Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Такрорий овоз бериш 2015 йил 4 январда ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб ўтган мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилган сайлов якунлари кўриб чиқилди ва парламент қуйи палатасига сайлов округлари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати конференциясида сайланган депутатлар рўйхатга олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 сайлов округининг 127 тасида депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 округда 3 нафардан номзод кураш олиб борди.

 

Мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг 18 миллион 490 минг 245 нафари ёки 88,94 фоизи сайловда қатнашди.

 

Овоз бериш натижаларига кўра, 113 сайлов округида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Уларнинг 47 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, 28 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, 21 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан ва 17 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланди.

 

Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг 21 декабрь куни бўлиб ўтган конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 15 депутат сайланди.

 

Сайланган депутатлар орасида ҳуқуқшунослар 33, иқтисодиёт соҳаси вакиллари 31, таълим соҳаси вакиллари 26, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 21, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари 7, жамоат ташкилотлари вакиллари 3 ва бошқа соҳа вакиллари 7 кишини ташкил этади.

 

Депутатларнинг 6 нафарини 29 ёшгача бўлганлар ташкил этса, 39 нафари 30-39 ёш, 44 нафари 40-49 ёш, 39 нафари 50 ва ундан катта ёшдагилардир. 43 депутат илмий даражага, жумладан, 6 депутат магистр, 29 депутат фан номзоди ва 8 депутат фан доктори илмий даражасига эга.

 

Депутатлар таркибида ўзбек, қорақалпоқ, рус, тожик, қозоқ, корейс миллати вакиллари бор.

 

Сайланган 128 депутатнинг 21 нафари хотин-қизлардир. Сайланганларнинг 38 нафари аввалги чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати бўлган.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 сайлов округида номзодларнинг бирортаси ҳам сайланиш учун зарур бўлган овозни тўплай олмагани муносабати билан Марказий сайлов комиссияси 2015 йил 4 январь куни такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Ушбу дастурга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида битта, Наманган, Тошкент вилоятларида иккита, Фарғона вилоятида учта, Сурхондарё вилоятида бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилади.

 

Сайлов қонунчилигига биноан 22 сайлов округининг ҳар бирида асосий сайловда депутатликка энг кўп овоз олган икки номзодга такрорий овоз берилади.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 15, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 11, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 9, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 9 номзодга такрорий овоз берилади.

 

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодга нисбатан кўп овозини олган номзод депутатликка сайланган деб ҳисобланади.

 

Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олиш тўғрисидаги ва такрорий овоз бериш тўғрисидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

 

Шу куни 2014 йилги сайловни ёритиш бўйича республика мутбуот марказида мамлакатимиз ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов натижаларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари С.Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов миллий сайлов қонунчилиги талаблари, очиқлик, ошкоралик ва муқобиллик каби демократик принципларга тўла мос равишда ўтказилганини таъкидлади.

 

Сайловни 5 халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссиялари кузатувчилари кузатиб борди. Сайловни кузатишда жами 340 нафардан зиёд халқаро кузатувчи иштирок этди.

 

Бундан ташқари, сайловда ҳар бир сиёсий партиядан кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Шу тариқа сайловнинг очиқ ва ошкоралиги таъминланди.

 

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилган масалалар бўйича батафсил ахборот берилди.

 

Сардор Тожиев, ЎзА

14366

25Декабрь 2014



Долзарб мавзулар