Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида

2 январ куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов олиб борди.

Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11, 44, 47-49-моддалари ҳамда «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, бўшаб қолган ўринларга Бухоро вилояти 25-Ибн Сино, Тошкент вилояти 75-Зангиота, Фарғона вилояти 86-Қўқон сайлов округларида 2006 йил 24 декабрда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови натижалари кўриб чиқилди.

Учта сайлов округида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш сайлов қонунчилиги талаблари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тадбирлар календар режаси асосида амалга оширилди. Тадбирлар календар режаси ўз вақтида ижро учун барча округ ва участка сайлов комиссияларига, шунингдек, манфаатдор ташкилотларга юборилди.

25-Ибн Сино сайлов округида - 56 та, 75-Зангиота сайлов округида - 54 та, 86-Қўқон сайлов округида - 59 та, жами 169 та участка сайлов комиссияси тузилди. Ҳар бир сайлов округи бўйича сиёсий партиялардан биттадан, жами 15 нафар депутатликка номзод кўрсатилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинди.

Учта сайлов округи бўйича сайловчилар рўйхатига 332036, шу жумладан 25-Ибн Сино сайлов округи бўйича - 119789, 75-Зангиота сайлов округи бўйича - 120060, 86-Қўқон сайлов округи бўйича - 92187 сайловчиларнинг фамилиялари киритилди.

Улардан овоз беришда 282276 сайловчилар (84,5%), шу жумладан 25-Ибн Сино сайлов округи бўйича 102556 (85,6%), 75-Зангиота сайлов округи бўйича 99759 (83,1%), 86-Қўқон сайлов округи бўйича 78095 (84,7%) сайловчилар иштирок этди.

Округ сайлов комиссиялари баённомаларининг маълумотларига кўра ва кузатувчилар хулосаларига биноан барча сайлов округларида сайлов қонун асосида ўтказилди ва энг кўп овоз тўплаган учта номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари этиб сайланди. Сайланган депутатларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида ошкораликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди. Барча тадбирларда оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва сиёсий партиялардан 469 нафар кузатувчи қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва округ сайлов комиссияларига сайлов қонунчилиги бузилиши тўғрисида аризалар келиб тушмади.

Бўлиб ўтган сайлов Ўзбекистонда ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида демократик жараёнлар янада ривожланаётганлигини, сиёсий партиялар фаоллашаётганини ва сайловчиларнинг ҳуқуқий онги юксалаётганлигини кўрсатди.

Шунингдек, мажлисда комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар кўриб чиқилди.

***
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Қарори
Бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатларини рўйхатга олиш тўғрисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11, 44, 47-49-моддалари ва «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси
Қарор қилади:

1. 25-Ибн Сино, 75-Зангиота ва 86-Қўқон сайлов округларида бўшаб қолган ўринларга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига 2006 йил 24 декабр куни ўтказилган сайлов натижалари тўғрисидаги округ сайлов комиссияларининг баённомалари асосида қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари этиб рўйхатга олинсин:

Сафаров Ғулом Яқубович, 1968 туғилган йили.
Партияга мансублиги: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси. Эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури): Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи. Иш ва яшаш жойи: Бухоро шаҳри.
Сайлов округининг тартиб рақами ва номи: 25-Ибн Сино сайлов округи.

Шарипов Ориф Мухамедович, 1956 туғилган йили.
Партияга мансублиги: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси. Эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури): Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари. Иш ва яшаш жойи: Тошкент вилояти, Қибрай тумани.
Сайлов округининг тартиб рақами ва номи: 75-Зангиота сайлов округи.

Ахмедов Аббас Ядгарович, 1960 туғилган йили.
Партияга мансублиги: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси. Эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури): Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги «Техника» компанияси Кенгаши раиси. Иш ва яшаш жойи: Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри.
Сайлов округининг тартиб рақами ва номи: 86-Қўқон сайлов округи.

2. Ушбу қарор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси            М.Абдусаломов
Тошкент шаҳри,
2007 йил 2 январ

9542

03Январь 2007



Долзарб мавзулар