Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Олий Мажлис қуйи палатасига сайлов демократик тамойиллар асосида ўтди

Мурод Каррийев, Туркманистон Марказий сайлов комиссияси раиси:

– Бир неча кундан бери сайловга тайёргарлик ишларини ва овоз бериш жараёнини кузатдим. Юқори даражадаги тайёргарлик ва фуқароларнинг ўта фаоллигини бошқа давлатларда учратиш қийин. Одатда бундай сиёсий тадбирларга баҳо берилганда халқаро стандартлардан келиб чиқилади. Ўзбекистонда ўтган сайлов бундай стандартларга тўла жавоб беради.

Халқнинг саломатлиги, фаровонлигини кўзлаб Ўзбекистон экологик ҳаракатининг ташкил этилгани, бу ҳаракат вакилларидан 15 нафарига парламентдан ўрин ажратилаётгани эътиборга сазовор. Бундай ташаббус Марказий Осиё давлатлари ичидан биринчи бўлиб Ўзбекистондан чиққани ҳам табриклашга арзигулик ҳолат. Бошқа давлатлардан келган кузатувчилар мендан Туркманистонда шундай ҳаракат бор-йўқлигини сўрашди. Бу Ўзбекистоннинг ташаббуси еканлиги ва қўшни давлатлар ҳам бундан ўрнак олса ажаб емаслигини айтдим.

Таъкидлаш жоизки, тинчлик, фаровонлик бор жойда яхши ташаббуслар бўлади. Ўзбекистон эришаётган муваффақиятлар бу, албатта, Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати натижасидир.

Ракарджан Момо, Индонезиянинг “Компас” миллий кундалик газетаси мухбири:

– Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови кўппартиявийлик асосида ўтаётганининг ўзи мамлакатда демократия асослари яратилгани кўрсатиб турибди Сайловларга тайёргарлик ва ўтиш жараёнлари билан танишиб, ошкоралик, очиқлик нормаларига тўлиқ риоя қилинаётганига ишонч ҳосил қилдим.

Ғаллаорол туманидаги 366-, 379-, Бахмал туманидаги 50-, 77- сайлов участкаларида бўлдим. Сайловчилар, кўпроқ ёшлар билан суҳбатлашдим. Сайловчилардаги ижтимоий-сиёсий фаоллик, ёшларнинг ўз мустақил фикрига эгалиги юрт тақдирига, ўзларининг келажагига бефарқ эмаслигини кўрсатиб турибди.

Абдул Малик, Покистон Парламенти сенатори:

– Сиёсатчи сифатида Ўзбекистондаги, умуман, дунё мамлакатларидаги ривожланиш жараёнларини кузатиб бораман. Ўзбекистонда парламент сайловларининг ўтиши, сайловчиларнинг эркин овоз бериши учун яратилган қулайликлар менда катта таассурот қолдирди.

Зарбдор туманидаги 177-, 187-, Зомин туманидаги 208-, 211-сайлов участкаларида қизғин жараённи кузатиб, сайловлар Республика Конститутицияси ва халқаро меъёрлар асосида ўтаётганига гувоҳ бўлдим. Мамлакат парламентидан Ўзбекистон Екологик ҳаракати фаоллари учун ҳам ўрин ажратилгани муҳим аҳамиятга эга ва ибратга лойиқ.

Бал Рам Саини, Ҳиндистон-МДҲ савдо-саноат палатаси ҳамраиси:

– Мамлакат Олий Мажлисига сайлов халқаро андозалар даражасида, юқори савияда ўтди, деб бемалол айтиш мумкин. Бунда сайлов қонунчилигининг мукаммаллиги муҳим омил бўляпти. Бухоро шаҳридаги ўнга яқин сайлов участкаларида бўлганимда бунга бунга қатъий ишонч ҳосил қилдим.

Бугун атроф-муҳит мусаффолигини асраш, экологик барқарорликни таъминлаш дунё ҳамжамияти эътиборидаги масалалардан бири бўлиб турибди. Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига Экоҳаракат учун 15 ўрин ажратилгани бу борадаги муаммоларни ҳал етишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди, деб ўйлайман.

Анатолий Савчук, Беларус Республикасидаги ўзбек маданий-амалий ҳамкорлик маркази кенгаши раҳбари:

– Бухоро шаҳридаги бир неча сайлов участкаларида бўлганимда, юртингиз ёшларининг фаоллиги эътиборимни тортди.

