ким қайси партиядан номзоди кўрсатилган шахслар фаолияти ва мақсадларидан қониқиш ҳосил қилмоқда, деган саволларга жавоб топдик.

 

Жиззах вилоятида ҳам сайловлар юқори савияда ташкил этилганлиги яққол сезилиб турди.

 

– Сайлов участкамиз ҳудудида овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 2990 нафар сайловчи рўйхатга олинган, улардан 227 нафари биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди, – деди Жиззах шаҳридаги 19-Ўзбекистон сайлов участкаси раиси М. Саидов. – Бундан ташқари, 15 нафар ногирон ва бемор сайловчининг овоз бериши ташкил этилди.

 

– Ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим, – деди Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси М. Бердимуродов. – Улар халқимиз фаровонлиги ҳамда юртимиз тинчлиги ва фарзандларимиз бахт-саодати учун хизмат қилишига ишонаман.

 

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар уюшқоқлик билан ўтказилди.

 

– Участкамизда 1987 нафар сайловчи рўйхатга олинган, – деди Нукус шаҳридаги 32-сайлов участкаси раиси Д. Рамбергенов. – Сайловчиларимиз ушбу сиёсий тадбирда фаол иштирок этишди. Уларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилди.

 

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 82-сайлов участкасида овоз беришни биринчи бўлиб нуроний сайловчилар бошлашди. Сайловда илк бор қатнашаётган ёшларнинг овоз бериши бир умр эсда қоларли тарзда ташкил этилди.

 

– Аввалги сайловдан бу галгисигача бўлган вақт мобайнида маҳалламиз қиёфаси тубдан ўзгарди, – деди ушбу сайлов участкаси ҳудудидаги Қарапчи маҳалласида яшовчи И. Кубаев. – Масалан, шу даврда ҳудудимизда намунали лойиҳалар асосида 315 та уй қурилгани туфайли кўркам бир массив пайдо бўлди. Кўплаб оилалар барча қулайликка эга тураржойларда истиқомат қилмоқдалар. Мен ҳам оилам билан ана шундай замонавий хонадонлардан бирида яшаяпман. Айтмоқчиманки, ҳаётимиздаги бу қувонарли ўзгаришларнинг барчаси давлатимиз томонидан аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришга доимий эътибор қаратиб келинаётганлиги самарасидир. Бу галги сайлов ҳам юртимиз ободлиги, ҳаётимиз фаровонлигининг тобора ошишига хизмат қилади.

 

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Яккатут – энг олис ва чекка қишлоқлардан. Бу ерда ташкил этилган 323-сайлов участкасида аввалдан кўрилган пухта тайёргарлик туфайли сайловчиларга барча шарт-шароит ҳозирланди. Ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайлов участкаси томон ошиққан яккатутликларнинг ҳар бири юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги учун муносиб номзодларга овоз беришни мақсад қилган. Улар орасида сайловда биринчи бор иштирок этаётган ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бурчмулла ўрмон хўжалиги касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси Шодия Акбарова – шулардан бири.

 

– Айни камолот палласи бўлган 18 ёшимни мамлакатимизда жуда катта сиёсий жараён кечаётган бир пайтда қарши олдим, – деди у. – Шу боис бугунги сайловда илк бор қатнашаётган минглаб тенгдошларим қатори қувончим чексиз. Ўзим ишонган муносиб номзодларга овоз бердим. Бу билан жонажон Ватанимиз олдидаги улкан масъулиятли бурчимни адо этдим, деб ўйлайман.

 

Юртимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам сайловларнинг қонунчилик талаблари, демократик тамойиллар асосида ўтишига алоҳида эътибор қаратилди.

 

– Сайловда биринчи марта катнашдим, – деди Д. Бозорова. – Ҳар жабҳада фаол, эл-юрт равнақи йўлида билими ва куч-ғайратини аямайдиган номзодлар учун овоз бердим. Улар ишончимизни оқлашига ишонаман.

 

Ёш сайловчилар фаоллиги халқаро кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилди.

