Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Савол жавоблар

Ўзбекистоннинг амалдаги сайлов қонунчилигига аввалги кампанияга қараганда қандай янгиликлар киритилган?

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги 396-сон ЎРҚ “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунига бир қатор ўзгартирш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ҳаракатлар кузатувчиларига мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши белгиланган.

Сайлов участкалари қамоқда сақлаш жойларида ташкил этилиши мумкин.

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритиладилар.

Ҳар бир фуқарога рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусида шикоят қилиш ҳуқуқи берилади. Бу масалага доир ариза участка сайлов комиссияси томонидан кўриб чиқилади, аризани участка сайлов комиссияси кечи билан йигирма тўрт соат ичида, сайлов арафасида ва сайлов куни эса дарҳол кўриб чиқади.

Сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида бир фоизининг, камида саккизта маъмурий-ҳудудий тузилма намояндаси бўлган сайловчиларнинг имзосини қамраб олган бўлиши керак. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплаши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти тушунчаси, турлари, шакллари ва усулларига аниқлик киритилган. Сайловолди ташвиқотини нафақат сайлов куни, балки сайловдан бир кун олдин ҳам олиб бориш тақиқланиши белгиланган.

Марказий сайлов комиссияси ўзига келиб тушган округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетенлари ва варақаларини олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзод учун берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.



Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ким номзод бўлиши мумкин?

Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.



Неча ёшдан овоз беришда қатнашиш мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга.



Қандай асосларга кўра фуқаролар сайловчилар рўйхатига киритилади?

Сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилган Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари сайловчилар рўйхатига киритиладилар.



Муддатидан олдин овоз бериш мумкинми? Қандай қилиб? Муддатидан олдин овоз бериш қачон бошланади?

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади. Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Сайлов варақаси махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов варақасини ёпиқ конвертда участка сайлов комиссиясида қолдиради. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссияси икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри ва сайловчининг имзоси билан тасдиқланади. Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, участка сайлов комиссияси уларнинг илтимосига биноан комиссия аъзоларига овоз беришни ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.



Хориждаги сайлов участкалари қандай тузилади?

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш жойларида ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини тузиш ва уларни тегишли сайлов округига бириктириш тўғрисида”ги қарорини қабул қилади.

Одатда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари 14-Тошкент сайлов округига бириктирилади.



Агар сайлов куни бошқа мамлакатда бўлсангиз қандай тарзда овоз бериш мумкин?

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган, хорижий давлатда бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаси овоз бериши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида тузилган сайлов участкалари ҳақидаги маълумотни Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтидан танишиш мумкин (www.elections.uz).



Хориждаги сайловчилар овози қандай ҳисобланади?

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарида тузилган сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка комиссиясининг барча аъзолари ҳозирлигида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссияси томонидан комиссия раиси овоз бериш тугаганлигини эълон қилганидан кейин комиссиянинг барча аъзолари ҳозирлигида очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш тақиқланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг асосий рўйхати ва мазкур рўйхат иловаси бўйича участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, шунингдек бюллетень олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди. Сайлов қутиларида бўлган бюллетенлар ва сайлов варақалари асосида комиссия овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини; ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар, варақалар сонини аниқлайди. Сайловчилар томонидан бюллетенларга ва варақаларга қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек овоз бериш вақтида биттадан ортиқ квадратга белги-крестик (плюс) қўйилган ёки битта ҳам квадратга бундай белги қўйилмаган бюллетенлар ва варақалар ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетенининг, варақасининг ҳақиқийлигига шубҳа туғилган тақдирда масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссияси мажлисида кўриб чиқилади ва баённомада акс эттирилади.

Баённома комиссия раиси, комиссия раисининг ўринбосари, комиссия котиби ва аъзолари томонидан имзоланади ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига юборилади.




Долзарб мавзулар