Илгари ҳам Ўзбекистонда бўлганман. Қисқа вақт ичида юртингиздаги шаҳар ва қишлоқларнинг янада чирой очганини кўрдим. Бу изчил ва барқарор тараққиётнинг ёрқин ифодасидир.

Муҳаммад Салома, “Ал-Масаия” газетаси бош муҳаррири ўринбосари (Миср):

– 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайловда ҳам кузатувчи сифатида қатнашганман. Ўтган давр мобайнида сайлов қонунчилиги янада такомиллашганини партиялар ўртасидаги кучли, соғлом рақобат муҳити мисолида ҳам кўриш мумкин. Сайловчилар ўз овози мамлакат равнақига, эл фаровонлигига хизмат қилишини англаган ҳолда ўз хоҳиш-иродасини ифода этмоқда.

Бухоро вилоятининг Пешку туманидаги сайлов участкаларида бўлганимда, қишлоқ одамларининг сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий савияси юқори эканлиги эътиборимни тортди.

Алпер Тан, експерт, Туркиянинг “Канал-А” телевизион канали халқаро таҳлилчиси:

– Сайлов жараёнини кузатар эканман, фуқароларнинг эркин, яширин тарзда овоз бериши учун зарур шарт-шароит яратилганига гувоҳ бўлдим. Пойтахтингизнинг Ҳамза туманидаги 339-сайлов участкасида овоз берувчиларга яратилган қулайликлардан кўнглим тўлди. Тўғриси, фуқароларнинг бунчалик фаоллигини кутмагандим. Уларнинг юз ифодаларида ўз юртининг тараққиётига бўлган юксак ишончни ҳис этдим.

Юртингизга илк бора келишим. Тошкентнинг гўзаллиги, озодалиги катта таассурот қолдирди. Барча меъморий иншоотларда оқилона ечим ва тартиб бор. Буларнинг барчаси Ўзбекистон раҳбариятининг халқ манфаати йўлида олиб бораётган изчил ишларининг натижасидир.

Қувондиқ Турганкулов, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси:

– Сайловга тайёргарлик жараёнини аввалдан интернет ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб турдим. Тошкентга келишимиз билан Марказий сайлов комиссияси, округ ва участкаларда бўлиб тайёргарлик жараёнини ўз кўзимиз билан кўриб, ҳақиқатда юксак даражада ташкилий ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўлдик. Фуқароларнинг катта қизиқиш, кўтаринки кайфиятда овоз бераётганини кузатдим. Уларга ташқаридан бирор таъсир ёки бошқа ноқонуний ҳолатларни умуман учратмадим. Барча сиёсий партиялардан кузатувчиларнинг иштирок этаётгани ҳам сайловнинг адолатли ўтказилишида муҳим омил бўлгани шубҳасиз.

Ўзбекистонда жаҳон андозалари даражасидаги демократик сайлов тизими аллақачон таркиб топган. Сайлов қонунчилигининг тобора такомиллашаётгани, жамиятда либераллаштириш сиёсатининг муваффақиятли амалга оширилаётгани бунга замин яратган.

Александр Маринович, МДҲ Кузатувчилар миссияси ижроия қўмитаси аъзоси (Беларус)

– Қорақалпоғистон Республикасида ҳам сайлов жараёнларига пухта тайёргарлик кўрилгани, сайловчилар учун қулай шароитлар яратилганининг шоҳиди бўлдим. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларининг фаол иштирок этаётгани сайловнинг очиқ ва ошкора ўтишини таъминлашда катта ўрин тутади.

Фикримча, Ўзбекистонда сайлов қонунчилиги, бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар сайлов комиссияларининг фаолияти, сайловга тайёргарлик жараёни демократик тамойилларга тўла мос келади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринлари сони 150 тага йетгани, экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида 15 депутатлик мандати Ўзбекистон Екологик ҳаракати аъзоларига берилгани, шунингдек, сайланадиган депутатларнинг 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши алоҳида эътиборга моликдир.

Минтақада халқ фаровонлигини ошириш йўлида кенг қамровли ишлар қилинганини кўриш мумкин. Барча сайлов участкаларида сайловчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг сиёсий фаоллиги, юрт тақдири олдида чуқур масъулият ҳис этиши, келажакка некбин кўз билан қарашини тушундим.

