Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Марказий сайлов комиссияси депутатларни рўйхатга олди

Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов якунлари кўриб чиқилди ва парламент қуйи палатасига сайлов округларида ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракатининг конференциясида сайланган депутатлар рўйхатга олинди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов бўйича тузилган 135 сайлов округидан 127 тасида депутатлик мандати учун 4 нафардан номзод, 8 тасида 3 нафардан номзод кураш олиб борди.

 

Мамлакатимиз бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган 20 миллион 789 минг 572 нафар сайловчининг 18 миллион 490 минг 245 нафари ёки 88,94 фоизи сайловда қатнашди.

 

Овоз бериш натижаларига кўра, 113 та сайлов округида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайланди. Уларнинг 47 нафари Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, 28 нафари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, 21 нафари Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва 17 нафари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакилидир.

 

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, 21 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон экологик ҳаракатининг конференциясида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 15 нафар депутат сайланди.

 

Сайланган депутатлар орасида ҳуқуқшунослар 33, иқтисодиёт соҳаси вакиллари 31, таълим соҳаси вакиллари 26, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари 21, тиббиёт соҳаси вакиллари 7, жамоат ташкилотлари вакиллари 3 нафарни ва бошқа соҳа вакиллари 7 кишини ташкил қилди. Депутатларнинг 43 нафари магистр, фан номзоди ва фан доктори илмий даражаларига эга. Сайланган 128 нафар депутатнинг 21 нафари хотин-қизлардир.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича 22 та сайлов округида номзодларнинг биронтаси ҳам сайланиш учун зарур бўлган овозларни тўплай олмади. Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси мазкур округларда 2015 йил 4 январь куни такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

 

Унга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида биттадан, Наманган, Тошкент вилоятларида иккитадан, Фарғона вилоятида учта, Сурхондарё вилоятида бешта сайлов округида такрорий овоз бериш ўтказилади. Сайлов қонунчилигига биноан, такрорий овоз бериш 22 та сайлов округининг ҳар бирида асосий сайловда сайловчиларнинг энг кўп овозини олган икки нафар депутатликка номзод бўйича ўтказилади.

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 15 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 11 нафар, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 9 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 9 нафар номзодга такрорий овоз берилади. Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган депутатликка номзод сайланган, деб ҳисобланади.

 

Шундан сўнг 2014 йилги сайловларни ёритиш бўйича Республика матбуот марказида хорижий ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил этилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раисининг ўринбосари С. Ортиқова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов миллий сайлов қонунчилиги талаблари, очиқлик, ошкоралик ва кўппартиявийлик каби демократик принципларга тўла мос равишда ўтказилганини таъкидлади.

 

Сайловни 5 халқаро ташкилот – Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ҳамда Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссиялари кузатувчилари кузатиб борди. Сайловни кузатишда жами 340 нафардан зиёд халқаро кузатувчи иштирок этди.

 

Бундан ташқари, сайловда ҳар бир сиёсий партиядан кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Шу тариқа сайловнинг очиқ ва ошкоралиги таъминланди.

 

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилган масалалар бўйича батафсил ахборот берилди.

 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» газетаси мухбири.

14921

26Декабрь 2014



Долзарб мавзулар