Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Долзарб мавзулар | Рўйхатга ўтиш

Такрорий овоз беришга пухта тайёргарлик кўрилмоқда

2014 йилнинг 21 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар миллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда, умумэътироф этилган демократик тамойиллар асосида ўтказилди.

 

Ҳар бир депутатлик ўрни учун сиёсий партиялар ва улардан кўрсатилган номзодлар ўртасида кураш ғоят қизғин кечди. Буни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича 22 та сайлов округида депутатликка номзодлардан биронтаси ҳам сайланиш учун зарур бўлган овозларни тўплай олмагани мисолида кўришимиз мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2014 йил 25 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу 22 та сайлов округида такрорий овоз бериш 2015 йил 4 январь – якшанба куни ўтказилиши эълон қилинди. Бугунги кунда мазкур сайлов округларида такрорий овоз беришни қонунчилик талабларига мос равишда ташкил этиш учун зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

 

Тошкент вилоятидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 78-Бекобод ва 89-Дўстобод сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотини олиб бориши, сайловчилар билан учрашувларни ўтказишида ҳар томонлама кўмак беришга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир сайлов участкасида сайловолди босма ташвиқот материалларини жойлаштириш учун махсус жой ажратилган.

 

– Такрорий овоз бериш тартиб-таомилларининг қонун даражасида белгилангани фуқароларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўз вакилларини сайлаш ҳуқуқини ҳар томонлама кафолатлаш ва сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиришни таъминлайди, – дейди 78-Бекобод округ сайлов комиссияси раиси Одилжон Абдуқодиров. – Сайлов округимиз ҳудудидаги 67 та сайлов участкаси асосий овоз беришда энг кўп овоз олган икки нафар номзод тўғрисидаги тегишли маълумотлар билан таъминланган. Такрорий овоз беришнинг вақти ва жойи ҳақида сайловчиларимизни хабардор қилдик.

 

Бундан ташқари, 22 декабрдан такрорий овоз бериш кунигача бўлган муддатда 18 ёшга тўлган фуқароларимиз такрорий овоз беришда иштирок этиши учун сайловчилар рўйхатига киритилмоқда.

 

Сурхондарё вилоятида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича бешта сайлов округида такрорий овоз беришни юксак ташкилий даражада ўтказиш учун тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

 

– “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига биноан, агар сайлов округи бўйича депутатликка икки нафардан ортиқ номзод қўйилиб, улардан биронтаси ҳам сайланмаса, икки ҳафта ичида энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз бериш ўтказилади, – дейди 74-Денов сайлов округи раиси Бахтиёр Эшниёзов. – Такрорий овоз бериш ҳамда унинг натижаларини ҳисоблаб чиқиш тартиб-таомиллари асосий овоз беришдан фарқ қилмайди. Ушбу жараёнда ҳам умумий, тенг, тўғридан-тўғри ва яширин сайлов ҳуқуқи ҳамда ошкораликка риоя қилиниши кафолатланади, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларининг сайлов участкаларида ҳозир бўлиш ҳуқуқи бирдек таъминланади. Округимиз ҳудудидаги 86 та сайлов участкасининг 75 таси Денов туманида, 11 таси қўшни Олтинсой туманида жойлашган бўлиб, барча сайлов участкаларига сайлов бюллетенлари етказиб берилди, сайловчиларга таклифномалар тарқатилди. Қисқача айтганда, сайлов участкалари такрорий овоз бериш учун тахт ҳолда турибди. Ўз навбатида, депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотининг турли усулларидан фойдаланган ҳолда, уларни номзод этиб кўрсатган сиёсий партиянинг дастури ҳамда ўз сайловолди дастури ҳақида сайловчиларга янада кенгроқ маълумот беришга ҳаракат қилмоқда.

 

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича такрорий овоз бериш ўтказиладиган барча сайлов округларида ушбу муҳим жараёнга пухта ҳозирлик кўрилмоқда. Зеро, бу давлат ҳокимияти органларини шакллантириш ва мамлакатимиз ҳаётига доир муҳим масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси тўлиқ рўёбга чиқишига хизмат қилади.

 

«Халқ сўзи» мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

13596

31Декабрь 2014



Долзарб мавзулар