Пак Му Джонг, “Korea times” газетаси ношири (Жанубий Корея):

– Самарқанд шаҳридаги бир қанча сайлов участкаларида бўлиб, аҳолининг сайловда фаол қатнашаётганига гувоҳ бўлдим. Бу юртингизда ушбу муҳим сиёсий тадбирга катта таёргарлик кўрилганидан далолатдир. Ўзбекистон сайлов қонунчилиги, кейинги пайтда унга киритилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалардан яхши хабардорлигим боис айтишим мумкинки, у халқаро талаблар, демократик меъёрлар асосида ишлаб чиқилган.

Биргина, парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Екологик ҳаракати учун 15 та депутатлик ўрни ажратилгани ва уларни сайлашнинг ҳам ўзига хос тартиби белгилангани мамлакатингизда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашдек долзарб вазифага алоҳида еътибор қаратилаётганидан далолатдир. Овоз бериш жараёнида участкаларда ҳеч қандай қонунбузарлик ҳолатларини кузатмадим.

Рокко Абрам, “Ўзбекистон – Италия” ассоциацияси раҳбари (Италия):

– Сайловгача Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан яқиндан танишиб, шунга амин бўлдимки, улар халқаро андозолар, демократия тамойиллари билан бирга Шарқ халқларига хос инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига ҳам таянади. Айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ушбу жараёнда фаол иштирокини таъминлашга қаратилган эътибор жуда қувонарли. Юртингиз сайлов қонунчилигига кўра, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг камида ўттиз фоизи хотин-қизлардан иборат бўлиши белгилаб қўйилгани эътиборлидир.

Сайлов участкаларидаги тайёргарлик ҳам бизни қониқтирди. Сиёсий партияларнинг вакиллари ва кузатувчилар, журналистлар учун участкаларда барча шарт-шароитлар яратилгани, тиббий хизмат, оналар ва болалар хоналарининг ташкил этилгани эътиборимизни тортди. Бу ҳам мамлакатингизда ёш авлод камолоти, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга кўрсатилаётган ғамхўрликдан далолат. Кузатувларим давомида ўрганиш лозим бўлган кўпгина жиҳатларни белгилаб олдим.

Сергей Тихомиров, “Сибирскойе соглашенийе” уюшмасининг минтақалараро бошқарув раиси ўринбосари (Россия):

– Мен узоқ йиллар Ўзбекистонда ишлаганман. Шу боис юртингиз мен учун ҳам қадрдон. Ҳар гал келганимда Ўзбекистонда амалга оширилаётган мислсиз ўзгаришлар, бунёдкорлик ишларини кўриб қувонаман.

2007 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этган эдим. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов демократик тамойиллар ва халқаро талабларга тўлиқ жавоб беради.

Қарши шаҳридаги бир нечта сайлов участкасида сайловчилар билан мулоқотда бўлдим. Шуни сездимки, ҳар бир сайловчи бу сиёсий жараёнга онгли равишда, алоҳида масъулият билан ёндошмоқда. Кимга, нима учун овоз берётганини яхши билади. Сайловда кекса ва ёшларнинг фаол иштироки менда катта таассурот қолдирди.

Василий Астрейко, МДҲ ижроия қўмитаси бўлим бошлиғи:

– Ўзбекистонда сайлов жараёнида иштирок этиш учун юзлаб хорижлик эксперт ва мутахассислар, халқаро кузатувчиларнинг таклиф этилгани мамлакатимизда жаҳон андозаларига мос сайлов тизими ва қонунчилиги шаклланганидан дарак беради.

Гулистон шаҳридаги бир қатор сайлов участкаларида бўлганимда, сайловчилар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар учун барча шароитлар яратилганига амин бўлдим. Сайловга оид нашрлар, тегишли қўлланма ва адабиётлар билан танишиб чиқдим.

Сайлов жараёнидаги очиқ ва ошкоралик, сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобат, участкалардаги қулайликлар, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эмин-эркин намоён этиши учун яратиб берилган имкониятлар ушбу муҳим сиёсий тадбирнинг халқро стандартларга мос ҳолда ўтганидан далолат беради.

Аднан Суер, Туркия телерадиокорпорациясининг “ТРТ овози” телеканали бошлиғи:

– Мен Мирзо Улуғбек туманидаги 86-сайлов участкасига бордим. Сайлов участкаси очилиши билан сайловчилар кириб кела бошлади. Улар тегишли тартибда руйхатдан ўтиб, сайлов буллетенларини олди, кабинага кириб яширин овоз берди ва варақани қутига ташлаб чиқиб кетди.

