Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Раиси М.Э.Абдусаломовнинг маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифингдаги нутқи тезислари

Ассалому алайкум, ҳурматли журналистлар!

Сизларни Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида яна бир бор қутлашдан мамнунмиз. Ҳозиргина Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ўзининг муҳим босқичларидан бирига кирди. Бугун ана шу босқич хусусида батафсил гапирмоқчиман.

Ҳозирги кунда республикада фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш тўғрисидаги ариза билан Марказий сайлов комиссиясига ўз вақтида мурожаат этди. Ўз навбатида, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиб, бешта партиянинг барчасига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок етишга ижозат бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Булар: Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси, Ўзбекистон Фидокорлар миллий-демократик партияси, Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш тўғрисидаги ариза билан битта сайловчилар ташаббускор гуруҳи Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди ва унга ҳам сайловда иштирок этишга ижозат берилди.

Барча сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳига тегишли намунадаги рўйхатга олинганлик гувоҳномалари ҳамда имзо варақалари бланкалари берилди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 242-моддасига мувофиқ сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳи ўзлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни Ўзбекистон Республикаси сайловчилари умумий сонининг беш фоизидан кам бўлмаган қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплашлари зарур.

Сайловчиларнинг умумий сони 16 миллион 297 минг 400 кишини ташкил этади. Уларнинг 5 фоизи - 814 минг 870 киши. Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳи имзолар умумий миқдорининг кўпи билан саккиз фоизини тўплашлари мумкин.

Сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳи томонидан сайловчилар имзоларини уларнинг яшаш, ишлаш, хизмат, ўқиш жойларида тўплаш бошланди. Имзо тўплаш 9 ноябргача тугалланиши керак, шундан сўнг сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили имзо варақаларини Марказий сайлов комиссиясига топширишлари лозим.
Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Энди Сизнинг эътиборингизни яна айрим масалаларга қаратмоқчиман. "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 9 ҳамда 14-моддаларига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов округларини тузиш тўғрисида" қарор қабул қилди. Ҳаммаси бўлиб 14 та сайлов округи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чегаралари доирасида тузилди.

11 октябрда Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда юқорида қайд етилган Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларини ташкил етиш тўғрисида қарор қабул қилинди ва уларнинг раиси, раис ўринбосари, котиби ва 8 нафардан кам бўлмаган комиссия аъзоларидан иборат шахсий таркиби тасдиқланди.

Жамоатчиликнинг обрўли вакилларидан иборат округ сайлов комиссияларининг номзодлари дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинди. Улар орасида Ўзбекистон Қаҳрамони, фахрий унвон, орден ҳамда медаллар билан тақдирланганлар ҳам бор.

Агар округ сайлов комиссияларининг таркибига сифат жиҳатдан қарасак, қуйидаги манзарани кузатишимиз мумкин. Жами 160 нафар комиссия аъзоларининг 159 нафари олий маълумотга ега, 9 нафари фан доктори, 19 нафари фан номзоди. Шунингдек, улар орасида педагоглар, муҳандислар, иқтисодчилар, шифокорлар, ҳуқуқшунослар, агрономлар бор.

Бугун ана шу маълумотларни Сизларга етказмоқчи едим.

Олдимизда участка сайлов комиссияларини ташкил этиш ҳамда уларнинг шахсий таркибини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни кўрсатиш ва рўйхатга олиш жараёни турибди. Демак, Сизлар билан Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказида ҳали яна учрашамиз.

Бугунги брифингда иштирок етганингиз учун барчангизга миннатдорчилик билдираман ва ишларингизга муваффақиятлар тилайман.

Эътиборингиз учун раҳмат.
2007 йил 15 октябрь, МСК Матбуот маркази

10966

15Октябрь 2007



Долзарб мавзулар