Кўриниш

A
A
A
Кўриниш ўлчами
Шрифт ўлчами
Махсус имкониятлар
| Шахсий кабинетга кириш | Рус | O'zb | Ўзб | Eng

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИ

Янгиликлар | Рўйхатга ўтиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Э.Абдусаломовнинг Марказий Сайлов комиссияси Матбуот марказида бўлиб ўтган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашувидаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳурматли учрашув иштирокчилари!

Сизларни Марказий сайлов комиссияси Матбуот марказида кўриб турганимиздан мамнунмиз.

Мамлакатимизда беш мингга яқин нодавлат, нотижорат ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда уларнинг "Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирокини таъминлаш борасидаги ўрни беқиёсдир. Шунинг учун Марказий сайлов комиссияси бугунги учрашувга сизларни таклиф қилди.

Ишончим комилки, Сизлар, жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан бугунги учрашувимиз эркин ва очиқ мулоқот руҳида ўтади.

Учрашувимизнинг мавзуси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловидир. Бугун биз жамиятимиз учун муҳим ҳисобланган айнан шу сиёсий воқелик арафасида турибмиз.

Мамлакатимизда сайловлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раҳбарлигида мустақил сайлов комиссиялари томонидан ташкил этилади ва ўтказилади. Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади.

Комиссия ўз фаолиятида қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, мустақиллик ва адолатлилик принципларига амал қилади. Марказий сайлов комиссиясининг бутун фаолияти сайлов тизимининг демократик принципларини амалга оширишга кўмаклашишга, сайловчиларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш имкониятини таъминлашга қаратилгандир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдимки, мустақиллик йилларида фуқаролар томонидан ўз сайлов ҳуқуқларини амалга оширишлари учун Ўзбекистонда барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Сайловлар замонавий демократиянинг муҳим институтидир. У халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сиёсий ҳаётда, давлатни бошқаришда ҳамда давлат ҳокимиятини шакллантиришда шахсан иштирок этишининг асосий воситасига айланиб бормоқда. Айнан шунинг учун ҳам бўлажак сиёсий тадбирнинг давлатимиз келажаги учун аҳамияти беқиёсдир.

Ҳозирги пайтда сайловлар фуқаролик жамиятининг нуфузини ва ундаги сиёсий-ҳуқуқий маданият даражасини белгилайди. Мустақиллик йилларида шаклланган сайлов тизими ва сайлов қонунчилиги сайловларни очиқ ва транспарент ўтказишнинг мустаҳкам механизмини ўзида мужассам этган ҳамда мамлакатимиздаги демократик ўзгаришларнинг ёрқин натижаларидан биридир. Ривожланган мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва асрлар давомида шаклланган миллий анъаналарнинг ўзаро уйғунлашуви миллий сайлов қонунчилигида халқнинг хоҳиш-иродасини еркин билдиришини таъминловчи барча жиҳатларни акс эттиришга имкон берди.

Экспертлар миллий сайлов қонунчилигимизнинг айрим ғарб давлатлари қонунчилигидан кўра анча афзал томонлари мавжуд эканлигини такрор-такрор эътироф этмоқда. Қонунчилигимизда демократик сайловларнинг умумийлиги, ҳамма учун тенг сайлов ҳуқуқи, тўғридан-тўғри ва яширин овоз бериш, сайловларда ихтиёрий иштирок этиш, ошкоралик каби асосий халқаро қабул қилинган тамойиллар ифода этилган.

Бугунги кунда Марказий сайлов комиссияси томонидан Президент сайлови билан боғлиқ қатор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси 21 сентябрдан эътиборан бошланишини эълон қилди, ушбу Қонуннинг 9, 11 ва 15-моддаларига мувофиқ 14 та сайлов округи, округ сайлов комиссиялари ва 8 мингдан зиёд сайлов участкаси тузилди. Сайлов округларининг жойлашган манзили, сайловчилар сони кўрсатилган рўйхат матбуотда эълон қилинди.

Ҳозирги кунда участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантириш жараёни давом этмоқда, уларнинг рўйхати ҳам матбуотда эълон қилинади.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 24 -моддасига асосан Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат берилган сиёсий партиялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг рўйхатини тасдиқлади. Бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган бешта сиёсий партия сайловда иштирок этмоқда.

Булар: "Адолат" социал-демократик партияси, Ўзбекистон "Фидокорлар" миллий демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармолар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидир.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида битта сайловчилар ташаббускор гуруҳи ҳам иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ошкоралиги ва очиқлигига алоҳида эътибор қаратмоқда. Сайлов комиссиялари мажлисларининг барчаси оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилмоқда ва бу ҳақдаги маълумотлар аҳолига етказиб берилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг матбуот маркази ва округ сайлов комиссияларининг матбуот хизматлари фаолият кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини холисона ёритишга оид битим имзоланди.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниямиз орқали бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёнлари ҳақидаги хабарлар нафақат Ўзбекистон ҳудудига, балки сунъий йўлдош орқали 100 дан ортиқ хорижий давлатларга ҳам узатилмоқда.

Бундан кўзланган мақсад сайлов қонунчилиги моҳиятини кенг оммага етказиш, сиёсий партиялар ва номзодларнинг сайловолди дастурлари билан ҳар томонлама танишиш ва сайлов куни ўзлари муносиб деб топган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод учун онгли равишда овоз беришлари учун барча шарт-шароитларни яратишдан иборатдир.

Шу билан бирга, Марказий сайлов комиссияси томонидан округ сайлов комиссияларининг раислари, котиблари ва матбуот хизматлари ходимлари учун илмий-амалий семинарлар ҳам ўтказилди.

Марказий сайлов комиссияси тадбирларни қонунда ва календар режасида белгиланган муддатларда ўтказишга ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор бермоқда.

Ҳозирги кунда Президентликка номзодлар кўрсатиш жараёни давом етмоқда ва бу жараён "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 242-моддасига асосан сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади.

Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади. Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддасига асосан рўйхатга олинган номзодлар тўғрисидаги маълумотларни 23 ноябргача эълон қилади.

Сайловолди ташвиқоти "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 28-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга, сиёсий партияларга, сайловчилар ташаббускор гуруҳига оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади.

Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг халқаро андозаларга мос бўлган миллий сайлов қонунчилигимиз асосида ўтиши учун барча зарур чораларни кўрмоқда.

Эътиборингиз учун раҳмат.

9602

02Ноябрь 2007



Долзарб мавзулар