Мен илгари кўп хорижий мамлакатларнинг сайлов жараёнини кузатганман. Ўзбекистондаги сайловда илк бор иштирок этмоқдаман. Шуни алоҳида айтишни истардимки, мамлакатингиз мустақил давлат сифатида эндигина 18 ёшга кирган бўлишига қарамай, сайлов тизимида улкан муваффақиятларга эришибди. Ушбу сиёсий тадбирни ташкил этиш, ўтказиш, сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини тўла-тўкис адо етиши учун зарур имкониятларни яратиш, бу жараёнда демократия ва очиқ-ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижаси яққол кўзга ташланмоқда.

Сайлов участкалари ахборот технологиялари билан тўла таъминланган. Сайловчилар олдиндан сиёсий партиялар ва номзодларнинг фаолиятига оид маълумотлар билан батафсил танишган ва ўзи танлаган номзодга овоз бермоқда. Қисқа даврда аҳолининг сиёсий маданиятини ошириш, жамиятни ислоҳ етишда халқнинг фаоллигини кучайтириш ва дунёнинг тараққий этган мамлакатларидан кам бўлмаган сайлов тизимини шакллантиришда мамлакатингиз эришган ютуқларга ҳавасим келди.

Чан Бин, “Россия, Марказий Осиё ва Шарқий Йевропа тадқиқотлари” журнали бош муҳаррири (Хитой):

– Хива шаҳридаги 110-сайлов округи ва унинг таркибидаги сайлов участкаларида бўлиб, Ўзбекистонда мазкур сиёсий жараён электоратнинг юксак фаоллиги билан ўтаётганига ишонч ҳосил қилдим. Кўппартиявийлик ва муқобиллик асосига қурилган сайлов тизими халқаро демократик тамойилларга ҳар томонлама мос келади.

Шу ўринда Ўзбекистон билан Хитой ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар янада ривожланишига ишонаман.

Тошио Тоура, Япониянинг Осака шаҳридаги Ўзбекистон Республикасининг фахрий консули:

– Хива шаҳридаги қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловчилар учун яратилган барча қулайликлар билан танишдим.

Ўзбекистон Республикасида Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ўтказилаётган сайловлар жараёни билан танишиб, мамнун бўлдим. Айрим мамлакатларда сайловларда сайловчиларнинг 60-70 фоизи иштирок этади. Ўзбекистонда бу кўрсаткич 90 фоиздан ошишини эшитгандим. Бу ҳақиқат эканига бугун амин бўлдик.

Ширен Акинер, халқаро кузатувчи (Буюк Британия):

– Сайловни юқори савияда ўтказиш учун сайлов участкаларида барча шароит яратилганига гувоҳ бўлдик. Бу Ўзбекистонда демократик тамойилларга мос сайлов тизими шаклланганидан далолат беради.

Ҳар бир партия ўзининг сайловолди дастурига эга. Партиялар ўртасида олиб борилаётган курашни ҳалол рақобат маҳсули, дейиш мумкин. Депутатликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот ишлари кўнгилдагидек йўлга қўйилган. Сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятлари тўлиқ таъминлангани фуқароларнинг бу жараёнда уюшқоқлик билан қатнашишида муҳим омил бўлмоқда ва уларда демократик сайловга катта қизиқиш борлиги яққол сезилиб турибди.

Ёшларнинг бу жараёнда фаол иштирок этаётганини алоҳида эътироф этиш керак. Ёшларнинг катта қизиқиш билан овоз бераётгани юрт тақдирига, келажагига бефарқ эмаслигини англатади. сайлов участкаларида бирон ноқонуний ҳолатга дуч келмадик. Сайловчилардан эътироз ҳам тушгани йўқ.

Витторио Жиоржи, “Бар Ассоcиатоин” ҳуқуқий ташкилотининг вакили (Италия):

– Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида иккинчи марта иштирок етдим. Парламент сайловидек юрт тараққиёти, мамлакат келажаги учун ғоят масъулиятли жараёнда қатнашганимдан мамнунман. Ўзбекистондаги сайловнинг очиқ, ошкора, холислик тамойилларига таянган ҳолда ўтгани эътиборга молик. Бу демократик қадриятлар мустаҳкам қарор топаётганидан далолатдир.

Сайлов пайтида ҳар бир фуқаронинг номзодини қўйган партияларнинг сайловолди дастурлари билан танишган ҳолда овоз бергани, айниқса, ёшларнинг ушбу сиёсий тадбирга бефарқ эмаслиги уларни ижтимоий фаоллиги, ҳуқуқий маданиятининг юқорилигидан дарак беради.