 

– Бухоро шаҳридаги 27-сайлов участкасида бўлганимда, сайловчилар кўтаринки кайфиятда эканлигини кўрдим, – деди Швейцариянинг “Diva international” журнали бош муҳаррири М. Фосс. – Айниқса, ёшларингизнинг жуда фаол эканлиги, қолаверса, биринчи марта овоз бераётган ёш сайловчилар ҳам сайлов конунчилигидан яхши хабардорлиги алоҳида таҳсинга лойиқ.

 

Қашқадарё вилоятидаги ҳар бир сайлов участкаси зарурий воситалар билан жиҳозлангани, уларда тиббиёт хоналари ташкил этилиб, беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур барча дори-дармон ва воситалар билан таъминлангани, соҳага оид қонун ҳужжатлари ҳамда қўлланмалар, газета-журналлар билан бойитилган тарғибот-ташвиқот хонасида сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб топишлари сайловнинг янада юқори савияда ўтказилишига замин яратди.

 

Fузор туманидаги 55-“Буюк карвон йўли” сайлов участкаси эрта тонгдан сайловчилар билан гавжум бўлди.

 

– Бугунги сиёсий жараён юксак савияда ўтди, – деди Fузор молия-иқтисод коллежи ўқитувчиси В. Бўриева. – Мен ҳам сайлов участкасига келиб, муносиб номзодларга овоз бердим. Ушбу тадбир юртимиз равнақи, Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши учун муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман.

 

– Сайлов мана шундай ошкора ўтказилиши мамлакатимиздаги эркинликдан далолат беради, – деди меҳнат фахрийси Ч. Хушвақтов. – Ҳозир 85 ёшдаман. Умрим давомида жуда кўп сайловларда қатнашганман. Бу галги сайлов ўзгача руҳда ўтди. Одамлар бунга катта эътибор ва масъулият билан ёндашдилар.

 

Навоий вилоятида ҳам сайловчиларнинг фаоллиги яққол сезилиб турди.

 

– Айтиш лозимки, сайловларни ўтказиш учун вилоятда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайлови бўйича 5 та, халқ депутатлари вилоят Кенгаши бўйича 50 та, туман ва шаҳар Кенгашлари бўйича эса 285 та сайлов округи қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида фаолият юритди, – деди Навоий вилояти сайлов комиссияси раиси Ш. Жўраев. – Шунингдек, барча сайлов участкалари зарур жиҳозлар, алоқа ҳамда транспорт воситалари билан тўлиқ таъминлангани сайловчиларимиз фаоллигини оширишда муҳим омил бўлганлигини ҳам айтиш зарур.

 

Сайлов жараёнларида илк бор қатнашаётган ёшларнинг кўнглида ўзгача ҳаяжон ва ифтихор. Улар ушбу муҳим сиёсий тадбирда катта қизиқиш билан иштирок этишди. Маълумотларга қараганда, бу галги сайловларда вилоятда қарийб 48 минг нафар ёш йигит-қиз овоз бериш ҳуқуқидан илк бор фойдаланди.

 

– Депутатликка номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари билан яқиндан танишиб чиққан ҳолда муносиб номзодларга овоз бердим, – деди Навоий маданият ва санъат коллежи ўқувчиси Ч. Исматова. – Бу фуқаролик бурчимдир.

 

Самарқанд вилояти сайловчилари 948 та сайлов участкасида бўлиб, ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланишди.

 

– Юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият ҳисобланади, – деди “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Пайариқ тумани бўлинмаси раиси С. Бойзоқов. – Бу Асосий Қонунимиз ҳамда халқимизнинг бахтли-саодатли ва фаровон ҳаёт кечиришини кафолатловчи қонунларимиз ижроси самарасидир. Бунинг яна бир ёрқин исботини фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, сайлов жараёнида фаол иштирок этганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин.

 

Буни вилоятга ташриф буюрган 100 нафардан зиёд халқаро кузатувчилар ва юртимиздаги сиёсий партияларнинг 7500 дан ортиқ кузатувчилари ҳам эътироф этишди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 60-сайлов участкаси сайловчилар қаторида халқаро кузатувчилар билан ҳам гавжум бўлди.

 

– Овоз бериш жараёнини кузатиб, одамларингизнинг бир-бирига ўзаро ҳурмати, сайлов жараёнидаги курашларда ҳам ўзгаларни қадрлаши менга ёқди, – деди Нью-Йорк давлат университети фалсафа факультети декани А. Коеддерманн. – Бунда барча партиялар ва номзодларга тенг шароит яратилганига гувоҳ бўлдим. Демак, юртингизда шакллантирилаётган кучли парламентнинг бош омили – сайлов жараёнларида демократик талабларга тўлиқ амал қилинмоқда.

