Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Юксак сиёсий фаоллик ва демократия намойиши

Бугун халқимиз муҳим ижтимоий-сиёсий тадбир – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов руҳи билан яшамоқда.

 

Айни чоғда меҳнат жамоалари ва маҳалла гузарларидаги ўзаро суҳбатларга қулоқ тутсангиз, 21 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов асосий мавзуга айланганига ишонч ҳосил қиласиз.

 

Юртдошларимиз сайловлар мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инсон ва унинг манфаатлари устувор бўлган кучли ҳамда адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, тараққий топган давлатлар қаторидан жой олишдек стратегик мақсадларимиз рўёбида муҳим аҳамият касб этишини чуқур англаб етишган. Буни, айниқса, сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларнинг кенг кўламли сайловолди ташвиқотида, фуқароларимизнинг сиёсий партиялар сайловолди платформалари мақсад ва вазифаларини синчиклаб ўрганиб чиққанида, энг муҳими, сайловчиларнинг сайлов кампанияси давомида, хусусан, сайлов кунидаги фаоллигида ҳам кўриш мумкин.

 

2014 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов бошқарган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказишга оид масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Шу куни 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловнинг дастлабки натижаларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

 

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига сайловнинг дастлабки якунлари бўйича батафсил ахборот берди.

 

Қайд этилганидек, сайловлар мамлакатимизни демократик янгилаш ва модернизация қилишга қаратилган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг янги босқичида, янги ижтимоий-сиёсий шароитларда бўлиб ўтди. Зеро, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси қоидаларининг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида юртимиз сайлов тизимини ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган сўнгги тузатишларга мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясини демократик асосда шакллантириш тизими ва унинг асосий фаолият принциплари конституциявий жиҳатдан мустаҳкамланди, ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайловларни ташкил этиш учун масъул бўлган сайлов органлари бутун тизими мустақиллигининг кафолатлари кучайтирилди.

 

Сайлов қонунчилигига киритилган, сайлаш эркинлиги ва ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш борасидаги конституциявий тамойилни амалга оширишга қаратилган янгиликлар сайловни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва миллий сайлов қонунчилиги ҳамда халқаро демократик стандартлар талабларига тўла мос тарзда ўтказиш имконини берди.

 

Шулар қаторида, Концепция асосида қонунчилик соҳасида олиб борилган ишлар натижасида давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайтирилгани, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ҳамда амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайтирилганини алоҳида қайд этиш лозим. Айни пайтда ҳукуматнинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг халқ депутатлари Кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

 

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, конституциявий қонунчиликка Бош вазир лавозимига номзод Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўрнини олган сиёсий партия томонидан таклиф қилиниши тўғрисидаги норманинг киритилиши сиёсий партияларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрни ва ролини янада юксалтиришда янги имкониятларни юзага келтирди.

 

Марказий сайлов комиссияси томонидан 2014 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастури қабул қилингани ва изчил равишда амалга оширилгани сайловни қонун талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда, юксак ташкилий даражада ўтказишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Сайлов кампанияси жараёнида қонунчилик ва мазкур дастурда белгиланган талаблар ҳамма учун бир хил ҳамда мажбурийлиги ҳақидаги қоидаларга оғишмай амал қилинди.

 

Бу саъй-ҳаракатлар пировардида халқимизнинг Ватанимиз истиқболи ва фаровонлиги учун ҳисса қўша оладиган, давлат ҳокимияти вакиллик органларида ўзининг вакили сифатида кўришни истаган, ўзи маъқул деб топган муносиб номзодларга овоз беришида намоён бўлди.

 

Нафақат маҳаллий, айни пайтда халқаро ва хорижий кузатувчилар қайд этаётганидек, бу галги сайлов сайловчиларимизнинг фуқаролик масъулияти, уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси янада ортганини кўрсатди.

 

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида 18 миллион 400 минг нафардан ортиқ сайловчи қатнашди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил этади. Шунингдек, 8 минг 311 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди.

 

Дастлабки маълумотларга қараганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланди. Шу жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 21 нафар депутат сайланди.

Қонунчиликка кўра, овоз бериш натижаларини аниқлашда округ миқёсида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўпининг овозини, яъни 50 фоиздан ортиқ овоз олган номзод депутат этиб сайланган, деб ҳисобланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 22 та округда номзодларнинг биронтаси етарли миқдорда овоз тўплолмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутатлар сайланмади.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади. Бу ҳолда такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади.

 

21 декабрь куни, шунингдек, Ўзбекистон экологик ҳаракатининг конференцияси ҳам бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлиги ва Экоҳаракат Марказий кенгаши Ижроия қўмитасидан иштирок этган делегатлар томонидан яширин овоз бериш йўли билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мазкур ҳаракатдан 15 нафар депутат сайланди.

 

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўтказилган сайлов бўйича сайловга доир қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги ҳолатлари ҳақида хабар ва маълумотлар келиб тушмади. Лекин Марказий сайлов комиссияси ишонч телефонлари орқали қатор мурожаатлар, таклифлар, баъзи масалаларда эътирозлар келиб тушди. Уларнинг барчасини қонунда белгиланган муддат ва тартибда кўриб чиқиш ҳамда ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилди.

 

Ҳақиқатан ҳам, халқаро экспертлар ва хорижий кузатувчилар эътироф этганидек, сайлов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларида мустаҳкамлаб қўйилган барча демократик қоида ва принципларга тўла мувофиқ ўтказилди.

 

Энг муҳими, сайловларнинг очиқ ва ошкора ўтиши унда иштирок этган халқаро, хорижий ва маҳаллий кузатувчилар фаолияти орқали таъминланди. Сайловда Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган 5 та халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидан ҳамда 50 дан ортиқ давлатдан 300 дан зиёд кузатувчилар, шунингдек, сиёсий партияларнинг 70 мингдан ортиқ кузатувчи ва ваколатли вакиллари қатнашди.

 

Сайлов жараёнини кенг ёритиш, жамоатчиликка мамлакатимизда ўтказилган сайлов ҳақида холис ва тўлиқ ахборотларни етказишга 340 дан зиёд маҳаллий ҳамда чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари жалб қилинди. Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш мақсадида сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот маркази ташкил этилиб, унда журналистлар учун барча шарт-шароит яратилди. Бу ерда қатор матбуот анжуманлари, брифинглар, семинарлар ўтказилди. Биргина сайлов куни сайлов жараёнининг бориши ҳақида уч маротаба брифинг бўлиб ўтди.

 

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссиялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати томонидан тақдим этилган баённомалар ҳамда бошқа ҳужжатларни кўриб чиқмоқда.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, зарур ҳолларда – алоҳида участка сайлов комиссияларининг материаллари Марказий сайлов комиссияси томонидан яна бир бор синчиклаб кўриб чиқилиши мумкин. Фақат шундан сўнг Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари тўғрисида қарор қабул қилади.

 

Миллий сайлов қонунчилигига биноан, сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар рўйхати Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтгандан сўнг 10 кунлик муддатдан кечиктирмай матбуотда эълон қилинади.

 

Хулоса ўрнида айтганда, фуқароларимиз сайлов жараёнида фаол иштирок этиш орқали халқимиз фаровонлигини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишдек стратегик мақсадларимизга эришиш йўлидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш учун овоз берди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

13882

23Декабрь 2014



Долзарб мавзулар