Масут Фаткулин, Халқаро рассомлар уюшмалари конфедерацияси раиси (Россия): – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига бўлиб ўтган сайлов жараёнида Жиззах вилоятидаги бир қатор сайлов участкаларида бўлдим. Одамлар эрта тонгдан келиб овоз берганига гувоҳ бўлдим. Аҳолининг сиёсий жиҳатдан жуда фаоллиги, ўз юртида ва айни пайтда дунёда рўй бераётган жараёнлардан хабардорлиги мени ҳайратлантирди. Юртингизда сайловларнинг ниҳоятда юксак савияда ўтказилгани халқингизнинг, ёшларнинг юрт равнақи, фаровонлиги учун масъулиятни астойдил ҳис этаётганининг ёрқин тасдиғидир.

Висенте Лорез-Ибор Маёр, “Естудио Журидиcо интернатионал” юридик компанияси президенти, Йепропа комиссиясининг давлат хариди қўмитаси аъзоси (Испания):

– 27 декабрда Тошкент шаҳридаги кўплаб сайлов участкаларида бўлиб, овоз бериш жараёнини кузатдим. Барча участкаларда сайловга мақтовга сазовор даражада тайёргарлик кўрилган. Сайловчиларга жуда яхши шароитлар яратилган. 15 дан ортиқ участкада сайловчилар билан мулоқотда бўлдим. Бирорта ҳам ноқонуний ҳолатга дуч келмадим.

Сайлов участкаларининг асосан таълим муассасаларида жойлашганидан фойдаланиб ўша даргоҳлар фаолияти, уларда ёшларга яратилган шарт-шароитлар билан ҳам танишдим. Айниқса, касб-ҳунар коллежларининг муҳташам бинолари, замонавий ахборот-технологиялари билан таъминлангани катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон Миллий университетидаги талабаларнинг таълим олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган имкониятлар мени ҳайратлантирди. Ёшлар ҳам шундай эътиборга мос тарзда ўта фаол, мамлакат ҳаётидаги сиёсий жараёнга бефарқ эмас экан.

Коварик Хелмут, “Нотапҳарм ГмбҲ” компаниясининг минтақавий директори (Австрия):

– Сайловлар – ҳар бир мамлакат ривожига хизмат қилувчи муҳим сиёсий тадбирдир. Ўзбекистонда бу масалага алоҳида эътибор қаратилгани таҳсинга лойиқ. Фуқаролар ҳам сайловнинг моҳияти, депутатликка номзодлар фаолияти ва режалари билан жуда яхши таништирилган. Сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини бевосита кузатдим. Ҳаммаси қонун доирасида тартиб билан амалга оширилди.

Ўзбекистоннинг сайлов қонунчилиги билан ҳам танишдим. Улар халқаро стандартларга мос тарзда яратилган. Умуман айтганда, бу мамлакатнинг нафақат сайлов тизими, балки ўзи ҳам тобора юксалмоқда. Пойтахтнинг гўзал кўчалари, муҳташам бинолари бу юрт индустриясини кўрсатиб турибди.

Қуттиқадам Сейдахмет, “Мысл” ижтимоий-сиёсий журнали бош муҳаррири, сиёсатшунос (Қозоғистон):

– Ўзбекистонда ўтказилган муҳим сиёсий жараён – парламент сайлови демократик андозаларга мос тарзда жуда муваффақиятли ўтказилди. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг халқ манфаатига хизмат қиладиган, аниқ мақсадга қаратилган дастури мавжудлиги, сайловчиларнинг бундан яхши хабардорлиги ва овоз берувчиларга тўкис шароит яратилгани аҳолининг бу тадбирда фаол иштирокини таъминлади.

Шу ўринда бугунги кунда жаҳонда молиявий-иқтисодий инқироз ҳали барҳам топмаган бир шароитда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи қўшни давлатларга қараганда анча яхши эканини айтмоқчиман. Президент Ислом Каримов узоқни кўзлаб, тараққиётга хизмат қиладиган ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ўзбекистонда йетти турдаги енгил автомобил, микроавтобуслар, трактор, самолоёт ишлаб чиқарилаётганининг ўзи катта муваффақиятдир. МДҲ давлатларида юритилаётган сиёсат, уларнинг иқтисодий аҳволи ҳақида мақолалар ёзганимда Ўзбекистонни бошқаларга ибрат қилиб кўрсатишга ҳаракат қиламан.

УзА

22471

28Декабрь 2009



Долзарб мавзулар