 

Пойтахтимизда ҳам депутатликка номзодларга овоз бериш эрта тонгдан бошланди. Хусусан, ҳудуддаги 145-сайлов участкасида бир мингдан зиёд сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг қарийб барчаси муддатли ҳарбий ва шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскарлар, сержантлар, офицерлар ҳамда уларнинг оила аъзоларидан иборат. Оддий аскар Шуҳрат Мелиев ушбу сайлов участкасида биринчилардан бўлиб овоз берди.

 

– Бундай катта сиёсий тадбирда илк бор қатнашишим, – деди Шуҳрат. – Ватанимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси мени Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига энг муносиб номзодларни танлашга ундади.

 

Сурхондарё вилояти, 74-Денов сайлов округи 520-сайлов участкасига биринчилардан бўлиб овоз бериш учун келган Денов уй-жой қурилиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Н. Нуриллаева ўз ҳаяжонини яширмади:

 

– Мен жуда бахтлиман. Сайловда илк марта овоз беришимни ўйлаб, ҳаяжонландим. Тонгданоқ сайлов участкасига шошилдим. Сайловолди учрашувлари чоғида қайси номзодга овоз бериш бўйича бир қарорга келгандим. Юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишга бел боғлаган муносиб номзодлар учун овоз бердим. Мен ўз фуқаролик позициямни намоён этганимдан хурсандман.

 

Сайлов участкаларида халқаро кузатувчилар ҳам бўлиб, мавжуд шарт-шароитлар билан танишдилар, айни чоғда юртдошларимиз билан суҳбатлашдилар. Муҳими, улар Ўзбекистон сайлов тизими ҳамда тадбир жараёнларига юқори баҳо беришди.

 

– Сайловда ҳудудимиздаги 154 минг 814 нафар сайловчи иштирок этди, – деди 70-Термиз сайлов округи раиси П. Бакиров. – Бу ерда улар учун етарли шарт-шароит яратилган бўлиб, бу нафақат сайловчиларимиз, айни чоғда халқаро кузатувчиларда ҳам илиқ таассурот қолдирди.

 

Фарғона вилояти сайловчилари 947 та сайлов участкасида яратилган қулайликлардан фойдаланган ҳолда, эмин-эркин овоз беришди. Вилоят сайлов комиссияси маълумотига кўра, 339 минг нафардан зиёд ёшлар илк маротаба овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

 

– Биз сайловдан бир кун олдин вилоятга ташриф буюриб, Фарғонада амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдик, – деди Бельгиядан ташриф буюрган халқаро кузатувчи, Европа халқаро алоқалар институти геосиёсий тадқиқотлар бўйича директори П. Томанн. – Айниқса, куни кеча ишга туширилган деҳқон бозори, маҳобатли Санъат саройи илиқ таассурот қолдирди. Шунингдек, Марғилон шаҳридаги 609-сайлов участкасида бўлган чоғимда одамларнинг бу тадбирга нечоғли катта эътибор қаратаётганига гувоҳ бўлдим. Худди шундай кўтаринкиликни 681, 693, 697-сайлов участкаларида ҳам кузатдик.

 

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги 45-сайлов участкаси комиссияси раиси М. Уразбоеванинг таъкидлашича, сафарга кетаётган 3 нафар киши муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди, 15 нафар ногирон эса ўз уйида туриб, муносиб номзодларга овоз берди.

 

– Биз, ёшлар Ўзбекистоннинг янгича фикрлайдиган авлодимиз, – деди Урганч шаҳридаги 22-сайлов участкасида илк маротаба овоз берган ёшларимиздан бири Р. Матризаева. – Шу маънода, юртимизда кечаётган сиёсий жараёнларда фаол бўлишимиз зарур. Муносиб номзодларни танладим, деб ўйлайман. Сиёсий партиялар вакиллари ҳамда номзодлар билан учрашувларда уларнинг сайловолди дастурларини яқиндан ўрганганим бу борада қўл келди.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

15671

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар