Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Келажакка дахлдорлик туйғуси

Нуробод тумани марказидаги 299-сайлов участкасида бўлганимизда, сайловчиларнинг мамлакатимиздаги тараққиёт, янгиланишлардан беҳад мамнун ҳолда сайловларда қатнашаётганликларининг гувоҳи бўлдик.

— Ҳаётда не-не синовларни, машаққатларни кўрмадик дейсиз, — дея сўз бошлайди 88 ёшни қаршилаётган Қилич ота Ҳамидов. —Минг шукрки, Президентимизнинг жасорати туфайли Истиқлолга эришдик, турмушимиз яхшиланди, фаровонлигимиз ошди, эртанги кунимизга бўлган ишонч мустаҳкамланди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукмронлик қилмоқда.

Сайловларда одамларимиз эркин иштирок этиб, ўзлари танлаган, маъқул кўрган номзодгагина овоз беришаяпти. Бу ҳам мустақиллик шарофатидир. Мана, бугун эрталабдан ўзим сингари нуронийлар Ҳожи Қаҳҳоров, Отамурод Ҳақбердиев, Рустам Хўжақулов билан биргаликда сайлов участкасига келиб, юртимиз фаровонлиги учун астойдил жон куйдирадиган, Ватанимиз ривожи учун ҳисса қўшадиган номзодга овоз бердик. 

Нуронийлар суҳбати ҳали ниҳоясига этмай, даврага участка сайлов комиссияси раиси Маҳбуба Муродова қўшилди:
— Сайлов участкамизда 2757 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг аксариятини ёшлар, ишбилармонлар ташкил этади. Қаранг, тадбирнинг ниҳоясига этишига ҳали анча вақт бор. Шундай бўлса-да, ҳозирга қадар овоз бериш жараёнида қарийб 95 фоиз сайловчи иштирок этди. Бу халқимизнинг ўз келажагига эътиборли эканидан далолатдир, албатта.

— Сайлов кунигача ўтказилган тарғибот-ташвиқот жараёнида номзодлар ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик, — дея суҳбатга қўшилади тадбиркор Гулшан Бўтаева. — Ҳар бирининг мақсад-муддаоси билан танишдик. Қандай режалари бор, эртага ўз фаоллигини қандай кўрсатмоқчи, атрофлича эътибор қаратдик. Якуний хулосамизни эса бугунги сайловда яширин овоз бериш йўли орқали билдирдик.

Сайловда ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида келган ҳар бир сайловчидан ана шундай фикрларни эшитдик. 


Абдурасул САТТОРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири

2274

27Декабрь 2009



Долзарб мавзулар